ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Бугунидан мамнун халқнинг эртасига ишончи юксак бўлади 12.08.2019

Бугунидан мамнун халқнинг эртасига ишончи юксак бўлади


Халқни рози қилиш, турмуш фаровонлигини ошириш мамлакатимизда олиб борилаётган ислоҳотлардан кўзланган асосий мақсаддир. Президентимиз таъкидлаганларидек, “Оддий одамлар бугунги кунда бўлаётган ўзгаришларни сезиши керак. Улар эртага эмас, бугун яхши яшашни истайди. Уларга бугун яхши шароит яратиб беришимиз керак”. Дарҳақиқат, халқимизнинг ҳаёт даражасини кўтариш, инсон қадрини чинакам мартабасига олиб чиқиш, энг муҳими, аҳолининг фаровон, бекаму кўст турмушидан рози бўлиб яшашини таъминлаш каби эзгу ва олийжаноб ташаббуслар, улкан янгиланишлар амалиётда ўз ифодасини топмоқда.

Ҳар бир инсон яхши яшаши, ҳаёти гўзал мазмун касб этиши олий қадрият саналади. Бу йўлдаги интилишлар фақат ва фақат эзгу мақсадлар рўёбини юзага чиқармоқда.

Уйма-уй юриб, аҳоли муаммоларини аниқлаш, халқ билан доимий мулоқотда бўлиш, “номига” эмас, улар билан дилдан суҳбатлашиш, фуқароларнинг хоҳиш-истаклари, қизиқишлари, дуч келаётган муаммоларига алоҳида эътибор қаратиш, оғриқли масалаларининг ечими топилишида холис кўмаклашиш сингари хайрли ишлар, муҳим вазифалар мутасадди раҳбарлар, айниқса, халқ вакилларини чин маънодаги фидойилик, жонкуярлик ва ташаббускорликка чорламоқда.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят кенгаши томонидан ташкил этилган навбатдаги сайёр қабул давомида Хива туманидаги Парчанхос маҳалласида уйма-уйма юрилиб, аҳоли муаммолари ўрганилди.

Унда партия вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов иштирок этди. Шунингдек, сайёр қабулда ЎзМТДП туман кенгаши фаоллари, халқ депутатлари Хива туман Кенгашига партиядан сайланган депутатлар, Парчанхос маҳалла фуқаролар йиғини масъул ходимлари, тумандаги тегишли идора-ташкилотлар вакиллари, жумладан, аҳоли бандлигига кўмаклашиш, электр энергияси ҳамда сув таъминоти, архитектура ва қурилиш бўлими, мактабгача таълим муассасалари бўлимларининг ходимлари қатнашдилар.

Дастлабки ташриф Парчанхос маҳалласининг Зиёлилар кўчасида жойлашган 48-хонадонга бўлди. Маълум бўлишича, оила бекаси Муҳайё Қазақованинг турмуш ўртоғи вафот этганига қарийб етти йил тўлган. Боқувчисини йўқотган аёл бугунги кунда фарзандларининг яхши яшаши, камолоти учун тиним билмай меҳнат қилмоқда, тумандаги пиллачилик корхонасида ишлаб келмоқда. Муҳайё Қазоқова маҳалла фуқаролар йиғини томонидан доимий равишда кўрсатилаётган эътибор ва ғамхўрликлардан миннатдор эканлигини билдирди.

Шукроналик халқимизга хос. Борига шукур қиладиган, ўз ризқу-насибасини ҳар қанча машаққатли бўлса-да, фақат ва фақат ҳалол меҳнатда деб биладиган, юрт равнақи учун астойдил хизмат қиладиган, эл манфаатини ўз манфаатидан устун қўядиган элдошларимизнинг фидойилиги, сабру-қаноатига қойил қоламиз.

Маҳалладаги Зиёлилар кўчаси, 47-уйга ташриф жараёнида хонадон соҳиби Зарифбой Оллаберганов билан дилдан суҳбатлашилар экан, бу киши ана шундай инсонлардан эканлигига амин бўлдик.

– Муаммо йўқ, ҳаммаси яхши, - дейди Зарифбой ака. – Фарзандларимизни ўқитдик, касб-ҳунарли, уйли-жойли қилдик. Барчаси ҳалол меҳнат ортидан. Ҳозир роҳат-фароғатда яшаяпмиз.

Бироқ, суҳбатдошимиз бир йил муқаддам ўз номида бўлган уйнинг кадастр ҳужжатларига эга бўлиш билан боғлиқ масалалари белгиланган муддатдан бирмунча ортга сурилгани, туман марказига қатнаб, оввораю сарсон бўлгани ҳақида қисқача тўхталар экан, мутасаддилар ўз ишига масъулият билан ёндошсалар мақсадга мувофиқ бўлишини билдирди.

Бундай ҳолатларнинг кузатилиши албатта, элдошларимизда ўринли эътироз туғдириши, мутасаддилар фаолиятига нисбатан ишонсизлик кайфиятини уйғотиши табиий.

Хонадонларга бирма-бир кириб борилар экан, фуқароларни қийнаб келаётган айрим масалалар ойдинлашди. Жумладан, маҳалланинг Гулзор кўчаси, 79-уйда яшовчи Мансур Атақовнинг хонадони олдидан оқиб ўтувчи ариқ устига йўлакча қўриш масаласини кўриб чиқиш, Зиёлилар кўчаси 36-уйда яшовчи Карима Абдукаримованинг ўз номидаги ҳовли-жойни фарзанди номига ўтказиш тартиб-таомилларини аниқлаш борасидаги мурожаатлари суҳбат давомида атрофлича ўрганилди, уларга тегишли тартибда йўл-йўриқ ва тавсиялар берилди.

Инсон тақдир измига бўйсунади. Бахтни қувонч билан қаршилайди, ташвишларни енгиб ўтади. Аслида бу ҳаёт мажбурияти. Сийлови, синови...

Оймонжон Оллашова маҳалланинг Гулшан кўчаси 21-уйда истиқомат қилади. Хонадон бекаси турмуш ўртоғи – оиласи устунини йўқотганига анча йил бўлган. Оила ҳақиқий маънода кўмакка муҳтож. Аёлнинг саломатлиги билан боғлиқ муаммолари ҳам борлиги суҳбат давомида маълум бўлди. Ёлғиз фарзанди коллежни тамомлаган, ҳозирги кунда ишсиз. Ўзининг айтишича, талаба бўлиш ниятида олий таълимнинг сиртқи бўлимига ҳужжат топшириб, кириш имтиҳонларида яхши балл тўплаган.

– Ўғлимдан умидим катта. Ҳаётда ўз ўрнини топиб кета олса, менга шундан ортиқ бахт йўқ, - дейди, Оймонжон Оллашова. Суҳбатдошимиз фарзандининг ҳозирча ишсизлиги, рўзғор фақатгина ўзининг пенция пулига қараб қолганлиги, шу боисдан ҳам маҳалла фаоллари, қўни-қўшни имкон даражасида ёрдам бериб келаётгани ҳақида гапирар экан, ўғлининг ишга жойлашишида кўмакка муҳтожлигини билдирди.

Шу ернинг ўзида аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази туман бўлими ходимлари ҳамда Халқ депутатлари туман Кенгашига ЎзМТДПдан сайланган депутатлар томонидан Оймонжон Оллашованинг ўғли – Умрбек Мадримовнинг мутахассислигига оид зарур маълумотлар аниқланиб, тез фурсатларда, яқин кунлар ичида амалий ёрдам кўрсатилиши билдирилди.

Бугунидан мамнун халқнинг эртасига ишончи юксак бўлади. Энг муҳими, ана шу ишонч ҳечқачон сўнмасин!

 

 

Гулноза УМИРОВА,

ЎзМТДП Хоразм вилоят кенгаши матбуот котиби


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz