ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


 ЎзМТДП фракцияси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этмоқда 12.02.2019

ЎзМТДП фракцияси «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этмоқда


Бугун Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Фракция йиғилишида кун тартибидаги бир қатор масалалар, шу жумладан фракция аъзолари бўлган бир гуруҳ депутатлар «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқишни таклиф этишди.

Фракция йиғилиши қарори билан фракция аъзолари бўлган бир гуруҳ депутатлардан иборат таркибда қонун лойиҳасини қисқа муддатда ва сифатли даражада ишлаб чиқиш бўйича Ишчи гуруҳи тузилди. Ишчи гуруҳи таркибига экспертлар, мутахассислар ва маҳаллий Кенгашлар депутатлари ҳам киритилишига келишиб олинди.

Маълумки, 2008 йил 8 июлда «Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг трансмиллий уюшган жиноятчиликка қарши конвенциясини (Нью-Йорк, 2000 йил 15 ноябрь) тўлдирувчи одам савдосининг, айниқса аёллар ва болалар савдосининг олдини олиш ҳамда унга чек қўйиш ва унинг учун жазолаш ҳақидаги протоколни ратификация қилиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинган эди.

2015 йил 25 декабрда Ўзбекистон Республикаси адлия вазирининг«Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиётини тасдиқлаш тўғрисида»ги буйруғи қабул қилиниб, мазкур буйруқ билан «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти» ҳам тасдиқланди.

Мазкур Услубиётда коррупцияга қарши экспертиза лойиҳаларда коррупциявий омилларнинг вужудга келишини олдини олиш, уларни аниқлаш ва бартараф этиш мақсадида ўтказилади, деб белгиланган.

Коррупцияга қарши экспертиза ҳуқуқий экспертиза доирасида адлия органлари томонидан ўтказилади. Коррупцияга қарши экспертиза ишлаб чиқувчи ёки норматив-ҳуқуқий ҳужжатни қабул қилувчи, шунингдек лойиҳалар келишилиши лозим бўлган органларнинг юридик хизмати томонидан ўтказилиши мумкинлиги ёкиэкспертизани ўтказиш жараёнига мустақил экспертлар ва тор доира йўналишларидаги мутахассислар ҳам жалб қилиниши мумкинлиги ҳам мустаҳкамланди.

Унда коррупцияга қарши экспертизанинг вазифалари, асосий тамойиллари, лойиҳаларнинг коррупциявий омилларга эга бўлган нормалари тушунчаси, коррупцияга қарши экспертиза ўтказилаётганда қўлланиладиган ахборот, коррупцияга қарши экспертизани ўтказувчи адлия органи ходимининг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, коррупцияга қарши экспертиза ўтказишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланган.

Тадбирда таъкидланганидек, Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида 2016 йилдан бошланган шиддатли демократик ислоҳотлар жараёнида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий асосларини кучайтириш ва амалиётини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда.

Хусусан, 2017 йил 4 январда 34 та моддадан иборат «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикасининг Қонуни қабул қилинди. Қонунда «коррупцияга — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш», сифатида биринчи марта таъриф берилди.

Мазкур Қонуннинг 19-моддасида давлат бошқаруви соҳасида коррупциянинг олдини олишга доир чора-тадбирлар қаторида - норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизасини ташкил этиш белгиланди. Энг муҳими, Қонунда алоҳида «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва улар лойиҳаларининг коррупцияга қарши экспертизаси», деб номланган 24-модда белгиланди.

Бундан ташқари, 2017 йил 2 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг қоидаларини амалга ошириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори қабул қилиниб, Қарор билан 51 та банддан иборат «2017-2018 йилларга мўлжалланган коррупцияга қарши курашиш бўйичадавлат Дастури» ҳам тасдиқланди.

Юқоридагилардан кўриниб турибдики,

биринчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси идоравий ҳужжат билан тартибга солинган, яъни қонун даражасида мустаҳкамланмаган;

икинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасини ўтказиш услубиёти ҳам идоравий ҳужжат билан тартибга солинган, яъни қонун ёки ҳукумат даражасидаги ҳужжат билан ҳам эмас;

учинчидан, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси алоҳида тартибда эмас, балки ҳуқуқий экспертиза доирасида амалга оширилмоқда;

тўртинчидан, амалиёда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси асосан адлия вазирлиги томонидан амалга оширилмоқда;

бешинчидан, амалиёда асосан норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизасидан ўтказилмоқда, амалдаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар эса назардан четда қолмоқда.

Йиғилишда таъкидланганидек, ривожланган ва ривожланаётган давлатлар, хусусан АҚШ, Жанубий Корея, Германия, Россия, Қозоғистон, Беларуссия тажрибаси шуни кўрсатмоқдаки, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси қонун билан мустаҳкамланган, коррупцияга қарши экспертиза ҳуқуқий экспертиза доирасида эмас, балки алоҳида экспертиза тури сифатида ўтказилади, шунингдек коррупцияга қарши экспертизадан ўтказувчи субъектлар қаторига нафақат адлия органлари, шу билан бирга прокуратура, давлат бошқаруви органлари, аккредитациядан ўтган нодавлат ташкилотлар ҳам киритилган. Энг муҳими, хорижий давлатларда норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг лойиҳалари билан бир вақтда уларнинг амалдагилари ҳам коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилади.

Йиғилиш якунида, “Миллий тикланиш” ДП фракциясининг «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг ва уларнинг лойиҳаларини коррупцияга қарши экспертизаси тўғрисида»ги қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш бўйича Иш режаси қабул қилинди.



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz