ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


13.06.2019

Китобхонлар учун янги шарт-шароитлар яратилади


Маънавият ва маърифат. Шу икки сўз замирида инсон учун ниҳоятда муҳим бўлган зарурат ётади. Яъни инсоннинг маънавияти юксалган сари маърифатга эҳтиёжи ортиб бораверади. Қанчалик маърифатдан баҳраманд бўлса шунчалик маънавияти юксалади. Маърифат сўзининг маъноси билим олишга интилиш демакдир. Асосий билим манбаи эса барча замон ва маконларда китобдир. Ахборот технологияларининг глобаллашуви, интернет тармоғининг мислсизлиги ва чегара билмаслиги бугун инсониятга жуда кўп соҳаларда аср мўъжизасини яратишга имкон бераётгани ҳақиқат. Аммо инсон ақл-заковати ва қалби, онги қанчалик ривожланиб, ақл бовар қилмас инновацияларни яратмасин, қачонлардир ота-боболаримиз қўл меҳнати билан яратиб кетган моддий маданий меросдан, ҳайвон териси ёки дарахт япроғига, тошга битилган қадимий қўзёзмалардан ўзимизга маънавий озуқа оламиз.

Дунёда энг қадимий соҳалардан бири ноширликдир. Мен ана шу соҳанинг мутахассиси сифатида Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикаси аҳолисига ахборот-кутубхона хизмати кўрсатишни янада такомиллаштириш тўғрисида” ги қарорини ўта муҳим аҳамиятга эга бўлган ҳужжат сифатида ўқиб чиқдим.

Қарорнинг ҳар бир бандида 2019-2024 йилларда Республикамиз аҳолисини Ахборот-кутубхона хизмати билан тўлиқ таъминланиши бўйича бажарилиши лозим бўлган вазифалар аниқ ва мақсадли ифода этилган. Миллий қадриятлар ва жаҳон маданияти, амалий ва фундаментал билимлардан баҳраманд бўлишини таъминлайдиган аҳолига ахборот-кутубхона хизматлари кўрсатишнинг сифат жиҳатдан янги тизимини яратиш, кутубхоналарда сақланаётган миллий маданий меросни асраб-авайлаш ва бойитиш, ахборот-коммуникация технологияларини кенг жорий этиш ҳисобига ахборот-кутубхона муассасалари фаолиятини ташкил этишни такомиллаштириш устувор  вазифа сифатида белгиланган.

Шу ўринда, мамлакатимизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва китобхонликни тарғиботи бўйича 2017 йил 13 сентябрдаги “Китоб маҳсулотларини нашр этиш ва таркатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғиб қилиш бўйича комплекс чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарори қабул қилинганидан кейин, Республикамизда китоб маҳсулотларини нашр этиш ва китобхонликни рағбатлантириш, аҳолини китобхонлик даражасини кўтариш жараёнида кутубхоналаримиз аҳволи қандай, биз китобга бўлган халқимизнинг эҳтиёжини қондира оламизми деган савол ҳам вужудга келди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партиясидан халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашига сайланган депутат сифатида ҳам мазкур масала юзасидан вилоятимизнинг шаҳар ва туманлардаги аҳволни ўрганиш жараёнларида иштирок этдим. Жойлардаги ахборот-ресурс марказларининг ҳақиқий ҳолатини ўрганиш жараёнида муаассасалар ўз вазифаларини бажара олмаётганларини аниқлаб, маҳаллий Кенгашлар сессиялари кун тартибига қатор ташаббус-масалаларни олиб чиқдик.

Аниқланган камчиликларни бартараф этиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг кўлами кенгайишига, ўз ечимини тополмай турган муаммоларнинг ҳал этилишига Президентимизнинг мазкур қарорлари дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Инсон бир умр нурга интилиб яшайди. Офтоб йўлларимизни ёритиб тургувчи ёруғлик манбаи бўлса, кутубхоналар қалбимизни, онгу шууримизни маънавият ва маърифат нури билан чароғон этувчи нурхонадир.

 


Равшан Ҳамзаев,
халқ депутатлари Тошкент вилояти Кенгашидаги
“Миллий тикланиш” ДП гуруҳи аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz