ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


"Миллий тикланиш" демократик партияси ва фракциясининг 2019 йилга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди 12.01.2019

"Миллий тикланиш" демократик партияси ва фракциясининг 2019 йилга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди

2019 йил 12 январь куни Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга Мурожаатномисидан келиб чиқадиган устувор вазифалари муҳокамасига бағишлаб, партия Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг қўшма йиғилишини ўтказди.

Йиғилишда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси Марказий кенгаши Ижроия қўмитаси ва партиянинг Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашларга партиядан сайланган депутатлар ҳамда партия фаоллари иштирок этдилар. 

photo_2019-01-12_13-32-45.jpg

Қўшма йиғилишда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқиб 2019 йил – «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширилиши лозим бўлган устувор вазифалар бўйича Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракциясининг амалий чора-тадбирлар Дастури муҳокама этилди.

Йиғилишда таъкидланганидек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Олий Мажлисга тақдим этган Мурожаатномасида юртимизнинг ички ва ташқи сиёсатида энг муҳим бўлган устувор вазифалар белгилаб берилди. Мурожаатномада белгиланган вазифалар асосида 2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясининг «Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили»да амалга оширишга оид Давлат дастури лойиҳаси ишлаб чиқилди.

photo_2019-01-12_13-34-26.jpg

Партия фаолларининг таъкидлашича, Давлат дастури лойиҳасида мамлакатимизни демократик ривожлантиришга, Олий Мажлис палаталари ва сиёсий партияларнинг ролини янада кучайтиришга, Вазирлар Маҳкамаси, вазирликлар, суд ҳокимияти мустақиллигини янада мустаҳкамлаш, айни пайтда уларнинг масъулиятини кучайтиришга, иқтисодиётни либераллаштиришга, ижтимоий барқарорликни таъминлашга, энг муҳими, оддий одамлар учун фаровон турмуш шароитини яратишга алоҳида эътибор қаратилган.

Ушбу муҳим вазифалардан келиб чиқиб, Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ҳамда Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракциясининг амалий чора-тадбирлар Дастури ишлаб чиқилди. Дастур партиянинг дастурий мақсад-вазифалари ва ғоясидан келиб чиқиб, Мурожаатномада сиёсий партиялар олдига қўйилган вазифалар ижросини сифатли ва самарали таъминлашга қаратилди. Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 5 январдаги «Ўзбекистон Республикасида туризмни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги Фармони ҳамда «Туризм тармоғини жадал ривожлантиришга оид чора-тадбирлар тўғрисида»ги Қарори ижроси юзасидан парламент ҳамда депутатлик назоратини ўрнатиш белгиланди.

photo_2019-01-12_13-35-50.jpg

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва фракцияси Маданият вазирлиги, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан ҳамкорликда кенг жамоатчилик, соҳа мутахассислари ва экспертларни жалб этган ҳолда «Маданий мерос объектларини муҳофаза қилиш ва улардан фойдаланиш тўғрисида»ги, «Туризм тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларининг янги таҳририни ҳамда «Маданият тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларини ишлаб чиқиш, шунингдек фракция аъзоларининг қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида «Ўзбекистон Республикасининг давлат байроғи тўғрисида»ги, «Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимларни ўтказишни тартибга солиш тўғрисида»гиЎзбекистон Республикаси қонунларини ишлаб чиқиш режалаштирилди.

Йиғилишда қайд этилганидек, 2019 йилдан халқ депутатлари вилоят ва туман Кенгашлари раислигига ҳокимларнинг жорий қилиш тизимининг тугатилиши партия гуруҳлари орасида соғлом рақобатни шакллантиришга хизмат қилади. Депутатларнинг жойларда маҳаллий давлат ҳокимияти идоралари фаолиятига оид камчиликларни очиқ-ойдин муҳокама этиш имкониятини кенгайтиради, партия гуруҳларининг эмин-эркин фаолият юритишига замин яратади.

photo_2019-01-12_13-35-33.jpg

Шуларни инобатга олган ҳолда партия ва фракциянинг 2019 йилга мўлжалланган амалий чора-тадбирлар Дастурига Суд ҳокимиятининг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида судьяликка номзодларни танлаш ва тайинлаш тизимини янада такомиллаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатини кўриб чиқиш тизимини такомиллаштириш, cолиқ юкини камайтириш, бизнес юритиш учун янада қулай шароитлар яратиш, «яширин» иқтисодиётга барҳам бериш, миллий иқтисодиётнинг рақобатбардошлигини ошириш бўйича узоқ муддатли Стратегия лойиҳасини ишлаб чиқишда партия гуруҳларининг фаол иштирокини таъминлаш каби вазифалар киритилди.

Шунингдек, «Ёшлар – келажагимиз» жамғармаси томонидан ёшларнинг бизнес лойиҳаларини қўллаб-қувватлаш, жамоат жойларида бепул «Wi-Fi» ҳудудларни ташкил этиш чораларини кўриш, озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш, тиббиёт соҳасидаги кадрлар тайёрлаш тизимини такомиллаштириш, миллат генофондини сақлаш мақсадида тиббий хизматлар сифатини яхшилаш, болалар мусиқа таълими тизимини ривожлантириш ва такомиллаштириш, Ўзбекистонда гилам музейини ташкил этиш, «Маърифий ислом» мазмун-моҳиятини фаол тарғиб қилиш, миллий ахборот маконини ҳимоя қилиш бўйича Интернет тармоғида миллий контентни ривожлантириш каби бир қатор вазифаларни амалга ошириш ҳамда таклифлар ишлаб чиққан ҳолда тегишли вазирлик ва идораларга тақдим этиш Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ташкилотлари ва депутатлик бирлашмаларининг диққат марказида бўлади.

Қўшма йиғилишда Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси ва фракциясининг амалий чора-тадбирлар Дастуридан ўрин олган юқоридаги мақсад-вазифалар атрофлича муҳокама этилди. Билдирилган таклиф ва тавсиялар, фикр-мулоҳазалар инобатга олиниб, партия ва фракциянинг амалий чора-тадбирлар Дастури қабул қилинди.


 

ЎзМТДП Марказий кенгаши

Ахборот хизмати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz