ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Абул-Муъийн ан-Насафий зиёратгоҳи ўзгача қиёфа касб этмоқда 03.10.2018

Абул-Муъийн ан-Насафий зиёратгоҳи ўзгача қиёфа касб этмоқда

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгашида тузилган ишчи гуруҳ вилоятдаги маданий мерос объектларининг бугунги ҳолатини ўрганиш ҳамда уларни келгуси авлодларга бус-бутунлигича етказиш йўлида муайян ишларни амалга оширмоқда.

Вилоятда жами 1311 та маданий мерос объектлари рўйхатга олинган. Улардан 347 таси кадастр рўйхатидан ўтказилган, 1041 тасининг  чегаралари белгиланган.

Вилоятдаги давлат муҳофазасида бўлган жами 347 объектнинг паспортлари тайёрланган.

Бугунги кунда Қарши шаҳридаги Кўкгумбаз, Одина масжидлари,  Шаҳрисабздаги Дорут тиловат, Дорус саодат обидалари, Жаҳонгир мирзо мақбараси, Касби туманидаги Ҳазрат Султон Мирҳайдар, Муборак туманидаги буюк муҳаддис Абдуллоҳ ибн ал-Муборак, ал-Марвозий мажмуалари, Қамаши туманидаги Лангар ота, Қарши туманидаги Абул-Муъийн ан-Насафий   зиёратгоҳида таъмирлаш ва қайта тиклаш ишлари олиб борилмоқда.

Ишчи гуруҳ Қарши туманидаги Қовчин қишлоғи ҳудудида жойлашган муқаддас қадамжолардан бири Абул-Муъийн ан-Насафий мажмуасида бўлиб, бу ерда айни пайтда қилинаётган ишлар билан танишди.

Қадимшунослар  мазкур мажмуанинг ўрнидаги тепалик яқинида  илгари улкан карвонсарой, катта бозор, тошқудуқлар, ҳовузлар, масжид, работлар бўлган дейишади.

Абул Муъийн ан-Насафий зиёратгоҳи ҳудуди унинг атрофидаги  қабристонни ҳам қўшиб ҳисоблаганда 50 гектардан кўпроқ майдонни эгаллайди. Мақбаранинг мўъжазгина эшигидан  бўйи ва эни тенг ўлчамдаги  сокин хонага кирилади. Бу буюк алломанинг сўнгги макони бўлиб, мақбара усти меъморий жиҳатдан қадимий-кулоҳий кўринишдаги баланд гумбаз билан ёпилган.

Гумбазнинг баландлиги асосидан ҳисоблаганда тўрт ярим метрга тенг. унинг диаметри ҳам тўрт ярим метр. Хона ичига ёруғ тушиб туриши ҳамда ҳаво алмашиши учун гумбазнинг шимол ва жануб тарафларида чоғроқ тирқишлар мавжуд. Зиёратгоҳда Қуръони каримнинг қадимий қўлёзма нусхаси сақланаётганлиги эътиборга моликдир.

Имом Муъийн  зиёратгоҳи ўрни  карвон йўлларининг энг гавжум  чорраҳаси яқинида бўлган. Ислом юриши даврида худди шу ерда ислом дини ва илми тарғиботи учун марказ-Работ бунёд этилган. Қуръон тиловат этиш ва тинглаш, тафсирлар этиш, намоз ўқиш, шогирдларга илм бериш учун махсус хоналар қурилган.

Ҳазрат имом Муъийн шу работда яшаб, халқни маърифатга чорлаган. Қуръон ва ҳадисларга тафсирлар ҳамда шарҳлар битган. Имом Муъийн вафот этганларидан кейин у кишини ўзлари яшаган хонақоҳ ичига дафн этишган.  

Мустақилликдан кейин бошқа муқаддас қадамжолар каби Ҳазрат Имом Муъийн зиёратгоҳига ҳам  эътибор кучайди. Айниқса, Президент Шавкат Мирзиёевнинг ташрифидан сўнг мажмуани қайта тиклаш ва ободонлаштириш бўйича махсус фармон қабул қилиниб, айни пайтда бу ерда кенг кўламли бунёдкорлик ишлари олиб борилмоқда.

Мажмуани таъмирлаш ва айрим ўринларини қайта тиклаш баробарида  зиёратчиларга барча қулайликлар яратишга эътибор қаратилаяпти.

Зиёратгоҳга кираверишда автотураргоҳ, чойхона, новвойхона, ҳамда дўконлар барпо этилмоқда. Мажмуада таҳоратхона, тўртта супали айвон, иккита айвон ва яна кўплаб ёрдамчи бинолар қурилиши давом этмоқда.

Ҳозирда мавжуд бўлган 8x8 метр ўлчамдаги масжид ёнида 24x15 метр ўлчамдаги яна бир масжид, унга туташ кутубхона қад ростлади.

Бунёдкорлик ишлари жадал суръатларда давом этмоқда.

 

ЎзМТДП Қашқадарё вилоят кенгаши Матбуот хизмати

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 

 


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz