ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


“Фольклорсиз миллат бутун бўлмайди” 11.07.2018

“Фольклорсиз миллат бутун бўлмайди”

Ҳар бир миллатнинг маданияти, санъати, адабиёти ва маънавияти шаклланишида унинг босиб ўтган йўли, бошидан ўтказган яхши-ёмон кунлари асосий ўрин тутади. Бу жараёнда халқ кўнглидан кечган дарду ҳасратларини, шодлигу қувончларини куйлаш учун ўзига хос қўшиқ ва лапарлар, эртак ва достонлар ижод қилади. Уларда миллатнинг орзу-умидлари, эртанги кунга ишончи, миллий урф-одат ва анъаналари акс этади. Халқнинг узоқ йиллик тажрибаси натижаси ўлароқ яратилган мақол, эртак, достон, аския ва латифаларни умумий номда — халқ оғзаки ижоди, фольклор — халқ донишмадлиги, деб атаймиз.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси ҳамда “Миллий тикланиш” газетаси ҳамкорликда “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳасини йўлга қўйиб, унда жамоат, маданият ва фан арбоблари, олимлар, ёзувчи-ижодкорларнинг миллатнинг, шахснинг ўзлигини англаш борасидаги фикр-мулоҳазаларини газетхонларга тақдим этиб келмоқда. Ушбу анъанани давом эттирган ҳолда навбатдаги “Ўзлик ҳақида суҳбат”ни фольклоршунос олим, филология фанлари доктори, академик Тўра МИРЗАЕВ билан уюштирдик. Суҳбатни “Миллий тикланиш” газетаси бош муҳаррири ўринбосари Исмат ХУДОЁРОВ олиб борди.

— “Ўзлик ҳақида суҳбат” лойиҳаси доирасида мамлакатимиздаги фан, санъат, маданият ва адабиёт каби соҳалар намояндалари билан турли мавзуларда суҳбатлар уюштирмоқдамиз. Албатта, ҳар бир суҳбатдошнинг миллатнинг, шахснинг ўзлигини англашда нималарга эътибор қаратиш лозимлиги ҳақида ўз фикр-мулоҳазаси бўлади…

— Жуда яхши лойиҳани йўлга қўйибсизлар. Буни қўллаб-қувватлаймиз. Чунки ўзбек деган ном — бу бутун бошли бир халқ. Бу халқнинг миллат сифатида ўзини англаши ниҳоятда узоқ жараённи кечиб ўтган. Бу тарих ўн минг йилларга бориб тақалади. Унда халқимизнинг нафақат ўтмишдаги, балки бугунги кундаги маънавияти, адабиёти, санъати, иқтисоди, турмуш тарзи, урф-одатлари, маросимлари ҳақида сўз юритиш мумкин. Юқоридаги каби турли мавзуларга бағиш­ланган бундай суҳбатларнинг ташкил этилишини, биринчи навбатда, “Миллий тикланиш” газетасининг, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг маданият, маърифат ва санъат каби соҳаларни ривожлантиришдаги ўзига хос позицияси, деб тушунмоқ керак.

— Сизни йирик фольклоршунос олим сифатида яхши таниймиз. 1960 йилдан буён Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтида меҳнат қилиб келасиз. Бу муддат, Фанлар академиясига эътибор сусайган пайтлар ҳам кузатилди. Ҳатто унга сайлов ўтказилмай қўйилди. Лекин сўнгги йилларда Фанлар академиясининг нуфузи қайта тикланди. Академиклар, олимлар, илмий ходимлар нафақат маънавий, балки моддий жиҳатдан ҳам рағбатлантирилмоқда. Фанлар академияси таркибидан чиқарилган институтлар қайта бириктирилди, сайлов ўтказилди. Мана шундай жараёнда “саломга алик”, деганларидек академикларимиз бу каби жадал ўзгариш ва ислоҳотларга нечоғлик жавоб бера оляпти?

— Фан жамиятда ҳамиша асосий ўрин тутган. Айтиш мумкинки, у — жамиятнинг барча бўғинини ҳаракатга келтирувчи, ривожлантирувчи ўзига хос бир ижод. Фанга асосланмаган мамлакат ва миллат ўз келажагини таъминлай олмайди. Шу маънода ўтган асрда Ўзбекис­тон Фанлар академи­я­сининг ташкил этилиши мамлакатимиз фанининг катта салоҳиятининг натижаси бўлган. Академиямиз мустақиллик арафасида, мустақилликдан сўнг кўп тармоқли, фаннинг деярли барча соҳасини қамраб олган, дунёга танилган эди. Лекин академияга, унда фаолият юритаётган олимларга муно­сабат бироз ўзгарган вақтлар бўлгани ҳам бор гап. Шу сабаб унинг аъзолари секин-аста тарқала бошлади. Ўша вақтда академияга тегишли айрим институтлар у ёки бу олий ўқув юрти таркибига асоссиз равишда қўшиб юборилди. Мисол учун, Ядро физикаси институтини олайлик.  Уни  Ўзбе­­­­­­­­­­­­ки­­с­­­­­­­­­­­­­тондаги қайси олий таълим муассасаси таркибига киритиш мумкин?!  Холбуки, бу институт бир нечта олий ўқув юрти билан боғлиқ ҳолда фаолият
о­­либ борган.

Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев ғояси билан ишлаб чиқилган Ҳаракатлар стратегияси катта куч-ғайрат, шиддат ва шижоат билан амалга оширилаётгани барча соҳа тараққиёти учун туртки бермоқда. Эътибор қаратсак, Шавкат Мирзиёев президентлик лавозимига сайланганининг дастлабки кунларида — аниқроғи, 2016 йил 30 декабрь куни академия олимлари билан учрашди. Шундан сўнг академия фаолиятига тегиш­ли бир қатор фармон ва қарорлар имзоланди, илгари асоссиз равишда чиқариб юборилган институтлар академия таркибига қайтарилди, айримлари янгидан ташкил этилди. Бу каби ўзгаришларни кўриб, айтиш мумкинки, Ўзбекистонда фаннинг янгича тараққиётида “ренессанс” ҳодисаси рўй берди: фанда қайта уйғониш юзага келди.

Академия ходимларининг бугун ҳам руҳан, ҳам маънан, ҳам моддий жиҳатдан қўллаб-қувватланаётганини чиқариб юборилган институтларнинг қайтарилиши, академикларнинг гонорарлари  ошиши, академияга янгидан сайлов ўтказилишида кўриш мумкин. Жумладан, собиқ Тил ва адабиёт институти янги — Ўзбек тили, адабиёти ва фольк­лори институти номи билан академия таркибига киритилди. Фанлар академияси фаолиятини ривожлантириш учун жорий қилинаётган чора-тадбирлар, унинг ходимлари учун яратилаётган имкониятлар шунга яраша масъулият ва, айтиш мумкинки, ўзига хос жавобгарликни ҳам талаб қилади. Биз олимлар, академиклар, катта-кичик илмий ходимлар, профессор, фан докторлари мана шу эътиборга муносиб жавоб қайтаришимиз зарур. Албатта, фундаментал тадқиқотларни бир кун ёки бир йилда амалга ошириб бўлмайди. Уларни олиб бориш узоқ вақт ва машаққатли меҳнат талаб этади. Бундан ташқари, фундаментал тадқиқот доирасида маълум мавзу бўйича изланиш олиб борасизу, бироқ бу изланишлар натижасиз якунланиши ҳам мумкин. Чунки фан янгилик яратишга қаратилган. Сиз излаётган нарса нафақат топилмаслиги, балки мутлақо бошқа нарса бўлиб чиқиши ҳам мумкин. Лекин бу сиз изланишдан, янгиликка интилишдан тўхташингиз керак дегани эмас. Шу манода Ўзбек тили, адабиёти ва фольклори институтини ривожлантириш, гуллаб-яшнатиш учун қиладиган ишларимиз ҳали жуда кўп. Шунга қарамай институтда шу кеча-кундузда бир қатор масалалар устида иш олиб борилмоқда, ва, ўйлайманки, бунинг натижаси биз кутганимиздан-да аъло бўлади. Ана шундай изланишлардан бири сифатида “Ўзбек халқ оғзаки ижоди ёдгорликлари” деган умумий ном остида юз жилдлик китоб нашрга тайёрланмоқда.  Ҳозиргача унинг ўн жилди босмадан чиқди. Китоб 1922 йилдан то ҳозирга қадар ёзиб олинган халқ орасидаги ва институт архивида сақланаётган фольклор намуналарини ўзида жамлаган. Бу бир вақтнинг ўзида кенг оммага мўлжалланган ҳамда тадқиқотлар, кириш мақолаларни ҳисобга оладиган бўлсак, соф илмий, академик нашр ҳисобланади. Китобнинг 50 жилди достонлар ва қиссалардан иборат. Халқимиз орасида қиссахонлар кўп бўлган, бугунгача уларга эътибор қаратилмаган эди. Бундан ташқари, эртак, топишмоқ, мақол, латифа, оғзаки драматургия намуналари, қизиқчилик каби халқ оғзаки ижоди меросининг барча тури қамраб олинмоқда. Унинг устига китоблар қарийб Миллий энциклопедия форматида чоп этилади.

Сирасини айтганда, фан — бу узоқ йўлга отланган карвон. Бирданига юқори натижаларга эришиш мушкул вазифа. Бироқ олимларимиз масъулиятли вазифасини сидқидилдан адо этиш билан бугун бизга қаратилаётган эътибор ва яратиб берилаётган шароитларга муносиб жавоб қайтаришга ҳаракат қилмоқда.

— Ҳақиқатан ҳам Ўзбекистон Фанлар академияси фаолиятида жиддий жонланиш кузатилмоқда. Улар бугун олиб бораётган фаолиятни матбуотда эълон қилинаётган мақолалари, телевидениедаги чиқишларида кўриб турибмиз. Энди бевосита бугунги суҳбатимиз мавзуси юзасидан бериладиган саволларга ўтсак. Сиз фольклоршунос олим сифатида халқимизнинг урф-одат, анъаналари, маросимлари ва улар замирида нималар ётишини яхши биласиз. Миллатнинг, шахснинг ўзлигини англашда фольклорнинг роли ва аҳамиятига қандай баҳо берасиз?

— Илгари достончилар ҳам ўзларига, биз нега достон куйлаймиз, деб савол берган ҳамда қуйидагича жавоб берган:

Халқимизнинг кўнглин ботир қилмоққа
Куйлаймиз биз Гўрўғли Султонни…

Демак, халқ оғзаки ижоди намуналари бизга маънавий эстетик завқ беришдан ташқари, кўнг­лимизни тарбиялаш вазифасини ҳам бажаради. Мана шу ўринда атоқли достончи Эргаш Жуманбулбул ўғлидан бир тўртликни келтирсам ўринли бўлади:

Оқиллар айирар сўзнинг фарқини,
Баробар қилмабди ҳар мол нархини.
Ўзбекларда гапга синчи кўп бўлар,
Гап билан айиринг ўзбек халқини.

Бу тўртлик халқимиз менталитетига, руҳияти, маънавияти, сўз санъаткорлигига таснифдек, ўзига хос берилган баҳо каби янграйди.

“Алпомиш” достони ҳақидаги мақолаларимдан бирида мазкур достонга, миллатнинг ўзлигини англаш, халқ сифатида шаклланишига ташланган адабий қадам, деб тариф берганман. Бизнинг фольклоримиз ниҳоятда бой. Масалан, “Алпомиш” достонининг 40 га яқин вариантлари мавжуд бўлиб, шундан 25 таси тўла ёзиб олинган. Шу 25 вариантидан биз 10 тасини нашр этяпмиз. Айтайлик, достончиликнинг улкан намояндаси Фозил Йўлдош айтган варианти 13 минг 715 мисрани ўз ичига олади. Бундай ҳажмдаги достонни ёддан айтиши бахшининг нақадар катта салоҳиятга эгалигини билдиради. Бу ҳолат эса бахшилардан халққа, оддий тингловчига кўчган. Бахши бўлмаган кишилар ҳам достонлардан кўплаб парчаларни ёддан билади. Бу эса киши ўзининг турмуш тарзида, кундалик ҳаётида достондаги образлар билан яшашини, ўзи билиб-билмай уларга тақлид қилишини англатади. Чунки бу — оғзаки ижод, фольклор кишилар қонига сингиб кетади. Шу маънода оғзаки ижод намуналари халқимиз маънавиятини юксалтиришда бугун ҳам ўзининг муносиб ўрнига эга.

— Фольклоршунослар дейилганида ёдимизга Ҳоди Зариф, Тўра Мирзаев, Маматқул Жўраев, Шомирза Турдимов келади. Эътибор берсак, уларнинг барчаси фольклоршуносликда салмоқли ишларни амалга оширган ва узоқ йиллик тажрибага эга. Энди бу тажрибалардан ўрнак олиб, илмини соҳа ривожига сарфлаётган ёшлар ҳақида жуда кам эшитамиз. Сўнгги даврда атоқли фольклоршунос олимлар олиб бораётган изланишлар ке­йинчалик ҳам давом этадими? Катта ва кичик авлод ўртасида бўшлиқ ҳосил бўлмайдими? Бу ишлар тўхтаб қолмасмикин, деган хавотир ҳам йўқ эмас. Негаки, давр ўзгармоқда, ёшларимиз дунёқараши бошқа томонга бурилиб кетиши кузатилмоқда.

— Йўқ, бўшлиқ пайдо бўлмайди. Чунки фанни ўз қисматига айлантирганлар изланишда давом этаверади. Бир нечта таниқли олимларни санаб ўтдингиз, лекин уларнинг кўплаб шогирдлари ҳам бор. Масалан, ўзимнинг 25 дан ортиқ шогирдим бор. Улар ёзган тадқиқотлар, диссертациялар ўз вақтида  муҳим аҳамиятга эга бўлган. Тўғри, ҳозир саноқлилари ўз ишини давом эттирмоқда. Лекин давом эттирмаганларига ҳам ўзгача муносабат билдирилмаслиги керак. Чунки уларга илмий даража берилибдими, демак, улар шунга муносиб. Тақдир тақозоси билангина турли вазифаларга — кимдир муаллимлик, кимдир раҳбарлик лавозимларида фаолият бошлади. Лекин янги авлод барибир шаклланади.

Мисол учун, яқинда диссертация ёқлаган Шаҳноза Назарова институтимизда ҳам ўриндошлик асосида фаолият юрита бошлади. Бундай ёшларимиз битта эмас. Улар илмий ишларини давом эттирса, янги Ҳоди Зарифлар шаклланаверади. Шунинг учун “бугун фанга ёшлар келмаяпти”, деган фикрга қўшилмайман. Фанга кириш рақам билан белгиланмайди. Фавқулодда қобилиятли ёшларимиз ҳам бор. Шунинг учун фольклоршуносликнинг келажагидан менинг умидим катта.

— Айтяпмизки, юз жилдга ҳам сиғмаётган халқимизнинг оғзаки ижод меросига эгамиз. Энди буни нафақат юртимизда, балки бутун дунёга тараннум этиш керак. Ўзбек фольклори дунё юзини кўриши учун, унинг тарғиботини кучайтириш учун нималар қилишимиз керак?

— Биламизки, халқимиз қадимдан, “камтарга — камол, манманга — завол”, қабилида иш тутиб келган. Яъни ҳар қандай улуғ ишни амалга оширса ҳам уни кўз-кўз қилиш, мақтанишни ўзига эп билмайди. Лекин маданият, санъат, адабиёт ва фольклоримиз жуда бой ва қадимийки, уларни қанча кўз-кўз қилсак, фахрлансак арзийди. Кези келса, бошқа халқларга намуна вазифасини ҳам бажаради.

Албатта, фольклор меросимизни бошқа тилларга таржима қилиш ишлари олиб борилмоқда. Лекин, инглиз тилига таржима қилинган ўзбек достонларини, инглиз миллати руҳиятидаги кишилар қандай қабул қилади, асарнинг ўзбекона руҳиятини ҳис қила оладими, деган саволлар туғилади. “Алпомиш” достони инглиз тилига таржима қилинса, биз ҳис қилганимиздек, тасаввуримизга келтирганимиздек тушунтириб бера оламизми? Ана шу масала кўндаланг турибди. Бунинг учун таржимани инглиз тилини биладиган ўзбек кишиси эмас, инглизча муҳитда катта бўлган, халқи орасида ном қозонган шоир, ёзувчилар қилиши керак. Чунки бадиий таржимани ҳамма ҳам мукаммал бажара олмайди. Бу бизнинг адабиётимиз, фольклоримизни тарғиб қилишнинг биринчи усули.

Иккинчи йўли — бу ўзаро муносабатлар, маданий  алоқалар ўрнатиш, турли халқаро фольклор фестивалларини ўтказиш. Масалан, Нуротада “Нурли наволар” халқаро фольклор фестивали ўтказиб келинади. Бу ҳам халқ оғзаки ижодининг тарғибот йўлларидан бири. Бугунги адабиётимиз, санъатимиз, халқ оғзаки ижоди меросимизни дунё ҳамжамиятига кўз-кўз қилишнинг ҳам хилма-хил шаклларидан фойдаланишимиз зарур. Ана шунда дунё халқлари халқимизни яхшироқ танийди, ўзбекларнинг буюк бир тарихга, адабиётга, фольклорга эгалигини англаб етади ва бу халқнинг келажаги буюклигига ҳам ишонч ҳосил қилади.

— Кунларнинг бирида Тил ва адабиёт инс­титутига йўлим тушиб, хонангизга кирдим. Сиз йўқ экансиз. Хонадаги китоб жавонидан тортиб стол-стулгача ўтган асрнинг 40 йилларига хос экани кўриниб турарди. Ажабланганимни кўриб, “бу Тўра Мирзаевнинг ўрни. Стол-стуллар эса Ҳоди Зарифдан қолган. Институт бир неча жойга кўчса ҳам домла шу мебелларни ўзи билан олиб юради”, деб тушунтиришди. Очиғи, бундан жуда таъсирландим. Бу — шогирднинг устозга бўлган ҳурматининг ёрқин намунаси. Шу ўринда “устоз-шогирд” анъанаси ҳақида ҳам фикр­ларингизни билдирсангиз. Бу илм-фанда нечоғлик зарур?

— Стол-стулларни яхши ният билан сақлаб қолганман.  Буни устозга бўлган ихлосим, деб тушуниш ҳам мумкин. 2010-2013 йилларда “Ҳоди Зариф билан суҳбатлар” китобини ёздим. Унда асосан фольклоршуносликнинг у ёки бу масаласи юзасидан, фольклоршунослар ҳақида Ҳоди Зарифдан эшитганларимни ана шу китобга жамладим. Китоб устида ишлаш жараёнида бир нарсага жуда ачиндим. 10-12 йил давомида устоз билан ҳамфикр-у ҳамкор бўлсам-да, кундаликка ўхшаган бир қоралама дафтар тутмаган эканман. Хотирада эса ҳамма нарса ҳам бошидан охиригача сақланиб қолавермайди.

Устоз-шогирдлик катта илмнинг туғилишида муҳим ўрин тутади. Бу анъаналар юртимизда минг йиллик тарихга эга десак, адашмаган бўламиз. Устозингиздан ҳар куни, ҳар сонияда ниманидир ўрганасиз. Ҳатто қадимда ҳам ҳунармандликми, заргарликми, илм соҳасими ўзининг ёзилмаган қоидалари бўлган. Уларни фақат устозлар орқали ўрганиш мумкин.

Бугунги кунда юртимиз илм аҳлида ҳам “устоз-шогирд” анъаналари мавжуд. Масалан, ёш тадқиқотчи аспирантурага ўқишга кирганида, шу соҳадаги йирик олимлардан бирига бириктириб қўйилади. Худди шу жойда масаланинг бошқа жиҳати ҳам кўриниб қолади. Илгари “аспирантура”, “докторантура” атамалари бор эди. Ҳозир аспирантура ўрнига таянч докторантура деб аталмоқда. Кимдир математика фанидан диссертация ёқласа “математика фанлари бўйича фалсафа доктори”, филология бўлса, “филология фанлари бўйича фалсафа доктори” дейиляпти. Шуларни ўз ўрнига қўйиб фан номзоди, фан доктори десак, кимга ҳалақит беради? Янгича атамалар бир жиҳатдан тилга, бошқа жиҳатдан йиллар давомида шаклланган “устоз-шогирд” анъаналарига зуғум бўлди. Илгари олимлар, “менинг шогирдим”, “менинг аспирантим” дерди, энди “бу менинг таянч докторим” демайди-ку? Сўзлардан кўра моҳиятга кўпроқ эътибор қаратилганида эди сўзлар ҳам ўз ўрнида қўлланиларди. Ана шунда тилга ҳам, анъаналарга ҳам зиён етмайди.

Жаҳон стандартлари иборасини кўп қўллаймиз. Хўш, жаҳон стандарти ўзи нима? Ўзбекнинг ўз стандарти йўқми? Тўғри, хориж тажрибасини ўрганиш ҳам керак, лекин сажда қилиш даражасида эмас.

Устоз-шогирдлик анъанасига келсак, уни ривожлантириш, янгича усулларда олиб бориш лозим. Чунки устоз йиллар давомида эгаллаган билимларини китоблари, илмий ишларида баён қилса, ўзаро суҳбатларда ундан-да кўп нарсани шогирдига ўргатади. Бир неча йилдан сўнг бу шогирднинг ўзи устоз даражасига кўтарилади. Шахсий намуна кучи эса ҳамма нарсадан устун туради. Шогирдлар ҳам унга ихлос қилади.

Мактабда ўқиб юрган давримда бобом менга “яхши ўқисанг, Иброҳим Мўминовдек бўласан”, дерди. У пайтда Иброҳим Мўминов ким, нима иш қилади, нега бобом унга ўхшашимни хоҳлаётганини тушунмас эдим. Кейинчалик билсам, Иброҳим Мўминов мен туғилиб, вояга етган тумандан чиққан катта олим экан. Орадан вақт ўтиб, бобомнинг тилаги ижобат бўлди. 1961 йилда Фанлар академиясига келиб, у киши билан кўришиш шарафига муяссар бўлдим. Мана шунинг ўзи яхши одамларга, катта олимлар, шоирларга тақлид қилиш, улардан ўрнак олишнинг аҳамияти катта эканини англатиб турибди.

— Фольклоршунослик соҳаси билан шуғулланиш, унда тадқиқотлар олиб бориш ҳар кимнинг ҳам ўй-ҳаёлига келмайди. Сиз бу соҳани қандай танладингиз?

— Ҳар бир олимнинг у ёки бу фан соҳасига келишининг ўзига хос сабаблари мавжуд. Мен ёшлигимда кўп эртак, достонлар ўқиганман. Олий ўқув юртида таҳсил олаётганимизда фольклор бугунги даражада ўқитилмаган. Ўқишни битириб иш фаолиятимни Сурхондарёда бошладим. У ерда ўзим қизиққаним учун кўплаб бахшилардан термалар ёзиб олганман. Лекин Тошкентга келишимда фольклоршунос эмас, тил ва адабиёт мутахассиси бўлишни ўйлаганман. Шунинг учун ҳам уч дафтар қилиб исмлар ҳақида маълумот тўплаган эдим. Негаки, Сурхондарёда бошқа, Бухорода бошқа, Тошкентда бошқача исмларни эшитардим. У пайтда исмлар нега бундай қўйилиши менга қизиқ эди. Кейинчалик билсам, бу ҳам халқнинг урф-одати, анъанаси, маросимлари билан боғлиқ экан.

Институтда ўша вақтда Суюма Ғаниева илмий котиб эди. “Тил ва адабиётни қўйинг, исмлар ҳақида маълумот тўплабсиз, шунинг ўзи — фольк­лор. Халқ оғзаки ижоди йўналишига ҳужжат топширинг”, деб қолди у киши. Шу билан уч ой давомида фольклоршунослик йўналишига кириш учун тайёргарлик кўрдим. Суюма Ғаниеванинг ўша гапи ва ундан кейин Ҳоди Зарифдек инсон билан учрашганимдан сўнг фольклоршуносга айландим. Шунинг учун кишининг у ёки бу соҳани танлашига ҳаётининг маълум дақиқаларида рўй берган кичик воқеа ҳам сабаб бўлишига ишонаман.

— Бизда халқ оғзаки ижоди гўё яратиб бўлинган, энди биз ўша асарларни ўрганишимиз керак, холос, деган қараш мавжуд. Ҳолбуки, аслида фольклор бугун ҳам яратилмоқда. Токи халқ, миллат бор экан, унинг оғзаки ижоди тўхтамайди. Шундай бўлгач, бугун яратилаётган қайси қўшиқ ёки эртакларни фольклор, халқ оғзаки ижоди мероси сифатида келтира оламиз. Уларни асраб-авайлаб, келажак авлодларга етказишда нималарга эътибор бериш лозим?

— Ҳар бир даврнинг ўз фольклори бор. Масалан, қўшиқлар, мақоллар, латифалар каби бир қатор жанрларда халқ оғзаки ижоди намуналари бугун ҳам яратилмоқда, уларни халқ куйлаб келмоқда. Чунки халқ донишмандлиги ўлмайди. Бу жараёнда фольклоршунослар олдида янги даврда яратилаётган фольклор намуналарини ёзиб олиш вазифаси турибди.

Бугунги кунда достон ижрочилиги асосан Сурхондарёда сақланиб қолган. Бу анъана кейинги асрларга ҳам етиб боришига шубҳа йўқ. Чунки Президентимиз Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан достончилик мактаблари ташкил этилди. Уларда ёш авлод бахшичилик сир-асрорларини ўрганади, халқ достонларини ёд олади. Лекин халқ оғзаки ижоди наъмуналарини яратиш бугунги кунда бироз сусайган ёки бошқача шаклда намоён бўлмоқда. Бу — табиий, албатта. Негаки, биргина мақол ёки тўртлик яратилиши учун ҳам узоқ йиллар керак бўлади. Шунингдек, мавжуд тўртликларнинг шакли сақланган ҳолда мазмунига ўзгартириш киритилиши ҳам мумкин. Буни бирор олим ёки қўшиқчи эмас, халқнинг ўзи амалга оширади. Шунинг учун ҳам фольклор — халқ донишмандлиги, дейилади. Фикримни бир тўртликнинг йиллар давомида ўзгариб боргани мисолида исботламоқчиман. Аслида тўртлик қуйидагича бўлган:

Сув оқару, сув оқар,
Сув тагида қум оқар.
Суйганим ташлаб кетса,
Менга кулиб, ким боқар?

Биринчи жаҳон уруши даврида заминимиздан одамлар уруш ортида меҳнат қилиш учун мардикорликка олиб кетилган. Бундан қаттиқ азият чеккан халқ ўз дардини қуйидагича ифодалаган:

Сув оқару, сув оқар,
Сув тагида қум оқар.
Урушга кетганларнинг
Боласини ким боқар?

Ундан кейин замон ўзгарди, яхши ишлаганлар рағбатлантирилди ва ҳоказо… Шунда бу қўшиқ қуйидагича ўзгарган экан:

Сув оқару, сув оқар,
Сув тагида қум оқар.
Яхши меҳнат қилганлар
Кўксига олтин тақар.

Келинглар, сизларга энг янги халқ оғзаки ижоди намунасидан айтай. Кўчада юрганингизда машиналарга, автобус бекатларига “Йўл қоидаси — умр фойдаси”, деб ёзилганига гувоҳ бўлгансиз. Бу ибора XIX асрда юзага келиши мумкин эмасди. У бугун халқ тилига кириб кетди ва мақолга айланди. Ҳозир бир эмас, юзлаб, минглаб одамлар шу иборани “эҳтиёт бўл” маъносида бир-бирига айтади. Бу — бир мисол, холос. Лекин ҳар куни халқимиз нимадир тўқийди, ижод қилади.

Халқ оғзаки ижодини ёшларга ўқитиш масаласига келсак, мактаб ўқувчилари учун дарслик­ларда фольклор намуналари тўғри ва тизимли танланган, деб айта оламиз. Бошланғич синфларда мақол, топишмоқ, масал ва эртаклар. Катта синфларга ўтилганида “Алпомиш”, “Кунтуғмиш”, “Равшан” достонлари ўргатилади. Олий ўқув юртларида эса фольклорни ўқитиш тизими турлича шаклда олиб борилмоқда. Уларни бир тизимга солиш, талабалар учун янги дарсликлар нашр қилиш лозим. Албатта, дарслик тайёрлаш мушкул вазифа. Лекин айни пайтда, айниқса, филология йўналишида таҳсил олаётган талабалар илмий асосланган маълумотларга эга дарсликларни эмас, ўша университет илмий кенгаши тасдиқлаган ўқув қўлланмаларидан фойдаланмоқда. Афсуски, бу қўлланмаларнинг савияси юқори эмас, устига устак нотўғри маълумотлар ҳам берилган. Шунинг учун янги маълумотлар, асосли фактлар жамланган дарсликлар яратиш бугунги кунда долзарб аҳамият касб этмоқда. Ахир ёшлар — келажагимиз. Халқ оғзаки ижоди эса ёшларимизнинг ўз халқи ва миллати меросига, ота-боболардан қолган урф-одат ва анъаналарга бўлган ҳурматини шакллантиради. Бундан ташқари, бугунги глобаллашув шароитида халқ оғзаки ижоди ёш авлодни миллий менталитетимизга хос тарзда тарбиялашда муҳим ўрин тутади.


“Milliy tiklanish” мухбири
Мухторбек АБДУЛЛАЕВ ёзиб олди


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz