ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


2 нафар беморнинг тақдири ёхуд бу ҳолатда ЎзМТДП қандай йўл тутди? 10.07.2018

2 нафар беморнинг тақдири ёхуд бу ҳолатда ЎзМТДП қандай йўл тутди?

Фуқаро Г.Абдураимованинг муаммоси бўйича суриштирув олиб бордик. Бизга беришган жавобни (агар буни жавоб дейиш мумкин бўлса) қаранг - патронаж ҳамшираси меҳнат таътилида бўлганлиги сабабли фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилмаган. Наҳотки бир одам беш йилдан буён касаллик билан “олишиб” ётган бўлса-ю, ундан биров ҳол сўрамаса...


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси томонидан ҳудудларда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, оилаларда учраётган муаммоларни ижобий ҳал қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Партиянинг Жиззах вилоят кенгаши томонидан ташкил қилинаётган “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида чекка ҳудудлардаги хонадонларгача кириб борилмоқда. Ташрифлар давомида кўп йиллардан буён эътибордан четда қолиб келаётган муаммолар ўрганилмоқда.

Шапоат Мусаева,

ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси:

- Биз бугун уйма-уй юриб, аҳоли ичига кириб борар эканмиз, ҳамон айрим раҳбарларнинг ўз хонасидан ташқарига чиқмасдан туриб, фаолият олиб бораётганлигининг гувоҳи бўлмоқдамиз. Бу эса фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатлар, одамларни қийнаб келаётган муаммолар фақат қоғозлардагина “ижобий ечим” топаётганлигидан дарак беради. Биз бевосита халқнинг ичига кириб бориб, ҳақиқий аҳволни ўрганиб, муаммоларни ижобий ҳал қилишни ўз олдимизга мақсад қилганмиз.

Дўстлик тумани “Саритепа” қишлоқ фуқаролар йиғини Қ.Раҳимов кўчасида яшовчи фуқаро Гулноза Абдураимова 5 йилдан буён  полиартрит касаллигидан азият чекиб келади. Моддий етишмовчиликлар сабаб фуқаро тиббий кўриклардан ҳам ўтишга имкон тополмаган. Натижада касаллик анчагина “ўтиб кетган”...

Шапоат Мусаева,

ЎзМТДП Жиззах вилоят Кенгаши етакчи мутахассиси:

- "Аҳолининг репродуктив саломатлиги тўғрисида"ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида касалликларнинг олдини олиш бўйича ҳудудларда мунтазам профилактик ва даволаш-ташхис қўйиш тадбирлари ташкил этилиши кўзда тутилган. Шунингдек, ушбу қонунда марказдан олис ҳудудлар ва қишлоқ жойларда патронаж тизимини такомиллаштириш тўғрисида ҳам алоҳида белгилаб қўйилган меъёрлар мавжуд. Фуқаро Г.Абдураимованинг муаммоси бўйича суриштирув олиб бордик. Бизга беришган жавобни (агар буни жавоб дейиш мумкин бўлса) қаранг - патронаж ҳамшираси меҳнат таътилида бўлганлиги сабабли фуқаро тиббий кўрикдан ўтказилмаган. Наҳотки, бир одам беш йилдан буён касаллик билан “олишиб” ётган бўлса-ю, ундан биров ҳол сўрамаса. Яна бир муҳим эътибор тортадиган жиҳатлардан бири эса патронаж ҳамширасининг беш йилдан буён “ҳамон меҳнат таътилидалиги”дир. Бу умуман мантиққа тўғри келмайдиган баҳона. Мантиқ билан “тил бириктириб” иш тутишганда ҳам “Нима, бундан бошқа ҳамшира йўқми?” - деган савол пайдо бўларди ўз-ўзидан...

Г.Абдураимованинг мурожаати юзасидан бир қатор амалий ишлар амалга оширилди. Жумладан, фуқаронинг имтиёзли даволаниши учун ордер олиб берилди. Энг муҳими эса беморнинг ҳолидан доимий равишда хабардор бўлиб туриши учун алоҳида ҳамшира бириктирилди.

Жудаям ориятчил халқмиз-да! Кимлардир ишга бормасдан гўёки меҳнат таътилида бўлиб, маош олиб юрса-ю, ижтимоий муҳофазага муҳтож, яна оғир касаллиги бўлган бир инсон ногиронлик нафақаси олишни ўзига “эп кўрмаса”... Айнан ногиронлик нафақасини олиш бўйича ҳам фуқарога ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.

Кўз. Бу аъзо инсонга бутун олам гўзалликларини кўриш ва улардан баҳраманд бўлиш учун берилган... Шу маҳаллада яшовчи фуқаро Шоҳиста Файзиева эса кун сайин бундай бахтдан мосуво бўлиб бораётган эди. У кўриш қобилияти пасайиб кетганлигидан азият чекиб келарди. Шароитнинг оғирлиги ва оиладаги моддий етишмовчиликлар фуқаронинг доимий равишда даволаниб туришига “имкон” бермас эди...

Бу масала юзасидан тегишли жойларга хат билан мурожаат қилинди. Анчагина ҳаракатлар натижасида фуқарога Жиззах вилоят кўз касалликлари шифохонасига даволаниш учун ордер олишга эришилди.

Хулоса ўрнида: “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида айрим мутасадди ташкилот ва муассаса раҳбарларининг бефарқлиги сабабли ўз ечимини кутаётган масалаларга барҳам берилмоқда.

Бизни кузатишда давом этинг! Биз сиз билан доимо ёнма-ёнмиз!

 Улуғбек Мустафаев,

ЎзМТДП Жиззах вилоят кенгаши матбуот котиби


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz