ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Бефарқликни ўтмиш ҳам, келажак ҳам кечирмайди 03.11.2018

Бефарқликни ўтмиш ҳам, келажак ҳам кечирмайди

Аждодларимиз мероси — моддий ва маданий объектлар миллатимизнинг бебаҳо бойлиги саналади. Гарчи бундай ноёб дурдоналарни асраб-авайлаш борасида ташкилий-ҳуқуқий механизм яратилган бўлса-да, уларни реконструкция қилиш, таъмирлаш, чегаралари ва муҳофаза ҳудудларини белгилаш, кадастр рўйхатидан ўтказиш ҳали-ҳануз долзарб масала бўлиб қолмоқда.

Айни кунда республикамиздаги маданий мерос объектлари сони 7 минг 638 тани ташкил этади. Уларнинг 4 мингдан ортиғи археологик объектлар бўлса, 2 мингдан ортиғи архитектура бинолари ҳисобланади. Етти юзга яқини маҳобатли санъат асари, тўрт юз атрофидагиси эса диққатга сазовор жой сифатида давлат муҳофазасига олинган.

Ишонгинг келмайди...

Соҳада муаммолар ҳам йўқ эмас. «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги қонунда белгиланган 4 та қонуности ҳужжати ҳалигача қабул қилинмаган. Ваҳоланки, орадан 17 йил ўтди. Унда моддий маданий мерос объектларида муҳофаза белгиларини ўрнатиш – бу давлат муҳофазасининг бир шакли сифатида белгиланган. Шунга қарамай, 7500 га яқин маданий мерос рўйхатга олинган бўлса, шундан атиги 25 фоизига муҳофаза белгиси ўрнатилган. Бор-йўғи 23 фоизининг кадастр ҳужжатлари мавжуд.

Афсуски, ер ажратиш ва қурилишга рухсат беришда ёдгорликлар муҳофазаси ҳисобга олинмаётгани моддий маданий мерос объектларига зарар етказишнинг асосий сабабларидан бири бўлмоқда. Жумладан, Андижон вилояти Марҳамат туманидаги «Мингтепа» археология ёдгорлиги ҳудудида ноқонуний равишда шахсий уй-жой қурилган. Қашқадарё вилоятида эса 10 дан ортиқ археология объектлари ўзлаштириб юборилган.

Соҳада яна бир муаммо шундаки, бир неча йил муқаддам Маданий мерос объектларини реставрация қилиш бўйича илмий институтлар ва лойиҳалаш мактаблари фаолияти тугатиб юборилган. Натижада қадимий ёдгорликлар таъмирланишида илмий асосланмаган ёндашувларга таянилмоқда. Аниқроқ айтганда, бу ишда махсус билимга эга бўлмаган қурувчилар ёки мавсумий ишчилар кучидан фойдаланилмоқда.

Пойтахтимизда 340 дан зиёд моддий маданий мерос объекти рўйхатга олинган. Ўрганиш жараёнида улардан айримларининг манзили ўзгаргани, муҳофаза ҳудуди белгиланмагани, таъмирга муҳтожлиги ва кадастр ҳужжатларида камчиликлар мавжудлиги аниқланди. Энг ачинарлиси, улар орасида йўқолиб бораётганлари ва ҳатто, буткул йўқ бўлиб кетганлари ҳам бор. Масалан, Мирзо Улуғбек туманидаги IV-VIII асрларга тегишли Олтинтепа ҳамда X-XII асрларга оид Шўртепа археологик ёдгорликларининг бугун фақат манзили, маҳалла ва кўча номи қолган, холос. Уларнинг ўрнида йўл ва бошқа иншоотлар қурилган.

Юнусобод тумани ҳудудида жойлашган Оқтепа ёдгорлиги ўзининг қадимийлиги билан бошқаларидан ажралиб туради. VII–VIII асрлар ёдгорлиги ҳисобланган бу тарихий маскан бир пайтлар ўзининг шифобахш суви, шириндан шакар меваси билан машҳур бўлган. Бугун бўлса, у ёввойи ўт-ўланлар билан қопланган харобага, шаҳарнинг чиқинди ташланадиган жойига айланган. Тарихий тепалик ҳудудидан сўнгги ўн йил ичида хусусий уй-жойлар қуриш учун ер ажратиб берилган. Натижада бир пайтлар етмиш гектар майдонни эгаллаган обиданингтўрт гектарликҳудуди қолган. Бундай ҳолат Юнусобод ва Сергели туманларидаги Шоштепа, Куйгантепа, Учтепа туманидаги Фозилтепада ҳам такрорланган. Ҳолбуки, Тошкент шаҳрининг тарихи ана шу тепаликлардан бошланади.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида реставрация қилинган Шайх Зайниддин бобо, Хўжа Алламбардор, Хайробод Эшон, Қўйлиқ ота мажмуалари ҳам айни пайтда таъмирталаб.Жумладан, Қўйлиқ ота мақбараситашқи томондан кўнгилдагидай  бўлса-да, ичкариси хароб. Ҳаво алмашинуви меъёрида бўлмагани учун гумбазнинг айрим қисмлари нураган.  Савдо ва овқатланиш шохобчалари мақбарага жуда яқин қурилган. Мақбаранинг ён-атрофидаги санитария ҳолатини қониқарли деб бўлмайди. Чиқиндиларнинг дуч келган жойга ташланиши, машиналар учун тураргоҳнинг йўқлиги вазиятни янада оғирлаштирмоқда.

Олмазор туманида жойлашган Калонхона, Ҳофиз Кўҳакий масжиди ҳам бугун ташландиқ ҳолда. Бир пайтлар Тошкентга узоқ-яқиндан келган маърифатпарвар шоирлар шеърият кечалари, мушоиралар ўтказган бу манзиллар шу қадар абгор аҳволга келиб қолганига ишонгинг келмайди.  Мазкур маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва уларни ободонлаштириш ҳанузгача «отангга бор, онангга бор» қабилида сансалорликка солиб келинаётгани маълум бўлди.

Зиёратга хиёнат

Ғаллаорол тумани ўзининг бой тарихи, муқаддас қадамжолари билан маҳаллий сайёҳларни жалб этиб келмоқда. Айни пайтда туманда 50 дан зиёдмаданиймерособъектирўйхатгаолинган. Улар орасида, айниқса, Саъд ибн Абу Ваққос зиёратгоҳи машҳур.

Туманнинг Авлиё қишлоғида жойлашган ушбу зиёратгоҳ кўҳна масжид ва хилхонадан ташқари шифобахш булоқлари, фусункор табиати билан ҳам ажралиб туради. Масжид биносини ХIХ асрда шарқона меъморий услуб намуналари асосида жиззахлик моҳир усталар бунёд этган. Унинг шифтидаги ранго-ранг нақшлар юксак маҳорат маҳсули бўлиб, шу кунга қадар ўзкўркини йўқотмаган. Зиёратгоҳда қайнаб чиқаётган зилол булоқни маҳаллий аҳоли «Саъд ибн Абу Ваққос булоғи» деб атайди. Кўлда сузиб юрган ноёб балиқлар эса Ўзбекистон «Қизил китоби»га киритилган. Хуллас, бу ерга келган киши ҳам табиатнинг ажиб мўъжизасидан завқ олади, ҳам муқаддас қадамжони зиёрат қилиб, кўнгли ёришади. Ушбу маскандан туризмни ривожлантириш мақсадида самарали фойдаланиш мумкин. Бироқ... масканда жойлашган ошхона ва зиёратчилар учун мўлжалланган алоҳида жойлар санитария-гигиена талабларига умуман жавоб бермайди. Зиёрат қилиб, хайр-эҳсон мақсадида қозон қайнатаётган аҳоли вакиллари турли чиқинди, полиэтилен пакетлар, пластмасса буюмларини дуч келган жойга ташлаб кетяпти.

Туманда Сайфин ота деб номланган яна бир машҳур зиёратгоҳ бор. У қабристон ҳудудида жойлашган, қадимда шаҳар кўринишидаги қўрғон бўлган. Чап томонида ҳозир ҳам археологик тепалик, қўрғон ва кўплаб сопол буюм қолдиқлари сақланиб қолган. Ҳудудда нақшинкор безакли араб тилида ёзилган бешта ката-кичик қабртош намуналари мавжуд. Бундан кўриниб турибдики, мазкур зиёратгоҳ қадимдан дин уламолари учун алоҳида аҳамиятга эга бўлган жой ҳисобланган. Партия ташкилотимиз шу ердаги аҳоли ва ёшлар билан биргаликда ушбу зиёратгоҳда бир неча маротаба ободонлаштириш ишларини олиб борди. Уни қайта таъмирлаш масаласида мутасадди ташкилотларга мурожаат қилдик. Лекин ҳанузгача жавобдан дарак йўқ.

Қирққиз йўқотилмоқда

Термиз туманидаги Қирққиз қалъаси ўз даврида шаҳар ташқарисидаги қўрғон вазифасини ўтаган. Сарой тўридаги бу қадимий йирик қўрғон катта мулк эгасининг қароргоҳи бўлган. Қаровсизлик оқибатида қалъа деворларининг емирилиши унинг асл ҳолати йўқолиши, бўлакларга бўлиниб кетишига сабаб бўлган. Минг афсуски, бу ҳолат ҳалигача давом этмоқда. Уни реставрация қилиш, ободонлаштириш зарур.

Партия ишчи гуруҳи Жарқўрғон туманидаги маданий мерос объектлари билан танишганда уларнинг аксарияти тепаликлардан иборатлиги маълум бўлди. Айрим тепаликлар аҳоли яшайдиган ҳовлилар ичида қолиб кетган, атрофига тўсиқлар ўрнатилмаган. Қарабсизки, маҳаллий аҳоли уларни ўзлаштириш даражасигача бориб етган. Ваҳоланки, тепаликларда турли даврга оид кулолчилик намуналари, рўзғорда ишлатиладиган анжомлар қолдиқларини ҳамон учратиш мумкин.

Тумандаги «Порлоқ юлдуз» маҳалла фуқаролар йиғини ҳудудида жойлашган Арпапоя тепалигида ҳам юқоридаги каби манзарага дуч келасиз. Кушон даврига оид ушбу ёдгорлик ўз бағрида қандай тарих сир-синоатини мужассам этгани ҳали тўла-тўкис ўрганилмаган. Ҳатто ундан топилган катта хумнинг бир бўлаги объект атрофида жойлашган хонадонда ҳозирга қадар сақланмоқда. Тепалик қисман таъмирланган бўлишига қарамай, унинг деворлари емирилиб кетган. Маҳаллий аҳоли баҳор-ёз ойларида ундан чорва учун яйлов сифатида фойдаланмоқда. Тепаликни давлат муҳофазасига олиш, чегара ҳудудларини аниқлаш  зарур.

Кечиктириш мумкин эмас

Маданий мерос объектларини таъмирлаш ва муҳофаза қилишга давлат бюджетидан ажратиладиган маблағ миқдори йилдан-йилга ортмоқда. Масалан, бу миқдор 2016 йилда 22 миллиард сўмни ташкил этган бўлса, бу йил  46,7 миллиард сўмга етди. Аммо, афсуски, айрим ҳолатларда ажратилган маблағлардан самарали фойдаланиш ёки тўлиқ ўзлаштиришда камчиликлар бор. Аввало, ушбу  маблағларни айнан қай мақсадларга ва қандай босқичларда йўналтиришнинг аниқ механизми йўқ. Бюджетнинг жорий йилги 6 ойлик якуни бўйича таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, 46,7 миллиард сўмдан бор-йўғи 17 миллиард сўми ёки 30 фоизигина ўзлаштирилган. Демак, бу масалани ҳам жиддий ислоҳ қилиш керак.

Ҳар йили фракциямиз аъзолари томонидан «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қонун  ижроси бўйича назорат-таҳлил ўтказилади. Айни кунларда барча вилоятларда партиямизнинг марказий ва ҳудудий ташкилотлари ходимлари, фракциямиз аъзолари, маҳаллий Кенгашлардаги депутатларимиз, маданият ва туризм соҳасидаги ташкилотлар вакилларидан иборат 14 ҳудудий комиссия тузилиб, маданий мерос объектлари тўлиқ инвентаризациядан ўтказилмоқда, уларнинг ҳолати мониторинг қилинмоқда.

Ноябрь ойи охиригача ўрганиш якунлари юзасидан маҳаллий Кенгашларнинг сессияларига аниқ масалалар киритилади. Сўнг Маданият вазирлигига таклифлардан иборат таҳлилий-танқидий маълумотнома юборилади.

Партиямизнинг жорий йилги иш режасида Қонун ижроси юзасидан Олий Мажлис Қонунчилик палатаси йиғилишида Маданият вазирининг эшитувини ташкил этиш белгиланган. Бугунга қадар жойлардаги 5 мингдан ортиқ маданий мерос объектлари кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, уларни қўриқлаш ва асраб-авайлаш бўйича Маданият вазирлигига таклифлар киритилди.

Айни дамда маданий мерос объектларининг ҳуқуқий ҳимоясини янада такомиллаштириш ниҳоятда муҳим. Уларнинг тўлиқ ва қатъий тартибдаги, яъни ўзгармас манзилли рўйхатини шакллантириш вақти келди. Соҳани бошқаришга масъул ташкилотлар ходимларининг малакасини ошириш, шунингдек, санъатшунос, археологлар тайёрлашга эътибор қаратиш лозим. Маданий мерос объектларини реставрация қилиш бўйича илмий институтлар ва лойиҳалаш мактабларини тиклаш масаласи ҳам атрофлича муҳокамага муҳтож. Кўриниб турибдики, ҳал этилиши лозим бўлган масалалар талайгина. Уларни кечиктириш мумкин эмас. Зеро, аждодларимиз даҳоси, мозийнинг нодир мўъжизаси саналган моддий ва маданий объектларнинг тақдирига бефарқ, беэътиборликни ўтмиш ҳам, келажак ҳам кечирмайди.


САРВАР ОТАМУРАТОВ,

Ўзбекистон «Миллий тикланиш»

демократик партияси Марказий кенгаши раиси



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz