ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Болаларнинг ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди 25.04.2019

Болаларнинг ҳуқуқлари кафолатлари кучайтирилди

Мамлакатимизда оналик ва болаликни муҳофаза қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

Зеро, ҳар қандай жамиятда умум қабул қилинган қонун ва ахлоқ меъёрларига фуқароларининг амал қилишини таъминлаш, болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, шунингдек ўсиб келаётган ёш авлодни баркамол, жисмоний ва руҳий соғлом шахс этиб тарбиялаш, уларда ватанпарварлик, меҳнатсеварлик, масъулиятлилик ҳиссини шакллантириш долзарб масаладир.

Бундан ташқари, болаларни ижтимоий ҳимоя қилиш ва ҳар томонлама ривожлантиришга ёрдам бериш, уларнинг таълим олиши учун шарт-шароитлар яратиш, қобилиятлари, қизиқишларига, болалар ҳаёти ва соғлиғини сақлаш талабларига мувофиқ тарзда уларнинг ақлий, эмоционал ва жисмоний ривожланишига кўмаклашувчи чора-тадбирларни мунтазам амалга ошириш устувор вазифалардан биридир.

Юртимизда болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлашнинг ҳуқуқий асоси яратилган. Хусусан, Конституциямизда ота-оналар ўз фарзандларини вояга етгунларига қадар боқиш ва тарбиялашга мажбур эканлиги, Давлат ва жамият етим болаларни ва ота-оналарининг васийлигидан маҳрум бўлган болаларни боқиш, тарбиялаш ва ўқитишни таъминлаши, фарзандлар ота-оналарнинг насл-насаби ва фуқаролик ҳолатидан қатъи назар, қонун олдида тенг эканлиги, шунингдек, оналик ва болалик давлат томонидан муҳофаза қилиниши белгилаб қўйилган.

Бундан ташқари, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги махсус қонун орқали болаларнинг ҳуқуқлари мустаҳкамланган.

Президентимизнинг жорий йил 22 апрелдаги “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори болалар ҳимоясига қаратилгани билан ҳам муҳимдир.

Қарорда ота-она қарамоғисиз қолган болалар яшаб турган уй-жойларини улар ўн саккиз ёшга тўлгунига қадар бронлаштириш ҳуқуқи, болаларнинг давлат органларига қилган мурожаатлари кўриб чиқилиши кафолатланиши, 14 ёшга тўлганидан кейин ота-оналаридан алимент олиш юзасидан судда даъво қўзғатишга ҳақли эканлиги, болаларни ҳимоя қилиш юзасидан судга мурожаат қилишда давлат божи ва бошқа тўловлардан озод қилиниши белгилаб қўйилгани болаларнинг ҳуқуқларини янада кенгайтирди. Шунингдек, оқилона ва мустақил фикрлаш қобилиятига эга бўлган бола, ёшидан қатъий назар ҳар қандай ҳолатда ўз фикрини ифода қилишга ҳақли экани мустаҳкамлаб қўйилди.

Таъкидлаш жоизки, эндиликда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг ўринбосари-Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилиб, фақат болалар ҳуқуқларини таъминлашга кўмаклашувчи сектор тузилиши болаларнинг ҳуқуқлари ҳимояси кучайишига кенг имконият яратади.

Бундан ташқари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари жойларда ўрганишлари жараёнида аҳоли томонидан эътирозларга сабаб бўлаётган –никоҳ ёшининг тенг эмаслиги муаммоси ҳам мазкур қарор билан бартараф этилди. Яъни, жорий йилнинг 1 сентябридан бошлаб никоҳ ёши эркаклар ва аёллар учун бир хил – 18 ёш этиб белгиланди. Эндиликда у эрта турмуш, оилавий ажримларнинг олдини олишга хизмат қилади.

Қарорга кўра, 2019/2020 ўқув йилидан бошлаб олий таълим муассасаларида Меҳрибонлик уйи ва Болалар шаҳарчасининг битирувчилари бўлган ота-онасиз боллар учун қўшимча равишда умумий қабул квотасининг бир фоизигача давлат гранти асосида қабул квоталари ажратиладиган бўлди-ки. Бу болаларнинг касб эгаси бўлиши йўлидаги истаклари амалга ошишига замин яратади.

Бу борадаги қонуний асосини такомиллаштириш юзасидан, “Етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларни ижтимоий ҳимоялаш тўғрисида”ги Қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш, бугунги кунда амалдаги бир қатор қонунларга, хусусан, “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги, “Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси қонунларига, шунингдек, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш орқали қонунчилик базаси янада мустаҳкамланади.

Ювенил адлия тизимини жорий этиш бўйича концепция ишлаб чиқилиши эса, миллий қонунчиликни янада такомиллаштиришга хизмат қилади.

Дарҳақиқат, айни пайтда мамлакатимиз аҳолисининг 40 %ни вояга етмаганлар ташкил этишини ҳисобга олсак, бу жараёнда ота-она, давлат органлари ва кенг жамоатчиликнинг масъулиятини оширишни тақозо этаётган эди.

Биргина мисол, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг фракцияси томонидан жойларда ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларида болаларнинг бу муассасаларга тушиб қолиш сабаблари, уларга кўрсатилаётган хизмат, яратилган шароитлар ўрганилганида, болалар ушбу муассасага “моддий аҳволининг танглиги”, “эҳтиётсизлиги”, “атрофдагиларнинг эътиборсизлиги”, “ота-онасидан маҳрум бўлганлиги”, “оила аъзоларида зарарли одатлар мавжудлиги” ҳуқуқбузарлик содир этгани маълум бўлган.

Албатта, қарорда белгиланган вазифаларнинг амалга тадбиқ этилиши болаларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари ҳимоясини оширишга, ёш авлодни баркамол, жисмоний ва руҳий соғлом шахс этиб тарбиялашга хизмат қилади. Бу жараёнда, яъни болалар билан боғлиқ ҳар қандай вазифаларни амалга оширишда барчамиз бирдам бўлиб фаолият олиб бормоғимиз лозим.

 Зумрад Бекатова,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси,
Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссия раисининг ўринбосари


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz