ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


01.06.2019

Коррупцияга қарши курашиш маданияти шаклланиши зарур


2017 йил 4 январдан кучга кирган “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунида коррупцияга шундай таъриф берилган: «коррупция — шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеидан шахсий манфаатларини ёхуд ўзга шахсларнинг манфаатларини кўзлаб моддий ёки номоддий наф олиш мақсадида қонунга хилоф равишда фойдаланиши, худди шунингдек, бундай нафни қонунга хилоф равишда тақдим этиш». Соддароқ айтганда, коррупция давлат идораларида ишловчи шахсларнинг ўз амалидан фойдаланиб, шахсий манфаатларини ҳамма нарсадан устун қўйишлари, пора эвазига сотилишлари ёки сотиб олинишлари, ноқонуний моддий ёки номоддий бойлик орттиришларидир.

Ҳозирги глобаллашув замони, минтақалар ва давлатлараро интеграция жадаллашиб бораётган мураккаб бир шароитда коррупция барча мамлакатларда ҳам қатор муаммоларни келтириб чиқариб, жамиятни ич-ичидан емириб, пароканда қилиб ташлаш хавфини солмоқда. Бинобарин, бугун каттами-кичикми, бойми-камбағалми, қудратлими-кучсизми биронта давлатни коррупциядан холи ҳудуд, деб айтолмаймиз. БМТ ва Халқаро валюта жамғармасининг маълумотларига кўра, жаҳон иқтисодиёти коррупция туфайли йилига 1,5-2,6 триллион долларгача зарар кўрмоқда.

Шу боис мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб борилмоқда. Хусусан, “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилиниши, шунингдек Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг ташкил этилиши ва коррупцияга қарши курашиш бўйича Давлат дастурининг тасдиқланиши юртимизда коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга қаратилган қатор чора-тадбирларни самарали амалга оширилишини таъминлади. Мисол учун, қисқа вақт ичида коррупцияга қарши курашишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштиришга оид бешта норматив-ҳуқуқий ҳужжат, шу жумладан, “Ҳуқуқий ахборотни тарқатиш ва ундан фойдаланишни таъминлаш тўғрисида”ги, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги, “Жамоатчилик назорати тўғрисида”ги, “Давлат харидлари тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинди.

Президентимиз куни кеча имзолаган “Ўзбекистонда коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги Фармон бу борадаги изчил саъй-ҳаракатларнинг мантиқий давоми бўлиб, бундан кўзланган асосий мақсад юртимизда коррупцияга қарши курашиш тизими самарадорлигини янада ошириш, энг юқори даражадаги қулай инвестициявий ва ишбилармонлик муҳитини яратиш, мамлакатнинг халқаро майдондаги ижобий имижини ошириш ва мустаҳкамлашга қаратилган.

Мазкур Фармон билан 2019—2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш давлат дастури қабул қилиниб, Коррупцияга қарши курашиш бўйича республика идоралараро комиссиясининг янгиланган таркиби тасдиқланди.

Фармонда коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг устувор йўналишлари ҳам белгилаб берилди. Жумладан, суд ҳокимиятининг мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, судьяларга ҳар қандай тарзда қонунга хилоф равишда таъсир ўтказиш шарт-шароитларини истисно этиш, давлат хизматчиларини танлов асосида саралаб олиш, лавозимга тайинлаш ва юқори лавозимларга кўтаришнинг шаффоф тартибига асосланган давлат хизмати тизимини шакллантириш, давлат хизматчилари даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш, коррупция билан боғлиқ ҳуқуқбузарликлар тўғрисида хабар берган шахсларни ҳимоя қилишнинг самарали ташкилий-ҳуқуқий механизмларини жорий этиш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни кучайтириш, давлат органлари ва ташкилотларининг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг шаффофлигини ошириш, фуқаролик жамияти институтлари, оммавий ахборот воситалари фаолиятининг чинакам эркинлигини таъминлаш ва уларни коррупцияга қарши чораларни тайёрлаш, ўтказишда ва ижросини мониторинг қилишда иштирок этишга жалб қилиш каби масалалар шулар жумласидандир.

Бундан буён идоравий коррупцияга қарши курашишнинг самарали дастурларини амалга ошириш, уларнинг ҳисобдорлиги ва фаолиятининг очиқлиги механизмларини жорий этиш, одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилиши ва манфаатлар тўқнашувининг олди олинишини таъминлаш бўйича амалий чора-тадбирларни бажариш орқали тегишли соҳада коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларга имкон яратаётган сабаблар ва шарт-шароитларни таг-томири билан йўқотиш давлат органлари ва ташкилотлари раҳбарларининг биринчи даражадаги муҳим вазифаси ҳисобланадиган бўлди.

Эндиликда, аниқроғи 2019 йил 1 июлдан бошлаб давлат органлари ўз зиммаларига юкланган вазифа ва функцияларни амалга оширишда юзага келадиган коррупция хавф-хатарларини вақти-вақти билан мажбурий равишда баҳолаб боришлари лозим. Агар давлат бошқаруви ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарлари коррупция хавф-хатарларини ўз вақтида аниқламасалар ҳамда тегишли баҳо бермасалар, шунингдек, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликларни такроран содир этиш ҳолатларига йўл қўйсалар, шахсан жавобгар бўладилар.

Фармонга асосан, уч ой муддатда муайян тоифадаги давлат хизматчиларининг мулки ва даромадларини декларация қилиш тизимини босқичма-босқич жорий этиш бўйича таклифлар ишлаб чиқилиши лозимлиги белгиланди. Жорий йилнинг 1 августидан бошлаб эксперимент тариқасида, жамоатчилик ва етакчи экспертларни, шу жумладан, хорижий экспертларни жалб этган ҳолда дастлабки босқичда капитал қурилиш ва олий таълим соҳаларида «Коррупциясиз соҳа» лойиҳаси амалга ошириладиган бўлди. Бу лойиҳа 2020 йил 1 апрелдан бошлаб бошқа соҳаларга ҳам босқичма-босқич жорий этилиши назарда тутилмоқда.

Фармон билан қабул қилинган 2019-2020 йилларда коррупцияга қарши курашиш Давлат дастурининг “Аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш” деб номланган йўналишида белгиланган чора-тадбирларни амалга оширишда “Тараққиёт стратегияси” маркази ҳам қатор ташкилотлар ҳамкорлигида иштирок этиши белгиланди. Хусусан:

— содир этилаётган коррупцияга оид жиноятларнинг ўзига хос схемасини ўрганиш асосида коррупциянинг типологиясини тузиш;

— коррупцияга мойил бўлган соҳаларни аниқлаш асосида тармоқлар кесимида коррупцияга оид хариталарни тузиш;

— коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар содир этилишининг шарт-шароитлари ва сабабларини ўрганиш, шунингдек уларни бартараф этиш таклифларини ишлаб чиқиш;

— коррупцияга қарши курашиш соҳасида қабул қилинаётган чора-тадбирларнинг самарадорлигини баҳолаш;

— коррупцияга қарши курашиш соҳасида таълим ва тадқиқот муассасалари илмий ходимларига, шу жумладан, халқаро ташкилотлардан коррупцияга қарши курашиш соҳасида тадқиқотлар ўтказиш бўйича грантлар жалб қилиш орқали кўмаклашиш;

— коррупция даражаси, коррупцияни идрок этиш ва шахсий тажрибаси, шунингдек, давлат ҳокимияти институтларига ишонч ва коррупцияга қарши чораларнинг таъсири даражасини баҳолаш мақсадида жамоатчилик фикрини ўрганиш бўйича тадқиқотларни ташкил қилиш ишларида Марказимиз ташаббускорлик кўрсатиб, фаол иштирок этиши назарда тутилмоқда.

Шу мақсадда “Тараққиёт стратегияси” маркази томонидан алоҳида чора-тадбирлар режаси асосида фаолият олиб борилади. Унга мувофиқ, коррупцияга олиб келувчи туб сабабларни аниқ таҳлил қилиш, коррупция илдиз отиши мумкин бўлган соҳалар ҳақида аҳоли ва мансабдор шахсларни мунтазам огоҳ этиб бориш, аҳоли, айниқса, ёшларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, улар орасида коррупцияга қарши курашиш маданиятини шакллантириш асосий вазифа саналади. Ўз навбатида, аҳолининг турли қатламлари орасида, шунингдек, давлат органлари ва тадбиркорларнинг юзма юз учрашувларини, очиқ мулоқотларини ўтказиш, хорижий давлатларнинг коррупцияга қарши самарали курашиш тажрибасини ўрганиб, мақбул жиҳатларини ўзимизда тадбиқ этиш, бу йўналишда чуқур таҳлилий тадқиқот ишларини йўлга қўйиш ҳамда уларнинг натижаларига таянган ҳолда коррупцияга қарши курашишнинг самарали усулларини ишлаб чиқиб, тегишли таклифларни тайёрлаш ва мутасадди идораларга тақдим қилиш Марказ фаолиятининг устувор йўналишига айланади. Шу билан бирга, кенг жамоатчиликнинг коррупцияга бўлган қарашлари ва муносабатини салбий томонга ўзгартириш йўлида оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик алоқаларини тубдан такомиллаштириш ва кучайтириш масалаларига биринчи навбатдаги вазифа сифатида ёндашамиз.

Дарҳақиқат, жамиятда коррупцияга нисбатан муросасиз муносабатни шакллантириш бугунги кунда ниҳоятда долзарб масала бўлиб, бу борада нафақат масъул идоралар, балки кенг жамоатчилик ҳам ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлмоғи мақсадга мувофиқдир. Шундан келиб чиқиб, қаердадир таъмагирлик, порахўрлик ҳолатларига дуч келсак, ҳар биримиз бу нохуш ҳодисага нисбатан бефарқ бўлмаслигимиз, лоқайдлик қилмаслигимиз, аксинча, коррупция иллатини таг томири билан қуритишга қаратилган саъй-ҳаракатларни виждонан бажаришга киришмоғимиз бурч ва масъулиятимизга айланмоғи даркор. Бошқача ифодалаганда, адолатсизликка нисбатан муросасиз бўлишни ўзимиздан бошлашимиз зарур. Зеро, бу борада ҳар бир фуқаронинг ҳуқуқи қонуний асосда қатъий кафолатланган. Яъни, "Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида"ги Қонунда жисмоний ва юридик шахсларнинг коррупцияга оид ҳуқуқбузарлик фактларига доир мурожаатлари тўлиқ, холисона ва ўз вақтида кўриб чиқилиши, коррупцияга оид ҳуқуқбузарликлар тўғрисида ахборот берган шахслар ҳимоя қилиниши белгилаб қўйилган.

Қолаверса, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастурида назарда тутилган коррупциянинг олдини олиш ва унга қарши курашишнинг самарали механизмларини яратиш чора-тадбиридан кўзланган пировард мақсад ҳам Жаҳон банкининг «Бизнесни юритиш» рейтингидаги 2020 йил якуни бўйича барча йўналишларда Ўзбекистоннинг ўрнини тубдан яхшилаш, нуфузини оширишга қаратилган. Бунинг учун бошқа соҳалар қатори коррупция иллатига барҳам бериш ҳам муҳим аҳамият касб этади. Чунки бирон бир давлатга сармоя киритиш истагида бўлган инвестор, энг аввало, ўша давлатдаги инвестицион иқлимнинг барқарорлигига, яратиб берилган шарт-шароитлар, имкониятлар ва албатта ҳуқуқий кафолатларга қизиқади. Ўша давлатда порахўрлик, таъмагирлик, коррупция ҳолатларига йўл қўйилмасагина инвестиция киритишга бел боғлайди. Шундай экан, коррупцияга сабаб бўлаётган ҳолатларни ҳамда жамиятни бу балодан қутқариш масаласи муҳокамасини йўлга қўйиш ҳамда бу ҳақда кенг жамоатчиликни, халқаро ҳамжамиятни хабардор қилиб бориш долзарб аҳамиятга эга. 

Бинобарин, иқтисодиётимизни янада жадал юксалтириш, халқимиз фаровонлигини ошириш, мамлакатимизда инвестиция муҳитини яхшилаш борасидаги стратегик вазифаларни ҳал этиш бевосита коррупцияга қарши курашиш соҳасида давлат сиёсатининг самарали амалга оширилиши билан чамбарчас боғлиқ. Бу мақсад йўлида барчамиз бирлашишимиз, бир ёқадан бош чиқаришимиз, ҳамжиҳат ва ҳамфикр бўлишимиз, коррупцияга қарши кураш бўйича амалга оширилаётган давлат сиёсатини нафақат қўллаб-қувватлашимиз, балки унда фаол иштирок этишимизни бугунги даврнинг ўзи тақазо этаётганини унутмаслигимиз шарт ва зарур.




Элдор ТУЛЯКОВ,
"Миллий тикланиш" ДП фракцияси аъзоси,
“Тараққиёт стратегияси” маркази ижрочи директори


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz