ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


03.06.2019

"156 нафар ватандошимиз мисолида Ўзбекистонда инсон манфаатлари ҳар нарсадан устун эканлигига яна бир бор амин бўлдик"


Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан муборак Рамазон ойида улуғ хайрли ва тарихий аҳамиятга молик тадбир амалга оширилгани бугун халқимиз томонидан буюк инсонпарварлик намунаси сифатида эътироф этилмоқда. Давлатимиз раҳбарининг махсус топшириғига кўра, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси доирасида асосан аёл ва болалардан иборат 156 нафар ватандошимиз Яқин Шарқдаги уруш ўчоғидан махсус авиарейс орқали бир неча кун олдин Ватанимизга қайтарилгани шу кунларда дунё афкор оммаси томонидан бот-бот тилга олинмоқда. 

Ўзга юртлардан “жаннат” излаб кетган аёллар Сурияда дўзахий азобларни бошидан ўтказгани, аслида жаннат киндиқ қони тўкилган юртда эканини кўзёшлари билан тасдиқлаб, шукроналар айтаётгани бежиз эмас. Бугун ҳукуматимиз томонидан уларнинг ҳаётга тўлиқ мослашиб кетишлари учун тиббий, психологик, моддий ва маънавий ёрдам кўрсатилмоқда. Ижтимоий дастурлар асосида болаларга таълим-тарбия бериш, аёлларни бошпана ва иш билан таъминлаш учун барча чоралар кўрилмоқда. 

Телевизор орқали “Болалагим — пошшолигим” шўхликларидан бенасиб қилинган, кўргани вайрона уйлар, эшитгани ўқ овозлари, қорни тўйиб-тўймаган, юпун кийинган, кўзлари жовдираб, бугун қаерга келиб қолганини англаб-англамай турган болажонларни кузатиб, ачиниб кетасан киши. Уларнинг нима айби бор эди?! 

Аёллик шаъни, оналик қадри оёқости қилинган, кимдир билиб, кимдир оқибатини англамай, ўзига даҳлдор бўлмаган уруш ўчоқларига отланган аёллар қайғуси. Шунчалик ҳам ишонувчан, содда бўласанми аёл?! 

Яқинлари, энг ачинарлиси, ота-онаси, ўзгалар “қўли” билан айни ёшлик чоғи, гулдек умри ҳазон қилган сингилжонлар тақдири. Қабиҳлик ва жаҳолат тутқунлари қурбонлари...

“Бомбалар портлар эди, ҳар портлаганда ўзимни болаларим устига ташлардим. Кўзимиз олдида қанчадан-қанча хотин-қизлар, бегуноҳ болалар қурбон бўлди. Бир неча ойлаб оч қолардик. Ҳар бир куннинг, ҳар бир дақиқанинг ўтиши азоб эди. Ватанга қайтаётганимиз биз учун бир тушдек...”

“Ўғлим илм олишга муштоқ эди, шу сабабли яқинимиздаги мадрасага ўқишга бердик. Унинг зеҳни жуда ўткир эди. Бир олам орзу умидлари бор эди. Бир куни ўша мадрасага бомба тушди... Боламнинг лоақал бир парчасини ҳам топа олмадим. Яна бир ўғлим бизларга нон топиб келаман, деб кетди-ю қайтиб келмади. Унинг ҳам тақдири акасининг тақдирига ўхшаш бўлди...” 

“Ўзбекистон ўз фуқароларини ортга қайтараётгани ҳақидаги хабарни эшитиб, рости ишонмадик. Энди бутун умр шу нотинч ўлкада қолиб кетамиз, деб буткул умидимизни узган эдик. Ҳеч кимнинг биз билан иши йўқ, ҳамма жон сақлаш билан оввора. Ватанимизга қайтарилаётганимизни эшитган қанчадан-қанча ўзга мамлакат аёллари бизга ҳавас қилиб қолди...”
 
Кўз ёшлар билан тилга олинаётган бу аянчли воқаеаларни эшитиб, қайси отанинг, қайси онанинг юраги ларзага келмайди дейсиз?! Наҳот, инсон зоти бир-бирига шунчалик қайғули, шунчалик азобли кунларни раво кўрса?..

****

Ўзбекистонда олиб борилаётган инсонпарварлик, адолатпарварлик, кечиримлилик сиёсати туфайли ҳаётда адашган, жиноят содир этган бўлса-да, хатосини тушуниб, қилган ишларига чин кўнгилдан пушаймон бўлганларга нисбатан яна бир бағрикенглик қилинди. 

Рамазон ҳайити арафасида Олий суд раиси, Тошкент шаҳри ва вилоят судларида фаолият юритаётган аёл судьялар ҳамда жамоатчилик вакиллари Зангиота туманида жойлашган аёллар жазо ўтаётган муассасада бўлиб, маҳкума аёллар холидан хабар олди. Улар билан очиқ мулоқот ўтказиб, бадиий китоблар совға қилди. 

Энг асосийси, сайёр суд мажлисида жами 19 нафар аёл жазодан озод этилиб, уйига – оиласи бағрига қайтарилди. 20 нафар аёл ёпиқ турдаги жазони ижро этиш муассасасидан манзил-колониясига ўтказилди.

Албатта, инсон борки хато қилади, адашади. Лекин қилмишидан чин дилдан пушаймон бўлганларни кечириб, имкон беришимиз керак. Ахир одамзод бир-бирига яхшилик қилиш, яхшилик улашиш учун яратилган эмасми?!

Президентимиз ташаббуси билан юртга қайтарилган аёллар ва уларнинг фарзандлари, жазони ўташ муассасасаларидан озод этилган опа-сингилларимиз эса берилган бундай имконият, билдирилган ишончдан тўғри хулоса чиқариб, келгусида Халқ фаравонлиги, Ватан ривожи учун муносиб ҳисса қўшишига ишонамиз. Зеро, савоб ишни ҳар ким ҳар куни қилиши керак! 




Лола Миралиева, 
ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши 
етакчи мутахассиси

Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz