ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Илм-фанга инновацион ёндашув —  миллий юксалишнинг асоси 25.05.2019

Илм-фанга инновацион ёндашув — миллий юксалишнинг асоси

Сўнгги йилларда мамлакатимизда илмий-тадқиқот фаолияти самарадорлигини ошириш, илм-фан ютуқлари, инновацион ишланмаларни ишлаб чиқаришга кенг татбиқ қилиш, ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, жамиятни ҳар жиҳатдан янгилашда фаннинг ролини кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Илмий ва инновацион фаолиятни қўллаб-қувватлаш, кадрлар тайёрлаш тизимини тубдан ислоҳ қилиш бўйича тизимли ишлар амалга оширилмоқда ва бу давлат сиёсати даражасига кўтарилди.

Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг куни кеча Олмазор туманига ташрифи доирасида Ўзбекистон Миллий университетида Олий таълим ва илмий-тадқиқот муассасалари раҳбарлари, академиклар, олимлар, ёш мутахассислар билан учрашувда илм-фан тараққиёти ва бу соҳада ходимлар фаолияти билан боғлиқ тўпланиб қолган муммолар рўй-рост очиб ташланди. Давлатимиз раҳбари уларни тезроқ бартараф этиш бўйича бир неча таклифларни илгари сурди, олимларнинг, ёш тадқиқотчиларнинг фикр-мулоҳазаларини тинглади.

Албатта, ушбу соҳада фаолият кўрсатаётган олимлар, тадқиқотчилар, ёш мутахассисларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилмай туриб, илм-фанда юқори натижаларга эришиб бўлмайди. Шу жиҳатдан қараганда, сўнгги йилларда соҳа мутахассислари изчил рағбатлантирилиб келинмоқда. Илмий ходимларнинг ойлик маоши ўтган йилнинг 1 сентябридан ўртача 25 фоизга, жорий йил 1 январдан 20 фоизга оширилган эди, 1 июлдан эса яна 25 фоизга кўтарилади. Бу амалий чораларнинг мантиқий давоми сифатида жорий йил 1 сентябрдан барча давлат ташкилотларида илмий-педагогик фаолият билан шуғулланаётган, таълим ва илм-фан соҳасида хизмат қилаётган фан номзодларининг ойлик маошига 30 фоиз, фан докторлари учун эса 60 фоиз устама ҳақ белгиланадиган бўлди.

Давлатимиз раҳбари импорт ўрнини босадиган ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган илмий ишланмаларни кўпайтириш, соҳадаги ҳар бир ташкилотда илмий маҳсулотларни бозорбоп қиладиган маркетинг тизимини ташкил қилиш зарурлигини таъкидлади. Илмий муассасаларни келгуси йилдан тўғридан-тўғри давлат бюджетидан молиялаштиришга ўтказиш таклифи олимлар томонидан қизғин қўллаб-қувватланди.

Бу бежизга эмас. Чунки шу пайтгача илмий тадқиқот муассасаларини давлат бюджетидан молиялаштириш тўхтатилган эди. Ҳамма ўз билганича иш қилди. Илмий изланишлар, лойиҳалар фақат чет эл грантлари асосида молиялаштирилди, холос. Натижада ишлаб чиқариш тизими илмий ёндашувдан узоқлашди. Мавжуд имкониятлардан тўғри фодаланмаслигимиз оқибатида четдан янада кўпроқ маҳсулот сотиб ола бошладик.

Масалан, бугун хориждан мамлакатимизга 15 миллиард АҚШ доллари миқдоридаги товарлар импорт қилинмоқда. Биргина, қоғозга 500 миллион АҚШ доллари, заргарлик буюмларига эса 570 миллион АҚШ доллари харажат қилаяпмиз. Аслида қадимда Самарқандда энг сифатли қоғоз тайёрланган ва буни бошқа халқлар биздан ўргангани тарихдан маълум-ку! Заргарлик маҳсулотларини тайёрлашда эса бизнинг уста-ҳунармандларимизга тенг келадигани бўлмаган. Йиллар давомида илмий салоҳиятни оширишга эътибор қаратилмагани, соҳада инновацион ёндашувнинг йўқлиги, мотивациянинг етишмаслиги, илмий изланишнинг рағбатлантирилмагани, бефарқлик ва лоқайдлик натижасида шундай аҳволга келиб қолдик.

Президентимиз соҳа вакиллари билан бўлган учрашувда бундай мисолларни афсус билан келтирди. Янги фикр ва янги ғояга, инновацияга таянган давлат ҳар доим олдинда юриб, ривожланиши, шунинг учун, импорт ўрнини босадиган ва ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштиришга қаратилган илмий ишланмаларни кўпайтиришимиз зарурлиги, энг муҳими, ишланмалар маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни қизиқтириши ҳамда харидоргир бўлиши зарурлигини таъкидлади.

Давлатимиз раҳбари мамлакатимизни инновацион ривожлантириш орқали 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаши бўйича кенг кўламли ишлар амалга оширилаётганини маълум қилди.

Учрашувда Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети илмий-педагогик фаолият ва кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштиришга оид режалар тақдимоти ҳам ўтказилди. Беш йиллик комплекс дастур ишлаб чиқиб, университет фаолиятини ривожлантириш ва унинг халқаро рейтингларда муносиб ўрин эгаллашини таъминлаш бўйича топшириқлар берилди. Университет ҳузуридаги лицейни табиий ва аниқ фанларга ихтисослаштириш, етук мутахассисларга эҳтиёж ортиб бораётганини инобатга олиб, янги факультетлар ташкил этиш зарурлиги таъкидланди. Бунинг учун 6 миллион АҚШ доллари миқдорида маблағ ажратиладиган бўлди.

Археология соҳасини янада ривожлантиришга ҳам учрашувда алоҳида эътибор қаратилди. Бу соҳани тараққий эттириш бўйича алоҳида давлат дастурини қабул қилиш бўйича мутасаддиларга топшириқлар берилди. Археологик топилмаларни аниқлаш лабораторияси учун эса 2 миллион АҚШ доллари ажратиладиган бўлди. Ажабланарли томони, шу кунга қадар мамлакатимиздаги археологик топилмалар илмий ўрганиш ва тадқиқ этиш учун Францияга юборилар, бунинг учун катта маблағ сарфланар эди.

Изланувчан олимларни рағбатлантириш мақсадида илмий ишланма яратган тадқиқотчига докторлик ва уни амалиётга татбиқ этган изланувчига таянч докторлик илмий даражасини берадиган бинар (иккиталик) ҳимоя тизимини жорий қилиш, бюджет маблағлари ҳисобидан стажёр-тадқиқотчилар институтини ҳамда юртимиз биологик хилма-хиллигини ўрганадиган дала-тажриба станциялари ташкил этиш тавсия қилинди.

Давлатимиз раҳбари учрашувда таъкидлаганларидек, илм-фанни ривожлантиришда фидоийлик етишмаяпти, катализаторлар йўқ. Бунинг натижасида илмий салоҳиятда, онгимизда ўзгариш бўлмаяпти.

Учрашувда Президентимиз Ўзбекистон Миллий университети математика факультети 4-босқич талабаси, математика бўйича ўтказилган халқаро олимпиадаларда 4 олтин, битта кумуш ва бронза медалини қўлга киритган Сардор Бозорбоевга автомашина совға қилди.

Буларнинг барчаси ёшларнинг илмий фаолиятга бўлган қизиқишини оширади, илм-фан билан шуғулланаётганлар сафини янада кенгайтиради. Зеро, айни дамда мамлакатимизда ёшларнинг олий таълимга қамрови атиги 9 фоизни ташкил этиши, бу кўрсаткич қўшни давлатларда 60 фоиз эканлиги давлатимиз раҳбари томонидан кўтарилаётган масаланинг нақадар муҳим эканлигини кўрсатади.

Албатта, мамлакатимизда илм-фан, таълим тизимини ривожлантиришга катта эътибор қаратилмоқда ва амалга оширилаётган ўзгаришлар, соҳадаги тикланишлар миллий юксалишга асос бўлиб хизмат қилади.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасида таълим жараёнига замонавий истиқболли илм-фан ютуқларини жорий этиш, мамлакатимизда илм-фанни янада ривожлантириш, илмий фаолиятга истеъдодли, қобилятли ёшларни жалб этиш вазифалари устувор этиб белгиланган.

Шундан келиб чиққан ҳолда, “Миллий тикланиш” демократик партияси фаоллари, барча даражадаги депутатлар Ўзбекистонни 2030 йилга қадар Глобал инновация индексида илғор 50 мамлакат қаторидан жой эгаллаши учун Президент Шавкат Мирзиёев томонидан илм-фанни ривожлантириш, унинг ишлаб чиқариш билан интеграциялашув жараёнини тезлаштириш борасида билдирган фикрлари, белгилаб берган вазифаларини нафақат қўллаб-қувватлайди, балки уларнинг ижросини тўла таъминлаш, амалиётга татбиқ этишда фаол иштирок этади.



ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ахборот хизмати

 

 


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz