ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Чуқур таҳлил, асосли танқид, очиқ-ошкора муҳокама ва улкан марралар сари белгиланган муҳим режалар 19.07.2019

Чуқур таҳлил, асосли танқид, очиқ-ошкора муҳокама ва улкан марралар сари белгиланган муҳим режалар


Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят Кенгашининг ХVI  Мажлисини юқоридаги ёндашув асосида ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилди.

Унда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши ва фракцияси аъзолари, вилоят Кенгаши ва Ижроия қўмитаси аъзолари, маҳаллий партия ташкилотлари раҳбарлари, партиядан халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларига сайланган депутатлар, партия фаоллари ва оммавий ахборот воситлари ходимлари иштирок этдилар.

Хоразм вилоят “Ёшлар маркази”да ташкил этилган Мажлисда партия ташкилотининг жорий йилнинг биринчи ярим йиллигидаги фаолияти якунлари ҳамда иккинчи ярим йилликдаги асосий йўналишлар, шунингдек, шу йилнинг декабрь ойида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга тайёргарлик кўриш бўйича “Йўл харитаси”ни ишлаб чиқиш масалалари муҳокама қилинди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Хоразм вилоят Кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов сўзга чиқиб, партия вилоят Кенгаши ўз фаолиятини янада самарали ташкил этиши борасида амалга оширилиши кўзда тутилаётган устувор вазифаларга алоҳида тўхталди.

– Олий Мажлис, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига бўлиб ўтадиган сайловга жиддий тайёргарлик кўриш айни кунларда олдимизда турган энг муҳим ва долзарб вазифаларимиздан биридир. Сайловолди жараёнларда Партиянинг янги ташкилий-ҳуқуқий стратегиясини белгилаш, жумладан, депутатликка номзодлар базасини шакллантириш, саралаш ва сайлов комиссиялари, партиядан депутатликка номзодларнинг ишончли вакиллари, ваколатли вакил ва кузатувчилар билан ишлаш борасидаги тадбирларни талаб даражасида ташкил этиш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш муҳим аҳамият касб этади, — дейди партия Хоразм вилоят кенгаши раиси Ражаббой Рўзметов.

Ўтган давр мобайнида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси  Хоразм вилоят Кенгаши фаолиятини танқидий-таҳлилий кўриб чиқилиб, янги меъзонлар асосида ташкил этилди.

Мамлакатимизда маънавий ислоҳотларни амалга ошириш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, миллий иқтисодиётда туризмнинг салмоғини ошириш, аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни йўлга қўйиш, ушбу масалаларда вакиллик органларига партиямиздан сайланган депутатлар ҳамда партия ташкилотларининг фаоллигини янада оширишга қаратилган партиявий ташаббуслар амалга оширилди.

Ўтган давр мобайнида Партия Хоразм вилоят Кенгашининг Ташкилий-партиявий ва кадрлар масалалари йўналишида белгиланган режа асосида бир қатор ишлар амалга оширилди. 2019 йил ҳолатига партия аъзолари сони 18474 нафарни ташкил этади. Шулардан 10298 нафари ёшлар, 10691 нафари аёллардир. Партия сафига қабул қилинган янги аъзолар салмоғини ўтган йилнинг шу даврига нисбатан таҳлил қилганда, ўсиш кўрсаткичи 2276 нафарни ташкил этмоқда. Бошланғич партия ташилотлари эса 17 тага кўпайиб, жами 369 тадир. 

IMG_2588.JPG

Жорий йилнинг 6 ойи давомида халқ депутатлари вилоят, шаҳар ва туман Кенгашларидаги депутатларимиз томонидан 314 та депутатлик сўровлари амалга оширилди. Бу кўрсаткич 2018 йилнинг шу даврига нисбатан 22 тага кўпдир. Уларнинг 222таси (70,7%) ижобий ҳал этилди. Ҳали-хамон ўз натижасини кутаётган депутатлик сўровлари бўйича тегишли тартибда ишлар олиб борилмоқда.

Шу билан бирга, партия гуруҳи ташаббуси билан доимий комиссиялар йиғилишларида 59 та масала муҳокама қилиниб, доимий комиссиялар қарори қабул қилинишига эришилди ва бу кўрсаткич ўтган йилнинг шу даврига нисбатан 19 тага кўпайганини намоён этади. Депутатлик гуруҳлари томонидан доимий комиссиялар йиғилишига партия гуруҳлари томонидан Хазорасп, Хонка, Кўшкўпир, Янгиариқ туманларидан кўплаб таклифлар олиб чикилган бўлса, бу кўрсаткич Урганч шаҳар, Гурлан ва Хива туманларида эса атиги биттани ташкил этади. Хива шаҳар Кенгаши депутатлик гуруҳи томонидан эса ҳисобот даврида доимий комиссиялар йиғилишларига бирорта хам таклиф олиб чиқилмаган.

Жорий йилнинг ўтган даври давомида мафкура йўналишида жами 305 та турли хил мавзудаги тадбирлар, давра суҳбатлари, очиқ мулоқотлар, учрашувлар ўтказилди. Уларда партия аъзолари ва кенг жамоатчилик иштирок этди. Айни йилнинг олти ой давомида вилоят партия ташкилотлари томонидан  оммавий ахборот воситаларида жами 1466 та чиқишлар қилинди.

Айни дамда самарадорлик билан бир қаторда ишимизда айрим камчиликлар ҳам мавжуд. Хусусан, Партия Хива шаҳар, Боғот, Хива туман Кенгашларининг мафкуравий ва маънавий-маърифий йўналишдаги фаолиятини қониқарли, деб бўлмайди. Ушбу Кенгашлар ўз фаолиятини қайта кўриб чиқиши, белгиланган вазифа ва топшириқларни  асоссиз равишда ортга сурмасдан ўз вақтида бажаришлари лозим.

 “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида ўтган ярим йил давомида бир қатор ишлар амалга оширилди. Жумладан, 700 дан ортиқ хонадонларга ташриф буюрилган. 361 тасида муаммолар аниқланган. Урганч шаҳрида 13 та, Хива шаҳрида атига 12 та хонадондан ёшлар қамраб олинган холос. “Уйма-уй” лойиҳаси доирасида ёшлар билан мулоқот деярли олиб борилмаган, уларнинг муаммоси ўрганилмаган, бу борада юқорида айтиб ўтилган туман ва шаҳарлар партия ташкилотларимиз томонидан амалий иш қилинмаган.

Ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ташкил этиш, уларни касб-ҳунарга ўргатиш, қўшимча бепул таълим бериш бўйича “Хизмат – беминнат” лойиҳаси муҳим аҳамият касб этади. Лойиҳа доирасида Урганч ва Хива туманлари томонидан 9 тадан ўқув ҳамда касб-ҳунар курслари ташкил этилган бўлиб, жами 130 ортиқ уюшмаган ёшларни ўз ичига олади. Бироқ, лойиҳага бефарқ бўлган туман ва шаҳар Кенгашларимиз ҳам йўқ эмас. Масалан, ўтган ярим йил давомида Хива шаҳри ва Ҳазорасп туман Кенгашлари томонидан “Хизмат – беминнат” лойиҳаси доирасида атиги 1 тадан ўқув курси фаолияти йўлга қўйилган холос. Бу холатни қандай изоҳлаш мумкин?

 Лойиҳа доирасида партия “Аёллар қаноти” томонидан ишсиз хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни касб-ҳунарга йўналтириш мақсадида “Устоз-шогирд” анъаналарига асосан маҳаллаларда истиқомат қилаётган вақтинча ишсиз хотин-қизларга қўшимча бепул касб-ҳунар ўргатилмоқда. Жорий йилнинг ўтган даври мобайнида вилоят бўйича 46 та ўқув курслари 1, 3, 6 ойлик ҳамда 1 йиллик муддатларда ташкил қилинди.

Партия вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига 2019 йил ярим йиллиги давомида фуқаролардан 682 та мурожаат тушган бўлиб, 612 таси вилоят, туман (шаҳар) Кенгашлари томонидан ижобий хал қилинган, қолган 70 та мурожаатнинг ижро натижаси кутилмоқда.

Йиғилишда йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш юзасидан чора-тадбирлар белгилаб олинди. Партия фаоллари ўзларининг фирк-мулоҳазалари ҳамда таклифларини билдирдилар. Муҳокама этилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

IMG_2598.JPG

Партия Хоразм вилоят Кенгашининг XVI Мажлисида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик Палатаси депутати Жуманазар Атажанов, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий Кенгаши Ижроия қўмитаси котиби Хусниддин Ражабов, партия Марказий кенгаши Ташкилий-партиявий ва кадрлар масалалари бўлими бошлиғи Баҳодиржон  Маматханов иштирок этдилар ва сўзга чиқдилар.



Гулноза УМИРОВА,
ЎзМТДП Хоразм вилоят Кенгаши матбуот котиби


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz