ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


08.11.2018

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллашади

Мустақиллик йилларида  маҳалла ва оила институтлари ўзаро узвий-уйғун ҳолда ривожланмоқда. Бугун мамлакатимизда давлат органларидан холи бўлган фуқароларнинг ўзини ўзи бош­қариш тизими яратилган бўлиб, унга конституциявий мақом берилган.

Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 105-моддасига мувофиқ шаҳарча, қишлоқ ва овулларда, шунинг­дек, улар таркибидаги ҳамда шаҳарлардаги маҳаллаларда фуқароларнинг йиғинлари ўзини ўзи бошқариш органлари сифатида белгиланган. Бундай ўзини ўзи бошқариш органига раҳбар юқоридан тайинланмайди, балки ҳаётий тажрибага ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга фуқаролар орасидан сайланади. Шундай экан, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловининг очиқ ва ошкора ўтиши, унда сайловчилар хоҳиш-иродасини тўлиқ намоён этиши учун зарур шароитларнинг яратилиши муҳим аҳамият касб этади.

Бугунги кунга қадар мазкур соҳадаги сайловни ташкил этиш ва ўтказиш “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва уларнинг маслаҳатчилари сайлови тўғрисида”ги Ўзбекис­тон Республикаси қонунига мувофиқ амалга ошириб келинган.

Таъкидлаш жоиз, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини “Фаол тадбиркорлик, инновацион ғоялар ва технологияларни қўллаб-қувватлаш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастурининг 42-бандида фуқаролар йиғини раиси ва унинг маслаҳатчилари сайлови жараёнини такомиллаштиришга қаратилган қонун лойиҳасини ишлаб чиқиш белгиланган.

Шунга мувофиқ, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги ҳамда “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекис­тон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳаларини ишлаб чиқиб, парламент қуйи палатасига киритди. Парламент қизғин муҳокамалардан сўнг юқорида келтирилган қонун лойиҳаларини қабул қилди. Президентимиз шу йилнинг 15 октябрь куни мазкур қонунни имзолади ва у кучга кирди.

Хўш, ушбу соҳада янги қонунни қабул қилишнинг қандай зарурати бор эди?

Аввало, олдинги қонунга мувофиқ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда унинг маслаҳатчиси ҳам сайланган. Маълумки, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) маслаҳатчилари бир вақтнинг ўзида фуқаролар йиғини фаолиятининг асосий йўналишлари бўйича комиссияларига ҳам раҳбарлик қилади. Ушбу комиссиялар раис (оқсоқол) сайлови натижалари бўйича бир ой ичида сайланади. Бундан кўринадики, одатдагидек дастлаб жамоавий органнинг барча аъзосини, ундан сўнг улар орасидан раисни сайлаш ўрнига, бунинг тес­кариси, яъни дастлаб комиссиялар раислари, кейинчалик эса комиссия аъзолари сайлаб келинган. Қолаверса, маслаҳатчиларнинг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда сайланиши раис (оқсоқол)нинг фуқаролар йиғини органларини шакл­лантиришдаги роли ва иштирокини сусайтиради.

Яна бир жиҳат: олдинги қонунга мувофиқ фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати 2,5 йил бўлиб, бу муддат уларга ўз билим ва бошқарув қобилиятларини тўлиқ намоён этишга имконият яратмади. Қолаверса, ваколат муддати масаласида яхлит рақамнинг йўқлиги халқаро тажрибага мос келмайди ҳамда сайловларни ҳар доим аниқ бир вақтда ўтказиш имконини бермайди.

Мамлакатимизда шаклланган амалиётга кўра фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) ва унинг маслаҳатчилари фуқаролар йиғини эмас, балки фуқаролар вакилларининг йиғилиши орқали сайланади. Бунда муқаддам сайловчилар номидан атиги 50-80 нафар вакил овоз берар эди. Масалан, 2016 йилда ўтказилган сайловда фуқароларнинг 744 нафар вакили сайланган. Улар 21,2 миллион сайловчи номидан овоз берган бўлиб, бу сайловчиларнинг 3,5 фоизини ташкил этган (ҳар бир фуқаролар йиғинида ўртача 76 нафар).

Аҳолининг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзод, сайловни ўтказиш вақти ва жойи ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлмай қолиши ҳолати тез-тез учраб турарди. Яъни фуқаролар сайлов жараёни ҳақида ўз вақтида зарур ахборот ололмайди.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови кўп ҳолларда очиқ овоз бериш йўли билан ўтказиб келинган. Бу эса фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришлари учун зарур имконият яратмайди.

Мазкур сайловни ташкил этиш ва ўтказиш Олий Мажлис Сенати Кенгашининг фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) ва уларнинг маслаҳатчилари сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи комиссиясига юклатилган эди. Мазкур комиссия фақат сайловни ташкил этиш ҳамда ўтказиш даврига (2-3 ойга) тузилиши сабабли амалиётда бўшаб қоладиган ўринларга ўтказиладиган сайлов ягона мувофиқлаштирувчи органсиз қолиб кетган.

Маҳаллий ўзини ўзи бошқариш бўйича Европа хартиясига мувофиқ (Страсбург, 15 октябрь 1985 йил), “маҳаллий бошқариш” деганда, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш органларининг қонун доирасида, ўзининг жавобгарлиги остида ҳамда маҳаллий аҳоли манфаатларини кўзлаб жамоат ишларини белгилаш, уларни бошқариш ҳуқуқи ва қобилияти тушунилади. Ушбу ҳуқуққа эга кенгашлар ва йиғинлар эркин, тенг, тўғридан-тўғри, умумий ва яширин овоз бериш орқали сайланадиган аъзолардан иборат бўлади.

Хорижий мамлакатларнинг муниципал кенгашлари турли ваколат муддатига эга. Хусусан, маҳаллий ўзини ўзи бошқариш вакиллик органларининг ваколат мудати: Боливия ва Мексикада 2 йилни, Эстония ва Янги Зеландияда 3 йилни, Дания, Норвегия, Польша ва Японияда 4 йилни, Италия, Кипр, Туркия ва Украинада 5 йилни, Бельгия ва Францияда 6 йилни ташкил этади. Шундай мамлакатлар борки, уларнинг турли маъмурий ҳудудий тузилмаларида муниципал кенгашларни ташкил этиш даврийлиги турлича бўлиб, ўзаро бир-биридан фарқ қилади. Жумладан, Авс­трияда муниципал кенгаш 4-6 йилга, Германияда 4 ёки 5 йилга, АҚШда эса 2, 3 ёки 4 йилга сайланади.

Юқорида санаб ўтилган ҳолатлардан келиб чиқиб, янги “Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайлови тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси  қонуни қабул қилинди. Мазкур қонун қабул қилиниши билан қуйидаги янги қоидалар киритилди: авваламбор, маслаҳатчиларнинг фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) билан бир вақтда сайланишининг олдини олиш мақсадида қонунчиликда ишлатилган “фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)” сўзларидан кейин “ва уларнинг маслаҳатчилари” деган сўзлар чиқариб ташланди. Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли)нинг ваколат муддати икки ярим йилдан 3 йилга узайтирилди.

Сайловда кўпроқ фуқароларнинг иштирокини таъминлаш мақсадида ҳовлилар, уйлар, кўчалардан фуқаролар вакиллигининг энг кам миқдори белгиланди. Бунда ҳар бир ҳудуднинг аҳоли сони инобатга олинди. Масалан, Навоий вилояти Учқудуқ туманининг “Кўкаяз” фуқаролар йиғинида атиги 79 нафар фуқаро яшаса, Андижон шаҳрининг Обод  маҳалласида 12 мингдан ортиқ аҳоли истиқомат қилади. Шу муносабат билан ҳар бир ҳудуд­га нисбатан дифференциялашган квотани таъминлаш мақсадида фуқаролар вакиллигининг энг кам миқдори фоизда белгиланди. Жумладан, фуқаролар вакиллигининг энг кам миқдори сайловда иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлган фуқароларнинг 12 фоизидан кам бўлмаслиги тартиби ўрнатилди. Масалан, фуқаролар йиғинида ўртача 2 минг 350 нафар сайловчи яшаса, уларнинг номидан 283 нафар вакилнинг иштироки таъминланади.

Янги қонун билан фуқаролар вакилларига нисбатан талаблар ўрнатилди. Хусусан, қоида тариқасида ташкилотчилик қобилиятига, ҳаётий тажриба ва аҳоли ўртасида обрў-эътиборга эга бўлган фуқаролар вакил бўлишлари мумкин.

Фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар фуқаролар вакиллари ёхуд уларнинг яқин қариндошлари орасидан кўрсатилган тақдирда, улар фуқаролар вакиллари таркибидан чиқарилади.

Энди сайловни ташкил этиш ва ўтказиш масаласи билан Олий Мажлис Сенати Кенгашининг комиссияси эмас, балки Сенат Кенгаши тузадиган фуқаролар йиғинлари раислари (оқсоқоллари) сайловини ташкил этиш ҳамда ўтказишга кўмаклашувчи рес­публика комиссияси шуғулланади. Унинг таркибига Фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича республика кенгаши вакилларининг киритилиши шарт қилиб қўйилди. Қолаверса, республика комиссияси таркибига Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари, давлат органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари, илмий ва бошқа ташкилотларнинг вакиллари киритилиши мумкинлиги белгиланди.

Фуқароларнинг ўз хоҳиш-иродасини эркин билдиришларига таъсир кўрсатмаслик мақсадида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловларида яширин овоз бериш тизими ўрнатилди. Шунингдек, сайлов жараёнининг очиқлиги ва шаффофлигини таъминлаш мақсадида фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) сайловини ташкил этиш ва ўтказиш, фуқаролар йиғини (вакиллар йиғилиши) ўтказиладиган сана, вақт ва жой, фуқаролар йиғини раиси (оқсоқоли) лавозимига номзодлар тўғрисидаги ахборотни Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳар фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бўйича кенгашларнинг расмий веб-сайтларига жойлаштирилади.

Янги қонунда акс этган қоидаларни амалиётга тўлиқ татбиқ этиш ҳамда сайловни аҳоли учун қулай бўлган вақт, яъни баҳор фаслида ўтказиш мақсадида навбатдаги сайловни 2019 йилнинг май ойида ўтказиш белгиланди. Бунда амалдаги фуқаролар йиғини раислари (оқсоқоллари) ва улар маслаҳатчиларининг ваколат муддати навбатдаги сайловга қадар узайтирилади.

Бир сўз билан айтганда, мазкур қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига сайлов жараёнининг очиқлигини таъминлашга, фуқаролар йиғинининг кадр­лар салоҳияти ва маҳалла институтининг жамиятдаги ролини оширишга хизмат қилади. Бу эса, ўз навбатида, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг дастурий вазифалари, мақсад ва ғоялари билан муштаракдир. Яъни партия фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мустақиллигини кучайтириш, фаолияти самарадорлигини ошириш тарафдори сифатида ушбу институтга бўладиган сайловнинг замон талабларига мос, очиқ ва шаффоф ўтишини қўллаб-қувватлайди.


Жаҳонгир  ШИРИНОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz