ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан 13.11.2017

Миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан

Мустақилликнинг дастлабки йиллариданоқ юртимизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлаш, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб бериш, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент вилоят кенгаши ҳам ана шундай вазифаларни аҳоли ўртасида кенг тарғиб этиш мақсадида Бекобод шаҳар техника ва иқтисодиёт касб-ҳунар коллежида “Жамиятда диний бағрикенглик, виждон эркинлиги, миллатлараро тотувликни таъминлаш тинчлик ва барқарорлик гаровидир” мавзусида давра суҳбати ташкил этди.

Унда Республика Оила илмий-амалий маркази, ЎзМТДП Тошкент вилоят ва Бекобод шаҳар кенгашлари, Бекобод шаҳар ИИБ вакиллари, шаҳар бош имом хатиби халқ депутатлари шаҳар Кенгаши депутатлари, партия фаоллари, коллеж маъмурияти ва ўқувчилари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.   

Давра суҳбатида 2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритишга қаратилган йўналишининг мазмун-моҳияти хусусида сўз борди.

– Ҳозирги глобаллашув жараёнида диний бағрикенглик муаммоси жаҳон ҳамжамияти давлатлари учун ғоят долзарб масалалардан бири бўлиб қолмоқда дейди, – партия вилоят енгаши бош мутахассиси Вилоят Шодиева.  – Биз партия вакиллари ҳам диний бағрикенглик, виждон эркинлиги миллатлараро тотувликни, жамиятнинг ривожланиши, тинч ва осойишта бўлишининг кафолати эканлигини чуқур англаган ҳолда, аҳоли ўртасида кенг тарғибот тадбирларини ўтказмоқдамиз. Биргина мазкур йўналишдаги тадбирлар партия вилоят кенгашининг барча шаҳар ва туман кенгашлари томонидан ўтказилмоқда. Зеро, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик ва ҳамжиҳатлик фуқаролик жамияти ривожланишининг асосий мезонларидан бири бўлиб, ушбу тамойиллар юртимиз тараққиёти ва тинчлигининг гаровидир.

Таъкидланганидек, Конституциямизда “Ўзбекистон Республикасида барча фуқаролар бир хил ҳуқуқ ва эркинликларга эга бўлиб, жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахси ва ижтимоий мавқеидан қатъий назар қонун олдида тенгдирлар”, – деб белгилаб қўйилганлиги, кўпмиллатли халқимиз ўртасидаги тотувлик ва ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлаш учун яратилган заминдир.

Тадбирда сўз чиққанлар, Ҳаракатлар стратегиясининг “Хавфсизлик, миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенгликни таъминлаш, чуқур ўйланган, ўзаро манфаатли ва амалий руҳдаги ташқи сиёсат юритиш” йўналиши республиканинг конституциявий тузумини, суверенитетини, ҳудудий яхлитлигини ҳимоя қилишга доир чора-тадбирларни рўёбга чиқариш, киберхавфсизлик соҳасида ахборот, норматив-ҳуқуқий асослар тизимини такомиллаштириш, аҳолини фавқулодда вазиятлардан хабардор қилиш тизимини ташкил этиш ва ривожлантиришга қаратилганлиги, Ўзбекистон диний бағрикенглик ва динлараро мулоқот борасида бутун дунёга намуна бўлаётгани, Республикада истиқомат қилаётган фуқаролар қайси динга мансуб бўлишидан қатъий назар биргаликда, тинч ва осойишта шароитда, юрт равнақи учун фаолият юритиб келаётганлигини таъкидладилар.

Мамлакатимизда миллатлараро ва конфессиялараро тотувликни таъминлаш учун барча ҳуқуқий асослар ҳамда зарур шарт-шароитлар яратиб берилган. Бағрикенглик маданиятини шакллантириш ва янада мустаҳкамлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди. ЮНЕСКО Бош конференциясининг 1995 йил 16 ноябрдаги 28-сессиясида “Бағрикенглик тамойиллари тўғрисида”ги Декларация қабул қилинди. Шу кундан эътиборан 16 ноябрь санаси Халқаро бағрикенглик куни сифатида бутун дунёда, шу жумладан, мамлакатимизда ҳам кенг нишонлаб келинади.

Зеро, мазкур декларацияда таъкидланганидек, “Бағрикенглик бўлмаса тинчлик бўлмайди, тинчликсиз эса тараққиёт ва демократия бўлмайди”.

ЎзМТДП Тошкент вилоят кенгаши матбуот хизмати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz