ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


03.06.2019

Мамлакатимиз интеллектуал салоҳиятини юксалтиришда олима аёлларнинг ўрни


Истиқлол шарофати билан юртимизда маънавий ривожланиш янги босқичга кўтарилди. Мамлакатимиз хотин-қизлари ҳам бу юксалишнинг фаол иштирокчиларига айландилар. Барча соҳалар каби илм-фан равнақи учун кенг имконият ва шароитлар яратилди. Ушбу шароит ва имкониятлардан кенг фойдаланаётган илм-фан намояндалари, хусусан олима аёлларнинг мамлакатимиз иқтисодий ва ижтимоий ривожидаги роли янада ортиб бормоқда.

Мамлакатимиз Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрда мамлакатимиз етакчи илм-фан намояндалари билан бўлган учрашуви, бу борада қабул қилинган қатор Фармон ва Қарорлар илм аҳлини- зиёлиларни янада куч-ғайрат ва шижоат билан фаолият кўрсатишга ундамоқда. Республикамиз Президентининг қатор нутқларида мустақилликнинг ривожи, давлатимиз тараққиёти бевосита илм-фан, таълим ва фан уйғунлиги, илм аҳлининг, хусусан аёл илмий салоҳиятининг юксак бўлиши, чуқур мушоҳадаси ҳамда юқори даражадаги мезонига бевосита боғликлиги, илм-фан билан шуғуллуниш, янги кашфиёт ва ихтиролар қилиш игна билан қудуқ қазишде машаққатли бўлиб, бу соҳада фидокорона меҳнат қилаётган олимларимиз меҳнати таҳсин ва рағбатга муносиб эканлиги таъкидланади.

Зеро, бугунги жамиятнинг ҳеч бир муаммосини, ҳатто келажаги буюк давлат қуриш вазифасини ҳам хотин-қизлар иштирокисиз тасаввур этиб бўлмайди. Ўзбекистон Республикасининг Биринчи Президенти Ислом Каримов мустақил мамлакатимизнинг фаол инсонлари бўлган аёллар ҳақида фикр юритиб: “Эртанги кунимизнинг мустаҳкам ва ишончли пойдеворини бунёд этишда айнан аёл зоти ҳал қилувчи куч, чинакам таянчимиз ва суянчимиз бўлиб майдонга чиқишини барчамиз ҳеч қачон унутмаслигимизни истардим. Фақат соғлом онадан соғлом фарзанд туғилади. Фақат ақл-заковатли, маърифатли оналаргина комил инсонларни тарбиялашга қодир бўлади”, - дея уларга юксак баҳо берган эди. Маълумки, қайси даврда бўлмасин илм йўли машаққатли ҳисобланган. Бу йўлдан юрган аёллар ўз ҳаётлари давомида нафақат илмнинг балки шахсий ҳаётнинг ҳам оғир мушкулотларига дуч келишган. Улар атроф муҳитни ўзгартириш, илм-фан ривожига ҳисса кўшиш учун рафиқалик ва оналиквазифаларидан ташқари ижтимоий ҳаётда фаол изланувчи, иқтидор эгалари сифатида ўзларини ҳаётдаги ўринларини топишга интилишган. Айнан шундай ибратли ҳаёт тажрибасига эга бўлган олима аёллар мамлакатимиз ривожига ўз ҳиссаларини қўшиб келаётганлиги, ижтимоий ҳаётда улар илмий салоҳиятининг юксак бўлиши – жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам омилларидан биридир.

Хотин-қизларнинг илм-фан сирларини пухта эгаллашлари, ўз қобилият ва имкониятларини жамият тараққиёти учун йўналтиришлари халқ, миллат, мамлакат келажаги йўлида ижтимоий фаол бўлиш гаровидир, зеро жамиятни интеллектуал ривожлантириш ижтимоий ва иқтисодий тараққиётнинг асосини ташкил этади.

Шунингдек,аёл илмий салоҳиятининг юксак бўлиши аҳолининг саломатлик даражаси ва умр кўриш давомийлиги, яъни инсон ривожланишининг яна бир муҳим кўрсаткичи билан ҳам бевосита боғлиқдир.

Республикада аёллар ва оилалар масалалари билан шуғулланувчи 295 та нодавлат нотижорат ташкилотлар мавжуд бўлиб, улар оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, ёшларни маънавий-ахлоқий жиҳатдан етук қилиб тарбиялаш ва касб-ҳунарга йўналтириш, аҳоли, айниқса хотин-қизлар бандлигини таъминлаш, кичик бизнес ва хусусий тадбиркорликни ривожлантириш, аёллар ва қизлар салоҳиятини ошириш, уларни илм-фанга бўлган қизиқишини қўллаб-қувватлаш, миллатимизга хос қадриятларни сақлаб қолиш ва уларни ёшларга сингдириш, хотин-қизлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, уларнинг мамлакат ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий ҳаётида тўлақонли иштирок этишини таъминлаш билан шуғулланадилар. Шулар орасида Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмаси 1992 йилда ташкил қилинган нодавлат, нотижорат жамоат ташкилоти бўлиб, у “Ўзбекистон Республикаси жамоат бирлашмалари тўғрисидагида”ги Қонунга мувофик иш олиб боради. Уюшма ирқи, миллати, диний эътикоди ҳамда сиёсий қарашлари, ёшидан қатьий назар, илмий даражаси ва унвони бўлган, фаннинг муайян соҳаларида илмий-тарбиявий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларни ўз атрофига бирлаштиради.

“Олима” уюшмасининг асосий мақсади - илмий даража ва унвонларга эга бўлган, шунингдек Ўзбекистон Республикаси олдида турган иқтисодий, ижтимоий, миллий, экологик, ҳуқуқий муаммоларни ҳал этишда кўмаклашиш учун илмий-тарбиявий фаолият билан шуғул­ланаётган, тинчлик ва ҳавфсизлик манфаатларида халқаро инсонпарварлик йўлидаги ҳамкорликни ривожлантиришга ўз ҳиссасини қўшаётган аёлларнинг куч ғайратларини бирлаштиришдан иборат. Ушбу уюшмани ташкил этиш ва фаолиятини ривожлантиришда унинг биринчи раиси, ЎзФА академиги, кимё фанлари доктори, профессор С.Ш.Рашидованинг хизматлари катта бўлди.

Хусусан, Ўзбекистон хотин-қизлар “Олима” уюшмасининг низомида бу ҳол қуйидаги тарзда ўз ифодасини топган:... ,, барча аёлларнинг ижодий ва амалий маҳорати ва малакасини оширишлари, билимларининг янги жабҳаларига кириб боришлари, шунингдек ўз аъзоларининг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш учун жамоат бирлашмаси ташкилий-ҳуқуқий шаклда ташкил этилган нодавлат нотижорат ташкилотдир”.

Бугунги кунда уюшма ўз сафида 5 нафар академик (М.С.Абдуллаҳўжаева, М.И.Мавлоний, М.Ф.Обидова, Р.А.Убайдуллаева, С.Ш.Рашидова), 514 фан доктори, 4.780 фан номзодларини бирлаштиради.

Таькидлаш жоизки, кейинги йилларда уюшма ўз фаолиятини замонавий ва самарали тарзда ташкил этишга катта аҳамият бермоқда. Жумладан, илмий фаолият билан шуғулланаётган хотин-қизларнинг илмий-ижодий ва тадқиқот фаолиятига кўмаклашиш мақсадида олима аёллар уюшмалари республиканинг барча олий ўқув юртлари, Тошкент шаҳри, Қорақалпоғистон ва вилоятларда ташкил қилди. Республика пойтахтида илмий салоҳиятни асосий қисми жойлашган бўлсада, вилоятларда сўнгги йилларда олималар томонидан салмоқли муваффақиятлар қўлга киритилмоқда. Агар фактларга мурожаат қилсак бу қуйдагиларда ўз аксини топади. Бухоро вилояти (21 фан доктори), Самарқанд (19 фан доктори) ва Андижон вилоятларида (19та фан докторлари) илмий-тадқиқот ишларида вилоятлар орасида йўлбошчилик қилишмоқда.

Ҳозирги кунда тарих фанлари доктори, профессор Р.Ҳ.Муртазаева раҳбарлигида фаолият олиб бораётган “Олима” уюшмаси қуйидаги вазифаларни амалга ошириб келяпти:

Ўзбекистонда фаолият кўрсатаётган олималарни Мустақиллик йилларида илм-фанда эришган ютуқларини, тўплаган тажрибаларини тарғиб ва ташвиқ қилиш, улар фаолиятини ёшлар учун маънавий ибрат ва намуна сифатида кўрсатиш;миллий ва умуминсоний қадриятлар, урф-одат ва анъаналарни асраш ва авлодларга етказиш, ёш авлодни маънавий-ахлоқий тарбиясида олима аёллар илмий фаолияти самарадорлигини янада ошириш;

мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларда олима аёллар фаол иштирокини таъминлаш;бугунги кунда ёш олималарни янгича фикрлайдиган, демократик қадриятлар руҳида тарбияланган, мамлакат келажагини жаҳон ҳамжамиятига интеграциялашуви билан боғлиқ ҳолда кўра оладиган шахс сифатида тарбиялаш;миллий маънавий-ахлоқий тарбия халқнинг ўз-ўзини сақлаш ва истиқболини таъминлашда олима аёлларнинг оила ва жамиятдаги ролиниошириш; Республика олима аёлларининг мамлакатимиз сиёсий-ижтимоий ҳаётида, ҳуқуқий демократик давлат ва фуқаролик жамиятини барпо этиш жараёнларидаги иштирокларининг ўзига хос хусусиятларини намоён қилиш;Республика олима аёллар тажрибаси ва илм-фанга инновацион ёндошувини кенг тарғиб қилиш ва педагогик жараёнга самарали татбиқ этиш;олима аёлларнинг жамият қурилишидаги ташаббускорлиги ва фаоллигини ошириш, намунали тажрибаларини оммалаштириш;олима аёлларнинг давлат бошқарув структураларидаги ролини ошириш сиёсий, қонунчилик ва ижрочилик жараёнларида қарорлар қабул қилиш даражасида кенг қатнашувини таъминлаш;ижтимоий ҳаётда аёл илмий салоҳиятининг юксак бўлиши-жамиятда барқарорлик ва ҳамжиҳатликнинг мустаҳкам бўлиши омилларидан бири эканлигини кўрсатишдан иборатдир.

Кейинги йилларда “Олима” уюшмаси мамлакатимизнинг турли регионлари ва Тошкент шаҳридаги олималар ўртасида илмий алоқаларни кучайтиришга эришди.Тошкент шаҳар “Олима” уюшмасиЎзбекистон Хотин-қизлар “Олима” уюшмасининг бошланғич ташкилотларидан бири бўлиб, унинг аъзолари асосан Фанлар Академияси илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган олима аёллар, шунингдек, Тошкент шаҳридаги Давлат ташкилотларидаги, 27 та ОЎЮларидаги, барча коллеж ва лицейлардаги илмий даражали олималардан иборат. Республика илмий даражали олима аёллар контингентининг асосий қисмини Тошкент шаҳрида фаолият юритаётган олималар ташкил этади. Тошкент шаҳрида жойлашган коллеж ва лицейларнинг ўзида 51нафар фан номзодлари ва докторлари фаолият олиб боряптилар.

Бугунги кунда уюшма Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2016 йил 30 декабрь куни мамлакатимиз етакчи илм-фан намояндалари билан учрашувида “Илм-фан ютуқлари-тараққиётнинг муҳим омили” мавзуида қилган маърузасидаги “Мамлакатимизда юқори салоҳиятга эга, жаҳон миқёсида эътироф этилган олимлар ўз мактабларини яратиши, шогирдлар тарбиялаши лозим”лиги хусусида белгилаб берилган вазифаларини амалга ошириш юзасидан иқтидорли ёш хотин-қизларни илмга йўналтириш, уларни фан докторлари, профессорларга бириктириш, олималар илмий кашфиётларини тарғиб қилиш, Республика ва хориж олимлари билан тажриба алмашишни кенг йўлга қўйиш ишларини амалга ошириб келяпти. Шунингдек, 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналишлари бўйича ҳаракатлар стратегияси 4.4 бандида белгиланган илмий-тадқиқот ва инновация фаолиятини рағбатлантириш, илмий ва инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратиш бўйича олима аёллар фаолиятини янада ривожлантиришга кўмак беришда уюшма фаол иш олиб боряпти.

Президентимиз Ш.М.Мирзиёевнинг академик олимлар билан бўлган суҳбатида кўтарилган масалалардан бири-жаҳоннинг етакчи институтлари, университетлари, илмий марказлари, Фанлар акедемиялари билан илмий ҳамкорликни янада ривожлантиришга қаратилди. Бу эса ўз навбатида, таьлим, илм-фан ва ишлаб чиқаришдаги интеграцияни долзарб масала сифатида кун тартибига қўймоқда.

Бу борада “Олима” уюшмаси ҳам ўз олдига қатор вазифаларни амалга оширилишини мақсад қилиб қўйди. Уюшма республика хотин-қизлари илмий салоҳиятини юксалтириш борасида жаҳон андозаларига мос равишда халқаро ҳамкорлик алоқаларини ҳам йўлга қўйди.

Жумладан, 2013-йилдан бошлаб уюшма JNWES халқаро олима аёллар уюшмасига аъзо бўлди. JNWES –(Муҳандис ва олима аёлларнинг халқаро алоқалари) дунёнинг 11 минтақасидаги 40 дан ортиқ мамлакатларида фан, технология, муҳандислик ва математик соҳаларида фаолият юритаётган аёллар ташкилотларининг халқаро бирлашмаси бўлиб ҳисобланади.

Сўнгги йилларда Олима аёллар халқаро миқёсда ҳам   ўзларининг ютуқлари билан танилмоқдалар. Шулар орасида ЮНЕСКО томонидан ташкил қилинган “Илмдаги аёллар” дастурини эслаш мақсадга мувофиқдир. Жумладан, “Лореаль” мукофотини ўзбекистонлик ёш олималар қўлга киритганлар (Биология, қишлоқ ҳўжалиги, кимё соҳаларида).

Уюшма яна бир халқаро ташкилот аьзоси бўлиб ҳам ҳисобланади. Бу OWSD-ривожланаётган давлатлар олималарининг халқаро ташкилотидир.

Уюшма олималар томонидан яратилган инновация ютуқларини амалиётга жорий этишнинг самарали механизмларини яратишга алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Жумладан, 2015 йилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси ҳузуридаги ННТ ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди маблағларини бошқариш бўйича Парламент комиссиясининг Ўзбекистон Хотин-қизлар “Оlima” уюшмасига “Фуқаролик жамиятини ривожлантирилишида маҳалла институтининг ўрни ва уни оммавий ахборот воситаларида ёритилиши (Тошкент шаҳри намунали маҳаллалари мисолида)” номли лойиҳани бажариш учун Давлат гранти ажратилди (Давлат грантини ажратиш ҳақида 34-57-15 – сонли СЕРТИФИКАТ). Ушбу лойиҳа Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси “Олима” уюшмаси раиси, тарих фанлари доктори, профессор Р.Ҳ.Муртазаева раҳбарлигида Ўзбекистон хотин-қизлар қўмитаси “Олима” уюшмасининг бир гуруҳ аъзолари ва етакчи мутахассис олималари томонидан амалга оширилди. Тошкент шаҳар ҳокими ўринбосари, хотин-қизлар қўмитаси раиси Ф.Й.Абдураҳимова лойиҳани амалга оширишга катта ёрдам бердилар ва қўллаб-қувватладилар. Лойиҳа олималарнинг маҳалла билан ишлашга инновацион ёндошуви бўлиб, унинг доирасида маҳалланинг жамиятни демократлаштириш, тинчлик-осойишталикни сақлаш ва тарихий анъаналари, миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ҳамжиҳатликни асраб-авайлашдаги ўрни, унда қадриятларнинг намоён бўлиши, шунингдек маҳаллада истиқомат қилувчи фуқароларнинг ментал хусусиятлари Тошкент шаҳридаги “Хончорбоғ”, “Толариқ”, “Оққўрғон” каби намунавий маҳаллаларида олиб борилган социологик тадқиқот таҳлили асосида ёритиб берилди. Социологик тадқиқотда 592 респондент иштирок этган. Тадқиқотда маҳалланинг қадриятларни асраб-авайловчи ва уларни келажак авлодга етказиб берувчи қадрият сифатидаги тарбиявий аҳамиятига алоҳида эътибор қаратилган. Тадқиқот натижалари таҳлил қилиниб, Тошкент шаҳрининг 3 та намунали маҳаллари кесимида уларнинг ибратли, намунали жиҳатлари ҳозирги кунда мамлакатимизда мавжуд 9700 дан ортиқ, ҳар бирида 3000 дан 10000 гача истиқомат қилувчи маҳалла фуқаролари орасида ОАВ орқали етказиб берилди. Шунингдек, лойиҳа аъзолари томонидан ёзилган илмий мақолалар тўплами ва 4та рисолада ҳам грант доирасида олиб борилган илмий тадқиқот ишлари натижалари акс этган бўлиб, булар маҳалла фуқароларига жуда катта амалий ёрдам бўлиб хизмат қилади.

Ҳозирги кунда олималарнинг маҳалла билан ишлашга инновацион ёндошуви “Тошкент шаҳри маҳаллаларида “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йили” Давлат дастурида белгиланган вазифаларни амалга оширишда олима аёлларнинг иштирокини такомиллаштириш (Тошкент шаҳри Олмазор тумани маҳаллалари мисолида) мавзуида давом этяпти.

Давлатимиз раҳбари кўрсатмаси билан ташкил этилган халқ қабулхоналарига мурожаат қилаётган фуқароларнинг муаммолари ечимини топишда маҳаллаларда яшаётган аҳоли билан тўғридан-тўғри мулоқотни ташкил этиш, қонун ва ҳужжатлар, фармонларни халққа етказиш, жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тўлақонли ҳимоя қилишга қаратилган, жисмоний ва юридик шахсларнинг халқ қабулхоналарига мурожаатлари билан ишлашнинг сифат жиҳатидан янги ва самарали тизими фаолиятини таъминлаш учун мазкур маҳаллада истиқомат қилувчи олима аёллар илмий салоҳиятидан унумли фойдаланиш мақсадга мувофиқдир. Чунки республикамизнинг аксарият маҳаллаларида ижтимоий ҳаётнинг турли хил соҳаларини чуқур биладиган, пухта эгаллаган, юқори салоҳияти мутахассис олималар истиқомат қиладилар.

Тошкент шаҳри Олмазор туманида 58 та маҳалла бўлиб, ушбу маҳаллаларни намунавий қилиш тўғрисида Ўзбекистон Хотин-қизлар қўмитаси бошқарувининг қарори эълон қилинган. Шу муносабат билан улар қошида ташкил этилган Халқ қабулхоналарида аҳоли эҳтиёжидан келиб чиқиб, илмий даражали олима аёллардан иборат соҳа мутахассисларини жалб этиш асосида қонунлар, фармонлар ва бошқа қонун ҳужжатларини аҳолига тушунтириш ва ижросини таъминлаш механизмлари ва амалиётини ривожлантиришда олима аёллар иштирокини такомиллаштириш, Олмазор тумани ҳокимияти Халқ қабулхонаси қошида шу туманда истиқомат қилаётган илмий даражали турли соҳа мутахассис олима аёлларидан иборат марказлашган “ОЛИМА АЁЛЛАР МАСЛАҲАТ КЕНГАШИ”ни ташкил этиш лойиҳанинг асосий мақсадидир.

Мавзу юзасидан таклиф ва тавсиялар қуйидагилардан иборат:

1.     Маҳаллаларда истиқомат қилаётган олима аёлларнинг илмий салоҳиятидан яъни илми, билими, ҳаётий тажрибаларидан янада кенгроқ фойдаланиш мақсадга мувофиқдир;

2.     ННТ вадавлат ташкилотлари ўртасидаги ўзаро ҳамкорлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш зарур;

3.     Республика олима аёллар тажрибаси ва илм-фанга инновацион ёндошувини кенг тарғиб қилиш ва педагогик жараёнга самарали татбиқ этиш;

4.     олима аёлларнинг жамият қурилишидаги ташаббускорлиги ва фаоллигини ошириш, намунали тажрибаларини оммалаштириш;

5.     олима аёлларнинг давлат бошқарув структураларидаги ролини ошириш сиёсий, қонунчилик ва ижрочилик жараёнларида қарорлар қабул қилиш даражасида кенг қатнашувини таъминлаш;

Зеро, мамлакат ва миллат ривожланиши илм-фан ҳамда жамиятнинг ителлектуал салоҳиятига боғлиқ. Жаҳон цивилизациясига далхдор бўлган энг замонавий илмларни эгалламасдан, мамлакат миллий манфаатларига хизмат қилувчи фан соҳаларини ривожлантирмасдан, фундаментал, назарий тадқиқотлар олиб бормасдан, иқтидорли ёшлардан муносиб шогирдлар тайёрламасдан жамият тараққиётига эришиш мумкин эмас.



М. Иноятова,
педагогика фанлари номзоди, ЎзПФИТИ илмий ходими,
 “Узлуксиз таълим” журнали масъул котиби







"Аёл, оила ва жамият: қонун ҳужжатлари ва уларни янада такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари"
мавзусидаги республика илмий-амалий конференцияси материаллари тўпламидан олинди


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz