ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Маънавий юксакликка етакловчи восита 08.01.2018

Маънавий юксакликка етакловчи восита

Халқимиз азал-азалдан китобни қадрлаган, уни авайлаб асраган. Чунки китоб ақлни чархлайдиган, инсонни маънавий камолот сари етаклайдиган бебаҳо воситалардан бири ҳисобланади.

Бугунги кунда ҳам аҳоли, айниқса, ёшларда китобга қизиқиш, мутолаа маданиятини юксалтириш тобора муҳим аҳамият касб этиб бормоқда. Президентимизнинг 2017 йил 12 январдаги “Китоб маҳсулотларини чоп этиш ва тарқатиш тизимини ривожлантириш, китоб мутолааси ва китобхонлик маданиятини ошириш ҳамда тарғибот қилиш бўйича комиссия тузиш тўғрисида”ги фармойиши эса бу борада олиб борилаётган ишларнинг янада жонланишига хизмат қилаяпти.

Айни пайтда вилоятимизда битта Ахборот-кутубхона маркази, 45 та Ахборот ресурс марказлари ва 361 та турли кутубхоналар, шу жумладан, 3 та кўзи ожизлар кутубхонаси китобхонларга хизмат кўрсатиб келмоқда.

– Абдулла Қодирий номидаги ахборот кутубхона марказининг умумий жамғармаси 170 минг нусхадан зиёдроқни ташкил этади, – дейди марказ директори Рамазон Ражабов. – Китоб инсон қалбида Ватанга муҳаббат, юртга садоқат, одамларда меҳр-оқибат туйғуларини камол топтиришда муҳим ўринга эга. Зеро, китоб ўқиган кишининг маънавияти юксалиб, дунёқараши кенгайиб бораверади. Вилоятдаги барча ахборот-ресурс марказларида китобхонлар учун барча қулайлик ва имкониятлар яратилган бўлиб, замонавий коммуникация технологияларидан кенг фойдаланилмоқда.

– Мен ҳар куни, кунора ушбу маънавият масканига келиб тураман, – дейди китобхонлардан бири Мирғолиб Жозилов. – Китобнинг инсоннинг онгу тафаккурини, маънавий оламини бойитиш, яхши амалларни бажаришга ундашдаги ролини ҳеч нарса билан қиёслаб бўлмайди. Бугунги ёшларимиз орасида китобга қизиқиш тоборо кучайиб бормоқда. Буни кутубхонага келаётган ёшлар мисолида ҳам кўриш мумкин. Бу ердан ўзингиз излаган, қизиққан китобларингизни топишингиз мумкин. Бу борада бизга марказ ходимлари яқиндан кўмак беришади.

Марказда турли маънавий-маърифий тадбирлар ўтказиш анъанага айланган. Ёшлар ўртасида китобхонликни тарғиб қилиш, уларнинг бадиий адабиётга қизиқишини ошириш мақсадида “Кутубхона маънавият маскани”, “Бахтли болалик ва саодатли умрнинг кафолати”, “Адабиётга эътибор – келажакка, маънавиятга эътибор”, “Китоблар байрами” доирасида “Китоб – ўқиб қадрланади”, “Энг фаол китобхон”, “Энг фаол китобхон оила”, “Энг фаол китобхон раҳбар” каби тадбирлар мунтазам равишда ўтказиб келинмоқда. Яқинда “Навоийлик ёш навоийхонлар” кўрик танлови ўтказилиб, унга барча умумтаълим мактаблари, коллеж ва академик лицейлар ўқувчилари қамраб олинди.

– 2017 йилда Навоий шаҳридаги маҳаллалар фаоллари билан ҳамкорликда имконияти чекланган китобхонларга қулайлик яратиш бўйича чора-тадбирлар белгилаб олгандик, – дейди марказ директори ўринбосари Шамсия Бақоева. – Бунда бизга шаҳардаги учта касб-ҳунар коллежи ўқувчилари яқин кўмакчи бўлди. Улар хонадонларга бориб, имконияти чекланган юртдошларимизга китоблар ўқиб берди, уларни қизиқтирган китобларни топишда кўмаклашадилар. Шунингдек, марказимизда кўчма кутубхоналар ташкил этилиб, керакли адабиётлар билан таъминланиб борилмоқда.

300 миллион сўм маблағ эвазига Навоий шаҳрида “Китоб олами” мажмуасининг барпо этилганлиги ҳам ёшларимизнинг китобга бўлган қизиқишларининг ошишига хизмат қилмоқда. Мажмуада 10 га яқин бўлим мавжуд бўлиб, барча қулайлик яратилган.

– Биз ёшлар ушбу мажмуанинг барпо этилганидан мамнунмиз, – дейди Дурбек Фармонқулов. – Бу ердан мен ўзим учун зарур бўлган турли адабиётларни харид қилдим ва анчадан буён излаб юрган китобимни топганимдан хурсандман.

Албатта, юртимизда бу каби маънавият марказларининг мавжудлиги барчамизни қувонтиради. Ахир китоб инсонни эзгуликка, маънавий баркамолликка етакловчи асосий кучдир. Китоб ўқиган киши эса ҳеч қачон разилликка бормайди, барчага фақат ва фақат яхшиликлар соғиниб яшайди.

Абдували БЎРИЕВ,

ЎзМТДП Навоий вилоят кенгаши

матбуот котиби


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz