ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Шуҳрат Насимов: Оила фақат аёллардан иборат эмас 11.06.2019

Шуҳрат Насимов: Оила фақат аёллардан иборат эмас

Барча замонларда илм-фанни ривожлантириш, маънавият, маърифатни мустаҳкамлаш, айниқса, ёшларни ватанпарвар, миллий қадриятлар руҳида камол топтириш энг муҳим масалалар сифатида эътироф этилган. Бундай эзгу мақсадлар халқни, жамият тараққиётини ўйлаган давлатнинг энг асосий сиёсати бўлиб келган. Чунки илм-фансиз юксак чўққиларни забт этиб бўлмайди. Илму маърифатсиз бахтли яшаш, рисоладагидек турмуш кечириш ҳақида гапириш бефойда. Маънавиятсиз инсоннинг эса манқуртдан фарқи йўқ. Бундай кишилар ҳайвонга хос бўлган хислат — фақат қорин тўйдириш ғамида юради, унда ўйлаш, тафаккур қилиш каби инсонийлик фазилатлар бўлмайди. Ким қаерга бошласа, ортидан кетаверади.

Ёш авлод таълим-тарбияси биз яшаётган XXI асрда ҳаёт-мамот масаласига айланди. Диний экстремизм, терроризм, гиёҳвандлик, одам савдоси, ноқонуний миграция, “оммавий маданият” каби хавф-хатарлар кучайиб, янада кўпроқ одамларни ўз домига тортаётир. Инсониятнинг асрлар давомида амал қилиб келган эътиқоди, миллий ва диний, оилавий қадриятларига путур етказмоқда. Қаердаки маънавий, мафкуравий бўшлиқ бўлса ўша ерда бўй кўрсатиб, таълим-тарбия мукаммал бўлмаган жойларга киришга ҳаракат қилмоқда.      

          Ўзга элдан “жаннат” излаган одамлар

 Мамлакатимизда ёшларни маънан етук, жисмонан соғлом, баркамол авлод қилиб ўстириш, ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишга катта эътибор қаратилгани бежиз эмас. Чунки юқорида номи келтириб ўтилган чегара билмас иллатлар бизнинг жамиятга ҳам таҳдид кўрсатмасдан қолмади. Маънавиятсиз, маърифатсиз шахсларни ёлғон ваъдаларга ишонтириб, ўз йўриғига юргазди. Қанчадан-қанча ёшларни жиноятга етаклади, ҳатто қўлига қурол бериб, ўз Ватанига, халқига хиёнат қилишга чоралади. Аёллар, қиз-жувонлар экстремистларнинг алдовига учиб, ўзга юртлардан “жаннат” излади. Улар алал-оқибат алданганини кеч бўлса-да, тушуниб етди. Аслида жаннат киндиқ қони тўкилган юртда эканини, ўз Ватанидан бошқа жойда паноҳ йўқлигини англади. Лекин унгача қанчадан қанча йигитлар қурбон бўлди, қони тўкилди, хотин-қизларнинг номуси топталди, хор-зор бўлди. Бегуноҳ болалар, ҳали вояга етмаган ўспиринларнинг азият чекканини эса ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди.

Муборак Рамазон ойида хайрли, улкан аҳамиятга молик “Меҳр” инсонпарварлик операцияси амалга оширилиб, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг амалий саъй-ҳаракати билан асосан аёллар ва болалардан иборат 156 нафар ватандошимиз Суриянинг қуролли можара авж олган ҳудудидан юртимизга қайтарилгани кўзимизни янада каттароқ очишимизга даъват бўлди. Давлатимиз раҳбарининг муборак Рамазон ҳайити арафасида эса “Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида” қабул қилган фармонига биноан билиб-билмай жиноят содир этган, ҳозирда қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлиб, қатъий тузалиш йўлига ўтган 575 нафар фуқаро афв этилди ва бу барчамиз учун сабоқ бўлди. Чунки афв этилганларнинг асосий қисмини бундан беш-олти йил илгари диний экстремистик гуруҳларга осонгина “ўлжа” бўлганлар ва қилмишига яраша жазоланганлар ташкил қилади.

 “Уларни Ватанга олиб келиш жуда қийин бўлди ...”

 Мамлакатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев яқинда Тошкент вилояти фаоллари билан бўлган учрашувда ватандошларимизни Яқин Шарқдан қайтариш осон бўлмаганини айтиб, хотин-қизлар, аёлларимизнинг Сурияда қандай куйларга солинганидан изтироб чекди ва уларнинг шундай аянчли ҳолатга тушишига бизнинг ҳам айбимиз борлигидан куйиниб гапирди.

“Уларни Ватанга олиб келиш жуда қийин бўлди. Қанча давлатлар билан гаплашдик. Самолётни у ёққа қўндириш, террористларнинг қўлидан олиб чиқиш осон эмас. Лекин қайтардик — нима бўлгандаям улар бизнинг ватандошимиз. Энди нима қилиш керак? Нуронийлар, жамоатчилик қаёққа қараяпти? Ким буни тушунтиради? Бундай нарсалар ҳаммамизни ўйлантириши, қийнаши керак”, — дея таъкидлади Президентимиз одамларни “уйғониш”га чақириб.

Ҳа, давлатимиз раҳбарининг куйинганича бор, бўлган ишлардан бежиз азият чекмади. “Болалагим — пошшолигим” шўхликларидан бенасиб қилинган, кўргани вайрона уйлар, эшитгани ўқ овози, қорни оч, юпун, ялангоёқ болажонларнинг нима айби бор эди?! Аёллик шаъни, оналик қадри оёқости қилинган, кимдир билиб, кимдир оқибатини англамай уруш ўчоқларига отланган аёллар қайғуси... Яқинлари, энг ачинарлиси, ота-онасининг “қўли” билан айни ёшлик чоғи, гулдек умри хазон қилган сингилжонлар тақдири...

 “Уй бека”сига айланган эркаклар

 Президентимиз қайд этганидек, ҳақиқатан ҳам ватандошларимизнинг бошига душманга ҳам раво кўрилмайдиган кунларнинг солинишига бизнинг, айниқса, оталарнинг, эркаклар, ака-укаларнинг катта айби бор. Орамизда эрлик, эркаклик масъулиятини унутиб, оиласи таъминотини эплолмай, хотинини мардикорчилик билан шуғулланишига мажбур қилганлар бор. Ҳатто аёлини хорижга жўнатиб, ундан келган “доллар”га керилиб машина миниб, уй-рўзғордан ортмай қолган эр йигитларни эркак дея оламизми?! Уларнинг бундан иснод қилиш ўрнига қўлини кўксига уриб, ғурурланишига нима дейсиз?! Шундай пайтларда орамиздан “Эй, сенинг эркаклигинг борми ўзи?!” дея уни қайириб қўядиган мард ҳам топилмайди.    

Ўзбекистонда хизмат кўрсатган журналист Иброҳим Норматов бу ҳақда шундай ёзади: “Оила боқиш масъулияти эркаклардан кўра аёллар зиммасига тушаётганлиги одат тусига кираётгани ачинарли ҳол, албатта. Бу бизнинг минг йиллик қадриятларимизга тўғри келмайди. Гап аёлларнинг тирикчилик йўлидаги хатти-ҳаракатлари ҳақида эмас, балки дангаса, ишсиз қолаётганлар хусусида боряпти. Эҳтиёж туфайлигина аёллар шундай синовларга қолиб, эркаклар уйда “бекалик” қилишга мажбур бўлишаяпти, деб ўйлаган одам хато қилади. Бундай ҳолат охир-оқибатда эркакни аёлмижоз, аёлни эса эркакшода қилиб қўяди. Бу нафақат маънавий қадриятларга, балки оиладаги муҳитга ва фарзандлар тарбиясига ҳам салбий таъсир қилади.

Эркаклик ғурури жисмоний салоҳиятда эмас, аввало, оилага бош бўла билишда намоён бўлади. Оилада отанинг ўз ўрни бўлиши керак. Бу мавқе оилани боқиш ва бошқариш масъулияти билан қадр топади. Ота “уй бекаси”га айланиб қолганида, бу қадр хира тортади. Албатта, ҳар бир эркак оила ишларида ўз аёлига ёрдамлашса, бунинг ёмон жойи йўқ. Бироқ бу ёрдам бутунлай ўрин алмашишдан иборат бўлиб қолмаслиги зарур. Айниқса, фарзандларни тўғри тарбиялашда ота билан она ўз ўрнида бўлиб, оиладаги маънавий муҳитни муомала ва хатти-ҳаракатлари билан изга солиб туришлари муҳимдир”.

 “Чўлоқ бўлса ҳам, уйингда эркагинг бўлсин экан”

 Тўрт қизи билан айни гуллаган чоғида бева қолган, биз билан бир девор дармиён қўшни яшаган бир катта онамиз бўларди (Худо раҳмат қилсин). Фарзандларини ўйлаб, қизларига ҳам она, ҳам оталик қилди, бирин-кетин турмушга узатди. Дўстим Ориф катта невараси бўлгани учун баъзан “Чўлоқ бўлса ҳам, уйингда эркагинг бўлсин экан” дея хўрсиниб қўярди. У пайтлар ёш эдик, бунинг маънисига, фаҳмига бормасдик.    

Халқимиз азалдан эркак кишига “номус қўриқчиси” деб нисбат бериб келган. Чунки ҳар бир эркак ўз оиласи, маҳалласи, юрти ва миллатининг номусини, шанини, обрўсини ҳимоя қилган. Айниқса, аёлини, қизини, опа-синглисини авайлаган. Мард йигитлар сабаб, маҳалла қизига бегона кўз нигоҳ ташлай олмаган. Эркаги бор уйга ҳеч ким қия боқиб ҳам кўрмаган. Хотини ёки қизи ёмонотлиқ бўлган эрлар номусга чидолмай, бошқа ҳудудга кўчиб кетган. Ёки боши эгик бўлгани учун чойхонага чиқишга ор қилган, тўй-маракага аралашишга виждони йўл қўймаган. Чунки мардлигидан айрилган одам, ҳамма нарсасидан айрилган. Ўз оиласини ҳимоя қилолмаган эркакни бошқалар ҳам қабул қилмаган, қилолмаган. Ҳарбий хизматга бормаган йигитларга қизлар турмушга ҳам чиқмаган. Мард ё эгарда ёки мозорда деганларидек, ҳатто баъзилар ўз жонига қасд қилгани ҳам ҳақиқат. Оила бошлиғи вафот этса, ўғлидан нотаниш одамлар “кимнинг ўғлисан?”, - деб сўраб қолса, “фалончи аканинг ўғлиман” дейди, онасини айтмайди. Тўйга айтишмоқчи бўлса, оила бошлиғи вафот этиб кетган бўлса ҳам, “фалончини уйини айт” дейди.   Бунда ўша оила бошлиғига, эркак кишига бўлган ҳурмат акс этган.

Бундай “ёзилмаган қонун”лар қон-қонимизга сингган, эъзозланган. Боболаримиздан оталаримизга, улардан эса бизга қадрият сифатида ўтган. Бу гаплар баъзи ёшлар учун бугун эртакдек туюлиши мумкин, аммо уларнинг юз берганига эллик-юз йил бўлгани йўқ. Албатта, бу билан орамизда эр йигитлар йўқ, деган хулоса ясамоқчи эмасмиз. Мард, жасур, ватанпарвар эркаклар, йигитлар жуда кўп. Улар борлиги учун бугун юрт сарҳадлари бехавотир, тинчлик ва барқарорлик ҳукмрон. Халқимиз фаравон, эртанги кунимизга бўлган ишонч кун сайин мустаҳкамланмоқда.   

 “Ўзбек аёлларига нима бўлаяпти?”

 — Яқинда ижтимоий тармоқларни кузатиб “Ўзбек аёлларига нима бўлаяпти?” сарлавҳали бир видеоролик эътиборимни тортди, — деб ҳикоя қилади бир муштарий. — Қизиқиб очиб кўрдим. Экранда эшитса, ҳатто эркакнинг ҳам юзи шувут бўладиган сўзлар билан бир-бирини ҳақорат қилаётган, шарм-ҳаёни буткул унутган икки аёл ёқалашарди. Афсуски, ожизаларнинг жанжалини четдан кузатиб турганларнинг аксарияти эркаклар. Улар аёлларни ажратиш ўрнига беҳаёларча айтилаётган сўзларга қулоқ бериб, камига “текин тамоша”ни тасвирга муҳирлаш билан оввора эди.

Мана, сизга бугунги кун айрим эркакларининг асл қиёфаси.

—               Илгари аёлларимиз ҳомиладор бўлса, кўчага чиқиш у ёқда турсин, ҳатто отаси, ака-укаларининг кўзига кўринишга ҳам уяларди, — дейди телевидениеда ишлаётган бир ҳамкасбим. — Ҳозир аёлларимиз қўполроқ қилиб айтганда “қаппайган қорни”ни газеталарнинг биринчи саҳифасида кўз-кўз қилмоқда, телеэкранларда “кўрдингми” дея реклама қилаётир.

Бундай тасвирларни кўрган сайин хунобим ошади: бундай аёлнинг эри кўчада, танишлари орасида қандай бош кўтариб юраркин, отаси, ака-укалари бормикан, уни тийиб қўядиган?!     

Қайсидир газетада бир ватандошимизнинг қуйидаги фикрларини ўқигандим:

“Ёшлигимизда отамиз ишдан келмагунича онамиз овқатни дас­турхонга тортмасди ва ҳар доим “ҳозир отанг келсин, кейин овқатланамиз”, дерди. Оилада ҳамиша охирги қарорни отам айтарди. “Ўғлим, оилада ҳар доим эркак киши улуғ ҳисобланади. Оиланинг барча оғир юмушини эр киши бажариши шарт. Эркак рафиқаси, фарзандлари учун ҳамиша масъул”, деб кўп насиҳат қиларди.

Афсуски, бугунги кунда руҳан, маънан оилага тайёр бўлмаган йигитларни ота-онаси уйлантириб қўйишяпти. Ҳали мустақил бир ишни эплолмайдиган йигит оиласини таъминлай олмаяпти. Рўзғор учун ота-онасидан пул сўраяпти. Оқибатда ўз ўрни, ўз сўзига эга бўлмай “оила бошлиқ”часига айланиб қолаяпти”. Баъзан, бирор касбга эга бўлмаган, ёш оила бошлиғи иш излаб чет элга чиқиб кетишга мажбур бўлаяпти. Уйда ёлғиз қолган аёл... Баъзан ўринсиз гап сўзларнинг урчиётгани, оилаларнинг бузилиб кетаётгани ҳам шундан эмасмикан.

 Оила фақат аёллардан иборат эмас

 Мамлакатимизда оилавий қадриятларни асраш ва мустаҳкамлаш, энди турмуш қураётган ёшларни оилага тайёрлаш, миллий эътиқод руҳида тарбиялашга катта эътибор қаратилаётган бўлса-да, ажримлар сони камаймаяпти. Нега?

Бу борада олиб борилаётган саъй-ҳаракатлар кутилган самарани бермаяпти. Сабаби, ҳамон қоғозбозлик, хўжакўрсин, кимларнингдир кўзи учун ишлаяпмиз. “Нуроний”лар кенгашининг умуман роли кўринмайди. Бу ишларга асосий масъул бўлган “Оила” илмий-амалий тадқиқот марказлари эса тадбирбозликдан, статистика учун маълумот йиғишдан нарига ўтмаяпти. Айрим Фуқаролар ҳолати далолатномаларни ёзиш (ФҲДЁ) бўлимлари эса асосан туғилганлик, вафот этганлик гувоҳонамасини ёзиш билан оввора. Хуллас, ҳамма аравани ҳар ёққа тортаяпти, ўз билганича иш кўраяпти.

Шу ўринда бир мулоҳаза: “Оила” маркази ёки ФҲДЁ бўлимларига борсангиз бирон эркакка кўзингиз тушмайди. Раҳбаридан тортиб, оддий ходимигача аёллар, қизлар. Мен бу билан муҳтарама хотин-қизларни камситмоқчи эмасман. Аёлнинг жамиятдаги ўрни, иштироки ошгани яхши. Лекин оила фақат аёллардан иборат эмас. Нима, бу идораларда эркакларнинг ишлаши мумкин эмасми? Кези келганда “Оила” маркази ёки ФҲДЁ бўлимларига жар ёқасига келиб қолган ёш эр-хотин ўртасидаги вазиятни юмшатиш учун эр йигитни бир чеккага тортиб “эркак”часига гаплашиб қўядиган, мажлисларда “Тамом, бу вазифани ҳамма бажариши шарт!” дея муштини зарб билан столга урадиган қатъий, овози баланд, қамчиси барчани зир титратадиган эркак ходимлар керакдир балки. Аёл барибир аёллигига, юмшоқ табиатлилигига боради-ку! Балки бу ҳам оилавий ажримлар сони камайиш ўрнига кўпаяётганига, қилинган ишлар бесамар якунланаётганига маълум маънода сабаб бўлаётгандир.

Сўнгги пайтларда халқ таълимида нима учун мактабларга эркак ўқитувчиларни қайтариш ҳақида кўп гапирилаяпти. Чунки ўқувчилар, айниқса, ўғил болалар аёл устозларидан ҳайиқмай, қўрқмай қўйди. Оддий қилиб айтганда, манфий ва мусбат зарралар бирлашмас экан, электр токи ҳосил бўлмайди.

Хуллас, айтаверсак гап, кўтаравесак муаммо кўп. Оилада эркакнинг ўрни, нуфузи ошмаса, юқорида таъкидлаб ўтилган “ёзилмаган қонун”ларга амал қилинмаса, аёлларимиз, қизларимиз кимларнингдир қўлида қўғирчоқ бўлиши тайин.

Давлатимиз раҳбари таъкидлаганларидек, бу ҳаммамизни ўйлантириши, қийнаши керак. Таниқли маърифатпарвар Абдулла Авлоний айтганидек: “Тарбия биз учун ё ҳаёт — ё мамот, ё нажот — ё ҳалокат, ё саодат — ё фалокат масаласидир”.

 Шуҳрат Насимов,
ЎзМТДП Марказий Кенгаши
бош мутахассиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz