ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиш бош мақсадимиз (видео) 03.02.2018

Ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочисига айланиш бош мақсадимиз (видео)

Бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгашининг навбатдаги Пленуми бўлиб ўтди.


 Унда давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партия вакиллари билан учрашувдаги “Парламентимиз ҳақиқий демократия мактабига айланиши, ислоҳотларнинг ташаббускори ва асосий ижрочиси бўлиши керак” номли маърузасида белгиланган устувор йўналишларни амалга ошириш юзасидан қабул қилган чора-тадбирлар Дастурининг ижроси атрофлича муҳокама қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасидан келиб чиқиб барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатлик бирлашмалари олдида турган долзарб вазифалар белгилаб олинди.

IMG_7070.JPG

 Пленумда партия Марказий кенгаши раиси Сарвар Отамуратов маъруза қилди.

 Партия раҳбари таъкидлаганидек, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳисобот даврида ўз фаолиятини «халқ – жамият – давлат» манфаатлари нуқтаи назаридан жойларда депутатлик бирлашмаларининг халқ билан мулоқот қилиши натижасида шакллантирди. Бу эса, албатта, фаолият самарадорлигини таъминлади. Шу боис ҳам, замоннинг ўткир саволларига эртага ё индинга эмас, балки бугун тўғри жавобни бериш партиянинг асосий мақсадига айланди. Партия фаолиятида ваъдалар камайиб, амалий ишларга эътибор қаратилди.

 Партия томонидан Маданият вазирлиги ва Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси фаолияти устидан самарали парламент ва депутатлик назоратини олиб боришни йўлга қўйиш мақсадида улар билан ҳамкорлик Меморандумлари имзоланди. Ҳамкорликда амалга ошириладиган чора-тадбирлар режалари тузилди.

 Уларга асосан, Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси ҳамда «Археологик мерос объектларини муҳофаза қилиш ҳамда улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Қорақалпоғистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан 194 та депутатлик сўровлари юборилди.

 Халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан 2017 йил давомида маданий мерос объектлари муҳофазасига оид 63 та мансабдор шахсларнинг ҳисоботи эшитилди.

IMG_6495.JPG

 «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни, «Ўзбекистон Республикасининг туризм соҳасини жадал ривожлантиришни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2016 йил 2 декабрдаги Фармонининг ижроси ҳамда ҳудудда экотуризм ва маданий туризм соҳасини янада ривожлантириш тўғрисидаги масала халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари томонидан ўрганилиб, Кенгаш сессияларига 7 та масала олиб чиқилди, тегишли қарорлар қабул қилинди. Депутатлар томонидан туризмни ривожлантиришга тааллуқли 47 та депутатлик сўровлари юборилди.

IMG_6673.JPG

 Козим Тожиев,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

 - Пленумда фракциянинг назорат-таҳлил фаолияти ҳам сарҳисоб қилинди. Фракция ташаббуси билан 2018 йилда Давлат бюджети лойиҳасига маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш учун 38,7 млрд. сўм маблағ ажратилди. 2017 йилда ушбу мақсадларга 22,5 млрд. сўм ажратилган эди.

 Ҳисобот даврида фракция аъзолари халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлари депутатлари билан биргаликда жойларда давлат органлари фаолияти, тадбиркорлик субъектлари, ижтимоий соҳа объектлари, маҳалла фуқаролар йиғинлари ҳамда хонадонларда жами 16 753 та ижтимоий-иқтисодий ҳолатларни ўргандилар.

 Мазкур масалаларнинг ярмидан кўпи жойида ҳал этилган бўлса-да, бу билан иш тугагани йўқ. Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари эндиликда жойлардаги маҳаллий Кенгаш депутатлари томонидан доимий назоратга олинди. Бу, ўз навбатида, партия фракцияси ва халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларидаги партия гуруҳлари ўртасидаги алоқаларнинг мустаҳкамланишига замин яратмоқда.

Пленумда ЎзМТДП фракциясининг қонун ижодкорлиги соҳасидаги фаолияти бугунги талабга жавоб бермаслиги таъкидланди. Партия фракцияси аъзолари томонидан 2017 йилда 20 та қонун лойиҳаси ташаббус қилинган бўлса, улардан партиянинг Дастуридаги вазифалар ижросига оид 3 та қонун лойиҳаси қабул қилинди. Партия фракцияси томонидан йил давомида фақатгина битта парламент сўрови ва битта парламент эшитуви ташкил этилганлиги бу борадаги фаолиятни кучайтириш лозимлигини тақозо этади.

 Феруза Мухаммеджанова,

ЎзМТДП Марказий кенгаши раиси ўринбосари:

 – 2017 йил давомида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари ва депутатлар ташаббуси билан 671 нафар мансабдор шахсларнинг ҳисоботи тингланди. 453 та таклиф халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги доимий комиссиялар йиғилишларида муҳокама этилди. 284 та ташаббус-масала сессиялар кун тартибига киритилиб, тегишли қарорлар қабул қилинди.

Аммо сессиялар қарорларининг ижроси масаласи қониқарли даражада эмас. Жойлардаги мавжуд камчилик ва муаммоларни тизимли ўрганиш, уларни сессияга масала сифатида олиб чиқиб, қарорлар қабул қилишда маълум бир тажрибага эришилди. Лекин қарорлар ижроси устидан назорат ишлари амалга оширилмаяпти.

Одамлар ҳаётидаги муаммолардан доим хабардор бўлишга қаратилган янги жисмоний ва юридик шахслар мурожаатлари билан ишлаш сектори ташкил этилди. Ҳеч бир мурожаат эътиборсиз қолмайдиган тизимни яратиш натижасида ўтган йили партияга 8191 та жисмоний ва юридик шахслардан мурожаатлар келиб тушди. Уларнинг 3409 таси партия кўмагида ижобий ҳал этилди. 1609 тасига ҳуқуқий маслаҳатлар берилиб, 1732 таси тегишли ташкилотларга юборилди.

 Ҳамдам Ниёзов,

ЎзМТДП Марказий кенгаши Ёшлар ишлари бўлими бошлиғи:

 - 2017 йилда партия уюшмаган ёшлар муаммоларига жиддий эътибор қаратди. Ҳудудларда ҳар бир маҳалла кесимида турли сабабларга кўра чет элга чиқиб кетган, диний оқимларга кириб кетган, ўқимайдиган, тайин бир машғулотга эга бўлмаган 18 ёшдан 30 ёшгача бўлган ёшлар аниқланиб, улар ҳақида маълумотлар базаси шакллантирилди ҳамда ҳудудий ва маҳаллий партия ташкилотлари томонидан чора-тадбирлар ишлаб чиқилди. Партия туман ҳокимларининг ёшлар масалалари бўйича ўринбосарлари, Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи билан яқиндан ҳамкорлик йўлга қўйилди.

2017 йил давомида ёшлар ва аёлларнинг муаммоларини ҳал этишга қаратилган 3 та янги лойиҳа амалга оширилди. Яъни «Депутат билан юзма-юз», «Уйма уй» ҳамда «Хизмат-беминнат» лойиҳалари доирасида жами 4000 га яқин ёшлар касб-ҳунарга йўналтирилди, 300 нафардан зиёд уюшмаган ёшлар иш билан таъминланди, 1600 га яқин мурожаатларига ҳуқуқий маслаҳатлар берилди, 40 нафар ёшларга 345 миллион сўмдан ортиқ кредит ажратилишида кўмаклашилди.

IMG_6517.JPG

 Алишер Қодиров,

ЎзМТДП Марказий кенгаши аъзоси:

 - Пленумда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Парламентга Мурожаатномасида белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича 2018 йилдаги мақсад-вазифалар белгилаб олинди.

Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини амалга оширишда барча даражадаги партия ташкилотлари ва депутатларнинг фаол иштирокини таъминлаш, Қонунчилик ва норматив ҳужжатлар ижодкорлигини такомиллаштиришга доир концепция ишлаб чиқиб, амалга ошириш, Халқаро норма ва стандартларга жавоб берадиган ягона Сайлов кодексини ишлаб чиқиш ва қабул қилиш долзарб вазифалардан бири эканлиги таъкидланди.

Янги туристик йўналишлар очиш, зиёрат туризми, экологик, маърифий, этнографик, гастрономик туризм ва бу соҳанинг бошқа тармоқларини ривожлантириш, бу борада давлат – хусусий шериклик муносабатларини қўллаш ҳамда ички туризм соҳасидаги имкониятларни тўлиқ ишга солиш, Барча маданий ва археология мероси объектларини тўлиқ хатловдан ўтказиш, уларнинг кадастр ҳужжатларини расмийлаштириш, муҳофаза чегараларини белгилаш, «Маданият тўғрисида»ги, «Театр ва театр фаолияти тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонун лойиҳаларини тайёрлаш ва қабул қилиш партиянинг маданият ва туризм соҳасида амалга оширадиган устувор вазифалари ҳисобланади.

 Бундан ташқари, Маданият вазирининг «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг ижроси юзасидан ҳамда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2017 йил 16 августдаги «2018-2019 йилларда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарорининг ижроси бўйича ахборотларини эшитиш режалаштирилди.

 Пленум якунида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясининг 2018 йилдаги фаолиятининг асосий йўналишлари белгиланди. Муҳокама этилган барча масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди.

 ЎзМТДП МК Ахборот хизмати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz