www.parliament.gov.uz

" /> ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ
ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


16.09.2019

Энди тўй ва бошқа маросимларимиз қандай ўтади?


Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар халқимизнинг узоқ йиллик қадриятлари ва анъаналарини ўзида акс эттирган тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказиш масалаларини муҳокама қилдилар.

Таъкидланганидек, жорий йилнинг 14 сентябрь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг қўшма мажлиси ўтказилди. Унда тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказиш билан боғлиқ муносабатларни тартибга солиш масалалари икки палата аъзолари томонидан атрофлича муҳокама қилиниб, мазкур тадбирларни тартибга солиш мақсадга мувофиқ, деб топилди.

Олий Мажлис палаталари Кенгашларининг Қўшма қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар фақат бир кун (дафн этиш маросими бундан мустасно) соат 06:00 ва 23:00 оралиғида ўтказилади. Ҳудудларнинг шароитларидан келиб чиқиб, халқ депутатлари туманлар ва шаҳарлар Кенгашлари томонидан ош бериш маросимининг вақти алоҳида белгиланади. Соат 23:00 дан кейин тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни давом эттиришга йўл қўйилмайди.

Шунингдек, тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларда 200 нафаргача, мазкур тадбирлар муносабати билан ош бериш маросимида 250 нафаргача киши қатнашади. Қўшалоқ тўйларда 250 нафаргача, у билан боғлиқ ош бериш маросимида 300 нафаргача киши иштирок этиши мумкин.

Мажлисда таъкидланганидек, дафн этиш ва мотам маросимлари кўпи билан уч кун мобайнида чекланмаган миқдордаги фуқаролар иштирокида ўтказилиши мумкин, ош бериш маросими бундан мустасно. Миллий анъаналарга ёт, одоб-ахлоқ қоидаларига зид бўлган турли шоуларни, ортиқча вақт ва харажат талаб қиладиган тўйлар, оилавий тантаналардан олдинги, тадбир давомидаги ва ундан кейинги қўшимча расм-русумларни ўтказишга йўл қўйилмайди.

Оилавий тадбирларнинг дабдабасиз, камхарж ва ихчам, шунингдек, Низом талабларига мувофиқ ўтказилиши учун биринчи навбатда маҳалла фуқаролар йиғинлари раислари ва ички ишлар органлари профилактика инспекторлари шахсан масъул ҳисобланади.

Мажлисда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва Сенати Кенгашларининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларнинг ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Қўшма қарорини тасдиқладилар.

Ушбу қарор юзасидан бир қатор депутатлар ўз муносабатини билдирди.

Абдурашид ТЎХТАБОЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси:

— Яхши биласиз, парламентимиз юқори палатаси томонидан 2018 йил  март ва июнь ойларида тўй-ҳашамлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар, марҳумларнинг хотирасига бағишланган тадбирлар ўтказилишини тартибга солишга доир қарорлар қабул қилинган эди. Ушбу қарорларни халқимиз жуда яхши кутиб олгани боис, ўтган давр мобайнида айни соҳада қатор ижобий натижаларга эришилди. Хусусан, Ўзбекистон Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларида, шунингдек фуқаролар йиғинларида оилавий тадбирлар ўтказилишини тартибга солиш масалалари бўйича комиссиялар тузилди. Сенаторлар, депутатлар, жамоат ташкилотлари вакиллари, зиёлилар, ижодкорлар иштирокида кўплаб тушунтириш ва тарғибот тадбирлари ўтказилди. Ушбу жараёнда биз — депутатлар ҳам фаол қатнашдик, халқимизнинг, сайловчиларнинг айни масала бўйича фикр-мулоҳазаларини тинглаб бордик, уларни қийнаётган масалаларни батафсил ўргандик. Албатта, парламентимиз палаталари Кенгашлари томонидан куни кеча қабул қилинган қўшма қарорга ўз-ўзидан келингани йўқ. Жойларда ўтказилган ана шу учрашувларда халқимиз томонидан тўй-тантаналарни ихчам, камхарж ва дабдабадан холи, жамоат тартибини сақлаш бўйича билдирилган фикр-мулоҳазалар, илгари сурилган таклифлар бунда муҳим асос бўлди.

Козим ТОЖИЕВ,
Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси аъзоси:
Ёшлар масалалари бўйича комиссияси раиси:

— Мазкур Қўшма қарор халқимизнинг миллий урф-одатлари, маънавияти, маданияти, анъаналари ва қадриятларини ҳурмат қилишга, жамоат тартибини сақлашга, фуқароларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга, оилавий тадбирларни ўтказишда шуҳратпарастлик, дабдаба ва исрофгарчиликнинг олдини олишга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Шу боис ҳам жамиятимизнинг фаол қатлами бўлган ёшлар буни самимий қабул қилмоқда, керак бўлса, улар ихчам, дабдабадан холи, миллий қадриятларимиз мос тўйларни ўтказишда ўзлари намуна кўрсатяпти. Бу ҳам мазкур Қўшма қарор нечоғли тўғри, халқимизнинг кўнглидаги гап бўлганини англатади.



www.parliament.gov.uz


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz