ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Қарор ижроси депутатлар эътиборида 12.08.2017

Қарор ижроси депутатлар эътиборида

халқ депутатлари Ширин шаҳар кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи ҳудуддаги мактабгача таълим муассасалари фаолиятини ўрганди

Мамлакатимизда келажагимиз пойдевори, эртамиз эгалари бўлган ёш авлод таълим-тарбияси ва саломатлигига давлат сиёсати даражасида эътибор қаратиб келинмоқда. Фарзандларимизнинг ҳар томонлама соғлом бўлиб вояга етишида, айниқса, мактабгача таълим муассасалари муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида ҳам ёш авлод камолотига кўмаклашишга қаратилган қатор мақсад-вазифалар белгиланган. Халқ депутатлари Ширин шаҳар Кенгашидаги ЎзМТДП гуруҳи партия дастурий мақсадларидан келиб чиққан ҳолда Ўзбекистон Республикаси Президентининг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори шаҳардаги  мактабгача таълим муассасаларида қай даражада ижро этилаётгани масаласини ўрганди, амалга оширилган ишлар билан танишди. Ўрганиш натижалари Кенгаш сессияси муҳокамасига киритилди.

— Давлатимиз раҳбари мазкур қарорининг ҳудудимиздаги ижросини таъминлаш бўйича Ширин шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими бир қатор ишларни амалга оширган, — деди ЎзМТДП Ширин шаҳар кенгаши раиси, партия гуруҳи раҳбари Улуғбек Норматов. — Жумладан, тарбияланувчиларнинг таълим-тарбия самарадорлигини ошириш, педагог кадрларнинг касб этикасига риоя қилиш бўйича кўникмаларини ривож­лантиришга қаратилган ўқув-семинар, давра суҳбатлари ташкил этилган, тест синовлари ўтказилган. Мактабгача таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, биноларини таъмирлаш ишлари режа асосида олиб борилмоқда. Президентимиз қарорига мувофиқ, тўртта мактабчага таълим муассасаси капитал таъмирлаш бўйича режага киритилган. Белгиланган объектларда қурилиш-таъмирлаш ишларини олиб бориш шаҳар ҳокими қарори билан тасдиқланган ва жамоатчилик Кенгашлари тузилган.

Сессияда қайд этилганидек, Ўзбекис­тон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2007 йил 25 октябрдаги 225-сонли қарори билан тасдиқланган “Қисқа муддатли гуруҳлар тўғрисида”ги Низомга асосан, Ширин шаҳрида мактабгача таълим муассасаларига жалб қилинмаган болаларни мактаб таълимига тайёрлаш мақсадида мактабчага таълим муассасаси ҳамда мактабларда, жумладан, тўртта мактабгача таълим муассасасида қисқа муддатли гуруҳ очилиши режалаштирилиб, чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Бундан ташқари, ҳудуддаги иккита муассаса беш йилга мўлжалланган “Соғлом бола” дастури режасига киритилган.

Фарзандларимизнинг мактабгача таълим муассасаларида бўлган вақтидаги саломатлигини таъминлаш борасида қандай шароитлар яратилгани ҳар бир ота-онани ўйлантириши табиий. Шу боис шаҳардаги барча МТМда фаолият юрита¸тган тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш юзасидан тегишли чоралар белгиланган. Ҳамширалар ҳақида муълумотлар шакллантирилиб, вилоят халқ таълими бошқармасига тақдим этилган.

ЎзМТДП гуруҳи аъзоларининг ўрганиш­лари давомида соҳада қатор камчилик ва муаммолар ҳам мавжудлиги аниқланди. Масалан, ҳудуддаги айрим мактабгача таълим муассасаларини таъмирлаш, шарт-шароитларини яхшилаш, хоналар ёхуд болалар майдончасини жиҳозлаш зарур. Жумладан, Нуробод маҳалласидаги мактабгача таълим муассасаси биноси капитал таъмирга муҳтож. Айрим муассасаларда тарбиячиларнинг сифатли машғулот ўтиши учун зарур ўқув қуроллари етарли эмас, кўргазмали воситалар, деворий кўргазмалар замон талабларига жавоб бермайди, таълим-тарбия жараёнида жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларни жорий этиш зарурати мавжуд. Бундан ташқари, баъзи МТМда гуруҳ хоналари етарли жиҳозланмаган, малакали кадрлар етишмайди.

Тақдим этилган маълумотлар сессияда қизғин муҳокама қилинди. Болаларни мактаб таълимига тайёрлаш даражасини тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнига замонавий таълим дастурларини татбиқ этиш, малакали педагог кадрлар билан таъминлаш, болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий, эстетик ва жисмоний ривожлантириш учун шарт-шароитлар яратиш борасида фикр-мулоҳаза ва таклифлар ўртага ташланди.

Муҳокама қилинган масала юзасидан сессия қарори қабул қилинди. Унга кўра, Ширин шаҳар халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими мудири зиммасига илғор хорижий тажрибани ҳисобга олган ҳолда болаларни ҳар томонлама интеллектуал, ахлоқий эстетик ва жисмоний ривожлантириш шароитларини яратиш, мактабгача таълим сифатини ошириш, таълим муассасаларида болаларни мактабга сифатли тайёрлашни тубдан яхшилаш, таълим-тарбия жараёнида жаҳон амалиётида кенг қўлланиладиган замонавий таълим дастурлари ва технологияларини жорий этиш, муассасаларда 5-6 ёшдаги болаларни мактаб таълимига тайёрлаш бўйича қисқа муддатли гуруҳларни ташкил этиш, педагог кадрларни тайёрлаш ва малакасини оширишнинг ўқув режа ва дастурларини такомиллаштириш, муассасаларнинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, шу жумладан, шаҳарнинг Нуробод маҳалласида жойлашган МТМни янгидан қуриш учун тегишли ташкилотлар билан ўзаро ҳамкорликни кучайтириш вазифалари юклатилди.

“Ширин садоси” газетаси таҳририятига Президентимизнинг “2017-2021 йилларда мактабгача таълим тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори ижроси бўйича шаҳарда амалга оширилган ишларни мунтазам равишда ёритиб бориш тавсия этилди.

Сессияга масала киритиб, қарор қабул қилинишига эришиш — бу ишнинг бошланиши. Энди қарорда акс этган муаммо ва масалаларни бартараф этиш, белгиланган вазифалар ижросини назорат қилиш, ёш авлод келажаги билан боғлиқ бўлган мактабгача таълим муассасалари фаолиятини яхшилаш борасидаги ишлар самарадорлигини оширишда партиямиздан сайланган депутатларнинг янада фаоллик кўрсатиши, ўз ваколатларидан самарали фойдаланиши, аниқ натижага эришиши талаб этилади.

“Milliy tiklanish” мухбири

Муҳтарама КОМИЛОВА



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77, (8-371) 239-45-53

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзиллингизни киритинг ва янги маълумотлар, ҳабарлар ва маслаҳатларга почта оркали ега бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz