ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


09.09.2019

Алишер Хамраев: Тўйни қачон ва қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўз иши, деган қараш нотўғри!


Тақдирида ота-она бўлиш саодати битилган ҳар бир киши борки, хатна тўйи қилиш, ўғил уйлантириш, қиз узатиш бурчини сидқидилдан адо этишни ният қилади. Тўй фақат бир оиланинг ширин ташвиши эмас, бундай маросимлар аслида жамият ўртасида шаклланган муносабатлар маҳсули – ижтимоий ҳодиса саналади. Шу жиҳатдан тўйни қачон ва қандай ўтказиш ҳар кимнинг ўз иши, деган қараш нотўғри.

Хусусан, никоҳ ва хатна моҳиятан диний тоифадаги маросимлардан бўлиб, уларни ўтказишнинг ўзига яраша шартлари мавжуд. Дин асрлар давомида бу каби тадбирлар ёрдамида рўй бераётган ижтимоий ҳодисаларни одоб-ахлоқ, иймон ва диёнат, ижтимоий-миллий меъёрларга йўналтиришга хизмат қилган.

Лекин шуни унутмаслик керакки, диний маросим билан тўйнинг фарқи бор. Мисол учун, қадимда никоҳ маросимига яқин қариндошлар, ёр-дўстлар, маҳалла аҳли чақирилган. Мақсад тўй сабабчилари бўлган икки ёшнинг бир-бирига маҳрамлигини билдириш бўлган. Шу сабабли никоҳ маросимида гувоҳлар бўлиши шарт ҳисобланади. Никоҳ ўқилиши, Қуръон тиловати эса бу риштанинг муқаддаслигидан, ахлоқ доирасида тузилаётганидан далолатдир.

Азалдан маросимнинг узоқ-яқиндан келган иштирокчилари – меҳмонларга баҳоли қудрат дастурхон ёзилган, аммо бу ҳолат ҳозирги тўйлардан тубдан фарқ қилган. Чунки бугун айрим ҳолларда никоҳ, хатна маросимлари номаъқул ҳашамга айланиб кетмоқда. Масалан, никоҳ тўйи маросимлари дабдабали дастурхон, казо-казо хонанда ва раққосалар, икки-учталаб тасвирга олувчи ҳамда европача "чиройли" удумлар билан шу қадар безатилаяптики, бу тантана тўй эгаси ва унинг оиласи "тақдимоти"га айланиб қолаяпти. Кафе ва ресторанлар эса тақдимот саҳнаси гўё. Тўй соҳиби бу саҳнада оиласи "нуфузи"ни намойиш этиши оддий ҳол бўлиб кўринмоқда. Аслида эса айнан шунинг ортидан оилавий можаролар, низо-жанжаллар, ажралишлар, қудалар ўртасида совуқчилик кўпайиб бораяпти.

Ўтмишни эслайлик, ота-боболаримиз ўзининг бойлиги, мол-мулкини намойиш этиш уёқда турсин, бу ҳақда ҳатто гапиришни айб билган. Негаки, камтарлик киши кўрки, зийнати эканига астойдил эътиқод қилинган.

Бугун-чи? Бугун баъзи пул топиб ақл топмаган, маънавияти қашшоқ кимсалар тўй-ҳашамлар, маъракаларни ўтказиш бўйича худдики рақобатга киришган. Тўйдан тўйгача турли янги "маросим"лар ўйлаб топилаяпти. Тўйларимизда исроф кўплиги ҳам ҳақиқат. Гап фақат тўкин-сочин дастурхон ёки тўйга сарфланган харажатларда эмас, тўй соҳибининг бошқаларга кўрсатаётган "ибрати"нинг охири вой бўлаяпти. Оддий мисол: ён-атрофимизда соппа-соғ юрган айрим одамлар ҳали қаришга улгурмай, қон босимининг кескин ошиб кетиши, юрак хуружи ёки бошқа шунга ўхшаш касаллик билан оғриб қолаяпти. Тўшакка михланиб қолаётганлари ҳам йўқ эмас. Сабабини суриштирсангиз, катта тўй қиламан, деб қарзга ботган бўлади. Қарздан қутулишга тиришиб, ўзини ўтга-чўққа уради. Энди қарздан халос бўлай деган пайтда яна бир фарзандини уйлантириш ёки узатиш фурсати етган бўлади. Тан олиш керак, тўй-ҳашамлар билан боғлиқ ортиқча харажатлар неча-неча оилаларнинг иқтисодий аҳволига салбий таъсир кўрсатаяпти. Пул-ку, топилар, лекин бой берилган вақт, асаб, соғлиқни на сотиб, на топиб бўлади. "Фалончидан кам эмасман", "бир қойиллатиб тўй қилай..!" қабилида яшаш, қисқа умр маъно-мазмунини бир-икки кунлик ҳою-ҳавасга сарфлаш, нафақат моддий неъматлар, балки тўй эгаларининг маънавий исрофи ҳам эмасми? Тўйдан кутганимиз, умидимиз фақат фарзандларимизнинг бахту саодати бўлиши керакмасми аслида?

Тўғри, орзу-ҳавас қилиб элга тўй бериш, топганини эл билан баҳам кўриш, халқимизнинг азалий фазилати. Аммо кейинги вақтларда бу қадимий қадриятимиз меъёр ва чегара билмай қолди. Кундалик эҳтиёжимиздан тежаб, тўйга йиғаяпмиз, сўнг бу маблағни дабдабага сарфлаб, исроф қилаяпмиз. Шу алфозда давом этсак, бир оилада 3-4 фарзандни вояга етказаётган ота-она ўз гарданида қанчалик катта ва оғир юк олиб юришини тасаввур қилиш қийин эмас. Бундан тўғри хулоса чиқаришимиз керак. Шунда тўй масаласида бизни қийнаётган кўпгина ўйлар, ортиқча ташвишлардан халос бўламиз.



Алишер Хамраев,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz