ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Марказий Осиё: умумий келажак учун масъулият 14.11.2017

Марказий Осиё: умумий келажак учун масъулият

Самарқанд шаҳрида ташкил этилган “Марказий Осиё: ягона тарих ва умумий келажак, барқарор ривожланиш ва тараққиёт йўлидаги ҳамкорлик” мавзусидаги халқаро конференция жаҳон ҳамжамияти, дунё сиёсий доираларида катта қизиқиш билан кутиб олинди. Форум иштирокчилари мазкур тадбир ҳақли равишда тарихий аҳамиятга эга эканлигини ҳамда минтақавий ҳамкорликда принципиал жиҳатдан янги саҳифа очганини алоҳида таъкидлашди.

Сўз — иштирокчиларга

Қайрат АБДРАҲМОНОВ,

Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири:

— Биз Ўзбекистоннинг узоқни кўзлаб амалга ошираётган ташаббусларини қўллаб-қувватлаймиз. Бу эзгу ташаббуслар минтақада хавфсизлик ва тинчликни таъминлашга қаратилгани билан аҳамиятлидир. Мазкур жараёнда Россия, Хитой, АҚШ, Европа иттифоқи сингари ҳамкорларимиз билан муносабатларни кенгайтириш жуда муҳимдир. Айнан кўп қиррали алоқалар минтақамиз хавфсизлигини таъминлашда муҳим роль ўйнайди. Биргаликдаги саъй-ҳаракатлар экстремизм ғояларининг тарқалиши, ноқонуний миграциянинг кучайиши ҳамда экологик муаммолар жиддийлашувининг олдини олади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 72-сессиясида -илгари сурган Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳатлашувларини йўлга қўйиш бўйича ташаббусини Қозоғистон Республикаси Президенти Нурсултон Назарбоев қўллаб-қувватлаб, биринчи учрашувни мамлакатимизда қабул қилишга тайёрлигини билдирди.

Наталья ГЕРМАН,

БМТ Бош котибининг махсус вакили, Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази раҳбари:

— Марказий Осиёда превентив дипломатия бўйича минтақавий маркази ушбу халқаро конференцияни ташкил этишда фаол қатнашди. Тадбир юксак савияда ўтди. Президент Шавкат Мирзиёев минтақадаги бешта мамлакат раҳбарларининг доимий маслаҳатлашув учрашувларини ўтказиш ташаббусини баён қилди. Бу ғояга анжуманда сўз олган барча экспертлар алоҳида эътибор қаратишди. Конференция мазкур ғояни ҳаётга татбиқ этиш имкониятларини юзага чиқарди.

Бугун ҳамкорлигимиз тобора чуқурлашиб, янгича мазмун билан бойимоқда. Чунки биз келажакка катта умид билан қараяпмиз. Биз минтақадаги тинчлик ва ҳамкорлик абадий ҳамда мустаҳкам бўлиши учун бундан кейин ҳам барча саъй-ҳаракатларни бирлаштирамиз, маълумотлар алмашамиз, бир-биримизни қўллаб-қувватлаймиз.

Лорд Муҳаммад Илтаф Шайх,

Буюк Британия парламенти Лордлар палатаси аъзоси:

— Форум кўп жиҳатдан Марказий Осиё минтақасини янада ривожлантириш ва қўшни давлатлар ҳамкорлигининг истиқболларини белгилаб беради. Ўзбекистон хавфсизликни -мустаҳкамлаш, минтақада, шу жумладан, ўзаро манфаатли ҳамкорликни кенгайтириш, Афғонистонда сиёсий мулоқотлар билан тинчликка эришиш бўйича қатъий сиёсат олиб бормоқда. Бундай ташаббуслар кўплаб мамлакатлар ҳамда нуфузли халқаро ташкилотлар экспертлари томонидан эътироф этилаяпти. Мен 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясини атрофлича ўрганиб чиқдим. У Ўзбекистоннинг келгуси тараққиёти чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий ташқи сиёсат билан узвий боғланган жиддий ҳужжатдир. Энг муҳими, бундай ёндашувлар бугун ҳаётда ўз амалий ифодасини топмоқда.

Филипп БЕННЕТТ,

Европа тикланиш ва тараққиёт банки биринчи вице-президенти:

— Дунё ҳамжамияти Марказий Осиёга улкан имконият ва ривожланиш минтақаси сифатида тобора катта эътибор қаратмоқда. Бугун минтақада кечаётган жараёнлардан келиб чиққан ҳолда айтиш мумкинки, биз келажакка комил ишонч билан боқаяпмиз. Ўзбекистонда қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси улкан мақсадларни кўзлайди. Биз янги куч-ғайрат билан ҳаётга татбиқ этилаётган ташаббуслардан ҳайратдамиз. Бу ташаббусларни қудратли хусусий сектор кўмагисиз рўёбга чиқариб бўлмайди. Мамлакатда амалга оширилган валюта ислоҳотлари Ўзбекистондаги ислоҳотлар муваффақиятига ишончни мустаҳкамламоқда. Биз юртингизда бизнесга маъмурий таъсирни қисқартириш, мулоқотни кучайтириш, суд-ҳуқуқ ислоҳотларини чуқурлаштириш, божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш, инвестициявий муҳитни такомиллаштириш бўйича олиб борилаётган саъй-ҳаракатларни қўллаб-қувватлаймиз. Бинобарин, ушбу янгиликлар минтақанинг дунё бизнеси учун жозибадорлигини оширади.

Ишончим комилки, Ўзбекистон бутун минтақада барқарор тараққиёт мақсадларига эришишга катта ҳисса қўшади. Ўз навбатида, биз ҳам Марказий Осиё мамлакатларини ўзаро ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш йўлида қўллаб-қувватлашга тайёрмиз.

Рой АЛЛИСОН,

Оксфорд университети Сент-Энтони коллежи Россия ва Евросиё тадқиқотлари маркази директори (Буюк Британия):

— Ўзбекистон Президентининг Марказий Осиё давлатлари раҳбарлари маслаҳатлашув механизмини ташкил қилишга доир ташаббуси халқаро конференция иштирокчилари томонидан қизғин қўллаб-қувватланди. Ўтган давр мобайнида кўп томонлама алоқалар турли шаклларда олиб борилаётганди. Маслаҳатлашувлар минтақа доирасида эмас, балки микросиёсат даражасида эди.

Юқори даражадаги маслаҳатлашувлар майдонининг яратилиши хавфсизлик соҳасида минтақавий маданиятни шакллантиришга ёрдам беради. Марказий Осиё мамлакатларининг эксклюзив мулоқоти конкрет миллий манфаатларда ўз ифодасини топади. Минтақа давлатларининг фуқаролик жамияти институтлари ушбу ҳамкорлик алоқалари равнақига катта ҳисса қўшиши мумкин.

Жон Эдвард ХЕРБСТ,

Д. Патрициу номидаги Евросиё маркази директори, Атлантика кенгаши (АҚШ):

— Биз сўнгги 25 йил давомида Марказий Осиё мамлакатлари қандай ривожланганига гувоҳ бўлдик. Минтақа давлатлари катта саъй-ҳаракатлар туфайли тинчлик ва барқарорликни сақлаб келди. Бу улкан муваффақият. Ваҳолонки, ўз вақтида ҳудудда муаммолар талайгина эди. Ўзбекистон ташаббуси билан Марказий Осиёда ядро қуролидан холи ҳудуд барпо этилди. Йирик ядро қуролига эга мамлакатларга қўшни бўлишига қарамасдан, Марказий Осиё ушбу тамойилга содиқ қолмоқда.

Истиқболда Марказий Осиё минтақада қўшни мамлакатларнинг ҳамкорлиги эвазигагина тараққий топиши мумкин. АҚШ бу жараёнда ҳар томонлама ёрдам беришга тайёр.

Тадамичи ЯМАМОТО,

БМТ Бош котибининг Афғонистон бўйича махсус вакили:

— Форум Марказий Осиё давлатларининг барқарор ривожланиши, минтақавий кўплаб жиддий масалаларнинг ҳал қилиниши, жумладан, Афғонистондаги вазиятни тинч йўл билан тартибга солиш учун янги имкониятларни очади. Ўзбекистон ушбу мамлакатда барқарорликни мустаҳкамлаш жараёнида фаол қатнашмоқда, муҳим иқтисодий лойиҳалар ташаббускори бўлаяпти. Президент Шавкат Мирзиёев томонидан конференцияда илгари сурилган “Марказий Осиё халқаро транспорт йўлаклари тизимида: стратегик истиқболлар ва амалга оширилмаган имкониятлар” мавзуида халқаро конференция ўтказиш ташаббуси Афғонистон ҳукумати учун устувор аҳамиятга эга. Транспорт коммуникацияларини такомиллаштириш ҳамда бошқа долзарб лойиҳаларнинг ҳаётга татбиқ этилиши Афғонистоннинг иқтисодий салоҳиятини оширишга хизмат қилади, миллатлараро тотувликни қарор топтириш ва минтақада барқарорликни мустаҳкамлаш учун янги истиқболлар очади.


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz