ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


11.07.2019

Дилфуза ЖАЛИЛОВА: Китобхонларга хизмат кўрсатиш сифати янада ошади



Ҳар бир давлатнинг тараққий этиши, унинг янада равнақ топиши маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқараши юксак инсонлар билан боғлиқ. Мазкур омилларнинг туб замирида бевосита китоб туради, десак муболаға бўлмайди. Шу боис, мамлакатимизда давлатимиз раҳбари томонидан китоб маҳсулотларини чоп этиш, уларни тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини юксалтириш ҳамда тарғибот қилиш борасида тизимли ишлар амалга оширилмоқда.

Давлатмиз раҳбарининг 2019 йил 7 июндаги “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қарори соҳани янги босқичга олиб чиқиши билан аҳамиятлидир.

Ушбу ҳужжатга мувофиқ, аҳолининг ахборотдан эркин фойдаланиши, миллий қадриятлар ва жаҳон маданияти, амалий ва фундаментал билимлардан баҳраманд бўлишини таъминлайдиган аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг сифат жиҳатдан янги тизими яратилади. Таъкидлаш жоиз, ахборот-кутубхоналар китобхонларга хизмат кўрсатиш, фондларни тўлдириш ва сақлаш, кутубхона жараёнларини автоматлаштириш имконини беради. Яратилган имкониятлар, албатта, халқимиз, айниқса, ёш авлоднинг маънавий-интеллектуал салоҳияти, онгу тафаккури ва дунёқарашини юксалтиришга хизмат қилади.

Юртимизда ноширлик ва матбаа ишларини ривожлантиришга, матбаа корхоналарини модернизациялаш, техник ва технологик янгилашга қаратилаётган тизимли ишларнинг самарасида китоб маҳсулотларини чоп этиш кўлами ва сифати тубдан ошди. Бунинг натижасида бугунги кунда китобхонлар қўлига етиб бораётган китоблар ҳам шакл, ҳам мазмун нуқтаи назаридан давр талабларига ҳамоҳанг бўлмоқда.

Глобаллашув даврида ахборот технологияларининг жадал тараққий этиши китобхонликка ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда. Бугун жаҳондаги кўпгина босма нашрларнинг адади камайиб, уларнинг электрон нусхалари кўпроқ ўқилмоқда. Дунёнинг энг бой кутубхоналарида сақланаётган босма манбаларнинг аксарияти электронлаштириб бўлинди. Бу жараёнлар мамлакатимиздаги кутубхоналарда ҳам изчил кечмоқда.

Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, мазкур қарор билан аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ижтимоий мослашув ва реабилитация, мустақил таълим олиш ва мулоқот доирасини кенгайтириш воситаси сифатида ахборотдан фойдаланиш имкониятлари яратилади. Шунингдек, аҳоли ҳар қандай (босма, мультимедиа ва рақамли) ташувчиларда, шу жумладан, Интернет тармоғида сифатли ахборот манбаларидан фойдаланади.

Аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатиш бўйича ижтимоий кафолатларни сифатли таъминлаш ҳамда замонавий талабларни ҳисобга олган ҳолда, ахборот-кутубхона муассасаларини ривожлантириш бевосита унинг норматив-ҳуқуқий базасига боғлиқ. Шу боис, биз – парламент вакиллари “Кутубхоначилар кунини белгилаш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳасини ишлаб чиқишда фаол иштирок этамиз.

Эътиборлиси, мазкур ҳужжат билан юртимизда 21 май — “Кутубхоначилар куни” деб белгилаш кўзда тутилмоқда. Ушбу кунда кутубхоначиларни кўп йиллик ҳалол меҳнати ва ахборот-кутубхона соҳасини ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун давлат мукофотлари билан тақдирлаш ва рағбатлантиришлар амалга оширилади.

Хулоса қилиб айтганда, маънавий ҳаётимизни юксалтиришга қаратилган чора-тадбирларнинг ҳаётимизга кенг жорий этилиши аҳолига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш, уларнинг маънавий эҳтиёжини қондиришга хизмат қилади.



Дилфуза ЖАЛИЛОВА,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz