ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Бозорнинг жойи қаерда? кўчадами ё махсус жойда? 04.09.2017

Бозорнинг жойи қаерда? кўчадами ё махсус жойда?

... Ишдан сўнг “Чилонзор” метро бекатидан чиқиб, дўстимни бироз кутиб қолдим.

Ён-атроф гавжум: кимдир ишдан қайтаяпти, яна кимдир менга ўхшаб ҳамроҳини кутаяпти, шошганлар қанча...

Шу пайт баланд овоздан чўчиб кетдим.

— Иссиқ нон! Иссиқ тандир нони!

Қараб турсам, шундоқ ёнгинамда бир йигит нон сотишни бошлаб юборди. Шундан сўнг ён-атрофга эътибор билан назар ташладим. Биздан сал нарида кўчанинг юзида нондан ташқари турли хил ҳўл мева, маккажўхори, пиширилган хасип ва калла почча, тайёр хамир, хуллас, бозорда бўлиши шарт бўлган деярли барча нарса муҳайё. Аввалига шу яқин атрофдаги бирор бозор таъмирланаётган бўлса, уни метро ёнига кўчириб келишибди-да, деган хаёлга бордим. Кейин билсам, кечки пайт ҳар куни шу аҳвол такрорланар экан. Унга “кечки бозор” ёки “кўча бозори” деб ном ҳам берилибди...

Озиқ-овқат “раста”сидан ўзи учун алоҳида жой ҳозирлаб олган йигитнинг тахлам-тахлам дискларни ёйиб олиб, бемалол бозор қизитаётгани ҳаммасидан ошиб тушди. Унинг коллекциясидан кўнглингизга хуш келган ҳар қандай кинофильмни топишингиз мумкин экан. Буни “тадбиркор” йигитнинг ўзи айтди...

Қизиқишим тобора ошиб, дўстим билан анча қолиб кетдик. Бозор эса авжида. Кўпчилик харидорлар бекорга бу ерга келишмас экан, деб ўйладим. Тўғри-да, ҳамма ўзига қулай бўлган йўлни танлайди. Шундоқ бекатдан чиқади-да, йўлида учраган керакли маҳсулотни харид қилиб, манзилига давом этади.

“Ўзбек тилининг изоҳли луғати”да “бозор” сўзига “савдо қилинадиган махсус жой” дея таъриф берилади. Биз сўз юритаётган бу “бозор”лар учун эса ҳеч қандай махсус жой ажратилмаган: йўл ва йўлакларнинг шундоқ устида жойлашган.

Шарқ бозори қадимдан дунё аҳлини ҳайратга солиб келган. Буни элчи ва савдогарларнинг тарихий манбаларда битилган битиклари, қўлёзма ва эсдаликлари ҳам яққол тасдиқлайди. Бундай қизиқиш ва ҳавас бугун ҳам сўнмаган. Юртимизга ташриф буюраётган хорижлик сайёҳларда тарихий ёдгорликларимиз, бозорларимиз катта таассурот қолдирмоқда.

Бозорларимиз қиёфаси кун сайин чирой очиб бораётир. Шарқнинг азал қадриятларини ўзида мужассам этиб, бугунги замон нафаси уфуриб турган замонавий савдонинг барча талабларига жавоб берадиган бозорларимиз сони ва салмоғи мамлакатимизнинг диққатга сазовор жойлари рўйхатидан ўрин олмоқда. Ўзбекистон Республикаси Президентининг шу йил 27 март куни қабул қилинган “2017-2019 йиллар даврида деҳқон бозорларини реконструкция қилиш ва уларнинг ҳудудида замонавий савдо мажмуалари қуриш дастурини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори мазкур соҳа ривожида пойдевор бўлаётир.

***

Агар эътибор берган бўлсангиз, сўнгги икки-уч йил ичида пойтахтимиздаги кўчалар кенгайди, маҳаллалар, кўпқаватли турар жой бинолари янада чирой очди. Кўча ёқаси, кўпқаватли турар жойга туташ бино ва маҳаллаларда ўзбошимчалик билан қуриб олинган турли хил бино ва иншоотлар қурилишига қарши тадбирлар кучайди. Бунинг натижасида ноқонуний қуриб олинган, архитектура талаб­ларига жавоб бермайдиган кўплаб бинолар, савдо дўконлари, ошхона, кафе ва ресторанлар бузиб ташланди. Ноқонуний фаолият тури билан шуғулланиб келаётган кишиларга нисбатан қонуний чоралар кўрилди. Ана шундан сўнг кўчаларимиз кенг, маҳаллаларимиз янада обод қиёфа касб этди.

Нега бу ҳақда эсладик? Чунки агар кўча-кўйда, дуч келган жойда юқоридаги каби “бозор”лар пайдо бўлиб қолаверса, унга қарши чора-тадбир кўрилмаса, бу ҳолат урчиб кетиб, бутун шаҳарга тарқалиши ҳеч гап эмас.

Кейинги ўрганишларимиздан шу нарса маълум бўлдики, айниқса, соат кечки 9-10 дан кейин аксарият дўконлардан нон топиш амри маҳол бўлиб қолар экан. Буни кўпроқ пойтахтимизнинг Юнусобод, Яшнабод, Сергели туманларида учратиш мумкин. Шундай пайтда “кўча бозори”га эҳтиёж туғилади. Бунга йўл қўймаслик учун эса мутасадди ташкилотлар туманлардаги аҳолининг нон ва нон маҳсулотларига бўлган кунлик эҳтиёжини ўрганиб, унинг таъминоти юзасидан тегишли чоралар кўрмоғи лозим бўлади.

— Баъзан метродан чиқиб, кўча юзидаги маҳсулотлардан олиб турардим, — дейди таржимон, контент-менежер Мухтор Абдуллаев. — Бир сафар ярим тайёр маҳсулот харид қилиб, афсусланганман. Яроқлилик муддати ўтиб кетган экан. Хайрият, соғлиғимга жиддий зарар етмади. Шундан сўнг бундай маҳсулотлар харидидан тийилганман.

— Инсон биринчи галда ўз соғлиги ҳақида қайғуриши керак, — дейди ўқитувчи Адиба Носирова. — Тўғри ва тартибли, ишончли озиқ-овқат маҳсулотлари хариди ҳамда истеъмоли ҳақидаги тушунчаларни ҳар бир ота-она тарбиянинг бир қисми сифатида фарзандларига уқтириб бориши зарур. Агар биз ўз соғлигимизга мана шундай жиддий муносабатда бўлсак, соғлом авлод тарбиясида яна бир муҳим қадам ташлаган бўламиз. Фарзандлари соғлом юрт қудратли бўлур, деб бежиз айтилмаган-ку?..

***

Мутахассисларнинг таъкидлашича, инсон саломатлигига зарар етказувчи омилларнинг биринчиси нотўғри овқатланиш бўлса, иккинчиси истеъмолга яроқсиз маҳсулотларни тановул қилиш экан. Озиқ-овқат маҳсулотларини харид қилар чоғимиз озгина ҳафсала ва вақтимизни аямасак, ҳам ўзимиз, ҳам оила аъзоларимиз соғлиғи учун катта иш қилган бўламиз. Яқин атрофдаги бозор, дўкон ва супермаркетларга кириб, ўзимизга керакли бўлган маҳсулотлар хариди учун ошиб борса, 10-15 дақиқа вақтимиз кетади, холос. Бу қисқа вақт бизнинг узоқ умр кўришимизда қанчалик аҳамиятли эканлигини бир тасаввур қилиб кўрайлик.

— Касаллик келтириб чиқарувчи микроорганизмлар ёки улар ишлаб чиқарадиган токсинлар, заҳарли кимёвий моддалар ва заҳарли ўсимликларнинг овқат орқали организмга тушиши овқатдан заҳарланишни келтириб чиқаради, — дейди республика Давлат санитария-эпидемиология назорати маркази овқатланиш гигиенаси бўлими мудири Қамариддин Боқиев. — Инсон яхши сақланмаган, узоқ муддат туриб қолган, белгиланмаган жойда, хавфсизлиги кафолатланмаган ҳолда сотилаётган озиқ-овқат, салқин ичимлик, қандолат маҳсулотлари ва фрезерли юмшоқ музқаймоқларни истеъмол қилиш орқали заҳарланиши мумкин. Тўғри, сотилаётган маҳсулотнинг яроқлилик муддати ўтмагандир. Лекин унинг нотўғри сақланиши, қуёш нурида туриб қолиши сифат бузилишига олиб келади.

...Метро ёнидаги бу ҳолатни кейинчалик шаҳарнинг бошқа жойларида ҳам кузатдик. Бунинг учун масъул ички ишлар ходимлари ва давлат солиқ идоралари вакилларининг рейд ўтказиб, кўча савдогарларини қувиб юрган ҳолатига ҳам гувоҳ бўлдик. Бироқ негадир шундан сўнг ҳам кўча савдогарлиги камая­ётгани йўқ. Демак, бунинг қонуний ва самарали механизмини топиш ва жорий этиш керак.

— Шу йилнинг 1 июнига қадар давлат солиқ идоралари ўтказган назорат тадбирларида ноқонуний савдо, умумий овқатланиш шохобчаси ташкил этиш ва бошқа фаолият билан шуғулланаётган 7,4 минг нафар жисмоний шахсга нисбатан чоралар кўрилиб, ҳуқуқ­бузарлардан умумий қиймати 2,9 миллиард сўмлик 9,7 минг дона маҳсулот далилий ашё сифатида олиб қўйилди, — дейди Ўзбекистон Республикаси Давлат солиқ қўмитаси раиси ўринбосари Назарали Норбоев. — Бундан ташқари, 6 минг ҳуқуқбузарлик билан боғлиқ ҳужжатлар суд органларига юборилди.

Сергели, Чилонзор бозорлари, Юнус­обод туманидаги “Универсам” деҳқон бозори атрофида ҳам “кечки бозор”ларни кузатиш мумкин. “Қўйлиқ”деҳқон бозори атрофи (бозор ҳудудидан ташқари)да кеч бўлишини кутиш ҳам шарт эмас. Чунки куннинг исталган вақтида борсангиз кўча бозорига дуч келасиз. Бу ер бошқа “бозор”ларга нисбатан бой ва хилма-хил. Озиқ-овқат, яхна ичимлик, мева-чева, эсталик совғалар, телефон учун акссессуар ва қувватлагичдан тортиб, кийим-кечакни тур-тури билан эрта тонгдан то хуфтонга қадар харид қилишингиз мумкин.

Бозор тугагач, турли хил маҳсулот чиқиндилари, сотилмай қолган мева-чевалар шундоқ кўча юзида қолдириб кетилади. Аслида шаҳримиз ободлиги, унинг кундан кун чирой очишига ҳар биримиз бирдек масъул бўлмоғимиз керак эмасми? Чиқиндилардан чиқаётган заҳарли моддалар тўғридан-тўғри ён-атрофга тарқалмоқда. Тўғри, бу кам фоизли заҳарли моддалардир, бироқ дарёнинг ҳам томчилардан ҳосил бўлишини унутмаслигимиз лозим.

Биз бу билан кимларнидир ёмонотлиқ қилмоқчи эмасмиз. Марҳамат, ким савдогарчилик билан шуғулланмоқчи бўлса, бозор маъмуриятига учрашсин. Агар ўша заҳоти жой топилмаса, бир оз кутсин. Жой топилгач, зарур ҳужжатларни тайёрлаб, савдо учун патент олсин-да, бемалол савдо қилаверсин. Бунинг учун мамлакатимизда барча шароит мавжуд. Тадбиркорлик фаолиятини янада такомиллаштириш, уларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлашга оид кўплаб қонун ва қарорлар қабул қилинди.

***

Дейлик, сиз ўз томорқангизда етиштирган маҳсулотингизни сотмоқчисиз. Бунда Молия вазирлиги ва Давлат солиқ қўмитасининг 2017 йил 13 январдаги қўшма қарорига илова тарзда 2017 йил учун Бозорлар ва савдо комплексларининг маъмурияти томонидан ундириб олинадиган бир марталик йиғимлар, ижара тўлови ва кўрсатиладиган хизматлар қийматининг минимал миқдорлари асосида бозорда савдо қилишингиз, бунинг учун бир марталик тўловни амалга оширишингизнинг ўзи кифоя. Бунда сиздан талаб қилинадиган ягона ҳужжат бозорга келтирган маҳсулотингиз чиндан ҳам ўз томорқангизда етиштирилганлигини тасдиқловчи маҳаллангиз тақдим этадиган маълумотномадир.

¨ки, сиз бозорда ҳўл мевалар сотиш билан шуғулланмоқчисиз. Ўзимизда етиштирилган ҳамда чет элдан келтирилган ҳўл мевалар учун битта ўрин бир кунга Тошкент шаҳрида 3 400 сўм, вилоятлар марказлари ва вилоятга бўйсунувчи шаҳарларда 2 300 сўм, туманларда эса 1250 сўмни ташкил этади. Бундан равшан бўладики, савдо ҳажмини ҳисобга олмаганда, кўчадаги “савдогарлар” бозорда тартиб-қоида асосида фаолият юритаётган сотувчидан ўртача ҳисобда 3 минг сўм кўп даромад қилар экан. Ана энди ўйлаб кўринг. Ўртача 3 минг сўмлик тўловдан қочиб, кишилар саломатлиги ва шаҳримиз ободлигига путур етказиш қанчалик тўғри? Мана шу тўловни амалга ошириб қўйиб, бозорнинг салқин ва сўлим жойидан бир ўрин олиб, савдо қилганга нима етсин. Қолаверса, бугунги бозорларимизда нафақат харидорга, балки сотувчига ҳам барча қулайлик ва шароит яратиб берилган. Телевизор-радио дейсизми, иситиш-совутиш, шамолпуркагич дейсизми — бари муҳайё.

Шуниси аниқки, йўл юзида сотилаётган маҳсулотлар, у хоҳ қуруқ ва ҳўл, хоҳ тайёр озиқ-овқат маҳсулоти бўлсин, ишончли эмас. Чунки уларнинг сифат сертификати йўқ. Шундай экан, қандай шароитда тайёрланганини билмай туриб тановул қилинган маҳсулот саломатлигимиз учун хавфдан бошқа нарса эмас.

Фикримизни халқимизнинг осон келган нарса осон кетади, деган ибратли нақли билан якунламоқчимиз. Солиқлардан, бозор тўловларидан қочиб, ноқонуний савдо йўлини танлаш эртага яхшигина жаримага сабаб бўлишини ҳам унутмаслигимиз керак. Бундан ташқари, фуқаролар саломатлиги, шаҳримиз ободлиги учун барчамиз бирдек ҳаракат қилмоғимиз даркор. Бу, аввало, кундан кун чирой очиб бораётган шаҳримиз кўркамлигига, давлатимиз қонунларига амал қилишга, фуқаролик бурчимизни бажаришимизга хизмат қилади. Қолаверса, ЎзМТДП сайловолди Платформасида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашни янада кучайтириш, аҳолининг овқатланиш хилма-хиллигини кенгайтириш, мамлакатимизда сифатли ва хавфсиз озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқаришни кўпайтириш ижтимоий соҳадаги устувор вазифалардан бири сифатида белгиланган.

Исломжон Қўчқоров,

“Milliy tiklanish” мухбири


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz