ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


24.06.2019

“Демократик кучлар блоки”нинг йиғилишида Президент нутқи муҳокама қилинди



Бугун Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасида Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва Тадбиркорлар ва ишбиламонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси фракцияларининг вакилларидан иборат «Демократик кучлар блоки»нинг йиғилиши бўлиб ўтди.

Йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқининг мазмун ва моҳияти ҳамда ундан келиб чиқадиган долзарб вазифалар депутатлар томонидан муҳокама қилинди.

photo_2019-06-24_15-54-57.jpg

Таъкидланганидек, дунё шиддат билан ривожланиб бораётган ҳозирги замонда олдимизга қўйилган улкан марраларга эришиш учун давлатимиз ва жамиятимизнинг барча куч ва имкониятлари сафарбар этилмоқда. Мамлакатда олиб борилаётган туб ислоҳотлар, айниқса, давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш, миллий иқтисодиётимизни ривожлантириш ва
либераллаш-тириш, ижтимоий соҳани янада ривожлантириш, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш, самарали ташқи сиёсат каби устувор йўналишлар негизида шубҳасиз аҳолининг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, юрт тинчлиги ва аҳоли фаровонлигига қаратилган.

Депутатларнинг фикрича, Перезидентимизнинг Олий Мажлис Сенатидаги тарихий нутқида нафақат юқори палата, балки Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг фаолиятига ҳам тегишли бўлиб, бундан парламент аъзолари тўғри хулоса чиқариши лозим.

photo_2019-06-24_15-54-53.jpg

Хусусан, сўнгги олти ой мобайнида Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатларининг қонун ташаббускорлиги ҳуқуқи асосида атиги 9 та қонун киритилганлиги, шундан учтасигина сиёсий партиялар фракциялари томонидан тайёрланганлиги, бу борада депутатларимиз анча суст фаолият олиб бораётганлиги, бундан ташқари Қонунчилик палатасига киритилаётган қонун лойиҳаларининг 80-90 фоизи депутатлар томонидан қайта ишланаётганлиги ачинарли ҳол. Бунинг асосий сабаби Қонунчилик паласига киритилаётган қонун лойиҳаларида тўғридан-тўғри амал қилиш механизми мавжуд эмаслиги ва улар қонунчилик, юридик техника ва бугунги кунда амалга оширилаётган ислоҳотлар талабларига жавоб бермаётганлиги ва шу сабабли ҳам депутатлар киритилган қонун лойиҳалари нормаларини ўрганиб чиқиб, таҳлил қилишга, қайта ишлашга ва сезиларли даражада ўзгартиришга мажбур бўлмоқдалар.

Юқоридаги муаммоларнинг туб замирида вазирлик, давлат қўмиталари ва бошқа давлат идоралари юридик бошқармалари кадрларига қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиш, унинг ҳар бир нормаларини таҳлил қилиб, баён қилиш салоҳияти етишмаслиги ётади. Бу масалаларга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси, Адлия вазирлиги жиддий эътибор қаратмаётганлиги сабабли, энди депутатлар қаттиқ туриб, талабга жавоб бермайдиган қонун лойиҳаларини қайтаришга тўғри келиши таъкидланди.

photo_2019-06-24_15-54-55.jpg

Йиғилиш иштирокчилари, қонун ижодкорлиги фаолиятида депутатларнинг янада фаолроқ бўлиши билан бир қаторда оилани мустаҳкамлаш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, аёлларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари, қонуний манфаатларини таъминлаш, ижтимоий, иқтисодий, сиёсий, ҳуқуқий ва маданий ҳаётда аёлларнинг иштирокини кенгайтириш ёр юзидаги ҳар қандай жамиятнинг маъданий даражаси унинг аёлларга муносабати билан белгиланишига алоҳида эътибор қаратдилар. Бу борада Қонунчилик палатасининг Оила ва аёллар масалалари бўйича комиссиясининг масъулиятини янада ошириш ва шу орқали хотин-қизларни демократик жараёнларнинг кузатувчиси эмас, балки фаол ва ташаббускор иштирокчиси бўлишини таъминлашга эришиш Демократик кучлар блоки аъзоларининг асосий вазифаларидан бири бўлиши кераклигини қайд этди.

photo_2019-06-24_15-54-57 (2).jpg

Нодир Мухторов,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

- Юртбошимиз нутқида Олий Мажлис Сенати томонидан ўтказилган назорат-таҳлил тадбирларининг натижадорлиги пастлиги ва уларнинг аксарияти фақат номигагина ташкил этилаётганлиги тўғрисидаги танқидлари нафақат Сенат аъзоларига, балки Қонунчилик палатаси депутатларига ҳам таалуқлидир. Хусусан, сўнгги 6 ойлик фаолиятимиз давомида бу соҳада сиёсий партиялар фракциялари томонидан муайян масалалар бўйича бор йўғи 26 та ташаббус билдирилган, Қонунчилик палатаси томонидан давлат ва хўжалик бошқаруви органларининг мансабдор шахсларига атиги 4 та парламент сўрови юборилган, 8 та масала юзасидан парламент эшитуви ўтказилган. Бундан ташқари, Қонунчилик палатаси қўмиталари томонидан жами 8 та эшитувлар ўтказилган бўлиб, улардан бор йўғи 6 таси муайян қонунлар ижросининг ҳолати юзасидан ташкиллаштирилган. Ушбу рақамлар Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан назорат-таҳлил фаолиятда сусткашликка йўл қўйилаётганлигидан далолат бермоқда.

photo_2019-06-24_15-54-52.jpg

Соғлиқни сақлаш соҳасидаги ўз ечимини кутаётган муаммоларни ҳал этишда ҳамда мазкур соҳани тартибга солишда Демократик кучлар блоки аъзолари энг аввало, Парламент назорати институтидан самарали фойдаланиши лозимлигини ҳамда соҳадаги қонунчиликни янада такомиллаштиришда миллий тажрибамизга, шу билан бирга ривожланган хорижий давлатларнинг илғор амалиётини чуқур ўрганиш асосида адолатли, халқчил ва ҳаётий қонун ҳужжатларини яратишнинг замонавий усулларини амалиётга жорий этиш ҳақидаги таклифлар билан фаол иштирок этиши лозимлигини таъкидлаб ўтдилар.

Президентимиз нутқида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларининг фаолиятини кучайтириш бўйича ишлар тизимли асосда олиб борилмаётганлиги ва улар билан самарали ҳамкорлик ташкил этилмаганлиги қайд этилди.

Ўтган давр мобайнида Қонунчилик палатаси депутатлари томонидан округларга сайловчилар билан учрашувга ҳамда жойлардаги ҳақиқий аҳволни ўрганишга чиқилганда, у ердаги халқ депутатлари Кенгашлари билан узвий алоқа ўрнатилган бўлсада, бугунги кунда улар ҳамкорлик алоқалари тўхтаб қолган, сўнгги бир ярим йил мобайнида ҳеч қандай тадбирлар ўтказилмаган. Шунинг учун ҳам депутатлар ўз сайлов округларига сайловчилар билан учрашувларга борганларида у ердаги халқ депутатлари Кенгашларига ташриф буюришлари, реал ҳолатни ўрганиб, уларнинг фаолияти самарадорлигини ошириш юзасидан ўз билим ва кўникмалари билан ўртоқлашишлари зарур. Шундагина юқори турувчи вакиллик органларининг жойлардаги халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари билан самарали ҳамкорликни ташкил этишдаги роли ва масъулияти янада ортади.

photo_2019-06-24_15-54-54.jpg

Мухтасар қилиб айтганда, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлис Сенатининг йигирманчи ялпи мажлисидаги нутқида белгиланган вазифаларни бажарилишида ҳамда унинг ижросини назорат қилишда «Демократик кучлар блоки» фаол иштирок этади.

Йиғилиш якунида кун тартибидаги масала юзасидан «Демократик кучлар блоки»нинг тегишли қарори қабул қилинди.


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz