ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат ва жамият қурилишида янги саҳифа очади 13.09.2017

Маъмурий ислоҳотлар концепцияси давлат ва жамият қурилишида янги саҳифа очади

Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси фракциясининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Фракция аъзолари, экспертлар, тегишли вазирлик ва идоралар, партиянинг Марказий кенгаши ходимлари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган йиғилишда мамлакатимиз ижтимоий-сиёсий ҳаётига дахлдор қатор масалалар кўриб чиқилди.

Йиғилишни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги ЎзМТДП фракцияси раҳбари Сарвар Отамуратов бошқарди.

Фракция йиғилишида дастлаб Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2017 йил 8 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва унинг асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясидан келиб чиқадиган партия ва унинг фракцияси аъзолари олдида турган муҳим вазифалар муҳокама этилди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан қабул қилинган мазкур Концепцияда белгиланган чора-тадбирлар Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси сайловолди Платформасидаги мақсад-вазифалар ижросини таъминлаш, партия электорати манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамият касб этади. Хусусан, Концепцияда назарда тутилган вазифалар ЎзМТДП дастурий ҳужжатларидан ўрин олган маҳалланинг ҳудудий аҳамиятга эга бўлган масалаларни ҳал этишдаги ролини кучайтириш, маҳаллий саноат самарадорлигини янада ошириш, мамлакатимиз пойтахти, вилоятлар, шаҳар ва қишлоқларни ўзаро уйғун ривожлантириш, идоралараро ва идора мажмуаларининг ахборот тизимларини бирлаштирувчи миллий ахборот тизимлари ва миллий ахборот ресурсларини ривожлантириш, давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолияти очиқлигини таъминлаш каби ишларни янги босқичга кўтаришга хизмат қилади.

Мазкур Концепцияда 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ, давлат ва жамият қурилишини такомиллаштириш, қонун устуворлигини таъминлаш ҳамда фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатларини кучайтириш, иқтисодиёт тармоқлари ва ижтимоий соҳани ривожлантириш каби муҳим масалалар асосий мақсад этиб белгиланди.

Амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинаётган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва давлат дастурларининг тўлиқ рўёбга чиқарилишини таъминлай оладиган, шунингдек, ижтимоий-сиёсий ва ижтимоий-иқтисодий соҳадаги муаммоларни ўз вақтида аниқлайдиган, самарали ҳал қиладиган давлат бошқаруви тизими ушбу мақсадларга эришишнинг муҳим шарти саналади.

Йиғилишда фракция аъзолари қайд этиб ўтганидек, Концепцияда белгиланган вазифалар маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари томонидан Ҳаракатлар стратегиясини муваффақиятли амалга ошириш ва аҳоли мурожаатларини ҳал этишда уларга тўсқинлик қилаётган жиддий камчиликларнинг олдини олишга хизмат қилади. Маъмурий ислоҳотларни самарали амалга оширишнинг пировард натижасида “Халқ давлат идораларига эмас, давлат идоралари халқимизга хизмат қилиши керак” деган ғоя ҳаётга тўлиқ татбиқ этилади. Бир сўз билан айтганда, Концепция 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини амалга оширишда муҳим қадам ҳисобланиб, моҳиятига кўра, мамлакатимизнинг давлат ва жамият қурилишида янги саҳифани очиб беради.

Шунингдек, йиғилишда Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгашининг “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги депутатлар бирлашмаларининг соғлиқни сақлаш соҳасидаги ислоҳотларнинг амалга оширилиши устидан парламент ва депутатлар назоратини олиб бориш бўйича асосий йўналишлар тўғрисида”ги қарори ҳақидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, аҳолига тиббий хизмат кўрсатишни ва дори воситалари таъминотини янада яхшилаш, ушбу соҳадаги қонунчиликни амалиётга самарали татбиқ этишга кўмаклашиш, шу билан бирга, бу соҳада парламент ва депутатлик назоратини самарали амалга ошириш борасидаги ишларни янада такомиллаштириш мақсадида сиёсий партияларнинг фракциялари партия позициясидан келиб чиқиб, асосий йўналишларни белгилаб олдилар. Хусусан, ЎзМТДП фракциясига тиббиёт кадрларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштиришга қаратилган тадбирларнинг амалга оширилишини назорат қилиш, уларнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўриш, тиббиёт муассасаларида акушер-гинеколог шифокорлар учун ажратилган штат меъёрларини ўрганиш ва уларни бугунги кун талабларидан келиб чиққан ҳолда қайта кўриб чиқиш юзасидан таклифлар тайёрлаш вазифалари юклатилган. Шунингдек, давлат соғлиқни сақлаш тизимида янги қурилган объектларга (биноларга) муҳандис ва техник ходимлар штатларини киритиш масаласини ўрганиб чиқиш, оналик ва болаликни муҳофаза қилиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирларининг амалга оширилишини назорат қилиш ҳамда уларнинг самарадорлигини ошириш чораларини кўриш, тиббиёт соҳасида раҳбар кадрларни ротация қилиш, уларга тегишли ҳудуддан уй-жой ажратиш ҳамда оиласига яшаш учун зарур шароитлар яратиш масалаларини ўрганиш ва ушбу йўналишдаги ишларнинг ҳолатини яхшилаш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифалари белгилаб берилган.

Йиғилишда фракция аъзоларининг юқорида белгилаб олинган вазифаларни изчил ва самарали бажариш, ҳар бир йўналиш бўйича жойларга чиққанда парламент ва депутатлик назоратини кучайтириш мақсадида саволнома тайёрлаш бўйича берган таклифи қўллаб-қувватланди.

Йиғилиш якунида кўриб чиқилган барча масалалар юзасидан ЎзМТДП фракциясининг тегишли қарорлари қабул қилинди.

Илҳом Абдуллаев,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Фракция йиғилишида мамлакатимизда демократик ислоҳотларни янада чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини шакллантиришга қаратилган долзарб масалалар муҳокама қилинди. Президентимизнинг “Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепциясини тасдиқлаш тўғрисида”ги фармони ва унинг асосида қабул қилинган Ўзбекистон Республикасида Маъмурий ислоҳотлар концепцияси амалга оширилаётган ислоҳотлар марказида халқ бошқаруви тургани, давлат идоралари халққа хизмат қилиши лозим, деган ғоя илгари сурилгани билан аҳамиятли. Бу ҳаётий ҳужжатда давлат бошқарувининг самарали усуллари акс этган бўлиб, унинг ҳар бир бандида фуқаролик жамиятида, энг аввало, инсон омили устувор бўлиши, аҳоли яхши ҳаёт кечиришига қаратилган ташаббуслар илгари сурилган. Концепциянг ҳар бир йўналишида белгиланган вазифалар партиямиз дастурий мақсад-вазифалари билан уйғунлиги унинг ҳаётга татбиқ этилишида ЎзМТДП позициясидан келиб чиққан ҳолда фаол ҳаракат қилишимиз лозимлигини тақозо этади.

Азамат Пардаев,

ЎзМТДП фракцияси аъзоси:

— Президентимизнинг мамлакатимиз ҳаётида долзарб аҳамият касб этувчи ушбу Фармони давлат бошқаруви тизимини тубдан такомиллаштириш ва модернизация қилишда пойдевор вазифасини ўтайди. Бу ҳужжат кенг кўламли ислоҳотларнинг муваффақиятли амалга оширилишида давлат бошқарувининг янги ва самарали фаолият юритувчи тизимини яратишга хизмат қилади. Унда маъмурий ислоҳотларни амалга оширишнинг аниқ йўли-механизмлари кўрсатиб берилган. Фракция аъзолари партиямиз позициясидан келиб чиққан ҳолда концепцияда белгиланган ижро этувчи ҳокимият фаолиятининг шаффофлиги ва очиқлигини таъминлаш борасидаги амалиётни янги босқичга олиб чиқиш, ушбу жараёнларга фуқаролик жамияти институтларини кенг миқёсда жалб этиш, уларнинг жисмоний ва юридик шахсларга ахборот тақдим этишнинг замонавий шаклларини жорий қилиш орқали аҳолини ахборот олишга бўлган ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган муҳим вазифаларни амалга оширишда ўз ваколатларидан самарали фойдаланишлари лозимлигини таъкидладилар.

Шоҳида Даманова,

“Milliy tiklanish” мухбири

Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz