ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Бош қомусимиз — миллий тикланишдан миллий юксалиш сари интилишимизнинг таянчи ва ҳуқуқий пойдевори 06.12.2018

Бош қомусимиз — миллий тикланишдан миллий юксалиш сари интилишимизнинг таянчи ва ҳуқуқий пойдевори

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг қабул қилинганига бу йил 26 йил тўлди.

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси яратилишининг мураккаб ва муҳим, шарафли солномасига назар солар эканмиз, ҳеч шубҳасиз, Ўзбекистон Республикаси Конституцияси халқимизнинг мустақиллик сари узоқ йўлдаги изланишлари натижаси мевасидир. Аввало, уч минг йиллик миллий давлатчилик тажрибага таянилди. Манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда, дунёнинг юзга яқин давлати Конституциялари ва қонунчилик тизими тажрибалари ўрганилди.

Конституцияни яратиш йўлидаги илк муҳим қадам Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилиши билан бошланди дейиш мумкин. 1989 йилнинг 21 октябрь куни қизғин баҳс ва тортишувлардан сўнг сиёсий-маънавий ҳаётимиздаги унутилмас ҳодиса амалга оширилди. Миллий қадриятларимизнинг асосий устунларидан бири бўлган Она тилимизга Давлат тили мақоми берилди.

Конституцияни яратиш йўлидаги яна бир қадам Президентлик институти таъсис этилиши бўлди. 1990 йилнинг март ойида собиқ иттифоқ таркибидаги республикамизда Президентлик лавозими жорий этилди. Давлат рамзлари ҳақидаги масала муҳокама қилиниб, бу борада махсус комиссия тузилди. Мустақил Ўзбекистоннинг биринчи Конституциясини яратиш ғоясини илк бор Ўзбекистон Республикаси Биринчи Президенти И. Каримов илгари сурди ва бу йўлда оғишмай босқичма-босқич қадамлар қўйилди.

Бош Қонунимизни яратиш йўлидаги энг муҳим қадамлардан бири “Мустақиллик декларацияси”нинг эълон қилинишидир. Ўзбекистон Олий Кенгаши томонидан 1990 йил 20 июнда эълон қилинган “Мустақиллик декларацияси”нинг 8-банди Ўзбекистон “ўзининг тараққиёт йўлини, ўз номини белгилайди ва давлат белгиларини (герб, байроқ, мадҳия) ўзи таъсис этади” деган қоида билан мустаҳкамланди.

Маълумки, Ўзбекистонда илгари ҳам уч марта Конституция қабул қилинган. Аммо ушбу ҳужжатларда ўзбек халқи ўз тақдирини ўзи белгилаш ҳуқуқидан маҳрум қилинган эди. Шу сабаб, мустақил Ўзбекистонимизнинг асосий қонуни лойиҳаси 1992 йилнинг сентябрь ва ноябрь ойларида умумхалқ муҳокамасига қўйилди. Халқимизнинг, кенг жамоатчилигимизнинг бу борадаги фикр-мулоҳазалари, қарашлари, таклифлари ўрганилди. Лойиҳага юздан ортиқ тузатишлар киритилди. Ниҳоят кўплаб тортишув ва мунозалардан сўнг 1992 йилнинг 8 декабрь куни Олий Кенгаш сессиясида Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинди.

Таъкидлаш лозим, Бош Қомусимиз босиб ўтган машаққатли ва шарафли йўлда эришган барча ютуқларимиз учун дастуриламал вазифасини ўтамоқда. Конституциямиз асосида мамлакатимизда миллий қонунчилик тизими, давлат органлари, фуқаролик жамияти институтлари шаклланди. Бугун барча жабҳаларда кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ижтимоий-иқтисодий, сиёсий ва ҳарбий салоҳиятимиз юксалиб, фуқароларимизнинг дунёқараши ўсиб бормоқда. Буларнинг барчаси, энг аввало, Бош Қонунимизнинг ҳаётбахш куч-қудрати натижаси ва халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунасидир ва у одамларнинг эркин, озод, тинч ва осойишта, фаровон яшашнинг қонуний кафолати бўлиб хизмат қилиб келмоқда.

Ўтган йиллар давомида Ватанимиз мустақил давлат сифатида шаклланиб, дунёда ўзининг муносиб ўрнини эгаллади. Улкан тараққиёт йўлини босиб ўтиш билан бирга, мамлакатимизда қонун устуворлигини таъминлаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилиш давлат сиёсатининг энг устувор йўналиши қилиб белгиланди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев асосий эътиборни амалий ишларга, инсонлар ҳаётида ижобий ўзгаришларга, иқтисодий, ижтимоий ва сиёсий соҳаларда тизимли ҳамда шиддатли ислоҳотларни амалга оширишга бериб келмоқда. Энг асосийси, баландпарвоз гаплар қоғозда эмас, айниқса, сўнгги икки йил ичида амалда ўз исботини ва ижросини топди. Бу ҳақиқат халқаро миқёсдаги анжуманларда етакчи давлатлар раҳбарлари, дунё сиёсатдонлари томонидан қайта-қайта эътироф этилмоқда.

Бу бежизга эмас, албатта. Мамлакатимизда “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан улуғ”, "Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халққа хизмат қилиши керак", “Ҳар бир давлат хизматчиси ҳар куни ўзининг меҳнати билан эгаллаб турган лавозимига лойиқлигини исботлаши шарт” томойиллари остида улкан ўзгаришлар амалга оширилди.

2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилинди. Унда давлат ва жамият қурилишини такомиллаштиришга йўналтирилган демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва мамлакатни модернизация қилишда парламентнинг ҳамда сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтириш, жамоатчилик назорати механизмларини амалда татбиқ этиш, фуқаролик жамияти институтларини кучайтириш, қонун устуворлигини таъминлаш масалалари энг муҳим йўналиш қилиб белгиланган. Шунингдек, Ҳаракатлар стратегиясида аҳоли бандлиги ва реал даромадларини изчил ошириб бориш, ижтимоий ҳимоя ва соғлиғини сақлаш тизимини такомиллаштириш, хотин-қизлар, ёшларнинг ижтимоий-сиёсий фаоллигини ошириш каби масалалар ҳам ўрин олган. Стратегияда кўрсатиб ўтилган йўналишлар бўйича кўплаб қарорлар, давлат дастурлари қабул қилинди ва улар бугун самарали билан ижро қилинмоқда.

Хусусан, барча шаҳар, туман марказлари, давлат муассасаларида Халқ қабулхоналари ташкил қилинди. Фуқароларнинг интернет орқали ҳам тўғридан-тўғри Президентнинг виртуал қабулхонасига қонунлар, қарор ва дастурлар, кундалик ижтимоий ҳаёти билан боғлиқ масалалар бўйича мурожаат қилиш имконияти яратилди. Ҳудудий раҳбарлар, халқ депутатлари, умуман, шу юрт, шу мамлакат тақдири учун масъул бўлган идора ва ташкилотлар вакиллари уйма-уй юриб, фуқароларнинг яшаш шароитлари билан яқиндан танишмоқда, юзма-юз учрашиб, муаммоларини ўрганмоқда, фикр-мулоҳазаларини эшитмоқда. Мавжуд камчиликларни тезроқ бартараф этиш бўйича амалий ҳаракатлар қилмоқда. Президентимиз томонидан амалга оширилаётган бундай оқилона сиёсатнинг амалий натижаси халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончи қайтадан уйғонди, қарашлари ўзгарди, инсонлар фаровонлиги янада ўсиб бормоқда.

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ўз нуқтаи назари, дастурий мақсад-вазифалари воситасида Бош қомусимизда барча соҳа ва йўналишда белгиланган асосий қоида ва меъёрларнинг муваффақиятли рўёбга чиқишида кўмаклашишга интилиб келаётир. Хусусан, партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси Ўзбекистон Конституциясида мустаҳкамланган қоида ва принциплар асосида парламентнинг қонун ижодкорлиги фаолияти давомида миллий хусусиятлар ва қадриятларнинг ифодаланишига алоҳида эътибор қаратмоқда. Бу эса қонунларнинг миллий ўзига хослик руҳи ва манфаатларимиз асосида ишлаб чиқилишида муҳим ўрин тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев таъкидлаганларидек, бугун мамлакатимизда жонажон Ватанимизни ривожланган демократик давлатлар қаторига олиб чиқишдек юксак мақсад йўлида кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда. Ана шу олижаноб мақсадларга эришишда давлат органлари, кенг жамоатчилик, барча фуқаролар ўзининг муносиб ҳиссасини қўшмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президенти Конституцияга амал қилинишининг кафолати сифатида жамиятда қонун устуворлигини таъминлайди. Ҳеч шубҳасиз, орадан йиллар, асрлар ўтади, лекин халқимиз сиёсий-ҳуқуқий тафаккурининг юксак намунаси бўлган Конституциямиз янги-янги авлодлар учун ҳаёт қомуси, даврнинг ўзи ўртага қўядиган долзарб муаммоларни ечиш йўлида мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилади.

  Сарвар ОТАМУРАТОВ,
Ўзбекистон «Миллий тикланиш»
демократик партияси
Марказий кенгаши раиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz