ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


02.08.2018

Маҳаллий кенгаш сессияси қарори ҳамон ижро этилмаяпти. Нега?

Бугун халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларнинг ваколат ва фао­лият доираси кенгайиб, депутатлар зиммасига катта вазифалар юклатилмоқда. Улар сессияларга муайян ташаббус-масалалар киритиб, ҳудудлардаги мавжуд масала ва муаммоларни ечишга, фуқаролар мурожаатларини ижобий ҳал этишга эътибор қаратаётир. Аммо сессияларга масала киритиш — бу ишнинг бошланиши. Энг муҳими, ташаббус-масала юзасидан қабул қилинган қарорлар ижросини таъминлаш, белгиланган вазифаларни амалга оширишдир. Аммо, афсуски, сессия қарорлари ижросига нисбатан сусткашлик ва эътиборсизлик ҳамон давом этиб келмоқда. Ёдингизда бўлса, газетамизнинг 2018 йил 10 январь сонида “Фахриддиннинг жасорати — фидойилик намунаси” сарлавҳаси остида мақола чоп этилган эди. Унда халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгашидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси гуруҳи аъзолари Кенгашнинг 26-сессияси муҳокамасига киритиб, қарор қабул қилинишига эришган масала — хизмат бурчини бажариш чоғида қаҳрамонларча ҳалок бўлган ички ишлар ходими Фахриддин Тиркашев номини абадийлаштириш мақсадида у таълим олган 56-умумтаълим мактабини унинг номи билан аташ тўғрисида сўз боради. Мактабга Фахриддин Тиркашев номининг берилиши “Ўзбекистон Респуб­ликасида маъмурий-ҳудудий тузилиш, топономик объектларга ном бериш ва уларнинг номларини ўзгартириш масалаларини ҳал этиш тартиби тўғрисида”ги қонуннинг 19 ва 28-моддаларига мувофиқ келади. Чунки мактаб унгача ҳеч бир ном билан аталмаган. Қолаверса, мактаб педагогик жамоаси, “Жўш” махалла фуқаролар йиғини кенгаши ҳамда Қўшработ туман ҳокимлигининг бу ҳақдаги қарорлари мавжуд. Бундан ташқари, ушбу қарор Самарқанд вилоят ҳокимлиги ҳузуридаги “Давлат тили ҳақида”ги қонунни амалга ошириш, топономик атамаларга ном қўйиш ва лотин ёзувидаги ўзбек алифбосини жорий этиш кенгаши билан келишган ҳолда тасдиқланган. Бироқ орадан етти ой вақт ўтдики, халқ депутатлари Қўшработ туман Кенгаши сессияси қарори ҳамон ижро этилгани йўқ: қоғозда қолиб кетаётир. Буни қандай изоҳлаш мумкин — кўзбўямачиликми, одамларни шунчаки алдаб қўйишми ёки раҳбарларнинг ўз ишига масъулиятсизлигими? — Туман Кенгаши сессиясида укам Фахриддин Тиркашевнинг номини абадийлаштириш тўғрисидаги масала киритилганини эшитиб кўнглимиз тоғдек кўтарилган эди, — дейди Абдуғаффор Тиркашев. —Лекин бу ташаббус ҳамон қоғозда қолиб кетаётгани бизни таажжубга солмоқда. Ижрочилар наҳотки сессия қарорига ҳам эътиборсиз қарашса?! — Бир зумда ўтиб кетадиган умрини эзгу амаллар, хайрли ишлар билан ўтказган инсон мангуликка дахлдор, — дейди “Жўш” маҳалла фуқаролар йиғини раиси Илҳом Эсиргапов. — Бугунги тинч ва осойишта кунлар учун жон фидо қилган Фахриддинжон сингари мард ўғлонларни халқимиз ҳеч қачон унутмайди. Уларнинг номини абадийлаштириш, юрт тинчлиги ва осойишталигига қўшган ҳиссасини қадрлаш бизнинг инсоний бурчимиз. Бу, албатта, ўсиб келаётган ёш авлод учун ҳам ўзига хос бир ибрат, намуна. Аммо қарор ижросининг ҳамон пайсалга солинаётгани кўнгилни хира қилади. — Сессияда қабул қилинган қарор кўпчиликнинг кўнглидаги гап бўлган эди, — дейди 80 ёшни қаршилаётган жўшлик Абдуғани бобо Мамасолиев. — Аммо орадан шунча вақт ўтган бўлса-да, ҳеч иш қилинмади. Бундай эзгу ишларнинг пайсалга солинаётганини, сессия қарори ижроси таъминланмаётганини қандай тушуниш мумкин? Унинг бажарилмай қолиб кетаётгани жўшликларнинг маҳаллий ижро ҳокимияти органларига бўлган ишончини сусайтирмоқда… Дарҳақиқат, маҳаллий Кенгаш сессияси қарорига нисбатан бундай муносабат фуқароларда ҳам ижро ҳокимияти органлари, ҳам халқ вакилларига нисбатан ишончсизликни келтириб чиқаради. Қарордан мақсад — уни ижро этиш, фуқаролар хоҳиш-истагини амалга оширишдан иборат. Туман ҳокимлиги ва масъул идоралар бу масалага албатта эътибор қаратади, деган умиддамиз. Ориф ХОЛИҚУЛОВ, “Milliy tiklanish” мухбири

Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz