ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Бой мерос тарғиботи кучли бўлса, туризм ривожланади 12.08.2017

Бой мерос тарғиботи кучли бўлса, туризм ривожланади

Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегиясида давлатимизнинг барқарор тараққиёти, иқтисодий юксалишдаги ислоҳотларнинг давомийлиги ва изчиллигини таъминлашга қаратилган янги ғоялар, амалий ташаббуслар, лойиҳалар, кенг кўламли чора-тадбирлар ўрин олган. Уларнинг мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳолига халқчил ва содда мисоллар ёрдамида тушунтириш, унинг ижроси таъминланишини назорат қилишда сиёсий партиялар фаол ва ташаббускор бўлишини бугунги даврнинг ўзи тақозо этмоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Бухоро вилоят кенгаши ташкил этган “Ҳаракатлар стратегияси — иқтисодий ислоҳотларнинг янги даври, бунда туризмнинг роли” мавзусидаги давра суҳбатида ана шу жиҳатларга эътибор қаратилди. Унда иштирок этган партия фаоллари, депутатлар ва соҳа мутахассислари Ҳаракатлар стратегиясида миллий иқтисодиётни жадал ривож­лантириш ва либераллаштириш ҳамда туризм салоҳиятини ошириш борасида белгилаб берилган энг долзарб масалаларнинг ҳудуддаги ечими юзасидан олиб борилаётган ишларга эътибор қаратди.

— Давлатимиз раҳбари Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан видеоселектор йиғилишидаги маърузасида Ҳаракатлар стратегиясида сиёсий партиялар дастурларига киритилган ва улар томонидан сайлов жараёнларида кўтарилган долзарб муаммоларнинг ечими бўйича ҳам чора-тадбирлар белгилангани, лекин уларнинг ижросини таъминлашда ташаббус ва амалий ишларнинг камлиги борасида танқидий фикр билдирди, — деди ЎзМТДП фракцияси аъзоси Назир Собиров. — Бундан, айниқса, бизнинг партиямиз тўғри хулоса чиқариши ҳамда унумли фойдаланиши, соҳада учраётган муаммоларни бартараф этишда фаол ва ташаббускор бўлиши лозим. Чунки партия сайловолди Платформасида туризмни ривож­лантириш, ҳудудларнинг туристик салоҳиятини янада ошириш устувор вазифа сифатида белгиланган.

Туризм иқтисодиётнинг энг муҳим тармоқларидан бири сифатида иқтисодий ва ижтимоий муаммолар ечимида муҳим ўрин тутади. Хусусан, қўшимча иш ўринлари яратиш, аҳоли бандлигини таъминлаш, халқ фаровонлигини юксалтиришда мазкур соҳанинг ўрни беқиёс. Шу боис соҳага доир қонунчиликни янада такомиллаштириш, Президентимизнинг 2016 йил 6 декабрда қабул қилинган “Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ижросини қатъий назоратга олиш, бу борадаги муаммоларни ҳал этиш юзасидан амалий таклифлар билан чиқишда ЎзМТДП фракцияси аъзолари билан биргаликда маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва партия ташкилотлари ҳам фаол иштирок этиши зарур.

Айни пайтда партия Бухоро вилоят кенгаши туризмни ривожлантиришда ҳали ишга солинмаган мавжуд имкониятлардан самарали фойдаланиш, ҳудудда соҳага оид энг долзарб муаммоларни ҳал этишга доир амалий таклифлар ҳамда чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқмоқда. Хусусан, бу соҳада ўз тадбиркорлик фаолиятини олиб бораётган ва бошлаётган барча тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш, хорижий сайёҳларга маъқул келадиган миллий
таомлар рўйхатини шакллантириш, туризм ривожланган давлатлар тажрибасини ўрганиш каби таклифлар соҳа ривожида муҳим аҳамиятга эга. Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси Бухоро вилоят ҳудудий бўлинмасига соҳада аниқланган камчиликларни бартараф этиш юзасидан депутатлик сўровини юбориш, ушбу соҳада йўл қўйилаётган хато ва камчилик­лар, ечимини кутаётган муаммолар атроф­лича таҳлил қилиниб, уларни ҳал этиш бўйича чора-тадбирлар белгиланиши мамлакат иқтисодиётини юксалтириш, аҳоли бандлигини таъминлаш, юртимизнинг халқаро миқёсдаги нуфузини ошириш ҳамда партия дастурий мақсад-вазифалари рўёбига хизмат қилади.

— Ватанимиз гўзал табиатга, тарихий шаҳарлар, археологик ёдгорликлар, бой маданий-маънавий ва илмий меросга, юксак сайёҳлик салоҳиятига эга мамлакат ҳисобланади, — деди халқ депутатлари Бухоро вилоят Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутат Дилфуза Омонова. — Шу боис юртимизга қизиқувчилар сафи, ташриф буюраётган сайёҳлар оқими йилдан-йилга кўпайиб бораётир. Ўз навбатида, мамлакатимизда туризм имкониятларини кенгайтириш, иқтисодий тараққиётнинг муҳим омили сифатида сайёҳлик соҳасини янада ривожлантириш, ҳар бир ҳудуднинг туристик салоҳиятини юксалтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бухоро вилоятининг туристик салоҳияти юқори. Бутун дунёдан вилоятга ташриф буюраётган туристлар узоқ ўтмишдан ҳикоя қилувчи қадимий ёдгорликларга, ҳудуднинг бетакрор табиати ва миллий қадриятларига катта қизиқиш билдираётир. Лекин вилоятда бу салоҳиятдан тўлиқ ва самарали фойдаланилмаяпти. Соҳага оид қатор муаммо ва камчиликлар бор. Шу боис сайёҳлар учун мўлжалланган объектларнинг ҳар томонлама мақбул бўлишини, транспорт ва меҳмонхона хизматлари ва, умуман, сайёҳлик логистикаси билан боғлик барча имкониятларни ишга солиш, соҳага замонавий ахборот технологияларини жорий этиш лозим. Қолаверса, туризм соҳасида кадрлар масаласи муҳим ҳисобланади. Бу борада ҳам замонавий менежмент, хорижий туристларга юртимизнинг тарихи ва ҳозирги куни тўғрисида ишончли ахборот берадиган кадрлар — гид-экскурсовод, туристик ва меҳмонхона муассасалари ходимларини тайёрлаш, уларнинг малакасини ошириш талаб этилади.

Давра суҳбатида туризм воситасида ноёб маънавий бойликларимиз ва тарихий меросимиз тарғиб этилиши жаҳон жамоатчилигини мамлакатимизнинг улкан туризм салоҳияти билан кенгроқ таништириш, истиқболли лойиҳалар ишлаб чиқиш ва амалга оширишга хизмат қилиши таъкидланди. Ўзбекистонда туризм имкониятлари, соҳада халқаро ҳамкорликни ривожлантириш, инвестицияларни жалб қилиш ва бошқа бошқа мавзуларда маърузалар тингланди.

Усмон РУСТАМОВ,

“Milliy tiklanish” мухбири


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz