ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


11.10.2018

Давлат тили – серқирра ҳодиса


21 октябрь – Ўзбекистон Республикасининг "Давлат тили ҳақида"ги қонуни қабул қилинган кун

Ўзбек тилининг бугунги аҳволи, унга муносабат ва муаммолар хусусида Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги мухбирига филология фанлари доктори, профессор Бахтиёр МЕНГЛИЕВ қуйидагиларни сўзлаб берди. 

– Давлат тили масаласи – серқирра ҳодиса, – деди Б.Менглиев. – Унга маънавий, маданий, мафкуравий, сиёсий, ҳуқуқий, фалсафий томонлардан ёндашиш мумкин. Ўзбек тилига эътибор 1989 йил охирларида давлат мустақиллигининг сиёсий рамзи сифатида намоён бўлган эди. Шунинг учун қонунда унинг моддаларига риоя қилмаслик учун жазо чоралари белгиланмаган, қонуности меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатлари яратилмаган. Йиллар оша давлатимиз мустақиллиги янги ҳодиса бўлмай қолгач, давлат тилига ҳам эътибор сусайиб кета бошлади. Демак, давлат тили ҳақидаги қонун ўша даврда қўйилган асосий вазифасини бажариб бўлди.

Тилнинг хавфсизлигини таъминлаш учун унинг ёзувига, сўзлашувчиларига, давлат тили мақомига ва ахборот-коммуникация, интернет тизимида қўлланиш хусусиятига ҳамда сўзлашувчиларнинг муҳаббатига эгалигидан ташқари, зиёлиларнинг тилларни сақлаб қолиш ва ривожлантириш ҳақида қайғуриши, мутасаддиларнинг эса бир ёқадан бош чиқариб ташкилий йўл билан курашиши жуда ҳам зарур.

Шубҳасиз, она тилимизнинг ҳам ўз ёзувига, давлат тили мақомига эгалиги, Ўзбекистонда ва чет мамлакатларда миллионлаб сўзлашувчиси борлиги кишини хушнуд қилади. Бироқ аччиқ бўлса-да, таъкидлаш керакки, унинг ахборот-коммуникация технологиялари, интернет тили даражасига кўтарилмаётгани, айниқса, бу борада тегишли илмий-тадқиқот муассасалари ва марказларда концептуал характердаги назарий, амалий, ташкилий ишлар олиб борилмаётгани кишини ташвишга солади.

Муаммонинг ечими сифатида эса давлат тилининг маънавий, маданий, ҳуқуқий, фалсафий жиҳатларига жиддий эътибор қаратишимиз, она тилимиз том маънода миллатнинг маънавий мулкига, маданий хусусиятига айланиши йўлида биргаликда ҳаракат қилишимиз зарур.

Матбуотда, китобларда тилнинг аянчли аҳволини ўзбек тилининг ахборот-коммуникация соҳалари тилига айланолмаётгани билан изоҳлаш мумкин. Дунё миқёсида ёзма матнлардаги саводсизликни бартараф этишда ахборот технологиялари инсоннинг энг яқин кўмакдошига айланиб улгурди. Биз эса ҳануз эски ҳаммомлардаги эски тослардан фойдаланамиз.

Глобаллашув асрида тилларнинг яшаб қолиши кўпроқ ахборот-коммуникациялари соҳасида, интенет тизимида қўлланилиш даражаси билан боғлиқ. Қайси тил интернет тили эмас экан, бу тилнинг рўпарасида ўлим хавфи тураверади.

Компьютер лингвистикасида “компьютернинг тилни таниши” деган тушунча бор. Агар компьютер тилни “танир” экан, тилнинг компьютер тили, интернет тили эканлиги ҳақида сўз юритиш тўғри бўлади.

Компьютер тилни “таниши” учун у бу тилни билиши, ўзлаштирган бўлиши зарур. Компьютернинг матндаги хатоларни тузатиши, матнни қайта ишлаши, таржима қилиши, аннотациялаши, тилни ўргатиши, транслитерациялаши, тил ифодаларини таснифлаши, тартиблаши, бирор тилда гапириши, ёзиши унинг тилни таниши асосида амалга оширилади. Умуман олганда, сунъий интеллектнинг муайян тил асосида иш кўриши, тил сунъий интеллектнинг тўла маънодаги мулоқот воситасига айланиши унинг тилни “билиши” ва “таниши” асосида содир бўлади. Ҳозирча сунъий интеллект ўзбек тилини "танимайди".

Хуллас, энди шахс билан бирга, компьютернинг ҳам ўзбек тилидан саводини чиқармас эканмиз, муаммомиз кучайиб бораверади.

Бугунги кунда расмий идораларда ўзбек тилида иш юритиш ўз ҳолига ташлаб қўйилган. Айниқса, давлат идораларида зарурат бўлмаса ҳам (зарурат деганда, халқаро муносабатлар назарда тутилади), рус тилида иш юритиш урфдан қолмаган. Бу давлат тили ҳақидаги қонунда кўзда тутилган ижтимоий муносабатларни тартибга солиш вазифасининг ноль даражада эканлиги билан боғлиқ.

Маълумки, қонун – у тартибга соладиган ҳодиса ва муносабатлардаги бузилишларнинг олдини олиш учун ишлаб чиқилади. Қонуннинг ижтимоий аҳамиятини ошириш жазо чораларини қўлловчи қонуности ҳужжатлари билан мустаҳкамланади. Ана шу ҳужжатлар бўлмаганлиги сабабли бизнинг давлат тили ҳақидаги қонунимизга тўлиқ амал қилинм
айди. У ҳеч кимга ҳеч қандай зиён етказмайдиган қилиб яратилган.

Хуллас, қонуности ҳужжатлари қонуннинг ғилдираклари ҳисобланади. Ғилдираклар йўқ экан, қонун “юрмайди”. Давлат тили ҳақидаги қонунимиз ана шундай ғилдиракларсиз автомобилга ўхшайди.

Ўзбек тилининг фақат ёзма меъёрлари мавжуд ва у ҳам ўтган асрнинг 50-йилларида яратилган бўлиб, жонли ҳаётдан узилиб қолган. Натижада, бу меъёрларга амал қилиш жуда суст даражада. Тил меъёрлари бўйича амалий тавсия берадиган тадқиқот олиб бориш масаласи тилшуносликнинг аллақачонлар “эсидан чиқиб кетган”.

Эътибор қилинса, бошланғич синф партасидан то лицей ва коллежни тугатгунча ўқувчиларимиз асосан тил қурилиши бўйича, яъни тилшуносликдан билим олади. Масалан, бугун амалдаги она тили дарсликларидан бирида жами 79 та мавзу берилган. Бундан 71 таси тил қурилишига, 8 таси матн тузишга доир мавзулар. Демак, мавзуларнинг тахминан 10 фоизи матн тузиш малакасини ўстиришга, 90 фоизи тил қурилиши бўйича билим беришга мўлжалланган. Мақсад нима? Лисоний тафаккурни ўстиришми ёки лисоншунослик тафаккуриними? Тилдан фойдаланиш малакасини ўстиришми ёки тилшунос тайёрлашми? Шу синфда ўқувчи янги 78 лингвистик қоидани, 61 термин маъносини ўзлаштириши керак.

Бугунги давр масалага янгича ёндашувни талаб қилмоқда. Маълумки, ҳар қандай молиялаш унинг қандай самара беришини мўлжал қилган ҳолда амалга оширилади. Хўш, бугунги кунда она тили таълимининг самараси ўқувчининг олган лингвистик билимими ёки она тили имкониятларини эгаллаш ва мустақил тафаккурининг ўсиш даражасими?

Она тили таълими жараёнида асосий диққатни ўқувчининг сўз бойлигини ошириш, сўзларнинг маъно нозикликлари, фарқ ва ўхшашликларини ҳис қилиш, бехато талаффуз қилиш, ёзиш, сўзларни боғлаб гап, гаплардан эса матн туза олиш, бирикмалардаги маъновий ва грамматик, матндаги мантиқий хатоликларни топиш ва тузатиш, ўзгалар фикрини тўғри англаш, бир фикрни турли шаклда ифодалаш, узилган фикрнинг давомини тиклаш каби қатор мантиқий амалларни бажариш, нутқ вазиятини тўғри баҳолаш, тил имкониятларидан унга мос равишда фойдаланиш кўникмаларини шакллантириш, малакасини ўстиришга қаратиш зарур. Ўқувчига мана шу амалиёт учун керак бўлган айрим фонетик, лексик ва грамматик қоидаларнигина бериш, фикрни ифодалаш ва англашнинг турли усулларини, уларни турли нутқ шароитига мос равишда қўллаш йўлларини тавсия этиш муҳимдир. Бунда асосий эътибор асосланган машқ ва топшириқлар тизимини ишлаб чиқиш, нотиқлик ва маданий нутқ машғулотларига қаратилиши мақсадга мувофиқ. Демак, том маънодаги замонавий таълимда тилшуносликнинг илмий масалаларига доир қоидалар кескин қисқартирилиб, унча чуқурлаштирилмаган лингвистик маълумотлар тафаккур ва нутқ ўстириш амалиёти “сояси”да бўлиши ва унга хизмат қилиши, ўқувчининг мияси зинҳор самарасиз лингвистик қоида, идроки эса тил қурилишига доир машқлар билан банд қилиб қўйилмаслиги муҳимдир.

Хуллас, давр она тили дарсликларидан ёшларимизга тил қурилиши ҳақидаги билимини эмас, балки том маънода она тили имкониятини эгаллаш механизми ва усулларини ўргатишни тақозо қилмоқда.

Тиллараро нотенглик тилларнинг моддий фойда бериш даражаси билан белгиланади. Қайсидир тил муҳимроқ, обрўлироқ, қулайроқ бўлса, унга муайян бир жамият ёки дунё миқёсида кўпроқ эътибор қаратилади. Табиийки, одамлар ўзи ва фарзандлари учун ижтимоий устуворлик берадиган тилни танлайди. Масалан, бизнинг шароитда рус тилига, инглиз тилига берилаётган эътибор кучайган. Одатда, мактаб ва олий ўқув юртларида ўқитилаётган бу “катта” тиллар – мансаб пиллапояларидан юксалишнинг муваффақиятли гарови ҳисобланади. Ёш авлод ўз келажагини ўзбек тилида эмас, инглиз, рус, корейс, япон ва хитой тилларида кўради. Шунинг учун ёшларимиз уларни ўрганишга интилади. 

Ўзбек тилшунослиги бўйича ҳозирги тадқиқотларда кўп ҳолларда амалий аҳамиятсиз, ижтимоий-иқтисодий, маънавий-маърифий самарадан холи, фақат “тил ўзида”, “тилшунослик илмий даражалар учун” тамойиллари асосида иш кўрилади. Бу аксарият тадқиқотларнинг аллақачонлар эскириб кетган андоза ва ўтмишда қолган талаблар асосида амалга оширилаётганидан ҳам маълум.

Муаммо аломатлари қуйидагиларда кўзга ташланади:

– тилшуно
слик доирасидаги давлат илмий тадқиқот грантларига даъвогар ҳар қанлай анъанавий мавзудаги лойиҳани долзарблигидан қатъи назар, ўзаро шахсий ёки бошқа муносабатлар асосида тўла маъқуллаш ёки осонгина рад этиш мумкин;

– аниқ, табиий, иқтисодий фанлар бўйича янги талаблар асосида диссертация ҳимояларига кенг йўл бўлгани ҳолда, тилшунослик соҳасида кўплаб сунъий чеклов ва уларни “айланиб ўтиш” имконияти мавжудлиги;

– лингвистик йўналишда тайёрланган ва ҳимояга қўйилган ҳар қандай диссертацияни субъектив асосда, сифати ва аҳамиятидан қатъи назар, истаганча юқори баҳолаш ёки хоҳлаганча чиппакка чиқариш мумкин.

Муаммо сабаби шундаки, собиқ тузум даврида тилшунослик бўйича илмий ишлар давлат буюртмаси асосида эмас, балки фақат тадқиқотчилар ташаббуси билан, асосан, илмий даража олиш мақсадида олиб борилар, фан харажатлари ҳам аслида аниқ ва табиий фанларга ажратилган маблағлар ҳисобидан қопланганлиги сир эмас. Бугунги кунда мақсадли талаб ва таклиф муносабатига эътибор қаратмайдиган социалистик тилшунослик фани тўла-тўкис инқирозга юз тутди, дейиш мумкин. Аниқроғи, алмисоқдан қолган мақсад ва фойдасиз вазифалар асосида иш кўраётган, натижаларини истеъмолчилар сўрамаётган “жонсиз” ва амалий татбиқсиз мазмундаги тилшунослик фани тўлиқ боқиманда соҳага айланиб қолган десак, муболаға бўлмайди. Шунинг учун ҳам ҳимояга қўйилган диссертацияларга Олий аттестация комиссияси томонидан билдирилаётган асосий ва ҳақли эътироз – улар натижаларининг, юмшоқроқ айтганда, амалиётга татбиқ этилмаганидир (аслида татбиқ этиб бўлмаслиги). Ҳатто янги йўналишлар сифатида қаралувчи, аслида Ғарбга тақлид руҳидаги социолингвистика, “гуркираб ривожланаётган”, когнитив тилшунослик, лингвокультурология соҳалари ҳам ижтимоий тараққиёт учун қай даражада аҳамиятли эканини, тилни ёки ундан фойдаланишни қанчалик такомиллаштириши ҳақида озгина ўйлаб кўриш уларнинг моҳиятини англашга етарли.

Ҳар қандай тадқиқот бевосита ёки билвосита ё ўрганиш объектини ёки ундан фойдаланишни такомиллаштириш билан шуғулланади. Шу маънода тилшуносликдаги анъанавий луғатшунослик соҳаси билан боғлиқ ишлар, гарчи саноқли бўлса-да, таҳсинга лойиқ, албатта.

Тилшунослик ўтган асрда шахс саводхонлиги учун лингвистик база тайёрлаш мақсадида таълимий йўналишда ривожланган бўлса, ХХI асрда унинг компьютер “саводхонлиги”, яъни компьютернинг табиий тилни “эгаллаши” учун математик моделлаштиришга, шахс маънавияти ва маданиятини юксалтиришга хизмат қиладиган замин ҳозирлаши жуда зарур. Шу маънода ўзбек тилшунослиги (математик) моделлаштирувчилар, гиперлексикография мутахассислари, маънавий-маърифий тузилмалар томонидан бериладиган тизимли буюртмаларни кутиб қолмоқда.

Информацион технологиялар учун ўзбек тилининг лингвистик базасини яратиш ёки тил ва маънавият яхлитлиги ҳақида гап кетар экан, маънавий-маърифий фаолият самарадорлиги учун зарур тилшунослик тадқиқотларига тегишли муассасалардан ҳануз бирорта ҳам буюртма берилгани йўқ, десак, хато бўлмайди. Ҳолбуки, янги асрда фақат амалий татбиққа эга, натижаларини истеъмолчилар сўрайдиган ва уларга ижтимоий-иқтисодий самара таклиф этадиган тилшунослик ўз кучи билан яшашга ҳақли.


ЎзА мухбири Барно МЕЛИҚУЛОВА ёзиб олди.

Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz