ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


13.06.2019

Аёллар ҳуқуқларини ҳимоя қилишда прокуратура органларининг жамоат ташкилотлари билан ҳамкорлиги


Жаҳондаги барча ривожланган давлатлар ўзининг тараққиёт даражасига аввало, аёллар ва эркаклар ўртасидаги ҳуқуқий тенгликни, маънавий камолот учун барча шарт-шароитларни ярата олганликлари боис эришдилар, тараққиёт жиҳатдан янада юксак чўққиларга кўтарилмоқда.

Бизнинг республикамизда ҳам мустақилликнинг илк кунлариданоқ хотин-қизларнинг ҳуқуқларига алоҳида аҳамият қаратилди.

Юртбошимиз Ш.М.Мирзиёевнинг “Аёлни эъзозлаш, аёлга эҳтиром кўрсатиш халқимизга хос олижаноб қадрият ҳисобланади. Биз, барчамиз қандай касб, қандай лавозимда ишламайлик, қалбимиз, юрагимиздаги жамики эзгу фазилатлар учун сиз, меҳрибон аёллардан умрбод қарздормиз”-деган сўзлари юртимизда аёл қадри қанчалик юксак эканлигидан далолат беради.

Мустақилликка эришгандан сўнг Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқларини, жумладан аёл ҳуқуқи ва қонуний манфаатларини халқаро меъзонлар доирасида таъминлаш борасида муайян тадбирлар амалга оширилди.    

Маълумки, Бирлашган Миллатлар ташкилотининг Бош ассамблеяси томонидан 1967 йил 7 ноябрда “Аёлларни камситишни тугатиш тўғрисида” Декларация, 1979 йил 18 декабрда “Аёлларни камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида” Конвенция қабул қилинган эди. Ушбу ҳужжатлар ҳалқаро ҳуқуқнинг муҳим манбаи сифатида барча давлатлар миллий қонунчилиги учун муҳим меъёр бўлди. Уларда аёлнинг мамлакат равнақи, жамият ва оила тараққиётидаги роли эътироф этилиб, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва шахсий ҳуқуқ ҳамда эркинликлардан фойдаланишда эркаклар билан тенглигини таъминлаш, бу борада реал рўёбга чиқариш механизмларини вужудга келтириш, хотин-қизлар манфаатлари камситилиши ва ҳуқуқларини чекланишига йўл қўймаслик талаби илгари сурилган. Маълумки, Ўзбекистон 1995 йил 6 майдан “Оналикни муҳофаза этиш тўғрисида”ги Конвенцияга, 1997 йил 30 августдан “Аёлларга нисбатан камситишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўғрисида”ги Конвенцияга қўшилди. Бу Конвенцияларга кўра, хотин-қизларнинг барча сайловлар ва оммавий референдумларда овоз бериш эркинлиги ва тенг ҳуқуқлилиги кафолатланди.

“Аёлларнинг сиёсий ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенциянинг 3-моддасида “Аёллар эркаклар билан бир хил шароитларда ва ҳеч қандай камситишсиз жамоат-давлат хизматида лавозим эгаллаш ва миллий қонунчилик билан белгиланган жамоат-давлат вазифаларини бажариш ҳуқуқига эгадирлар”- деб қайд қилинди ва уларнинг давлат сиёсатидаги ўрни белгилаб берилди.

Ўзбекистон Республикасининг қонунларида аёлларга, шахсан болали аёлларга меҳнатни оналик билан уйғунлаштириб олиб боришлари учун имкон берадиган муайян енгилликлар ва имтиёзлар яратилганлиги бугунги кунда аёлларни фарзанд тарбияси билан бир вақтда иш билан шуғулланиши учун кенг имконият яратмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг 1995 йил 6 мартдаги қарори билан “Оналикни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 1919 йилда Женевада қабул қилинган ва 1952 йил 28 июнда қайтадан кўриб чиқилган конвенцияга Ўзбекистоннинг қўшилиши мустақил Ўзбекистон давлатининг оналик ва болаликка бўлган катта эътибори, ғамхўрлигидан далолат беради.

Асосий Қонун “Оила жамиятнинг асосий бўғинидир ҳамда жамият ва давлат муҳофазасида бўлиш ҳуқуқига эга. Никоҳ томонларнинг ихтиёрий розилиги ва тенг ҳуқуқлилигига асосланади” деб эътироф этади.

1998 йил 30 апрелда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Оила кодекси турмушда, оилавий муносабатларда аёлнинг эркак билан тенг ҳуқуқлилиги, оиланинг давлат томонидан қўллаб-қувватлашни, оналикни муҳофаза қилиш ва рагбатлантиришни давлат даражасида ҳуқуқий тартибга солиниши каби ҳаётий долзарб тарафларни акс эттирган. Оила кодекси аёлнинг оила ва жамиятдаги ўрнини, ҳуқуқий мақомини белгилаши билан бирга ҳалқаро умуминсоний мезонлар ҳам акс этган. Чунончи, “Аёлларга нисбатан камситилишнинг барча шаклларига барҳам бериш тўгрисида”ги конвенциянинг 16-моддасида барча иштирокчи давлатлар никоҳ ва оилага оид масалаларни эр ва хотиннинг тенг ҳуқуқлилиги асосида ҳал этиш ҳамда оилавий муносабат (низо)ларни ечишда хотин-қизларнинг камситилишига барҳам бериш учун зарур чоралар кўришлари лозимлиги таъкидланган бўлса, Оила кодексининг 21-моддасида “оилавий турмушнинг барча масалаларини эр ва хотин биргаликда ҳал қиладилар”, дейилган.

Аёлнинг оила ва жамиятдаги мавқеини мустаҳкамлашда унинг мулкий ҳолати ҳам алоҳида ўрин тутади. Ўзбекистон Республикаси Оила кодексининг эр ва хотиннинг мулкий ҳуқуқ ва мажбуриятларига бағишланган бобида уларнинг никоҳи давомида ортирган мулки, шунингдек никоҳга қадар умумий маблағлари ҳисобига олинган мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги мулки ҳисобланади, дейилган. Бундан кўриниб турибдики, аёл никоҳ давомида даромад топиш мақсадида бирор жойда ишламасдан фарзанд тарбияси билан шуғулланган даврида ҳам оилада ортирилган мол-мулкка тенг ҳуқуқли ҳисобланади.

Хотин-қизлар меҳнатидан фойдаланишни тўғри йўлга қўйиш, уни ишга қабул қилиш вақтида чеклашларга йўл қўймаслик, хомиладор, ёш болали аёлларга берилган имтиёз ва ҳуқуқлар Ўзбекистон Республикасининг меҳнат кодексида ўз аксини топган.

Ўзбекистон Республикасида аёлларни никоҳ қуришга мажбурлаш, ёки уларни бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланиш учун сотиш, оилада уларни ҳўрлаш, зўрлаб номусига тегиш ва бошқа Конституцион ҳуқуқларини поймол қилишга қаратилган ҳар қандай ҳаракатлар учун Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг тегишли моддалари билан жиноий жавобгарлик белгиланган.

Мамлакатимизда 1999 йилни “Аёллар йили” деб эълон қилиниши муносабати билан Вазирлар Маҳкамасининг 18 февралдаги Қарори билан “Оилада, давлат ва жамият қурилишида аёлларнинг ролини кучайтириш, уларнинг ҳуқуқий, ижтимоий, иқтисодий ва маънавий манфаатларини ҳимоя қилиш тизимини такомиллаштириш юзасидан чора тадбирлар давлат Дастури” тасдиқланди. Шунингдек, 1999 йил 14 апрелда “Хотин-қизларга қўшимча имтиёзлар тўғрисида”ги Қонун қабул қилинди. Унда фарзанд тарбияси учун шароит яратиш ҳамда, аёлларнинг меҳнатдан манфаатдорлигини ошириш мақсадида 3 ёшгача болалари бор, бюджет муассаса ва ташкилотларида ишлаётган аёлларга иш ҳақини камайтирмасдан ҳафталик иш вақти қисқартирилиб 35 соатдан ошмайдиган муддат белгиланди. Аёлларга камида 20 йиллик иш стажи билан 54 ёшдан пенсияга чиқиш ҳуқуқи кафолатланди.

Ўзбекистон Республикасининг “Фуқаролар соғлигини сақлаш тўғрисида”ги Қонунида ҳам оналар ва болалар соғлигини сақлаш кафолатлари, ҳомиладор аёллар ва чақалоқларга тиббий ёрдам кўрсатишни таъминлаш, болалар касал бўлиб қолганда оналарга бериладиган имтиёзлар ўз аксини топган.

Республикамизда хотин-қизларнинг сиёсий фаоллигини ошириш мақсадида давлат хокимиятини бошқаришда аёллар сонинг ортишига алоҳида эътибор қаратилди. Шуниси эътиборга сазоворки, Республикамиз сайлов тизими хотин-қизларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини, уларнинг давлат ва жамият қурилиши соҳасидаги мавқеини оширишда муҳим аҳамият касб этади. “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига сайлов тўғрисида”ги Қонуннинг 22-моддасида, хотин-қизлар сони сиёсий партиялардан кўрсатилган депутатликка номзодлар умумий сонининг камида ўттиз фоизини ташкил этишини белгиланганлиги юқоридаги фикрларнинг тасдиғидир.

Республикамизда хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга доир қонунчилик тизими ўз аксини топган бўлса-да, лекин айрим ҳолларда бугунги кунда хотин-қизларга яратилган ҳуқуқ ва имтиёзларни кафолатловчи қонунларнинг ижроси ҳамма жойда ҳам бир хил ижро қилинмоқда - деб айта олмаймиз. Чунки, баъзи вилоятлар ва туманларда уларнинг қонуний ҳуқуқлари бузилгалиги, иш ҳақини вақтида берилмаганлиги, тадбиркорлик фаолияти билан шугулланиш учун баъзи бир шахсларнинг тўсқинлик қилиш ва шу каби бошқа ҳуқуқларининг бузилишига йўл қўйилганлигини учратишимиз мумкин. Жумладан, прокуратура органлари аралашуви билан 2017 йилнинг 1-чорагида 25 та хотин-қизларнинг мурожаатлари қаноатлантирилган, 21 та шахснинг ҳуқуқлари тикланган.

Шунингдек, прокуратура органлари томонидан қизларни эрта турмушга бериш ҳолатларини олдини олишборасида ҳокимликлар, хотин-қизлар қўмиталари, маҳалла, таълим муассасалари, Ўзбекистон ёшлар иттифоқи ва бошқа жамоат ташкилотлари билан ҳамкорликда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Жумладан, 2016 йилда 4564 та, жорий йилнинг 7 ойида 2807 (2693) та тарғибот тадбирлари ўтказилган. Кўрилган чора-тадбирлар натижасида республикада 2016 йилда 704 та, жорий йилнинг 7 ойида 450 (418) та ҳолатда эрта турмуш қуришнинг олди олинган.

Шунингдек, айрим корхона, муассаса раҳбарлари томонидан меҳнат кодексининг айрим нормалари бузилиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари поймол этилганлиги ҳолатлари аниқланган.

Масалан, Меҳнат кодексининг 232-моддасида 12 ёшга тўлмаган фарзанди ёки 16 ёшга тўлмаган ногирон фарзанди бор аёллар учун қўшимча 3 иш кунидан кам бўлмаган меҳнат таътили берилиши белгиланган бўлса-да, Пискент туманида айрим корхона ва муассасалар томонидан ушбу имтиёзлар берилмасдан, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари поймол қилинган.

Хусусан, Пискент туманидаги “Агросаноат ва иқтисодиёт”
касб-ҳунар коллежи ўқитувчилари Х.Умаржонова, Ш.Жўраева З.Зокирова, “Қурилиш ва касб-ҳунармандчилик” коллежи ходимлари Н.Қорабоева, С.Жабборова, Г.Рустамбекова, ўқитувчиси М.Ахматоваларнинг икки ёки ундан ортиқ фарзандлари бўлса-да, уларга меҳнат таътили берилишида қайд этилган имтиёзлар қўлланилмаган. Бундай қонунбузарлик ҳолатларни кўплаб учратиш мумкин.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоялаш борасида олиб борилаётган ишларнинг таҳлиллари, республикамизда кўплаб хотин-қизларнинг одам савдоси жинояти қурбони бўлаётганлигидан далолат бермоқда. Хотин-қизларни фоҳишалик билан шуғуллантириш учун асосан Бирлашган Араб Амирликлари, Қозоғистон, Россия, Таиланд, Туркия, Ҳиндистон, Исроил, Малайзия, Жанубий Корея, Япония ва Коста-Рика давлатларига, мажбурий меҳнат ёки хизмат кўрсатиш учун эса Қозоғистон ва Россияга олиб чиқиб кетилаётганлиги аниқланди.

Мисол учун, Самарқанд шаҳрида яшовчи Сарвиноз Эргашова Таиланд давлатида бўлган опаси Феруза Эргашованинг фоҳишалик билан шуғуллантириш учун одам ёллаш ҳақидаги таклифига биноан Икром Толипов ва Тиловаддин Алимардонов билан жиноий тил бириктирган. Жиноий гуруҳ олдиндан тузилган режага асосан бир неча қизларни Таиланддаги ресторанда ишга жойлаштиришга ишонтириб, уларни фоҳишалик билан шуғуллантириш мақсадида ушбу давлатга юбормоқчи бўлганларида, Тошкент шаҳридаги халқаро аэропортда қўлга олинганлар.

Ёки Хонобод шаҳрида яшовчи Дилрабо Усмонова тўрт нафар қизларни алдаб, уларни фоҳишалик билан шуғуллантириш сотиб юбориш учун Қирғизистон Республикасига айланма йўллар орқали олиб чиқиб кетаётганида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимлари томонидан тўхтатиб қолинган. Прокуратура органлари томонидан бундай жиноятларнинг олдини олишга доир мустаҳкам чора-тадбирлар олиб борилиб, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ҳимоя қилинмоқда.

Хотин-қизларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишни таъминлаш мақсадида, аввало, уларнинг ҳуқуқий саводини ошириш, яъни ўз ҳуқуқларини бузилганлигини билиши ва тегишли органларга бу ҳуқуқларини тиклаш учун мурожаат этиш даражасига етказиш лозим.

Бунинг учун албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, хотин-қизлар қўмитаси, маҳаллий ўз-ўзини бошқариш органлари ва бошқа тегишли жамоатчилик ташкилотлар билан доимий ҳамкорликда хотин-қизларнинг ҳуқуқий билимларини ошириш, хотин-қизларнинг одам савдоси қурбони бўлмаслик чоралари белгиланиши ва амалга оширилиши лозим.

Шунингдек, хотин-қизлар учун меҳнат қилиш, жамоат ишларида фаол бўлиш каби бир қатор имтиёзли ҳуқуқлар берилган бўлиб, бу ҳуқуқларни амалга ошириш учун қулай шароит лозим. Чунки, бугунги кунда куни узайтирилган мактабгача таълим муассасалари етарли даражада бўлмаганлиги сабабли, аёлларни меҳнат қилиш ҳуқуқларидан фойдалан олмайдилар. Яъни, ҳозирги болалар боғчалари иш вақти соат 18-00 гача бўлганлиги, шунингдек шанба кунлари ишламаслиги сабабли ишлаётган аёллар учун хотиржам ишлаш имконияти мавжуд эмас. Шунингдек, аёллар бошланғич таълим муссасаларида машғулотлар тугагандан сўнг оилада фарзандлари билан шуғулланувчи бошқа шахс бўлмаганлиги сабабли ҳам уйда ўтиришларига тўғри келади. Аёлларнинг ушбу муаммоларини ҳал этиш мақсадида ҳудудларда куни узайтирилган болалар боғчалари, ушбу боғчаларда бошланғич таълим муассасалари машғулотларидан сўнг шуғулланадиган маҳсус гуруҳлар ташкил этиш лозим. Бу ҳар бир болали аёлларни ҳотиржам меҳнат қилишига катта имконият яратади.

Бугунги кунда эътибор берилиши лозим бўлган яна бир асосий ҳолат бу аёллар ўртасидаги жиноятчиликнинг олдини олишдан иборат. Бунинг учун хотин-қизлар қўмиталарининг аёллар билан индувидуал ишлаш фаолиятини такомиллаштириш лозим. Ўз ҳудудидаги ҳар бир аёлнинг психологик портретини яхши билиш лозим. Яъни, жиноят содир этишга мойиллиги бўлган аёлларга алоҳида эътибор қаратилиши, уларга юртимизда яратилаётган имкониятлардан фойдаланган ҳолда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланишига кўмаклашиш лозим.

Юқорида қайд этиб ўтилган вазифаларнинг ҳамкорликда амалга оширилиши хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоясини янада кафолатлашга хизмат қилади.



М. Аминжонова,
Олий ўқув курслари бошлиғи
ўринбосари, адлия маслаҳатчиси



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz