ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ҳаётий тамойилларнинг амалдаги ифодаси 07.12.2017

Ҳаётий тамойилларнинг амалдаги ифодаси

Истиқлол йилларида мамлакатимиз эришган улкан ютуқлар, тинч-осойишта, тўкин ва фаровон ҳаётимиз, ижтимоий-иқтисодий, сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ривожланишимиз негизида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, унда мустаҳкамлаб қўйилган қоида ва меъёрлар мужассам. Халқимизнинг хоҳиш-иродаси акс этган Асосий қонунимизда халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган қоидалари билан бирга миллатимизга хос кўп асрлик маънавий-ҳуқуқий қадриятлар ўз ифодасини топган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси Ўзбекистон Респуб­ликаси Конституциясининг 25 йиллигига бағишлаб “Конституция — ҳаётимиз қомуси” мавзусида давра суҳбати ташкил этди. Конституциянинг мазмун-моҳиятини пухта ўргатиш, унинг инсонпарварлик, демократик ва адолатпарварлик тамойилларини халқимиз, партия электорати, айниқса, ёшлар ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида ташкил этилган тадбирда ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Спикери ўринбосари Сарвар Отамуратов сўзга чиқди.

— Инсон шаъни ва қадр-қиммати олий қадрият сифатида эътироф этилган Ўзбекистон Республикаси Конституцияси сиёсий-ҳуқуқий, маънавий-маърифий ҳаётимизда муҳим аҳамият касб этади, — деди партия етакчиси. — Шу боис  Бош қомусимиз қабул қилинган кун мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётидаги энг муҳим саналардан бири сифатида кенг нишонланади. Партиямиз ўз дастурий вазифаларидан келиб чиқиб, Конституциянинг жамиятдаги ўрни, ҳаётимиздаги аҳамияти, мазмун-моҳиятини фуқаролар, айниқса, ёш авлоднинг онг-шуурига чуқурроқ сингдириши лозим. Зеро, унда инсоннинг кундалик ҳаётидаги энг муҳим эҳтиёжларини таъминловчи имкониятлар: яшаш ҳуқуқи, шахсий дахлсизлик ҳуқуқи, турар жой дахлсизлиги, фикрлаш, эътиқод ва сўз эркинлиги, виждон эркинликлари тўла кафолатланган.

Таъкидланганидек, Асосий қонунимизда халқимизнинг бой маданияти, маънавияти, тарихи, анъаналари, яшаш тарзи, орзу-мақсадлари мужассам. Конституция биз орзу қилган демократик ҳуқуқий давлат қуриш, адолатли, очиқ ва кучли фуқаролик жамиятини шакллантириш учун мустаҳкам пойдевор вазифасини ўтамоқда.

— Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, ҳар бир шахснинг Конституция ва қонунда кафолатланган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тўлақонли рўёбга чиқаришни ўзининг энг муҳим вазифаларидан деб билади, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Мухтабар Ҳусанова. — Партия инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш — шахснинг фаровонлиги ҳамда хавфсизлигини таъминлашга интилаётган демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий мақсади ва энг муҳим воситаси, деб ҳисоблайди. Инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга нисбатан ЎзМТДП маданий-тарихий анъаналарни, халқ таълими тизимини ривожлантириш ва ватанпарварлик тафаккурини тарбиялаш орқали маънавий-аҳлоқий тикланиш нуқтаи назаридан қарайди. Ушбу дастурий вазифалар ижроси Бош қомусимизда мустаҳкамланган инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид қоидаларнинг ҳаётга татбиқ этилишига хизмат қилади. Шу боис Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлар, эркинликлар ва мажбуриятларни аҳолига тушунтириш, тарғибот-ташвиқот қилиш ишларини узлуксиз давом эттиришимиз лозим.

Тадбирда  иштирокчиларга Ўзбекистон Рес­публикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, унинг демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, Бош қомусимизнинг халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги, шу билан бирга, ўзига хос жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Усмон АБДУРАСУЛОВ,
ЎзМТДП Марказий  кенгаши
Ижроия қўмитаси девони
етакчи мутахассиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz