ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


31.07.2019

Эзгу ишлар рўёбига нима халал бермоқда?




Халқимизда “Қушнинг ини бузилса ҳам чирқирайди” деган гап бор. Болалик хотираларимдан ҳеч кўтарилмайди: яшаб турган уйимиз пештоғи ёки айвонига доимо қалдирғоч ва мусичалар ин қурарди. Онам эса доимо “қушнинг инига тегманглар, эшикни катта очиб қўйинлар, улар бемалол кириб-чиқиб турсин” деб тайинларди. Лекин болалигимизга бориб, барибир инларга тегинардик, уйи бузилган қушларнинг тепамизда чуғир-чуғир қилишидан эса завқланардик. Энди ўйласам, қушлар ўшанда чуғирламаган, аслида чирқираган экан…

Сўнгги йилларда мамлакатимизда бунёдкорлик ишлари, айниқса, “Обод маҳалла”, “Обод қишлоқ” ҳамда “Обод марказ” дастурлари доирасида халқ манфаати йўлида қилинаётган саъй-ҳаракатларни кўриб, чиндилдан  қувонасан. Ярим асрлик уйлар ўрнига замонавий уй-жойлар қад ростласа, чанг, юриб бўлмас кўчалар асфальт қилиниб, чироқлар ўрнатилса, деворлари нураб турган мактаб ёки шифохона ўрнига ёруғ, кенг, кўрган одамнинг кўзи қувнайдиган ижтимоий объектлар қурилса, қувонмай бўладими?!

Ўзбек халқи болажон, фарзанди учун жонини беришга ҳам тайёр миллат сифатида таърифланади. Бу ойдин ҳақиқат. Ҳукуматимиз келажагимиз эгалари ҳисобланмиш — фарзандларимиз эртаси, халқимиз, юртимиз фарвонлигини ўйлаб, яшаб турган уйимиз ўрнига замонавий иншоотлар барпо қилишни режалаштирган экан, бундан фақат қувониш керак. Чунки, оталаримиз ҳаёт бўлганида биз — фарзанд­ларини ўйлаб, албатта, бунга қаршилик қилмаган бўлар эди. Биз ҳам оталаримиз каби болаларимизнинг замонавий мактабларда етук таълим олишини хоҳлаймиз. Иссиқ жон, касал бўлиб қолсак қачонгача катта шаҳарларга зир югурамиз? Зарур шароитлар муҳайё қилинган шундоқ маҳалламиздаги шифохонада ётиб даволансак, қандай яхши. Сифатли, арзон муҳсулотлар билан тўлган “супермаркет”, “болалигим — пошшолигим” ўтадиган замонавий боғчалар қурилишини истаймиз. Эрталабдан кечгача меҳнат қилсагу, нима учун кўчаларимиз чанг, қишда лой бўлиши керак?!

Бугун ана шундай бунёдкорлик ишлари жадал давом этаётган бир пайтда айрим раҳбарлар томонидан тадбиркорлар қурган иншоотларни ҳеч қандай огоҳлантиришларсиз бузилаётгани, уйи “снос”га тушиб, саратон жизғинагида очиқ осмон остида яшаётган оилаларга ваъда қилинган тўлов(компенсация)нинг бериламаётгани сир эмас. Баъзи маҳаллий раҳбарлар “янгисини қурмай туриб, эскисини бузма” деган анъанани унутди чоғи, халқни рози қилишдек эзгу қадриятларни оёқости қилишгача боряпти ва бу одамларнинг ҳақли эътирозига сабаб бўлмоқда.

Сўнгги кунларда Қашқадарё вилоятининг Яккабоғ туманида юз берган воқеага кимни айбдор қилишни билмай бошимиз қотган бир пайтда Хоразмда яна бир шунга ўхшаш ҳолат бўй кўрсатди. Вилоятнинг Чондирқиёт қишлоғи ҳудудига кўчириб юборилган ва қарийб икки ойдан бери очиқ далада палатка қуриб яшаётган аҳоли Урганч-Хонқа йўлининг қатнов қисмини тўсишга мажбур бўлди.

Мамлакатимизда бошланган кенг қамровли уй-жой курилиши бежизга эмас. Машъум 1966 йилдаги Тошкент зилзиласида дунёни титратадиган қудрат ва имкониятларга эга бўлганлиги даъво қилинадиган собиқ совет тузими иттифоқчи республикалари қурувчилари пойтахтимизда қурган уй-жойига нисбатан қисқа вақт ичида 10 баробар кўпроқ турар-жой бун­ёд этилди. Қурилиш нафақат Тошкентда, вилоятларнинг чекка ҳудудларида ҳам давом эттирилмокда…

Шу ўринда можаро келиб чиқиши сабабларига тўхталмоқчи эмасмиз. Ёмон хабар тез тарқалади деганидек, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқлар орқали барча бундан шу вақтнинг ўзидаёқ хабардор қилинди. Лекин бундай хунук воқеалари юз бермаслиги мумкин эди, агар одамлар ўз вақтида рози қилинганида, содда қилиб айтганда, ваъдага вафо қилинганида.

Маҳаллий ҳокимликлар Президент томонидан илгари сурилган ва бугун ҳаётимиздан тобора чуқур ўрин олаётган “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” тамойи­ли ижросини тўла бажармаяпти. Мамлакатимиз раҳбарининг деярли ҳар бир йиғилиш ва учрашувларида энг аввало одамларни рози қилиш зарурлиги ҳақида айтган таъкидлари туб моҳиятини ҳали ҳам тўла англамаяпти. Натижада айни сиёсатнинг ҳақиқий мазмун-моҳиятини тушунишни истамаётган айрим ғаразли шахсларда гўёки маҳаллий ҳокимлик­лар халқни давлатга қарши қайраётгандек тасаввур уйғонишига сабабчи бўляпти. Чунки, Ўзбекистонда сўнгги йилларда амалга оширилаётган тезкор ижобий ўзгаришларни ҳазм қилолмай, четдан тишини қайраб турган кучлар ҳар доим бўлган ва улар маҳаллий раҳбарларнинг беўхшов довдирашларидан унумли фойдаланишга ҳаракат қилаётир.

Қолаверса, “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили” Давлат дастурида Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги ижобий имижини мустаҳкамлаш концепциясини ишлаб чиқиш, дунё ҳамжамиятида мамлакатимиз нуфузини янада мустаҳкамлаш масалалари устувор вазифа сифатида белгиланган бир пайтда, бундай ҳодисалар олий стратегик мақсадга эришишимиз йўлида амалга оширилаётган саъй-ҳаракатларимизга соя солиши мумкин.

Юртимиздан бошланган ислоҳотлар осонлик билан амалга оширилмаётгани ҳам бор гап. Хоҳлаймизми-хоҳламаймизми, ҳар қандай давлат ва халқ фаровон келажак йўлида шундай қийинчиликларни бошидан ўтказган. Ривожланган Япония ёки Хитой дейсизми, Жанубий Корея ёхуд сингапурликлар ҳам шу кунларга етишиш учун кўпдан-кўп бошбошдоқлик­ларни бошидан ўтказгани тарихдан маълум. Ушбу мамлакат халқлари сабр ва матонат билан ҳар қандай тўсиқларни мардонавор енгиб, шундай дориломон кунларга етди. Ҳатто айрим давлат фуқаролари шахсий жамғармасидаги маблағини ёппасига банкларга топшириб, ҳукумати томонидан олиб борилаётган ислоҳотларни қўллаб-қувватлагани ҳам ҳақиқат.

Албатта, “Миллий тикланиш” демократик партияси халқ манфаати, юрт равнақига қаратилган ҳар қандай ислоҳотларни қўллаб-қувватлайди. Хусусий мулк дахлсиз ва уни тўла ҳимояламай туриб, иқтисодий ривожланиш ҳақида гапириш ноўрин. Бундай инсонпарварлик сиёсати Бош қомусимиз — Конституциямизда энг олий нормалардан бири сифатида белгилаб қўйилган. Шундан келиб чиқиб, ҳуқуқий асосларни мустаҳкамлаш замирида бу бўйича маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг ваколатларини қайта кўриб чиқиш зарур. Бунда, албатта, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ҳам қонун устуворлигини таъминлашга қатъий амал қилиши талаб этилади ва адолатнинг суд орқали ўз вақтида ва самарали таъминланиши муҳим аҳамиятга эга.

Тўғри, халқимиз фаровонлиги, Ватан тараққиётига қаратилган дастурлар ижроси доирасида шаҳарларимиз янада обод бўляпти, маҳалла, чекка қишлоқларимизда бўлаётган ўзгаришлардан халқимиз мамнун. Лекин бундай бунёдкорлик ишлари бир одамнинг бўлса ҳам норозилиги ҳисобига, қонуний ҳуқуқларини поймол қилиш эвазига бўлса, қувончимиз татимаслиги шубҳасиз. Шунинг учун, давлатимиз раҳбари кўп бора таъкидлаганидек, бошлаган ишимиз самаралари хайрли бўлиши учун аввло халқимизни рози қилиб, дуосини  олиш зарур.

Гап юртимизда олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари ҳақида кетганда, шуни алоҳида таъкидлаш жоизки, бугун чин маънода ҳаётимизда янги эпкин, ҳаракат, интилиш ва ишонч пайдо бўлиб, халқимиз аниқ мақсад билан яшамоқда. Бу ҳар бир кунни эзгу ният билан бошлаш, ён-атрофимизда, маҳалламизда бўлаётган хайрли ишларга бош қўшиш, Президентимиз ташаббусларини доим қўллаб-қуввалаш мақсадидир.


Донёр ТОШБОЕВ,
ЎзМТДП Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси
девони бўлими бошлиғи


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz