ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


06.08.2019

Оила барқарорлиги маънавий ва руҳий соғлом муносабатларнинг гаровидир


Ўзбекистонда хотин-қизлар манфаати ва ҳуқуқини ҳимоялаш масаласи халқаро стандартларга ҳамоҳанг равишда миллий қонучилигимизда акс этган. Ушбу масаланинг энг жозибадорлиги ҳам унинг давлат сиёсати даражасига кўтарилганида. Айтиш жоизки, ушбу масалага ёндашувда миллий қонунчилик ва халқаро хуқуқ ўзаро бир бирини бойитди десак муболаға қилмаган бўламиз.

Ўзбекистон Республикасининг бир қатор қонунларида жумладан“Ўзбекистон Республикасининг Конститутцияси”да, “Ўзбекистон Республикасининг меҳнат муҳофазаси тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикасининг оила кодекси”, “Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида”ги, “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги ҳамда “Халқ депутатлари вилот, шаҳар, туман кенгашларига сайлов тўғрисида”ги қонунларда хотин-қизларнинг хуқуқлари халқаро стандартлар призмаси орқали ички давлат хуқуқлари асосида мустаҳкамланган.

Мустақиллигимизнинг илк кунларидан бошлаб 1995 йилда “Ўзбекистон Республикасининг 1979 йил 18 декабрьда Нью-Йоркда қабул қилинган Хотин-қизларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисидаги Конвенцияга қўшилиши хақида”ги, 1997 йилда “Хотин-қизларнинг сиёсий хуқуқлари тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилиш,1997 йилда “Бир хил қийматга эга бўлган қиймат учун эркаклар ва хотин-қизларни тенг рағбатлантириш тўғрисида”ги Конвенциялар ратификация қилинди. 2004 йилда Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси тузилди. Айнан мана шундай халқаро ва миллий хуқуқ асослари хотин-қизларни ҳаётдаги ижтимоий-сиёсий ролини кучайтиришга муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилди. Мустақиллигимизнинг 26 йиллигини нишонлар эканмиз, ушбу йўналишда амалга оширилган ислоҳотлар ҳамда эришган ютуқларимизни сарҳисоб қилдик. Хотин-қизларимизнинг қиёфасини замонавий моделини шаклланишига эришдик. Улар жамиятнинг ҳар бир жабҳасида эркаклар билан тенгма-тенг, елкама-елка жавлон уриб жамиятнинг ижтимоий-сиёсий ҳаётининг муҳим иштирокчисига айланди. Унинг жамиятдаги, сиёсатдаги, халқаро муносабатлардаги роли янада ошди ва мустаҳкамланди. Шу билан бирга янги муносабатларнинг шаклланишига олиб келди. Энг муҳимларидан бири оилавий муносабатлардир. Бугун аёлнинг оиладаги ўрни ёки статуси ҳам ўзгарди. Оиладаги муносабатлар эр-хотин, она-бола, қолаверса ўзбек минталитетининг ўзига хос уникал хислати қайнона-келин муносабатлари қай даражада ўзгарди ва қандай ўзгаришларга муҳтож? Мадомики янги муносабатларнинг шаклланиши, талаб ва эҳтиёжнинг ошиши қолаверса хотин-қизларнинг жамиятдаги мавқеининг янада ўзгариши миллий қонунчилигимизда ҳам акс этиши лозим.

Асосан ушбу ўзгаришларни “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” муносабати билан биз депутатларнинг жойларга чиқишимиз, ҳар бир хонадонга кириб боришимиз, аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда олиб боришимизда янада чуқурроқ англаб олдик. Тиббиёт муассаларига ҳам кириб боришимизда хотин- қизлар билан боғлиқ бир қатор муаммоларни жумладан эрта туғуриқ, никоҳсиз туғиш, қайнона келин можараси туфайли оғир оёқ келинларнинг вақтида тиббий кўрикдан ўтмаслиги, келин куювларниг тўйдан олдин тиббий кўрикдан ўтмаслиги ёки таниш билиш орқали сохта тиббий кўрик натижаларини олиш оқибатида бир қатор чалкашликлар рўй бериши билан боғлиқ ҳолатлар тарозининг бир палласида бўлса, оилада эр-хотин муносабатлари ҳам тарозининг оғир палласида ётади.

Оиланинг юраги аёл - қўрғони эса эркакдир. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 17-оила боби 63- моддасида “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга”лиги “Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” ифодаланган норма мустаҳкамланган. Ўзбекистон Республикасининг “Оила Кодекси” нинг 4-бобида эр-хотиннинг шахсий хуқуқ ва мажбуриятлари мустаҳкамланган.

21- моддасида эса Эр-хотиннинг болалар тарбияси ва оила турмуши масалаларини ҳал қилиши киритилган. Афсуски баъзи ҳолларда оила қуриш ва фарзанд кўриш, бола тарбияси аёл билан таалуқли масъулият деб қаралади.Масалан оилада аёл эри учун рафиқа, яқин қариндошлари учун келин ва фарзанд учун она ролини бажаради. Айнан ана шундай мураккаб ижтимоий ролни бажаришда эр ҳамда хотин баравар масъулиятни бўйнига олиши шарт. Фарзанд тарбиясида нафақат она балки ота ҳам баб-баравар масъулдир. Ҳар иккала томоннинг масъулиятни тўлиқ англаши эса оила барқарорлигин таъминлайди. Айтиш жоизки, Оила кодексида айнан ушбу нормани мустаҳкамланиши замонавий оилада муаммоли муносабатларни адолатли қонуний ечимини топишнинг кафолатли гаровидир. Бироқ Оила кодексининг ушбу нормасида мустаҳкамланган “Болалар тарбияси ва оилавий турмушнинг бошқа масалаларини эр ва хотин биргаликда ҳал қилиши” никоҳ, эр-хотинлик деганда “Эр-хотин қўш ҳўкиз” деган маънони оилада тўлиқ англанмаяпти. Яъни эр-хотин биргаликда оила араваси рўзғор, болаларни,хўжаликни тортмаяпти. Афсуски айрим ҳолларда эркак ва аёлнинг роллари ҳамда вазифалари ноаниқлигини гувоҳи бўлмоқдамиз. Айнан ушбу норманинг тарғиботини кучайтиришимиз зарурияти туғилмоқда.

Хотин-қизларнинг оиладаги ижтимоий ролини батафсил таҳлил этсак. Оила барқарорлигини таъминлайдиган ўта муҳим масалалардан бири қайнона–келин муносабатлари. Менталитетимизнинг ўзига хос хусусиятларидан келиб чиқиб оилада қайнона ҳамда келинларнинг муаммоли муносабатларини тартибга келтириш, соғлом муносабат, бир-бирига ҳурмат эҳтиром асосида муносабатларни қуриш, уларнинг бурч ва вазифаларини бажаришда виждонан ёндашишни шакллантириш зарурияти юзага келмоқда. Қайнона-келин хуқуқларини тўлақонли ҳимоя қилиш ҳам қонуний ҳал этилиши кутилмоқда, бу эса бир қатор келишмовчиликларни олидни олишга хизмат қилиши аниқ.

Замонавий оиланинг яна бир муҳим масалаларидан бири никоҳ шартномасининг тузилиши. “Оила кодекси” нинг иккинчи бўлим учинчи бобида “Никоҳ” тузиш шартлари ва тартиблари келтирилган.Миллий қонунчилигимизнинг бошқа хуқуқий меъёрий ҳужжатларида ҳам   никоҳ билан боғлиқ бир қатор нормалар мавжуд. Лекин айнан никоҳ шартномасининг тузилиши, унда икки томоннинг хуқуқий ҳимояланиши тўғрисидаги нормаларнинг мавжуд эмаслиги аниқланган. Юқорида айнан хотин-қизларнинг замонавий моделини шакллангани, оила ва жамиятдаги хотин-қиз, эр, қайнона муносабатларнинг янги босқичга чиқгани тўғрисида айтиб ўтилган эди. Айнан мана шу муносабатлар оилада янгича муаммоли вазиятларни келтириб чиқариши табиийлигидан келиб чиқиб, муносабатларни тартибга солишда қонуний ёндашув зарурияти борлигини англамоқдамиз. Бу борада мушоҳадалар ва мулоҳазалар юритишимиз оилаларимизни хусусан хотин-қизларимизни хуқуқларини ҳимоялашда адолатли кафолат лозимдир. Оилада тарбияланаётган ёш авлоднинг маънавий руҳий саломатлигини мустаҳкамлашнинг асосий пойдевори бўлган оила барқарорлигини таъминлаш учун барча механизмлардан фойдаланиш, оилани ҳар томонлама ҳимоясининг хуқуқий асосларини яратиш даркор.



Феруза Ибрагимова,
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси
Қонунчилик палатаси депутати



“Аёл, оила ва жамият: қонун ҳужжатлари ва уларни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари”
мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси тўпламидан олинди.


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz