Қонун билан, соат 7-00 дан 22-00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш, реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш, шунингдек, энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиб асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш ҳам таъқиқланади.

" /> ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ
ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


ЭНЕРГЕТИК ИЧИМЛИКЛАРНИ СОТИШ ВА РЕКЛАМА ҚИЛИШ ТАРТИБГА СОЛИНАДИ 10.04.2019

ЭНЕРГЕТИК ИЧИМЛИКЛАРНИ СОТИШ ВА РЕКЛАМА ҚИЛИШ ТАРТИБГА СОЛИНАДИ

XXI аср инсониятга кенг имкониятлар эшигини очиб бермоқда. Илм-фан ривожлангани сари ҳаётимизнинг барча соҳасида ўзгариш ва янгиланишлар юзага келиб, ихтиро ва топилмалар бизни ҳайратга солаётгани рост. Албатта, бу янгиликлар инсон фаолияти учун ҳам маънан, ҳам мазмунан фақат фойдали бўлса мақсадга мувофиқ бўлади. Сўнгги пайтларда кўплаб соҳалар каби озиқ-овқат маҳсулотларини тайёрлаш соҳасида ҳам бу каби янгиликлар четлаб ўтгани йўқ.

Хусусан, одамларга энергетик қувват берувчи ичимликлар ҳам озиқ-овқат савдо шахобчаларида кундан кунга кўпайиб бормоқда.

Ҳўш, энергетик ичимлик ўзи нима ва қандай тайёрланади? Энергетик ичимликни истеъмол қилишнинг зарарли тарафлари борми? Маълумотларга кўра, энергетик ичимлик дастлаб 1960 йилда Японияда дори воситаси сифатида яратилган бўлиб, таркибида сув, шакар, кофеин, таурин ва витаминлар мавжуд бўлган. Кейинчалик, яъни 1987 йилда Европа ва АҚШга кириб келган.

Бугунги кунда энергетик ичимлик таркибига турли кимёвий моддалар қўшилиб, унинг турлари ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Мазкур ичимликнинг инсон саломатлиги учун қандай таъсир этиши ҳақида тиббиёт соҳасидаги халқаро муассаса изланувчилари (шунингдек, мамлакатимизда ҳам) ўз муносабатини билдирган. Жумладан, 2014 йилнинг 6-7 ноябрь кунлари Австралиянинг Деакин университетида (Deakin University) таркибида кўп миқдорда кофеин моддаси бўлган энергетик ичимликларни истеъмол қилиш, унинг болалар ва ўсмирлар саломатлигига салбий таъсири масалаларини халқаро миқёсда ўрганишга бағишланган биринчи халқаро конференция ўтказилган. Конференция иштирокчилари бўлган олимлар, соғлиқни сақлаш соҳаси вакиллари ва вояга етмаганлар билан ишлаш бўйича масъул ходимлар хулосасига кўра, энергетик ичимликларни доимий равишда истеъмол қилиш вояга етмаганларда юрак ҳуружи, ваҳима, кўриш қобилиятининг сусайиши ва ақлий нуқсонлар юзага келишига сабаб бўлишини билдирган.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари томонидан мамлакатимиз бозорларига шиддат билан кириб келган энергетик ичимликларни реализация қилиниш аҳволи ва бу борда миллий қонунчиликни ўрганиш ўтказилди.

Хусусан, партиянинг “Ёшлар қаноти” фаоллари томонидан пойтахтимиз ва вилоятлардаги йирик савдо марказларида ҳамда таълим муассасаларида қувват берувчи ичимликларни истеъмол қилиш бўйича ўрганишлар ўтказилган бўлса, партиянинг Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари томонидан миллий ва хорижий қонунчилик талаблари таҳлил қилинди.

Ўрганишлар давомида бундай ичимликларни асосан ёшлар томонидан истеъмол қилинаётгани, энг ачинарлиси, улар орасида мактаб ўқувчиларининг сони ортиб бораётгани аниқланди. Натижаларга эътибор берадиган бўлсак, қувват берувчи ичимликларни татиб кўрган ўқувчилар 60 фоиз ва уни “шунчаки қизиқиш учун” истеъмол қилганлар сони 35 фоизни ташкил этади. Миллий қонунчилигимизда эса, энергетик ичимликлар умумий газланган ичимликлар тоифасига киритилганлиги, вояга етмаган шахсларга салбий таъсири аниқланган бўлсада, уларни реализация қилиниши юзасидан ҳеч қандай чекловлар мавжуд эмаслиги аниқланди. Ваҳоланки, кўпгина ривожланган мамлакатларда энергетик ичимликларни вояга етмаган шахсларга реализация қилиниши юзасидан турли тақиқлар анча олдин киритилган.

Ўтказилган ўрганиш ва таҳлиллар натижасида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг бир гуруҳ аъзолари томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига қўшимча ва ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси ишлаб чиқилди ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасига киритилди. Қонун тегишли тартибда қабул қилиниб, жорий йилнинг 9 январь санасида имзоланди. Қонуннинг асосий мазмуни, энергетик ичимликларга таъриф бериш ва бундай ичимликларни вояга етмаган шахсларга нисбатан реализация қилишни тақиқлаш, реклама қилинишини тартибга солиш ҳамда қонунни ижро этилмаганлиги учун жавобгарликни белгилашдан иборат бўлди.

Қонун билан, “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг 2-моддасидаги асосий тушунчаларда энергетик ичимликка таъриф берилди. Унга кўра, таркибида 150 мг/л.дан ортиқ миқдорда кофеин ва (ёки) инсон организмига тонусни ўзгартирувчи таъсир кўрсатиш учун етарли миқдордаги бошқа компонентлар мавжуд бўлган ичимлик— энергетик ичимлик ҳисобланади.


Шунингдек, мазкур қонуннинг 14-моддасига ўн саккиз ёшга тўлмаган шахсларга энергетик ичимликларни реализация қилиш таъқиқланиши хусусида меъёр киритилди. Мазкур талабни бажармаганлик учун эса, фуқароларга энг кам иш ҳақининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда, мансабдор шахсларга эса етти бараваридан ўн беш бараваригача миқдорда жарима солиш билан боғлиқ меъёр Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодексининг 164-моддасига қўшимча киритилди.

Қонунда энергетик ичимликларни реклама қилишда ҳам бир қатор чекловлар ўрнатилди.

Жумладан, “Реклама тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонуни
221-модда билан тўлдирилиб, энергетик ичимликлар рекламасида бундай ичимликларни ҳаддан зиёд истеъмол қилишнинг зарари тўғрисидаги огоҳлантириш, шунингдек бундай ичимликларни истеъмол қилиш тавсия этилмайдиган шахслар ҳақидаги ахборот мавжуд бўлиши кераклиги, энергетик ичимликлар рекламаси ичимликларни истеъмол қилиш жараёнларини намойиш этмаслиги, ушбу жараёнлар истеъмолчиларнинг ижтимоий ва спортга оид муваффақиятга эришиши ёки жисмоний ҳамда руҳий ҳолати яхшиланиши учун муҳим аҳамиятга эга деган таассуротни юзага келтирмаслиги юзасидан меъёрлар киритилди.

Қонун билан, соат 7-00 дан 22-00 га қадар энергетик ичимликларни телевидение ва радио орқали реклама қилиш, реклама қилиш мақсадида энергетик ичимликлар намуналарини ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида текин тарқатиш, шунингдек, энергетик ичимликларнинг номидан, товар белгисидан ёки тасвиридан фойдаланиб асосан ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар учун мўлжалланган тадбирларга ҳомийлик қилиш ҳам таъқиқланади.

Ўн саккиз ёшга тўлмаган шахслар орасида энергетик ичимликларнинг номи, товар белгиси ёки тасвири туширилган товарларни (футболкалар, бош кийимлар, ўйинларни ва шу кабиларни) тарқатиш, шу жумладан сотиш, асосан болалар ва ўсмирлар учун мўлжалланган босма нашрларда, шунингдек, тиббиёт, спорт ва таълим муассасаларида энергетик ичимликларни реклама қилиш таъқиқланди.

Маълумки, инсон жисмонан соғлом бўлгандагина тўғри фикр юритиши, бажараётган ишини самарасини кўра билиши мумкин. Неча минг йиллар аввал ота-боболармиз томонидан айтилган “Соғ танда — соғлом ақл” деган пурмаъно сўзлари ҳозирги кунда ҳам ўз аҳамиятини йўқотмаган. Бу ўринда эса тўғри овқатланиш ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга. Кучга кирган мазкур қонунни амалда ижро этилиши орқали ўсиб келаётган ёш авлодни соғлом бўлиб вояга етиши, уларни ватанимиз ривожи учун беқиёс ҳисса қўшишига замин яратади. Зеро, келажак авлодни ҳимоя қилиш учун қўйилган ҳар бир қадам мамлакат тараққиётининг асоси ҳисобланади.

 

Шуҳрат ТЎХТАБОЕВ, 
“Миллий тикланиш” ДП фракцияси аъзоси,
Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz