ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


908 нафар уюшмаган ёшлар бепул таълим ва касбга йўналтирилди (+ видео) 07.09.2017

908 нафар уюшмаган ёшлар бепул таълим ва касбга йўналтирилди (+ видео)

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси, “Ёшларга оид давлат сиёсати тўғрисида”ги қонун ижросини таъминлашга йўналтирилган амалий ҳаракат сифатида намоён бўлмоқда. Мазкур лойиҳа партиянинг сайловолди Платформасида белгиланган дастурий мақсад-вазифалар — кенг билимли, эркин фикрлайдиган, ватанпарвар, ҳар томонлама етук ва иқтидорли ёшлар сафини янада кенгайтириш, уларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини оширишнинг амалдаги рўёбидир.

“Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасида маҳаллалардаги уюшмаган ёшлар билан доимий ва самарали мулоқот қилинаётир, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, қўшимча билим бериш, бандлигини таъминлаш, ҳаётда ўз ўрнига эга бўлишига беминнат кўмаклашиш каби ишлар амалга оширилмоқда. Уларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, соғлом турмуш тарзига интилишни шакллантириш, саломатлигини таъминлаш, дунёқараши ҳамда салоҳиятини оширишга қаратилган “устоз-шогирд” анъаналари асосида ҳунармандлик тўгараклари, спорт машғулотлари, фанлардан бепул ўқув курслари йўлга қўйилган.

Айни кунларда лойиҳа доирасида ташкил этилган бепул ўқув курсларининг биринчи фасли якунланиб, ўз самарасини кўрсатмоқда. Хусусан, республикамизнинг барча вилоят, туман ва шаҳарларида тил ўрганиш, фанлардан қўшимча билим олиш мақсадида “Хизмат — беминнат” лойиҳасининг бепул курсларида иштирок этган йигит-қизлар талабалик бахтига муяссар бўлишди. Пулли таълим олишга имконияти бўлмаган ёки уюшмаган ёшлар учун “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасидаги бепул ўқув курсларида беминнат таълим берган тажрибали педагог, тилшунос ва ёш кўнгилли ўқитувчилар бугун меҳнатлари бесамар кетмаганидан беҳад мамнун.

20170907160631_IMG_5286.JPG

“Хизмат — беминнат” бепул ўқув курслари ташаббускори бўлган Ўзбекистон "Миллий тикланиш" демократик партияси Марказий кенгаши лойиҳа доирасида беминнат таълим берган ўқитувчилар ҳамда фаол иштирок этган ўқувчиларни тақдирлади. Тақдирлаш маросими пойтахтимиздаги Шаҳидлар хиёбонида бўлиб ўтди. Унда партия Марказий кенгаши ва Тошкент шаҳар кенгаши аъзолари, Ал-Хоразмий номидаги Тошкет ахборот технологиялари университети вакиллари, кўнгилли ўқитувчилар, таълим олган ёшлар ва уларнинг ота-онаси ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этди.

— Мамлакатимизда ҳар томонлама етук авлодни тарбиялаш, вояга етказиш давлат ва жамиятимиз олдида турган энг долзарб масалалардан бири ҳисобланади, — деди ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов. — Бу, албатта, бежиз эмас. Чунки бугунги глобаллашув жараёнида дунёда бўлаётган турли воқеалар, диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция ва “оммавий маданият”нинг салбий таъсирлари ёшларга бўлган эътиборни янада кучайтиришни талаб этади. Бунинг учун ёшларимиз кенг дунёқараш, теран билим ва замонавий касб-ҳунар сирларини пухта эгаллаши, уларда мафкуравий таҳдидларга қарши маънавий иммунитетни шакллантириш лозим. Партиямизнинг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси ана шундай мақсад йўлида хизмат қилишга қаратилган. Қисқа фурсатда лойиҳа доирасида республикамиз бўйлаб 374 та бепул ўқув курси ташкил этилиб, уларда 2600 нафар йигит-қизлар таҳсил олди. Улардан 908 нафари уюшмаган, 631 нафари фанлардан ўзлаштириши паст бўлган ёшлар ва 1066 нафари кам таъминланган оилалар фарзандларидир. Лойиҳанинг амалий натижаси сифатида чет тиллари, кимё, физика, математика, ахборот технологиялари, спорт, мусиқа, тасвирий ва амалий санъат каби йўналишларда таҳсил олган ўқувчилардан 25 нафари турли олий таълим муассасалари талабаси бўлишди. Улар орасида давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинган ёшларнинг борлиги қувонарли ҳол.

20170907161136_IMG_5326.JPG

Таъкидланганидек, ёшларнинг маънавий камолоти, дунёқараш ва савияси ривожланишида аниқ фанларнинг ўрни ва аҳамияти беқиёс. Лойиҳа доирасида ўқувчиларнинг математика, физика ва кимё фанлари сир-асрорини пухта ўзлаштириши уларнинг келгусида ўз йўлини танлаши ва топишида кўмак беради.

     20170907161629_IMG_5424.JPG

— Энг сўнгги фан-техника ютуқларидан хабардор ва замонавий интеллектуал салоҳиятли кадрлар мамлакат тараққиётида муҳим ўрин тутади, давлатимизнинг халқаро майдондаги нуфузи ошиши ва тан олинишига муносиб ҳисса қўшади, деди Ал-Хоразмий номидаги Тошкет ахборот технологиялари университети ректори Файзулла Агзамов. — Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг “Хизмат — беминнат” лойиҳаси, энг аввало, юртимиздан янада кўплаб иқтидорларнинг етишиб чиқиши ва кашф этилишига қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу боис мазкур истиқболли лойиҳани биринчилардан бўлиб қўллаб-қувватладим. Бунинг учун бизда барча имконият ва шарт-шароит мавжуд. Университетимизда халқаро олимпиада, танлов ва мусобақалар ғолиблари бўлган талабалар ҳам таҳсил олади. Ана шундай иқтидорли талабаларимиз ўқув курси иштирокичилари бўлган ўсмир йигит-қизларнинг билимини оширишга, дунёқарашини ўстириш ва кенгайтиришга кўмаклашмоқда.

20170907161413_IMG_5384.JPG

Тадбир доирасида “Хизмат — беминнат” ўқув курсларида беминнат таълим берган ўқитувчилар ҳамда фаол иштирок этган ёшлар партиянинг қимматбаҳо совғалари ва ташаккурномалари билан тақдирланди.

20170907161413_IMG_5384.JPG

Қуйида лойиҳада фаол иштирок этган иштирокчиларнинг фикр-мулоҳазаларини ҳавола этамиз.

Сардор Ўсаров,

Жиззах давлат педагогика институти ўқитувчиси:

— ЎзМТДП ташаббуси билан йўлга қўйилган “Хизмат — беминнат” лойиҳасининг бепул ўқув курсида 10 нафардан ортиқ ёшларга сабоқ бердим, улардан бугун уч нафари талаба бўлди. Жумладан, Шоҳруҳ Жуманов Жиззах давлат педагогика институти физика-математика факультетининг информатика йўналишига давлат гранти, Афросиёб Абдуғаниев тўлов-шартнома асосида Тошкент ахборот технологиялари университети дастурий инжиниринг факультетига, Воҳид Каримов Жиззах политехника институти бино ва иншоотлар қурилиши факультетига ўқишга қабул қилинди.

Бугун вилоятимизнинг қатор туманларида “Хизмат — беминнат” лойиҳаси доирасидаги ўқув курсларида қўшимча билим олиб, олий таълим муассасасининг талабаси бўлган йигит-қизларни учратиш мумкин. Масалан, ЎзМТДП Бахмал туман кенгаши қошида ташкил этилган “Хизмат-беминнат” ўқув курсида Нодир Саидрасуловдан таҳсил олган Озода Бурҳонова Самарқанд қишлоқ хўжалиги институти ўсимлик ҳимояси ва карантин йўналишига давлат гранти, Янгиобод туманида Сабоҳат Абдураҳмоновадан таҳсил олган Достон Бердимуродов худди шу институтнинг агрономия факультетига давлат гранти ҳамда Зарбдор туманида очилган тўгаракда қатнашган Мафтуна Тошпўлатова Жиззах давлат педагогика институти хорижий тил ва адабиёти факультетига давлат гранти, Асилбек Сангриев Жиззах политехника институти менежмент йўналишига тўлов-шартнома асосида ўқишга қабул қилинди.

20170907162232_IMG_5491.JPG

Доно Ғаффорова,

Обод маҳалласи фуқароси:

— “Хизмат — беминнат” лойиҳасининг мақсад-муддаосини эшитиб, хурсанд бўлиб кетдим. Чунки бирданига икки қизимнинг ҳам пулли тўгаракларга қатнашига оилавий шароитимиз тўғри келмаётганди. Фарзандларим билим олишга, ўрганишга чанқоқ, ўз олдига катта мақсадларни қўйган. Уларнинг орзу-истаклари, мақсадлари амалга ошиши учун бу лойиҳа айни муддао бўлди. Фарзандларим халқаро фан олимпиадаси ғолибларидан сабоқ олиши мени жуда хурсанд қилмоқда. Уларнинг ҳам ҳалқаро мусобақаларда иштирок этиб, ватанимиз шарафини муносиб ҳимоя қилишини орзу қиламиз.

“Хизмат — беминнат” лойиҳасини ташкил этгани учун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаолларига, институт ва унинг қошидаги академик лицей устоз-талабаларига ота-оналар номидан ташаккур айтмоқчиман. Чунки бу каби хайрли ташаббуслар ўғил-қизларимиз камолига, юртимиз равнақига хизмат қилади.

20170907162747_IMG_5533.JPG

Бобур Болтаев,

Халқаро Менделеев олимпиадаси ғолиби:

— Янги “Хизмат — беминнат” лойиҳаси, айниқса, ўзлаштириши паст бўлган, пуллик фан тўгаракларига қатнашишга имконияти етмайдиган ёшларнинг ўз иқтидори ва истеъдодини юзага чиқариш учун айни муддао бўлди. Масалан, мен Обод маҳалласидаги уюшмаган ва ўзлаштириши паст бўлган ёшларга кимё фани бўйича қўшимча сабоқ бердим. Акам биология фанидан қўшимча дарс беради.

Бошқа кўнгилли ўқитувчилар учун мазкур лойиҳада иштирок этишнинг осон йўллари мавжуд. Масалан кимдир ўзининг кашфиёти ёки ихтироси билан бошқаларни таништиради, уюшмаган ёшларни янги кашфиётлар сари йўналтиради. Бошқа биров ахборот технологиялари, спорт, мусиқа, тасвирий ва амалий санъатнинг сир-асрори бўйича таълим беради. Мабодо, таниқли спортчи, малакали касб устаси, билимли зиёлилар ҳамда хорижий тилларни мукаммал ўзлаштирган талабаларнинг келиб дарс ўтишга вақти бўлмаса ўзининг электрон дарсини Интернетдаги “Facebook” ижтимоий тармоғида очилган “#Хизмат — беминнат”да жойлаштириши мумкин. Хуллас истиқболли лойиҳа ташкил этилди.

Халқаро Менделеев олимпиадаси ғолиби Беҳзод Болтаевнинг ҳам интервьюсини ушбу видео орқали томоша қилинг.

Жиззах шаҳрида ташкил этилган "Хизмат-беминнат" лойиҳаси доирасида қўшимча бепул таълим олиб Муҳаммад Ал-Хоразмий номидаги Тошкент ахборот технологиялари университетига талабалар сафига қабул қилинган Афросиёб Абдуғаниевнинг интервьюсини ҳавола этамиз.


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz