ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


02.08.2019

“Миллий тикланиш” ДП фаолиятида қандай вазифалар устувор бўлиши керак?


Аввал хабар берганимиздек, бугун пойтахтимиздаги Ёшлар ижод саройида Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Тошкент шаҳар кенгаши томонидан партия Дастури ва 2020-2025 йилларга мўлжалланган сайловолди Платформаси лойиҳаси муҳокамасига бағишланган дебат ташкил этилди.

Унда Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши, Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси аъзолари, ҳудудий партия ташкилотлари вакиллари, халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлардаги партия гуруҳлари, экспертлар, сиёсатшунос олимлар, мутахассислар, оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирок этдилар.

photo_2019-08-02_15-41-14.jpg

Дебатда таъкидланганидек, мамлакатимиз сўнгги йилларда кенг қамровли ўзгариш ва янгиланишларнинг янги босқичига қадам қўйди. Бу босиб ўтилган йўл, глобаллашув ва кучайиб бораётган рақобат шароитида жаҳон иқтисодиёти конъюнктурасини ҳар томонлама таҳлил этиш асосида мамлакатни янада барқарор ва жадал ривожлантиришниг тубдан янги ғоя ва принципларини амалга оширишни талаб этади. Шу билан бирга, мамлакатдаги реал ҳолатни ўрганиш ислоҳотларни, фуқаролар маданияти ва ҳуқуқий онгини юксалтириш жараёнларини, уларнинг маънавий ва бошқа номоддий эҳтиёжларини қондиришни сустлаштираётган қатор муаммо ва камчиликлар мавжудлигидан далолат беради. Жумладан, миллий ва маданий ўзига хосликни йўқотиш, унинг эҳтимолий ассимиляцияси, глобаллашув ва “оммавий маданият”нинг салбий таъсири, аҳолига қарши четдан “ахборот ва гибрид урушлар” технологиясини қўллаш каби ҳолатлар кучаймоқда.

аывыа.jpg

Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси янги Ўзбекистонни барпо этиш йўлида ислоҳотларнинг ҳозирги босқичида сайловолди мақсад ва шиорларни эълон қилиб, ушбу саволларга умумий Ватанимизнинг илм-фан, интеллектуал салоҳият, замонавий кадрлар, юқори технологиялар ҳамда маънавият ва маърифат соҳаларида жаҳон майдонида рақобатбардош мамлакат сифатида изчил ишлар борасида ўзининг принципиал партиявий жавобини беради. Партия учун ҳаётий муҳим ва асосий масала бу соғлом, баркамол авлодни, Ватанимиз тақдири ва келажаги учун ўз зиммасига масъулиятни олишга қодир бўлган аниқ мақсадга йўналган, шижоатли ёшларни тарбиялаш, бунга барча билим ва салоҳиятни йўналтиришдадир.

photo_2019-08-02_17-29-13 (2).jpg

Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу жараёнларда фаол иштирок этиб, эл назарида бўлишга, чин маънода халқ ишонган партияга айланишга астойдил ҳаракат қилмоқда. Бунга эришиш учун аввало, партия давр шиддатига ва бугунги кун талабига мос ҳолда иш олиб бориши лозим. Сиёсий майдонда қўли баланд бўлиш учун эса партияга ўзига хос, халқчил, давлат ва жамият фаровонлигига хизмат қилувчи сайловолди Платформаси зарур бўлади. Шунинг учун партия сайловолди Платформасини бугунги кун шиддати, сайловчилар эҳтиёжи, аҳоли муаммоларини ҳисобга олган ҳолда янгиламоқда. Бунинг учун жойларда дебатлар ташкил этилиб, партия аъзоларининг, депутатларнинг, фаоллар, эксперт ва мутахассисларнинг таклифларини ўрганмоқда.

photo_2019-08-02_15-41-07.jpg

Дебатда қайд этилганидек, Ўзбекистон аҳолисининг 50 фоизидан зиёдини хотин-қизлар ташкил қилади. Шу маънода мамлакатимизда хотин-қизларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Лекин шунга қарамай, аёлларга тааллуқли масалалар кун тартибидан тушмай келаяпти. Депутатларимизга бўлаётган мурожаатларнинг аксариятини аёллар муаммоси ташкил қилаётгани ҳам аччиқ ҳақиқат. Таҳлиллар натижасида оилавий ажримларга иқтисодий етишмовчиликлар ҳам сабаб бўлаётгани аниқланди. Натижада баъзи аёлларимиз фарзандларини ташлаб, чет элларга чиқиб кетяпти. Улар моддият ортидан қувиб, оиласини пароканда қилиш, фарзандлари тарбиясини издан чиқариш орқали жамиятга қанчалар маънавий зарар етказаётганига бугун барчамиз гувоҳ бўлиб турибмиз.

photo_2019-08-02_17-29-10.jpg

Аёллар масалаларига бағишланган йиғилишларда кўпинча, биз шунча аёлни чет элдан қайтариб келишга муваффақ бўлдик, тарзидаги ҳисоботларни эшитамиз. Фахр билан келтирилаётган  рақамларни эшитиб, ваҳимага тушасан киши. Бу рақамлар ортида нафақат бир аёл, балки унинг оиласи, фарзандлари тақдири ётади-ку. Ўзга юртлардан қайтарилган аёллар руҳияти, тафаккури, дунёқараши, тарбиясида  қандай ўзгаришлар билан қайтишди? Мана, биз нимага эътибор беришимиз лозим.

photo_2019-08-02_17-29-12.jpg

Аёллар билан боғлиқ яна бир оғриқли масала бор. Оиласидагилардан, турмуш ўртоғидан  жабр кўрган ёки жазо муддатини ўтаб қайтган аёлларга кўрсатилаётган эътибор, ёрдам етарли даражада эмас, назаримизда. Партия сайловолди Платформасида маҳаллалар, оилалардаги тинчлик ва осойишталик сақлаш, ҳаёт ташвишлари ва муаммоларини сабр-тоқат, оқилалик билан ҳал этиш жараёнига ўз ҳиссасини қўшаётган хотин-қизларнинг миллий манфаатларини ҳимоя қилиш, қўллаб-қувватлаш, зарур бўлса, ҳимоялаш каби вазифалар кўзда тутилиши мақсадга мувофиқдир.

апр.jpg


-          Сўнги уч йил давомида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги ислоҳотларнинг устувор йўналишларидан бири — инсоннинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликлари, аввало, асоссиз жиноий таъқиб ва шахсий ҳаётга аралашишдан ҳимояланиш, шахсий дахлсизлик ҳуқуқлари ҳамда адолатли суд муҳокамасига бўлган ҳуқуқлари самарали муҳофаза этилишини таъминлаш ҳисобланишига қарамай ҳанузгача адолат ўрнатилишида катта муаммаолар мавжуд. Бундай фикрга келишнинг асосий сабабларидан бири фуқароларимиздан ушбу соҳа юзасидан келаётган мурожаатлар сони камаймаётганлигидан деб уйлайман. Хўш, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси бу йўналишда қандай аниқ вазифаларни бажарди ёки депутатларимизнинг қай бири судда оқлов ҳукмини чиқаришда фаол иштирок этди, деган ўринли савол туғилади. Саноқли депутатларимизгина бу борада амалий иш қилган бўлишлари мумкин.

Шунинг учун партиямизнинг сайловолди Платформасида белгиланган суд – ҳуқуқ соҳасини назоратга олиш ва қўмаклашиш борасидаги ишларимизни кучайтирмасак,  фуқароларимизнинг бўлажак сайловда бизга бўлган ишониши камайиши мумкин.

Бундан ташқари, Суд-ҳуқуқ тизимида инсон ҳуқуқлари маданиятини ошириш борасидаги ишларни кучайтиришимиз лозим. Бу ўринда мамлакатимизда инсон ҳуқуқларига жавобгар ташкилотлар билан ҳамкорликни кучайтириш зарур. Чунки партиянинг сайловолди Платформасида бу борада ҳеч нима дейилмаган. Агар партиямиз чин маънода халқимизнинг ишончини қозонган партияга айланмоқчи бўлса, биринчи навбатда адолатсизликка қарши курашишга катта аҳамият бериши, адолатни тиклашдек масъулиятни зиммасига олиши зарур, — дея ўз фикрларини билдирди халқ депутатлари Шайхонтоҳур туман кенгаши депутати, Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти мудири Саидбек Азимов.

photo_2019-08-02_17-29-13.jpg

Дебатда “Миллий тикланиш” ДП ўзбек тилининг давлат тили сифатидаги мақомини мустаҳкамлашга етарли эътибор бермаётгани танқид қилинди. Бугун таълимнинг лотин ёзувида, матбуотнинг эса кирилл ёзувида олиб борилаётгани таажжубланарли ҳолат экани таъкидланди.

Шунингдек, дебатда партия сайловолди Платформасининг мукаммал бўлишини таъминлаш учун партия фаоллари, электорат ҳамда экспертлар томонидан қатор таклифлар билдирилди. Хусусан, миллатимизнинг миллий қадрият ва урф-одатларини сақлаш, хавфсиз ахборот ривожи учун ҳуқуқий асос яратиш, гендер тенглигини таъминлаш, маънавият ва маърифат, таълим, илм-фан тараққиётига, инновацион ишланмалар ривожига хизмат қилувчи мустаҳкам платформани шакллантиришга қаратилган мақсад ва вазифалар янги дастурда аниқ акс эттирилиши лозимлиги таъкидланди.

photo_2019-08-02_15-40-46.jpg

Тадбирда ўртага ташланган саволлар, билдирилган таклифлар асосида партия сайловолди Платформасини янада мукаммал ҳолга келтириш, бу каби дебатларни мунтазам ўтказиш зарурлиги қайд этилди.

           

ЎзМТДП Тошкент шаҳар кенгаши
Ахборот хизмати


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz