ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


11.02.2019

Алишер Навоий мероси – маънавий тарбия асоси


Бутун турк дунёси Алишер Навоийни “шамс ул-миллат” — миллат қуёши деб ҳамма даврларда эъзоз билан тилга олади. Бутун умрини туркий тил мавқейини кўтариш, туркий адабиёт имкониятларини дунёга тан олдириш, туркий давлатчилик асосларини мустаҳкамлашга, жамиятда ҳақиқат ва адолат мезонларини қарор топтиришга бағишлаган бобокалонимиз бу эътирофга тўла-тўкис муносиб ва ҳақлидир.

Алишер Навоий 1441-йил 9-февралда Хуросон ўлкасининг пойтахти Ҳиротда туғилди. Замондошлари уни «Низомиддин Мир Алишер» деб улуғлаганлар. “Низомиддин” — дин низоми деганидир. Кўпинча, мансаб эгаларига нисбатан айтилган “Мир” — амир демакдир. Чунки у Ҳусайн Бойқаро саройидаги энг нуфузли амир бўлган. Алишер болаликдан маърифатли оила муҳитида тарбия топди. Навоийнинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад (уни «Ғиёсиддин кичкина» ҳам дер эдилар) темурийларга яқин амалдорлардан бўлиб, ўз даврининг обрўли ва маърифатли кишиларидан саналган.

Адабиётшунос Давлатшоҳ Самарқандийнинг ёзишича, у ўғли Алишернинг тарбиясига, келажакда фазилатли одам бўлиб етишмоғи учун астойдил ҳаракат қилган. Онаси Кобул амирзодаларидан Шайх Абусаид Чангнинг қизи бўлган. Бўлажак шоирнинг тоғалари Мир Саид (Мирсайид) Кобулий яхши шоир, Муҳаммад Али Ғарибий шоир, созанда ва хаттот эдилар. Алишер мактабда бўлажак султон Ҳусайн Бойқаро билан бирга ўқиди. У ерда савод чиқарди, шеър ўқиш ва ёд олиш, шеър битишга болаликдан ҳавас уйғонди. Кичик мактаб ёшида форс шоири Фаридиддин Атторнинг катталар ҳам тушуниши қийин бўлган «Мантиқ ут-тайр» достонини форс тилида ўқиб ҳам уқиб ёд олгани унинг ёшлик истеъдодининг муҳим қирраларидан эди.

1447-йилда подшоҳ Шоҳрух Мирзо вафот этиб, пойтахт Ҳирот нотинч бўлиб қолади. Алишерлар оиласи Ироққа кўчиб кетади. Йўлда Тафт шаҳрида Алишер машҳур тарихчи Шара-фиддин Али Яздий билан учрашади, тийрак ва ақлли болакайнинг зукколигидан мамнун бўлган кекса олим унинг ҳаққига дуолар қилади. Халқ орасидаги «Улуғлар дуоси қабул бўлади» деган нақл бежиз эмас. Алишерлар хонадони 1451-йилда Ҳиротга қайтади. Кўп ўтмай, тахтга Абулқосим Бобур Мирзо ўтиради. Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад Сабзаворга ҳоким қилиб тайинланади. Алишер эса, ўқишни давом эттиради.

1453-йилда Алишернинг отаси Ғиёсиддин Муҳаммад вафот этди. Алишер Абулқосим Бобур хизматига кирди. Аввал Сабзаворда, сўнг Машҳадда яшади. Икки мактабдош дўст — Ҳусайн ва Алишер яна бирга бўлдилар. Бу йиллар ҳам ёш Алишер учун ўқиш ва билим эгаллаш йиллари бўлди. Шеърга меҳр Алишерни ижодга ундади. У 7-8 ёшларидан шеър ёза бошлади. Ўзбекча шеърларига «Навоий», форсча шеърларига «Фоний» тахаллусини қўйди.

Ўсмирлик даврларида Алишер ўқишда ва ёзишда тиним билмас, шеър мутоаласидан чарчамас эди. «Муҳокамат ул-луғатайн» асарида ўзининг ёшлик чоғида машҳур ўзбек ва форс шоирлари назмидан 50 минг байт (100 минг мисра) шеърни ёд билганини сўзлайди. Болалик вақтларидаёқ ўз даврининг Амир Шоҳий, Лутфий, Камол Турбатий каби шоирлари билан яқиндан алоқада бўлди. Отаси вафотидан сўнг таниқли илм ва адабиёт, санъат арбобларидан Саййид Ҳасан Ардашер, Паҳлавон Муҳаммад кабилар оталик қилдилар. Сабзаворлик олим ва шоир Дарвеш Мансурдан аруз бўйича таълим олди.

1457-йилда Абулқосим Бобур Мирзо вафот этди. Унинг ўрнини Абусаид Мирзо эгаллади. Ҳусайн Бойқаро тахт учун курашга шўнғиб кетди. Навоий эса Машҳад мадрасаларида ўқишни давом эттирди. 1464-йилда Ҳиротга қайтиб келган шоир ҳаётида нохушликлар бошланди. Абусаид Мирзо тахтга даъвогар Ҳусайн Бойқаронинг яқин кишиларини таъқиб остига олади. Алишернинг ота мулкини мусодара қилади, тоғалари Кобулий ва Ғарибийларни қатл эттиради.

Навоий 1460-йилларнинг иккинчи ярмида Самарқандда яшади. Темурбек пойтахт қилган бу кўҳна шаҳар унинг ҳаётида ўчмас из қолдирди. Бу ерда ўз даврининг етук олимларидан, хусусан, шу кунгача асарлари Ислом оламида мўтабар саналиб келаётган Фазлуллоҳ Абулайс Самарқандийдек алломадан сабоқ олди. Кейинчалик бу шаҳарни ўз асарларида «фирдавсмонанд» (жаннатмисол) деб таъриф этди. Бу ерда шоир сифатида жуда катта шуҳрат топа борди. Бир девонга етиб ортадиган асарлари бўлишига қарамай, камтарлик туфайли бўлса керак, ўзи тартиб бермаганлиги учун 1465-1466-йилларда унинг мухлислари шеърларини тўплаб, «Девон» туздилар. Бу китоб бугунги кунда шартли равишда «Илк девон» деб номланади.

1469-йилда Ҳирот тахтига Ҳусайн Бойқаро чиқади ва Самарқандга хат йўллаб, Алишер Навоийни ўз ёнига чақириб олади. Давлат ишларига жалб этади, аввал муҳрдор, сўнг вазир қилиб тайинлайди. Муҳрдор — давлат ҳужжатларини расмийлаштирувчи амалдор. 1487-1488-йилларда Астрободга ҳокимлик қилди. Ҳусайн Бойқаро ҳокимият ишларида Навоийнинг ақл ва садоқатига таяниб иш кўрди. Унинг қаршилигига қарамасдан, шоирни юқори мартабаларга тайинлади. Буюк шоир «амири кабир» (улуғ амир), «амир ул-муқарраб» (подшоҳга энг яқин амир) унвонларига мушарраф бўлди. Унинг вазирлик йиллари Ҳиротда ободонлик ишлари авж олган, маданият гуллаб, яшнаган, адолат ва ҳақиқат туғи баланд кўтарилган давр бўлди. «Илгимдан келганича, — деб ёзади «Вақфия» асарида Навоий, — зулм тиғин ушотиб (синдириб), мазлум жароҳатиға интиқом малҳамини (қасос малҳамини) қўйдум. Ва илгимдин келмаганни ул Ҳазрат (Ҳусайн Бойқаро) арзиға еткурдим».

Давлат ишлари билан бир қаторда ўзининг севимли машғулоти — бадиий ижодни ҳам тўхтатмади. 1472-1476 йилларда «Бадое ул-бидоя» («Бадиийлик ибтидоси»), 1476-1483 йилларда «Наводир ун-ниҳоя» («Туганмас нодирликлар») номлари билан икки девон тузди. 1483-йилда туркий тилда биринчи бўлиб «Хамса» ёзишга киришди ва мисли кўрилмаган қисқа муддат — икки йилда беш йирик достондан иборат асарни ёзиб тугатди. Илм ва ижод аҳли бу воқеани зўр шодликлар билан қарши олди. Абдураҳмон Жомий Навоий «Хамса»сига юксак баҳо берди. Ҳусайн Бойқаро буюк шоирни ўзининг оқ отига миндириб, унга жиловдорлик қилиб, Ҳирот кўчаларини айлантирди. Бу инсоният тарихида камдан кам учрайдиган ҳодиса эди: қудратли давлатнинг шавкатли подшоҳи бир шоирга жиловдорлик қилса. Мазкур ҳодиса айни пайтда Ҳусайн Бойқаронинг маънан юксак, маърифатли ва ҳақиқатпеша ҳукмдор бўлганлигининг далилидир. Навоий «Ҳайрат ул-аброр» достонида бежиз уни Шоҳ Ғозий дея улуғламаган эди.

Навоий фаннинг бир неча соҳаларида қалам тебратиб, забардаст олим эканлигини ҳам исбот этди. Ўтмиш мавзусида «Тарихи мулки Ажам» («Ажам, яъни араб бўлмаган мамлакатлар тарихи»), «Тарихи анбиё ва ҳукамо» («Пайғамбарлар ва донишмандлар тарихи») асарларини ёзган. Туркий адабиётшуносликда ҳам унинг алоҳида ўрни бор. Арузга доир «Мезон ул-авзон» («Вазнлар ўлчови»), тазкирачиликка оид «Мажолис ун-нафоис» («Нафис мажлислар») каби асарлар яратди. Булар ўзбек (турк) тилида шу соҳалардаги биринчи асарлар эди. Буюк шоир тилшунослик билан ҳам қизиқди. Луғатшуносликка оид «Сабъату абҳур» («Етти денгиз») номли китоб ёзди.

Айниқса, «Муҳо-камат ул-луғатайн» («Икки тил муҳокамаси») асарида турк (ўзбек) ва (форс) тилларини солиштириб, ўз она тилининг туганмас имкониятларини илмий асослаб берди. Навоий 1490-йилларда адабиётимиз тарихидаги яна бир катта ҳодиса — «Хазойин ул-маоний» («Маънолар хазинаси») мажмуасини тузди. Тўрт девондан иборат бўлган бу улкан шеърий тўплам шоирнинг туркий тилда ёзган деярли барча лирик шеърларини қамраб олган эди.

Шунингдек, форс тилини мукаммал билган ва унда ҳам баракали ижод қилган шоир бу тилда ёзган шеърларини тўплаб «Девони Фоний»ни тузди. Тазкира ижодкорлар ҳақида ихчам маълумот ва айрим асарларидан намуна келтириладиган тўплам. Буюк адиб умрининг охирига қадар илм-у ижод билан қизғин ва самарали шуғулланди. Шарқда ўтган машҳур шайхлар, сўфийлар ҳаёти ҳақида маълумот берувчи «Насойим ул-муҳаббат» («Муҳаббат шабадалари») асарини ёзиб тугатди. Сўнг умр бўйи хаёлини банд этган «Лисон ут-тайр»ни қоғозга туширди.

Бошқалар билан олиб борган ёзишмалари — хатларини тўплаб «Муншаот» («Хатлар») тузди. 1500-йилда буюк му-тафаккирнинг яхшилик ва ёмонлик ҳақидаги қарашларини ўзида ифодалаган «Маҳбуб ул-қулуб» («Кўнгилларнинг севгани») асари майдонга келди. Бу буюк адибнинг сўнгги асари эди. 


Эслатиб ўтамиз, 2019 йил 12-13 февраль кунлари Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши томонидан Навоий шаҳрида буюк мутафаккир, ғазал мулкининг султони Алишер Навоий таваллудининг 578 йиллигига бағишлаб “Навоий ворислари” кўрик-танловининг Республика босқичи ўтказилади.





Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz