ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


12.06.2019

21 май — Кутубхоначилар куни сифатида нишонланади


Китоб инсон учун муваффақият ва саодат калити, етук камол топишининг энг муҳим омили ҳисобланади. Илм излаб, мунтазам мутолаа билан шуғулланган одамнинг дунёқараши кенг, илмий, ахлоқий таълим-тарбияси юқори бўлади. Доимо тўғри йўлдан юради, яхшилик улашади, бошқаларни ҳам маънавиятли, маърифатли бўлишга чорлайди. Айниқса, биз яшаётган асрда диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, инсоният асрлар давомида амал қилиб келган миллий ва диний эътиқод, қадриятларга путур етказаётган бир пайтда китобга бўлган эътиборни янада кучайтириш заруратини пайдо қилди.  

Айниқса, ёшларни ватанпарвар руҳда тарбиялаш, камол топиши, фаровон ҳаётини таъминлашда китобнинг ўрни беқиёс. Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан илгари сурган 5 та муҳим ташаббуснинг тўртинчиси ёшлар маънавиятини юксалтириш, улар ўртасида китобхонликни кенг тарғиб қилиш бўйича тизимли ишларни ташкил этишга қаратилгани бежиз эмас. Бугун барча йўналишда тизимли ислоҳотлар олиб борилаётган бир пайтда ушбу соҳада ҳам туб ўзгаришлар қилиш зарурати пайдо бўлди.

2006 йилнинг 20 ноябрида “Республика аҳолисини ахборот-кутубхона билан таъминлашни ташкил этиш тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинган эди. Қарорда марказий кутубхонлар, барча таълим муассасалари ҳузурида Ахборот-ресурс марказлари(АРМ)ни тузиш ва унинг асосий вазифалари белгиланиб, аҳолига, айниқса, ёшларга замонавий ахборот технологияларидан фойдаланган ҳолда таълим олиш, миллий қадриятларни кенг тарғиб қилиш, электрон базалар, интернет ресурсларидан самарали фойдаланиш имконини яратиш кўзда тутилган эди. Аммо АРМ талаб даражасида фаолият кўрсата олмади.

Яқинда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳудудий кенгашлари ва ундан сайланган депутатлар партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифаларидан келиб чиқиб, мамлакатимиздаги барча Ахборот-ресурс марказлари фаолиятини ўрганган эди. Маълум бўлишича, АРМнинг аксарияти бугунги кун талабига жавоб бермайди. Моддий-техник таъминоти қониқарсиз, ахборот технологиялари билан тўла таъминланмаган, мавжудларининг фойдаланиш муддати аллақачон ўтаб бўлган. Бинолари таъмирталаб, ўқув хоналари тор, офис жиҳозлари эскирган, етишмайди. Интернет тармоғига уланмаган. Малакали мутахассислар йўқ, янги адабиётлар билан таъминлаш даражаси ҳам қониқарсиз. Китоб фондини бойитиш ишларига ҳам етарли даражада маблағ ажратилмаяпти. Ажратилган маблағлардан ҳам самарали фойдаланилмаяпти.

Назорат-таҳлил натижалари тегишли идораларга тақдим қилиниб, бир неча бор Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ҳамда маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан муҳокама қилинди, таклиф ва мулоҳазалар билдирилди.

Хўш, шундай шарт-шароитда аҳоли, айниқса, ёшлар маънавиятини юксалтириш, ҳар томонлама етук кадрлар тайёрлаш, китобхонликни кенг тарғиб қилиш борасида белгиланган мақсадларга эришиб бўладими, бу йўналишда қилинаётган саъй-ҳаракатлар кутилган самарани берадими? Албатта, йўқ.

Шу маънода, 7 июнь куни “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Президент қарори ўз вақтида қабул қилингани билан аҳамиятлидир.

Қарор юқорида кўрсатиб ўтилган муаммо ва камчликларни тез, самарали ечишга ҳуқуқий асос яратиб, китобхонларга хизмат кўрсатиш, фондларни тўлдириш ва сақлаш, кутубхона жараёнларини автоматлаштириш, илмий-тадқиқот ва ташкилий-услубий фаолият, кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ҳамда рағбатлантириш, халқаро ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги тизимли ишларни янги босқичга кўтаради.

Қарорга кўра, умумтаълим мактаблари ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари қошида фаолият кўрсатаётган ахборот-ресурс марказлари фаолияти тугатилади. Аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни сифат жиҳатдан янада яхшилаш мақсадида туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ташкил қилинади.

Янги қарорда 2019-2024 йилларда Ўзбекистон Республикасида ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш концепцияси, ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури тасдиқланди. Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармасига тушадиган маблағларнинг икки фоизи Алишер Навоий номидаги Ўзбекистон Миллий кутубхонаси — ахборот-ресурс маркази ҳузуридаги бюджетдан ташқари Ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш жамғармасига ажратилди. Эндликда Миллий кутубхона қошида 186 та туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказларини ташкил этилади. Тугатилаётган ахборот-ресурс марказларининг китоб фонди ва штат бирликлари янгидан ташкил қилинаётган туман (шаҳар) ахборот-кутубхона марказлари ихтиёрига берилади.

Қарорда Ахборот-кутубхона марказларининг асосий вазифалари белгиланди. Жумладан, марказ аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларга ҳам мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш воситаси сифатида ахборотдан фойдаланиш имкониятларини яратади, фойдаланувчиларга ҳар қандай (босма, мультимедиа ва рақамли) ташувчиларда, шу жумладан, Интернет тармоғида сифатли ахборот манбаларидан фойдаланиш имкониятини беради, ўз ахборот-ресурсларини яратиш ва уларни сифатли тўлдириб бориш орқали китобхонларга анъанавий хизмат кўрсатиш усулидан уларни замонавий ахборот-кутубхона хизматлари билан таъминлашга ўтиш, масофадан хизматлар кўрсатишни ривожлантириш ва модернизация қилиш каби вазифларини бажаради.

Ушбу қарор ижросини таъминлаш бўйича манфаатдор вазирлик ва идораларнинг асосий вазифлари белгиланди, топшириқлар берилди. Икки ой муддатда қонун ҳужжатларига мазкур қарордан келиб чиқадиган ўзгартириш ва қўшимчалар тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига таклифлар киритиш вазифаси юклатилди.

Қарорда ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган ходимлар учун яна бир муҳим янглик ўз аксини топди. Ҳар йили 21 май — Кутубхоначилар куни сифатида нишонланадиган бўлди. Шунингдек, кутубхоначилар кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирланди ва рағбатлантирилиб борилади.

Албатта, давлатимиз раҳбарининг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида” қарори ЎзМТДПнинг мақсад ва вазифалари, сайловолди Платформаси билан ҳамоҳанг ва уйғун. Демак, ЎзМТДП фаоллари ва депутатлари ҳам ушбу қарор ижросини самарали таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоғи лозим.

 



Хирожиддин ИБРАГИМОВ,
халқ депутатлари Сергели туман Кенгашига
"Миллий тикланиш" ДП дан сайланган депутат 



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz