ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Қирқ қиз қалъаси қирқ бўлакка бўлиниш арафасида 02.10.2018

Қирқ қиз қалъаси қирқ бўлакка бўлиниш арафасида

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши томонидан жойларда моддий маданий мерос объектларини тўлиқ инвентаризация қилиш, уларни муҳофаза қилиш ва уларнинг ҳозирги кундаги ҳолатини ўрганиш мақсадида тузилган ишчи гуруҳнинг навбатдаги манзили Термиз туманидаги Қирқ қиз қалъаси бўлди.

Қирққиз қалъасида олиб борган ўрганишларда қалъанинг жуда хароб аҳволга келиб қолганлигининг гувоҳи бўлинди. Деворларнинг емирилиб кетиши, қалъанинг ўз ҳолатини йўқолишига сабаб бўлган. Минг афсуски, бу ҳолатга ҳалигача бефарқ қараб келинмоқда. Гўёки қалъанинг қирқ бўлакка бўлинишини томоша қилаётган томошабинга ўхшаб.

Қирқ қиз қалъаси нима мақсадда  қурилганлиги ҳақида маълумот йўқ. Ўрта асрдларда Термиз шаҳрининг ташқарисида жойлашганлиги қалъа шаҳар ташқарисидаги қўрғон вазифасини ўтаганлигини кўрсатади. Хўш, қалъада кимлар яшаган? Нега Қирқ қиз қалъаси деб номланган?

Араблар Ўрта Осиёга бостириб келганларидан сўнг кўпгина халқ қўзғалонлари бўлиб ўтади. Самарқандда Рофеъ Ибн Лайс бошчилигидаги 809-йилги қўзғолонни бостиришда берган ёрдами учун Бағдод халифаси томонидан йирик ер эгаси Абдуллоҳ Сомонхудатнинг неваралари (Асад Ибн Абдуллоҳнинг ўгиллари)га Моварауннаҳрнинг энг муҳим вилоятларини идора қилиш ҳуқуқи берилган. Улар Амударёнинг ўнг соҳилидаги Чағанруд (Сурхондарё)дан Талитоғора бош сув иншооти орқали Кушон Термизи (Қоратепа) томон йўналтирилган каналнинг бошланиш қисмидаги серунум ерларни қўлга киритишга муяссар бўлади.

Асад Сомон томонидан бу ерда боғлар барпо этилади, қароргоҳ қурилади. “Қирқ қиз” қалъаси ҳам шу даврда қурилади. Бу шаҳарга Асад асос солганлиги учун “Шаҳри Сомон” деб аталган. Буни эски Термизнинг маҳаллий тилида “Сомони – хона” – Сомонийларнинг уй саройи деб аталган. Токи ХХ асргача бу ер Шаҳри Сомон деб атаб келинган. Чингизхон келтирган талафотдан сўнг Шаҳри Сомон қад кўтармади. Ундан Қирқ қиз қалъаси вайроналари қолди, холос.

Қирқ қиз қалъаси ўрта аср Термизи деворидан ташқарида, унинг шимоли – шарқида, ХIХ асргача Шаҳри Сомон деган жойда IХ асрда қурилган. Сарой тўридаги бу қадимий йирик, қўрғон катта мулк эгасининг қароргоҳи бўлган. Шаҳри Сомонда душман ҳужумини қайтарган Гулойим исмли қиз ва қирқта дугонаси шу ерда яшаган. Ривоят қилинишича, Қирқ қизнинг диний ва дунёвий билимларни чуқур эгаллаган, авлиё устози бўлиб, шогирдларига парда ортидан вазифа бериб юборар экан. Қирқ қиз қалъа ичида яшар, у ерга фақат улардан бошқа ҳеч ким кирмас экан. Чунки улар бокира қизлар бўлиб, иболи, ҳаёли, илмли, ўзларини Оллоҳ учун бахшида этган, тариқат йўлига кирган қизлар экан. Бир куни Шаҳри Сомонга душман бостириб келибди.

Шунда қирқта қиз эркакча кийиниб, қўлига қурол олиб душманга қарши урушга чиқибди. Буни ҳеч кимга сездирмабди. Улар душманни енгиб қалъага  қайтибди. Лекин душман бир эркак кишини қалъага киритишга муваффақ бўлибди.   Аммо қирқ та қизлардан бири буни сезиб қолибди ва бундан барча қизларни огоҳлантирибди. Шу заҳоти  буни эшитган қизлар Оллоҳнинг мўъжизаси билан кўздан ғойиб бўлишибди. Душман уларга зарар еткиза олмабди.

Юқорида келтирилган ривоятдан кўриниб турибдики, бизнинг аждодларимиз доимо ўзларининг ор-номусини, ибо – ҳаёсини, Ватанини кўз қорачиғидек асраб-авайлаб келган. Уларнинг  Ватанпарварлигини, миллий ғурур, инсонийлик, ўз Ватани учун жонини ҳам фидо қилишга тайёр эканликларини бугунги ёшларга ўрнак қилиб кўрсатса арзийди.

Партия ташкилотлари томонидан аждодларимиз томонидан барпо этилган маданий мерос объектларини ўрганишдан асосий мақсад ҳам улар тарихини тиклаш, буюк тарих билан авлодларимизни фахрланиш туйғуси билан тарбиялашдан иборатдир.


Баҳодир Ҳудайқулов,

ЎзМТДП Сурхондарё вилоят кенгаши раиси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz