ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш кучайтирилмоқда 16.05.2018

Фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоялаш кучайтирилмоқда

Бугунги кунда мамлакатимизда амалга оширилаётган барча ислоҳотлар, мамлакат ҳаётига оид қабул қилинаётган қарорлар халқ билан маслаҳатлашиб, бевосита мулоқот асосида қабул қилинмоқда. 

Халқимиз манфаатларини ҳисобга олиб, ижтимоий адолатни таъминлаш бўйича энг муҳим институт бўлган суд-ҳуқуқ соҳасида, прокуратура ва ички ишлар органлари тизимида кенг кўламли ислоҳотлар амалга оширилди. 

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 14 май куни қабул қилинган “Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилиги тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарори ҳам суд-тергов амалиёти таҳлили, халқ билан бевосита мулоқот натижалари асосида қабул қилинган бўлиб, бу йўналишдаги ислоҳотларнинг мантиқий давоми ҳисобланади.

Жиноят ва жиноят процессуал қонунчилиги тизимидаги фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини самарали ҳимоя қилиш, жиноят ишлари бўйича судгача ва суд жараёнида қонунийликни таъминлашга тўсқинлик қилувчи ҳуқуқий бўшлиқларнинг мавжудлиги, алоҳида турдаги жиноятларни содир этганлик учун санкциялар қилмишларнинг ижтимоий хавфлилик хусусияти ва даражасига номувофиқлиги, жумладан, жазонинг муқобил турлари, рағбатлантирувчи нормалар ва жамоат таъсир чоралари етарли даражада қўлланилмаслиги ва самарасизлиги қарорда алоҳида таъкидланган.

Шунингдек, тезкор-тергов тадбирларини ўтказиш сифатининг қониқарсизлиги ва процессуал қонунчилик талабларини бузган ҳолда олинган маълумотлардан далил сифатида фойдаланилиши, халқаро амалиётда эътироф этилган жиноят-ҳуқуқий институтларнинг етарли даражада имплементация қилинмаганлиги, суд-тергов фаолиятига замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий қилиш жуда паст даражада эканлиги очиқ кўрсатиб ўтилган.

Қарорда мавжуд камчиликлар, амалга оширилаётган ишларга тўсқинлик қилаётган муаммо ва камчиликлар кўрсатиб ўтилиши билан биргаликда бу йўналишда қонунчиликни такомиллаштириш ҳамда бажарилиши лозим бўлган аниқ вазифалар белгиланган. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва жиноят-процессуал қонунчилигини такомиллаштириш концепцияси тасдиқланиб, жиноят қонунчилиги нормаларини унификация қилиш, жиноий жавобгарлик ва жазо тизимини такомиллаштириш, фуқаролар ҳуқуқ ва эркинликлари, жамият ва давлат манфаатларининг таъсирчан ва ишончли муҳофаза қилинишини таъминланишига алоҳида эътибор қаратилган.

Жиноят-процессуал қонунчилиги нормаларини тизимлаштириш ва уйғунлаштириш, жиноят процессида шахснинг ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини ишончли таъминлаш механизмларини такомиллаштириш;
жиноят процессининг янги шакл ва тартиб-таомилларини киритиш лозимлиги қатъий белгилаб қўйилди. 

Жиноят ишлари бўйича иш юритувни электрон шаклда юритиш ва процессуал ҳаракатларни амалга ошириш вақтида суриштирув органларининг прокуратура органлари, судлар ва жазони ижро этиш органлари, шунингдек, бошқа ташкилотлар билан маълумотлар алмашинуви имкониятини берувчи ҳимояланган тизимни, жумладан, ахборот тизимлари ва маълумотлар базаларини интеграция қилиш, жиноят ишлари бўйича статистика юритишни автоматлаштириш орқали жорий қилиш назарда тутилмоқда.

Албатта мазкур қарорнинг қабул қилиниши ва унда белгиланган талабларнинг амалга оширилиши келгусида суд-тергов фаолиятида  фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ишончили ҳимоя қилинишини таъминлашга, суд ва тергов органларининг масъулиятини кучайтиришга, халқимизни ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ва судга бўлган ишончини оширишга хизмат қилади. 

Шерзод ТЎХТАШЕВ,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz