ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Бахшичилик — миллий ғуруримиз 08.11.2018

Бахшичилик — миллий ғуруримиз


Ўзбекистон Президентининг “Ҳалқаро бахшичилик санъати фестивалини

ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.


Ўзбек миллий бахшичилик ва достончилик санъатининг ноёб намуналарини асраб-авайлаш ва ривожлантириш, уни кенг тарғиб қилиш, ёш авлод қалбида ушбу санъат турига ҳурмат ва эътибор туйғуларини янада кучайтириш, турли халқлар ўртасидаги дўстлик ва биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, ижодий ҳамкорлик, маданий-маънавий муносабатлар доирасини халқаро миқёсда янада кенгайтириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ҳалқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори эълон қилинди.

Маълумки, дунёда ҳар бир халқнинг, элнинг ўз тили, тарихи ва маданияти, авлоддан авлодга ўтиб келаётган миллий анъана-ю қадриятлари бор. Айниқса, халқ оғзаки ижоди намуналари ҳисобланган ўлан ва лапарлар, эртак, мақол ва маталлар ҳар бир элатнинг маънавий қиёфасини, ўзлигини намоён этади. Шулар қаторида бахшичилик ва достончилик ўзига хос ўрини эга.

Тарихий манбаларда таъкидланишича, “бахши” сўзи “маърифатчи”, “зиё улашувчи” маъноларини англатади. Шунинг учун бахшичилик, халқ достончилиги ўзбек халқининг қадим маданияти, миллий қадриятларининг илк кўринишларидан бири сифатида асрлар давомида ардоқланиб келинган. Бахшилар эса азалдан терма, қўшиқ ва достонларни ёддан куйловчи,  авлоддан-авлодга етказувчи шахс сифатида ҳурмат қилиниб, халқимизнинг энг яхши кунлари уларнинг иштирокисиз ўтмаган. Уларнинг ширали овози, дўмбирасидан таралаётган куй инсон қалбини беихтиёр тўлқинлантирган, жунбушга келтирган. Дўмбираси тилга кириб, овоз созга, соз овозга мойил бўлган, қалблар оҳанглар асирига айланган.

Хоразм, Қашқадарё, Сурхондарё, Самарқанд, Фарғона бахшичилик мактаблари асосчилари ҳисобланган Эргаш Жуманбулбул ўғли, Фозил Йўлдош ўғли, Ислом шоир Назар ўғли, Муҳаммадқул Жонмурод ўғли Пўлкан, Умир шоир Сафар ўғли, Бола бахши – Қурбонназар Абдуллаев каби атоқли достончилар, бахшилар бебаҳо маънавий меросимизни авлоддан авлодларга олиб ўтиб, эл-юртнинг фахри бўлиб келган. Улар халқимиз дилига эзгулик бахш этувчи беназир фольклор анъаналарини тарғиб этиб, “Алпомиш”, “Гўрўғли”, “Кунтуғмиш”, “Тоҳир ва Зуҳра”, “Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам”, “Авазхон” сингари буюк достонлар ва термаларни куйлаб одамларни Ватанпарварликка, мардликка, шижоатга, садоқат ва халқпарварликка чорлаб келганлар.

Истиқлол йилларида ижодий уюшмалар ҳамкорлигида бахши-шоирлар ижодининг энг яхши намуналарини тарғиб қилиш борасида маълум ишлар амалга оширилди. Бироқ, бахшичилик санъатининг тарихи ҳамда бахшилар ижодини мукаммал ўрганиш борасида тадқиқотлар олиб бориш, халқ оғзаки ижоди ёдгорликларини тўплаш ва нашр этиш, фольклор асарларини ижро этувчи иқтидор соҳиблари, айниқса, ҳозирга қадар ўзининг жонли эпик анъаналарини сақлаб келаётган бахшилар ижодини янада ривожлантириш, ўқув-услубий адабиётлар яратишга етарли эътибор қаратилмади. Ушбу санъатни оммавий ахборот воситалари, интернет тармоғи орқали мамлакатимиз ва чет элларда тарғиб этиш, устоз бахшилар, соҳа олимлари, иқтидорли ёш бахшилар фаолиятини моддий ва маънавий жиҳатдан қўллаб-қувватлаш ишлари ўз ечимини кутаётган долзарб муаммолардан бўлиб келаётган эди.

Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 19-20 январь  кунлари Сурхондарё вилоятига қилган ташрифи чоғида “Достончилик ва бахшичилик — миллий ғуруримиз. Унинг замиридаги эзгу қадриятларни халқимизга етказиш лозим. Бахшичилик мактаби халқ оғзаки ижодининг ноёб дурдоналарини асрашга, уни ривожлантиришга, бахшиларнинг обрўсини кўтаришга хизмат қилиши керак”, — деб таъкидлаб, Наврўз байрами арафасида юртимиз бахшиларининг республика семинарини ўтказиш борасида топшириқ берган эди. Шу муносабат билан Термиз шаҳрида “Маънавий-маданий тараққиётда инновацион ёндашувлар ва бахшичилик санъатини ривожлантириш истиқболлари” мавзусидаги  республика семинари ташкил этилди ва унда олимлар, соҳа мутахассислари, ёшлар, мамлакатимизнинг турли жойларидан йиғилган 100 га яқин бахшилар, шоирлар иштирок этди.

Қарорда Ўзбекистон Республикаси Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ҳамда Сурхондарё вилояти ҳокимлигининг Термиз шаҳрида ҳар икки йилда бир марта Халқаро бахшичилик санъати фестивалини  ташкил этиш ҳамда ушбу фестивални биринчи марта 2019 йилнинг 5-10 апрель кунлари ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқулланган.

Тегишли вазирлик ва ташкилотлар раҳбарларига бўлажак халқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш бўйича “йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш, диплом, сертификат, ҳайкалчалар намуналарини тайёрлаш, тадбирга хорижий давлатлардан таниқли фольклоршунос олимлар, бахши, шоир, оқин ва жировлар, ижодий жамоалар, оммавий ахборот воситалари вакиллари ва фахрий меҳмонларни таклиф этиш, Термиз шаҳридаги “Сурхондарё санъат саройи” давлат муассасаси майдони ҳудудида бахшичилик санъатига оид турли кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ва сотувини ташкил этиш, уларни Интернет жаҳон ахборот тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштириш каби вазифаларни самарали ва белгиланган вақтда бажариш вазифалари юкланди.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ушбу Қарори Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг мақсад ва вазифалари билан ҳамоҳангдир. Чунки халқимизнинг тарихий, маданий ва илмий-интеллектуал меросини кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, бойитиш ва уларни янада кўпайтиришга кўмаклашиш, ўзбек халқининг бой тарихи ва маданиятини ўрганиш, ушбу бойликларни камол топиб келаётган ёш авлод ўртасида кенг миқёсда тарғиб этиш, ёшларда тарихий мерос ва халқ анъаналарига чуқур меҳр-ҳурмат, эҳтиром уйғотиш каби эзгу амаллар партиянинг энг асосий вазифалари ҳисобланади. Биз партия фаоллари ҳам жойларда “Ҳалқаро бахшичилик санъати фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги Қарор ижросини таъминлашга муносиб ҳисса қўшмоғимиз лозим!


Нодир Ашрапов,

халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман Кенгашига

ЎзМТДПдан сайланган депутат




Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz