ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


“Грузчик”нинг дардини ким эшитади? ёхуд юк кўтараман, деб бели чиқаётган йигитлар 28.11.2018

“Грузчик”нинг дардини ким эшитади? ёхуд юк кўтараман, деб бели чиқаётган йигитлар


Ўзбек бозор билан тирик деганларидек, кўпчилик қатори дам олиш кунлари рўзғорнинг ғорини тўлдириш мақсадида “Қўйлиқ”қа тушаман. Нарх-навони билиш учун улгуржи бозорни обдон айланаман. Бозорларда ҳамма пул топиш билан оввора. Олувчидан сотувчи кўп. Кузатиб туриб пулини ҳалоллаб топаётганларни ҳам, торозидан уриб, икки дунёси куяётганларни ҳам кўрасиз. Майли, нима бўлганда ҳам ҳар ким ўзи учун ўзи жавоб беради.

Бозорда шундай инсонлар ҳам борки, уларнинг ишини кўриб, беихтиёр “шуларнинг жонига тўзин берсин-да, топгани ҳақиқатан ҳам ҳолол” деб қўясиз. Улар одамлар тили билан айтганда “грузчик”лардир.

Соғлигимизни ўйлаб, баъзан ўн-ўн беш кило картошка ёки пиёзни икки-уч қадам наридаги машинамизгача кўтаргимиз келмай арава ёллаймиз ёки юк кўтарадиган йигитларга мурожаат қиламиз. Тўғри-да, “грузчик”лар ҳам пул топиш илинжида бозорга тушган. Ҳамма ўзининг юкини ўзи кўтариб кетаверса, уларнинг ҳам бола-чақаси бор, тирикчилиги нима бўлади?

Яқинда уч-тўрт нафар “грузчик”лар билан гаплашиб қолдим. Улар журналист эканимни билиб, дарров дардини дастурхон қила кетди.

“Бизнинг ҳам муаммомизни эшитадиганлар бормикан, — дея гап бошлади ўзини Аброр деб таништирган йигит. — Қаранг, бир қоп картошка ёки сабзининг оғирлиги 60-70 кило, баъзан 80 кило ҳам келади. Кун бўйи шунча оғирликдаги юкни бир машинадан туширсак, иккинчисига ортамиз ва меҳнатимизга яраша ҳақ оламиз. Мен топаётган пулимда нолимоқчи эмасман. “Грузчик”ларни қийнаб келаётган муаммо юкнинг ўта даражада оғирлигидир. Наҳот деҳқонлар етиштирган маҳсулотини қоплаётганда унинг оғирлиги ҳақида ўйлаб кўрмаса?! Улар ҳеч қачон шу юкни фарзандига кўтартирмайди-ку! Ахир ўзингизнинг вазнингиздан оғир юкни тинимсиз кўтараверсангиз майиб бўлиб қолишингиз турган гап-ку!”

— Майиб бўлганларни ҳам кўрганмиз, — дея гапга аралашди унинг шериги. — Эҳтиётсизлик оқибатида 70-80 кило юкни кўтаролмай қоп босиб қолиб, оёғи ёки умуртқа поғонаси жиддий шикастланган, ҳатто синганларни ҳам биламиз. Бир пайтлар “грузчик”лик қилиб, ҳозир белини ололмай, оғир ишга ярамай қолган ярим ногирон танишларим ҳам бор. Кўпчилигимиз “грижа” деган балога йўлиқамиз. Шуларни ўйлаб, наҳот мен ҳам эртага ногирон бўлиб қолсам дея ўйлаб қўрқиб кетаман. Аммо пул топишим керак, эркакман, рўзғор тебратишим зарур. Бу гапларимни эшитганларнинг кўпчилиги “Сени юк кўтаришга ким мажбур қиляпти, кўтараётган бўлсанг пулини оласан”, дея эътироз билдириши мумкин. Тўғри, мени юк кўтаришга ҳеч ким мажбур қилгани йўқ. Аммо бунча оғирликдаги юкни мен кўтармаган тақдиримда ҳам эртага қайсидир ўзбек йигити кўтаради-ку!”

Суҳбатимизга қўшилган яна бир йигит бу борада қуйидаги фикрларни билдирди:

— Қаранг, бир неча йилдан бунё Эрон, Покистондан ҳам картошка келтириляпти. Қопларнинг оғирлиги кўпи билан 25-40 кило чиқади. Нима, улар ўзбек йигитларини ўйлаб, юкнинг оғирлигини енгилроқ қиладими? Албатта, йўқ! Яқинда бир хорижлик тадбиркордан шу ҳақда сўрадим. Жуда кўп давлатларда қопларнинг оғирлигини 40-50 килодан ортиқ қилиш қонунан тақиқланган, катта қопларни ишлаб чиқаришга эса умуман рухсат йўқ экан. Ҳатто қўшни давлатлар — Қозоғистон, Тожикистон ёки Қирғизистондан келаётган юкларнинг оғирлиги ҳам 50 килодан юқори эмас. Қачон бизнинг деҳқонларимиз бу борада инсофга келади?! Нафс балосига йўлиққан айрим деҳқонлар пулини иқтисод қилиш мақсадида иккита қопнинг юкини бир қопга тиқади. 70-80 кило юкни кўтариб, майиб бўлаётган йигитлар ҳақида ўйлаймайди ҳам.

Кўплаб хорижий давлатларда 50 килодан ортиқ юк сиғадиган қопларни ишлаб чиқариш таъқиқлангани ёки қопга шунча миқдордан ортиқ юк солиш мумкин эмаслигини тасдиқловчи қонун-қоидалар мавжудлиги ҳақида эшитгандим. Ўзбекистонда ҳам шундай ҳуқуқий-меъёрий ҳужжатлар қабул қилинганми?

Бунга аниқлик киритиш мақсадида Ўзбекистон стандартлаштириш, метрология ва сертификатлаштириш агентлиги (“O‘zstandart”) билан боғландик ва уларга мақсадимизни тушунтирдик. Агентлик ходимлари бундай талаблар борлигини айтиб, “отангга бор, онангга бор” қабилида иш тутгандек, маълумот олиш учун гоҳ у номерга, гоҳ бу номерга мурожаат қилишимизни айтишди. Берилган ўндан ортиқ телефонга қўнғироқ ҳам қилдик. Интернет хизмати орқали қидиришимиз лозимлигини айтишди. Қидирдик, топгандек бўлдик ҳам. Ўзбек тилига Давлат мақоми берилганига 29 йил бўлганига қарамай, барча маълумотлар рус тилида экан. Қолаверса, бу маълумотларни мутахассис тушунмаса, бизнинг англашимиз қийин бўлди. Агентлик билан яна боғланиб, улардан оддийгина таъриф сўрадик. Якунда эса бундай маълумотлар худди “давлат сири”дек бизга тақдим қилолмади.  

Шундан сўнг Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги билан боғландик. Улардан ҳам маълумот олишимиз қийин бўлди ва бу борада Соғлиқни сақлаш вазирлигига қўнғироқ қилишимиз кераклигини айтишди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги билан алоқага чиқдик. Бошқа давлат ташкилотларида бўлгани каби, бу ерда ҳам у телефондан бу телефон рақамга қўнғироқ қилиб, чарчадик. Улар ҳам биздан чарчадими, ахийри қўнғироғимизга жавоб бермай ҳам қўйишди. Ниҳоят интернетдан Ўзбекистон Республикаси Бош Давлат санитария врачи томонидан тасдиқланган Ўзбекистон Республикасида санитария нормалари, қоида ва гигиеник нормалар бўйича норматив ҳужжат қабул қилинганини топдик. Ҳужжатда иш жараёни, масофанинг узоқ-яқинлигини эътиборга олиб, эркак ва аёл хизматчилар неча килогача юк кўтариш мумкинлиги бўйича нормалар баён қилинган экан.

“O‘zstandart”да бўлгани каби, бу ерда ҳам норматив ҳужжатлар рус тилида. Вазирликдан биз излаган ҳужжатнинг ўзбек тилидаги вариантини сўраганимизда, улар фақат рус тилида қабул қилинганини айтишди. Юқорида таъкидлаганимиздек, Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳам Она тилимизга давлат тили мақоми берилганига яқинда 30 йил тўлишини унутган кўринади.

Мутахассислардан бу ҳақда аниқ маълумот ололмагач норматив ҳужжатни ўзимизча таҳлил қилдик. Ҳужжатда кўрсатилишича, иш жараёнида хизматчи эркаклар учун 15 килодан 30 килогача, аёллар учун эса 5 килодан 9 килогача кўтаришга рухсат берилган. Фақат бу жараён бир соатда икки маротабагача амалга оширилиши мумкин. Ундан ортиғи эса соғлиқ учун ўта хавфли экани таъкидланган. Шунингдек, юк кўтариш жараёни узлуксиз кун бўйи давом этадиган бўлса, эркаклар учун 5-15, аёллар учун эса 3-6 килогача кўтаришга рухсат берилган. Ортиғи эса...

Хуллас, мамлакатимизда ҳам бу борада норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилинган. Аммо ижросига келганда... менимча, ҳеч иш қилинмаяпти. Умуман, бунинг ижроси билан қайси ташкилот шуғулланади, жавоб берадиган бирон масъул идора борми?

Албатта, кўтарган мавзумиз ижтимоий-иқтисодий муаммолар ичида унчалик ҳам долзарб аҳамият касб этмаслиги мумкин. Аммо оғир юк кўтариб, айрим алпқомат йигитларимизнинг ногирон бўлиб қолиш даражасигача бориб қолаётганини эътиборга олсак, тегишли идоралар бу муаммога ҳам жиддий, ҳа-ҳа ўта жиддий эътибор қаратиши лозим. Чунки мамлакатимизда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар, халқимиз турмуш шароитини янада яхшилашга қаратилган изчил чора-тадбирлардан асосий кўзланган мақсад аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш, соғлом миллат, баркамол авлодни тарбиялаш, юртимиздан соғлом турмуш тарзини қарор топтиришдир.



Равшан Маҳмудов,

журналист


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz