ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Бош қомусимизни ўрганамиз 06.12.2017

Бош қомусимизни ўрганамиз

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси қабул қилинганининг 25 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси ва қуйи палатанинг ёшлар масалалари бўйича комиссияси, ЎзМТДП Учтепа туман кенгаши ҳамкорлигида Тошкент юридик коллежида “Конституция — Ўзбекистон тараққиётини ва халқ манфаатини кафолатловчи муҳим ҳуқуқий манба” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.

Тадбирда Конституция мазмун-моҳиятини ўрганиш ёшларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш билан бирга уларда ватанпарварлик, юртга садоқат туйғуларини мустаҳкамлашда муҳим аҳамиятга эга экани таъкидланди.

— Конституциямиз мустақиллигимизни мустаҳкамлаш, халқимизнинг тинч-осуда, фаровон ҳаётини таъминлашнинг муҳим асосидир, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси Козим Тожиев. — Асосий қонунимиз миллий қадриятларимиз асосига қурилган, ўзида халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган жиҳатларини акс эттирган. Бош қомусимиз — истиқлолимиз ва мустақил Ўзбекистоннинг давлат рамзи, ғурур-ифтихори, миллати, дини, тилидан қатъи назар шу заминда истиқомат қилаётган барча учун мустаҳкам ҳимоя, у нафақат бугунги куннинг қомуси, балки эртанги кунимиз, кучли фуқаролик жамиятимиз истиқболини белгилаб берувчи дастуриламал ҳужжатдир.

Жорий йилнинг Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили, деб эълон қилингани ҳам Асосий қонунимиз билан мамлакатимизда инсон манфаатларини улуғлашнинг ҳуқуқий асоси юксак даражада мустаҳкамлаб қўйилганини кенг намоён этди. Айниқса, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари ташкил этилиб, одамларнинг дарди, ўй-ташвишлари тингланаётгани, муаммоларни жойида ҳал этиш чоралари кўрилаётгани бунинг тасдиғидир.

Давра суҳбатида Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси аъзоси Мухтабар Ҳусанова “Парламент фаолиятини такомиллаштиришнинг конституциявий-ҳуқуқий механизмлари”, Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси Маҳмуд Нажимов “Ўзбекистон Конституцияси — фуқаролик жамиятини шакллантиришнинг ҳуқуқий пойдевори”, Тошкент юридик коллежининг маънавий ва маърифий ишлар бўйича директор ўринбосари Шерзод Зулфиқоров “Ўзбекистон Республикасида амалга оширилган конституциявий-ҳуқуқий ислоҳотлар” мавзусида маъруза қилди. Уларда Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг яратилиш тарихи, унинг демократик ҳуқуқий давлат барпо этиш ва инсон манфаатларини таъминлашдаги аҳамияти, халқчиллиги, халқаро ҳуқуқ нормаларига мослиги, ўзига хос жиҳатлари ҳақида атрофлича маълумотлар берилди.

Тадбирда фуқароларнинг Конституция ва қонунларда мустаҳкамлаб қўйилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва мажбуриятларини аҳоли, хусусан, ёшлар ўртасида кенг тушунтириш, тарғибот-ташвиқот ишларини узлуксиз давом эттириш лозимлиги таъкидланди. Қомусимиз мактабгача таълим муассасаларидан тортиб, умумтаълим мактаблари, академик лицей ва коллежларда, олий ўқув юртларида ўқитилаётгани, унга оид кўплаб дарсликлар, рисола ва махсус қўлланмалар нашр этилаётгани ва бунинг натижасида мамлакатимизда Конс­титуцияни ўрганишнинг узлуксиз тизими яратилганлиги алоҳида қайд этилди.

Ҳамдам Ниёзов,

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи:

— Конституциямизнинг мазмун-моҳиятини тарғиб-ташвиқ қилиш — партиямизнинг доимий диққат эътиборида. Хусусан, ёшлар ўртасида ҳуқуқий таълим-тарбияни такомиллаштириш, Асосий қонунимиз моҳиятини кенг тушунтириш, фуқаролик жамиятини барпо этишда уларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида турли тарғибот тадбирлари ташкил этиб келинмоқда. Зеро, Конституциямиздаги ҳар бир қоида таҳлилий фикр ва мулоҳаза учун алоҳида мавзу. Шундай экан, ¸шларимиз ҳуқуқий билимларини янада бойитиб, Бош қомусимизни мукаммал ўрганиши, ҳа¸ти ва иш фаолиятини ушбу муҳим ҳужжат билан чамбарчас боғлиқ ҳолда олиб бориши лозим.

Гулбаҳор Мақсудова,

Тошкент юридик коллежи катта ўқитувчиси:

— Фуқароларнинг бепул таълим олиши, таълим тизимини ислоҳ қилиш, баркамол авлодни тарбиялаш каби долзарб масалаларнинг ҳуқуқий асоси Бош қомусимизда мустаҳкамлаб қўйилган. Бугунги давра суҳбатида ўқувчи-ёшларнинг фикру онгида, қалбида Конституциямизга нисбатан ҳурмат, дахлдорлик, унда белгиланган меъёрларга амал қилишда масъулият туйғусини янада кучайтириш масалаларига ҳам эътибор қаратилди. Шунингдек, Конституциямиз инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш, фуқаролик жамияти асосларини шакллантириш ва ривожлантириш, жамият ҳаётининг барча соҳасини изчил либераллаштириш ва модернизация қилиш, таълим, фан, маданият, маърифат ҳамда маънавиятнинг равнақ топишида мустаҳкам ҳуқуқий асос сифатида хизмат қилаётгани ҳақида ўқувчи ёшларга кенг маълумот берилди.

Ойдин Алимардонова,

Milliy tiklanish” мухбири


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz