ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Демократик тараққиётимизнинг ҳуқуқий асоси 06.12.2017

Демократик тараққиётимизнинг ҳуқуқий асоси

Мустақиллик – бу ҳуқуқ, Конституция эса мазкур ҳуқуқнинг асосидир. Бундан чорак аср муқаддам – ёш давлатимиз энди оёққа туриб келаётган қалтис ва нозик бир вазиятда Асосий қонунимиз умумэътироф этилган демократик принциплар билан бирга, халқимизнинг бебаҳо қадриятлари ва бой давлатчилик тажрибаси асосида ишлаб чиқилди. Конституциямиз жаҳон ҳамжамиятида замонваий демократик қонунчилик намунаси сифатида эътироф этилиши эса янада ғурур бағишлади.

Албатта, Конституциямиз яратилиши ва ҳаётимизга татбиқ этилишида буюк давлат ва сиёсат арбоби, мустақил давлатимиз асосчиси, Ўзбекистоннинг Биринчи Президенти Ислом Каримов­нинг хизмати беқиёс бўлганини барчамиз яхши биламиз. Халқимизнинг онгу тафаккури, дунёқараши ва бутун ҳаётини тубдан ўзгартирган ушбу муҳим ҳужжатни ишлаб чиқишда Биринчи Президентимизнинг концептуал аҳамиятга эга, теран фикрлари мустаҳкам замин бўлган.

Ўзбекистон Конституцияси халқимизнинг иродасини, маънавиятини, ижтимоий онги ва маданиятини ўзида яққол акс эттиргани туфайли халқимиз ҳаётида амалга оширилаётган туб ўзгаришларга мустаҳкам ҳуқуқий асос бўлди. Бош қомусимиз кўплаб демократик давлатларда мавжуд конституциявий қурилиш соҳасидаги илғор юридик тажрибанинг энг яхши жиҳатларини, миллий манфаатларимиз ва интилишларимиздан келиб чиққан ҳолда дунёнинг барча минтақасидаги 100 га яқин мамлакатда тўпланган илғор конституциявий тажрибаларни ўзида мужассам этгани боис ҳам мамлакатимиз халқаро ҳамжамиятда тезда ўз ўрнини топди.

Конституциямизда “Инсон ва унинг қадр-қиммати” деган улуғ тушунча марказий ўринга қўйилгани натижасида ўтган даврда “Ислоҳот ислоҳот учун эмас, инсон учун!” деган қоида ҳаётимизга чуқурроқ сингиб борди. Айниқса, ўтган бир йил давомида – Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида мамлакатимизда Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида амалга оширилган кенг қамровли ва тизимли ислоҳотлар “Инсон манфаатлари ҳамма нарсадан устун” деган оддий ва аниқ-равшан тамойилни демократик давлат ва адолатли жамият барпо этишнинг ҳаракатлантирувчи кучига айлантирди. Ўтган тарихан қисқа вақтда – бир йилнинг ичида мамлакатимизда аждодларимизнинг донишмандлик анъаналарига амал қилинган ҳолда қатъий ислоҳотларни амалга оширишга киришилди. Бу билан Ўзбекистоннинг янги қиёфаси шаклланмоқда, жамиятимизда сиёсий фаоллик ортиб бормоқда, барча соҳада чуқур ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Энг муҳим тарихий воқеликлардан бири – 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси қабул қилингани бўлди. Шу асосда давлат ва жамият қурилиши тизимини такомиллаштиришга, қонун устуворлигини амалда таъминлашга ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилишга киришилди, иқтисодиётни ривожлантириш ва либераллаштириш янги босқичга кўтарилмоқда, ижтимоий соҳа янада тараққиётга юз тутмоқда, хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш,  ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат соҳасида чуқур ўйланган кенг қамровли ислоҳотлар амалга оширилмоқда.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак”, “Халқ рози бўлса, ишимизда унум ва барака бўлади” деган ҳаётбахш ғоялари тезда ҳаётимизга сингиб, ўзининг амалий натижаларини бера бошлади. Оддий одамлар билан амалий мулоқотга киришилди. Бугунги кунда барча бўғиндаги ҳокимлар, вазирлик ва идоралар, прокуратура, суд-ҳуқуқ ва ички ишлар органлари раҳбарлари, депутат ва сенаторлар бевосита жойларга чиқиб, ўз фаолияти бўйича халқ олдида ҳисобот бермоқда. Маҳаллама-маҳалла, уйма-уй юриб, одамларнинг ҳаётий муаммоларини ўрганмоқда, уларни қонуний асосда ҳал қилиш учун амалий ёрдам кўрсатмоқда. “Инсонларнинг дарду ташвишларини ўйлаб яшаш – одамийликнинг энг олий мезонидир” ғояси қоидага айланмоқда.

Инсонпарварлик тамойилларига асос­ланган Конституциямизнинг 25 йиллик байрами Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида нишонланаётгани инсон қадрини улуғлаш, унинг манфаатларини ҳимоя қилиш йўлида амалга оширилаётган эзгу ишларда яққол намоён бўлмоқда.

Мамлакатимизда халқ билан мулоқот қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш бўйича янги тизимга асос солинди. Президентимизнинг Виртуал қабулхонаси ва Халқ қабулхоналари оддий одамларнинг нажот қўрғонига айланди. Минг-минглаб инсонларни йиллар давомида қийнаб келган муаммоларга ечим топилмоқда. Ўз навбатида, бу жараёнда халқ вакиллари — депутатларнинг ҳам энг чекка ва
олис қишлоқ, овулларга қадар кириб бориб, одамлар ҳолидан хабар олиб, уларни ўйлантираётган масалаларга ечим топишга киришгани чиндан ҳам халқ ва давлат идораларини бир-бирига яқинлаштириш, муаммоларга бирга ечим топиш, фуқароларнинг кенг кўламли ислоҳотлар жараёнида фаол иштирокини таъминлашга хизмат қилаётир.

Бу борада ЎзМТДП ташкилотлари ҳамда депутатлик бирлашмалари ҳам сайёр қабуллар ташкил этиб, аҳоли билан юзма-юз мулоқотларда бўлиб, уларни қийнаётган масалаларга ечим топишга кўмаклашди. Депутатларнинг одамлар билан мулоқоти натижасида юзлаб масалалар ижобий ҳал этилди.

Яна бир тарихий воқелик – Президентимиз Шавкат Мирзиёев 19 сентябрь куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 72-сессиясида нутқ сўзлади. Президентимизнинг нутқи мазмундорлиги ва аҳамияти билан алоҳида ажралиб турди. Нутқ замонамизнинг энг долзарб мавзуларини қамраб олди: Ўзбекистондаги ислоҳотлар, демократия, инсон ҳуқуқлари, ёшлар масаласи, диний бағрикенглик, халқаро хавфсизлик, минтақавий ҳамкорлик, экология ва ҳоказо. Энг муҳими давлатимиз раҳбари бутун жаҳон жамоатчилигига ислом динининг асл инсонпарварлик моҳиятини етказишни энг муҳим вазифа, деб ҳисоблашини таъкидлади. Буюк алломаларимиз, хусусан, Имом Бухорийнинг ғоят бой меросини асраб-
авайлаш ва ўрганиш, маърифий ислом тўғрисидаги таълимотини кенг ёйиш мақсадида Самарқандда Имом Бухорий номидаги Халқаро илмий-тадқиқот маркази, Тошкентда Ислом цивилизацияси маркази ташкил этилаётганини маълум қилди. Туркия Республикаси Президенти Режеп Таййип Эрдўғон таъкидлаганидек, Шавкат Мирзиёевга қадар ҳали ҳеч бир давлат раҳбари БМТ минбаридан туриб ислом дини қадриятларини бу қадар жасорат билан ҳимоя қилмаган, ҳеч қачон Имом Бухорий номини тилга олмаган эди.

Президентимизнинг мазкур муҳим анжумандаги маърузаси, унинг мазмун-моҳиятини тарғиб этиш борасида партиямиз ва депутатларимиз қатор тарғибот тадбирларини ташкил этди. Оммавий ахборот воситаларида партия вакилларининг муносабатлари мунтазам бериб борилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг шу йил 12 июлда Олий Мажлис палаталари, сиёсий партиялар ҳамда Ўзбекистон Экологик ҳаракати вакиллари билан ўтказган видеоселектор йиғилишидаги маърузасида сиёсий партиялар фаолияти танқидий руҳда таҳлил қилингани, ислоҳотларни янада чуқурлаштириш йўлида олдимизда турган муҳим вазифалар белгилаб берилгани айни муддао бўлди. Давлатимиз раҳбарининг мазкур тарихий маърузасидан келиб чиқиб Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ва унинг парламент қуйи палатасидаги фракцияси фаолиятини тубдан такомиллаштириш бўйича комплекс чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқдик. Шу асосда ўтган даврда партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларимиз қатор амалий ишларни ҳаётга татбиқ этди. Хусусан, партия Марказий кенгаши Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси ҳамда Маданият вазирлиги билан ҳамкорлик меморандумини имзолаб, муҳим вазифаларни ўз ичига олган чора-тадбирлар режасини ишлаб чиқди.

Ривожланиш тенденциялари, давр талаби билан ўтган мустақил тараққиёт йилларида Конституциямизга айрим ўзгартиш ва тузатишлар киритилгани ҳақида ҳам алоҳида тўхталиб ўтиш лозим. Мазкур ўзгартиш ва тузатишлар асосида қабул қилинган қонунлар давлат ҳокимияти органлари тизимида Олий Мажлиснинг роли ва аҳамиятини сезиларли даражада кучайтирди, давлатимизнинг ички ва ташқи сиёсатини шакллантириш ва амалга оширишда мамлакатимиз олий қонунчилик органининг имкониятларини кенгайтирди. Дарҳақиқат, бугун мамлакатимиз парламентининг юртимиз тараққиёти, халқимиз фаровонлиги ва осойишталигини таъминлашга хизмат қиладиган долзарб, ҳаётий қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилишдаги фаоллиги ошди. Айниқса, Бош қомусимизда парламент ва жамоатчилик назорати институти, уни амалга ошириш механизмларининг мустаҳкамлаб қўйилгани депутатларимизнинг назорат-таҳлил фаолиятини янада кучайтиришда муҳим қадам бўлди. Қолаверса, парламент ва жамоатчилик назоратининг амалга оширилиши юртимизда демократик тамойиллар устувор эканлигининг ёрқин намунасидир.

2017 йил миллий қонунчиликни такомиллаштиришда ҳам бой тажриба йили бўлди. Қонунчилик палатасида кўрилган 88 қонун лойиҳасидан 42 тасига ЎзМТДП фракцияси аъзолари маъсул бўлди. 27 та қонун лойиҳаси бевосита фракция аъзолари иштирокида қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида партия сайловолди Платформасида белгиланган вазифалардан келиб чиқиб тайёрланди ва муҳокамага киритилди. Буларнинг бари Конституция қоидаларини амалда мустаҳкамлаш, конституциявий ҳуқуқларни рўёбга чиқаришга қаратилгани билан эътиборлидир.

Мухтасар айтганда, мамлакатимиз Конституцияси юртимизда ҳуқуқий демократик давлат, кучли фуқаролик жамияти қуриш, халқимиз учун тинч, обод ва фаровон ҳаёт барпо этишда мустаҳкам пойдевор бўлиб хизмат қилмоқда. Асосий қонунимизни ҳаётга татбиқ этиш борасида мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар, инсон манфаатларига йўғрилган ташаббуслар барчамизни юртимиз тараққиёти учун хизмат қилишда янада фаол бўлишга чорламоқда. Зеро, барчамизнинг энг асосий мақсадимиз ҳам халқимиз учун хизмат қилиш, қонун устуворлиги ва адолат тантанаси учун курашиш, мамлакатимиз тараққиётига муносиб ҳисса қўшишдир.

Сарвар ОТАМУРАТОВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz