ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


11.02.2019

Миллий манфаатларни ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий асоси



Давлатимиз раҳбарининг Олий Мажлисга Мурожаатномасида халқаро муносабатларда очиқ ва амалий, фаол ташқи сиёсат олиб борилаётгани туфайли ишончли ҳамкор сифатида мамлакатимизнинг халқаро обрўси тобора ортиб бораётгани, барча қўшниларимиз билан дўстона ва ўзаро ишонч руҳидаги муносабатларни янада мустаҳкамлаш бизнинг асосий вазифаларимиздан бирига айлангани ҳамда  биргина 2018 йилда 18 та давлатлараро расмий ташрифлар амалга оширилиб, уларнинг самараси ўлароқ 52 миллиард долларлик 1 минг 80 та лойиҳа бўйича келишувларга эришилгани алоҳида қайд этиб ўтилган эди.

Маълумки, сўнги икки йилдан ошиқроқ муддат давомида мамлакатимиз ташқи сиёсатида юз берган ижобий ўзгаришлар табиийки, давлатимизнинг жаҳон ҳамжамиятининг тенг ҳуқуқли ва тўлақонли субъекти сифатида икки ва кўптомонлама алоқаларини давлатлар ёки халқаро ёхуд минтақавий даражада сифат жиҳатдан янги босқичга кўтаришни тақозо этарди. Шу боис, бугун шиддат билан ўзгариб бораётган замоннинг чақириқлари, дунё миқёсида рўй бераётган манфаатлар кураши, тобора авж олаётган рақобат, кескинлашиб бораётган халқаро вазият бундан йигирма тўрт йил илгари қабул қилинган Ўзбекистон Республикасининг халқаро муносабатларининг ҳуқуқий асоси саналиб келинган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонунини ўз кучини йўқотган, деб топиб, уни бутунлай янги қонун сифатида қабул қилишга зарурат туғилган эди. Зеро, мустақилликка эришилганидан сўнг ўтган даврда Ўзбекистон Республикаси дунёнинг 165 давлати томонидан тан олинган бўлиб, уларнинг 133таси билан дипломатик алоқалар ўрнатилган. Бугунги кунда Республикамизда 45та давлатнинг элчихоналари, Европа Иттифоқининг делегацияси, дипломатик мақомга эга бўлган 3та савдо ваколатхоналари, хорижий давлатларнинг 11та ҳукумат ва хукуматлараро ташкилотлари, 5та халқаро молиявий ташкилотларнинг ваколатхоналари ҳамда 8та давлатнинг фахрий консуллари фаолият олиб бормоқда. Давлатимиз томонидан дунёнинг 33та давлатида элчихоналар, 10та давлатда Бош консуллик ва БМТ ҳамда Европа Иттифоқи сингари халқаро ташкилотлар қошида 3та доимий ваколатхоналаримиз очилганини қайд этиш жоиз. Қолаверса, давлатимиз Бирлашган Миллатлар Ташкилоти (БМТ), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ), Осиё Тараққиёт Банки (ОТБ), Шанхай ҳамкорлик ташкилоти (ШҲТ), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги (МДҲ) ва яна кўплаб халқаро ҳамда минтақавий ташкилотларга аъзоликка қабул қилинди.

Ҳозирда Ўзбекистон Республикасининг шартномавий-ҳуқуқий базасини 4070 та ҳужжат ташкил этади. Булардан, икки томонлама давлатлараро ва ҳукуматлараро ҳужжатлар - 1718; идоралараро – 839; универсал характердаги, кўп томонлама ҳужжатлар ҳамда минтақавий ташкилотлар доирасидаги шартномалар – 535; халқаро шартнома мақомига эга бўлмаган - 978 тага яқин ҳужжатлар мавжуд. Шартномавий-ҳуқуқий базанинг йил сайин ўсиб бораётгани эса ўз навбатида уларнинг ижроси юзасидан мониторинг олиб бориш ва вақти вақти билан уларнинг давр талаблари нуқтаи назаридан инвентиразициядан ўтказилиши лозимлигини англатади. Қолаверса, халқаро шартномалар лойиҳаларини тайёрлаш ва Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалар бўйича мажбуриятларини бажариш ҳамда Ўзбекистон Республикасининг идоралараро тусдаги халқаро шартномаларини тузиш, бажариш, тўхтатиб туриш, тўхтатиш ва бекор қилиш қонуности ҳужжатлари билан тартибга солишга хизмат қилмоқда.

Жорий йилнинг 7 февраль куни бутунлай янги бўлган “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги Қонуннинг Президентимиз томонидан имзоланиб, расман эълон қилинганлиги давлатимизнинг халқаро муносабатлари соҳасидаги чинакам тарихий кун бўлди. Чунки, энг аввало халқаро шартномалар ҳуқуқи соҳасидаги асосий халқаро ҳуқуқий ҳужжат бўлган 1969 йил 23 майдаги Вена Конвенциясига мувофиқ мазкур қонунимизда халқаро шартномаларда энг кўп учрайдиган тушунчалар ва атамалар ёритиб берилди. Бундан ташқари, Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базаси халқаро шартномалар эълон қилинадиган расмий манба сифатида белгиланди ҳамда қонун лойиҳасини такомиллаштиришга қаратилган таҳририй ўзгартиришлар киритилиб, ундаги нормалар қонунчилик техникасига мувофиқлаштирилди.

Айниқса, мазкур қонуннинг амалий аҳамияти беқиёслигини инобатга олган ҳолда уни ишлаб чиқилиши жараёнидаёқ «Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларининг муҳокамаси» давлат портали ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг расмий интернет саҳифасига жойлаштирилди. Жамоатчилик муҳокамалари натижасида келиб тушган барча асослантирилган таклиф, фикр ва мулоҳазалар инобатга олинди.

“Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги янги Қонунининг ўзига хослигини қуйидагиларда кўриш мумкин:

Биринчидан, халқаро шартномаларни ҳуқуқий (Ташқи ишлар ва адлия вазирликларида) ва бошқа турдаги (иқтисодий, молиявий, илмий, экологик ва лингвистик) экспертизадан ўтказиш механизмлари белгиланлиги;

Иккинчидан, халқаро шартнома тузишнинг мақсадга мувофиқлиги ва амалий аҳамиятини асослантириш бўйича талаблар кучайтирилди, ҳар бир шартнома лойиҳасига тушунтириш хатини тайёрлаш бўйича янги қоида киритилганлиги;

Учинчидан, Ташқи ишлар вазирлиги ва бошқа давлат органлари томонидан халқаро шартномаларнинг бажарилиши бўйича мониторинг олиб бориш механизми белгилаб берилганлиги;

Тўртинчидан, ваколатли давлат органлари томонидан халқаро шартномаларни қўллаш масалалари юзасидан тушунтиришлар тақдим этиш имконияти назарда тутилганлиги;

Бешинчидан, ҳамкорликнинг шартномавий-ҳуқуқий базаси ҳолатини ҳар томонлама таҳлил қилиш имкониятини яратиш мақсадида Ўзбекистоннинг халқаро шартномаларини инвентаризация қилиш бўйича қоидалар қўшилганлиги;

Олтинчидан, давлат органлари томонидан халқаро шартномалар шартларининг бошқа иштирокчилар бажармаслиги ёки лозим даражада бажармаслиги аниқланган ҳолатлар тўғрисида дарҳол Ташқи ишлар вазирлигига ахборот бериш бўйича қоидалар киритилганлиги;

Еттинчидан, юридик мажбурий хусусиятга эга бўлмаган халқаро актларнинг (декларация, қўшма баёнот, англашув меморандуми ва бошқалар) ҳуқуқий ҳолати белгиланди, уларни қабул қилиш тартиби енгиллаштирилганлигидир.

Хулоса қилиб айтганда, “Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномалари тўғрисида”ги янги Қонунининг қабул қилиниши бир неча алоҳида ҳужжатларда акс этган қоидаларни ўзида мужассамлаштириш орқали қонуннинг “тўғридан-тўғри қўлланилиши”ни таъминлаш, давлат органлари ишининг самарадорлигини ошириш, уларнинг жавобгарлигини ва улар томонидан ишлаб чиқилаётган ҳужжатларнинг сифатини ошириш, томонлар битимларни лозим тарзда бажараётганликлари устидан назоратни таъминлашга хизмат қилиб, Республика учун истиқболли ва фақатгина амалий аҳамият касб этадиган шартномалар тузиш имконини беради.

Энг муҳим ушбу Қонун халқаро шартномаларни ижроси таъминлашда тизимли ёндашувни белгилаб берганлиги, давлатимизни ўзига олган мажбуриятларни юқори даражада бажаришга ҳамда вазирлик ва давлат идоралари томонидан уларни ижросини таъминлашга сифатли ва ўз вақтида хизмат қилади.

 

Акмалжон УМИРЗАКОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси



Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz