ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Миллий ҳунармандчилигимиз халқаро миқёсда тарғиб этилади 07.11.2018

Миллий ҳунармандчилигимиз халқаро миқёсда тарғиб этилади


Ўзбек миллий ҳунармандчилиги қадимий ва бой тарихга эга. Унда  ота-боболаримизнинг тарихи, маданий ва ижтимоий ҳаёти акс этган. Ҳар бир ҳунармандчилик маҳсулоти бежиримлиги, ўзига хослиги, ранг-баранглиги, сир-асрори билан ажралиб туради. Юртимизнинг деярли барча ҳудудида ўзига хос ҳунармандлик мактаблари шаклланиб, авлоддан-авлодга ўтиб келаётир. Ҳунармандлик анъаналарини асраб-авайлаш, ривожлантириш, ҳунармандлар фаолиятини кенг тарғиб этиш бугунги кун талабидир. Президентимизнинг шу йил 5 ноябрдаги “Халқаро ҳунармандчилик фестивалини ўтказиш тўғрисида”ги қарори санъат даражасидаги миллий ҳунармандчилигимизни янада кенг тарғиб қилиш, ўзбек ҳунармандлари маҳоратини дунё саҳнида намойиш этиш имкониятини яратади.

Қарорга кўра, мазкур фестиваль ҳар икки йилда бир марта Қўқон шаҳрида ўтказилади. Бунинг замирида ҳам ўзига хос маъно бор. Негаки, Фарғона водийси моҳир ҳунармандларга бешик бўлган юрт: Марғилон  шаҳрида  матолар  билан  ишлаш, Қўқонда кандакорлик, пичоқчилик,  Риштон туманида кулолчилик ва чиннисозлик йўналишлари кенг ривож­ланган. Бугун вилоятда ҳунармандчиликнинг 32 йўналиши бўйича бир ярим мингдан ортиқ ҳунарманд фаолият  олиб  бораётир. Улар орасида  ўз мактабига эга, турли халқаро ва мамлакатимиз миқёсида ўтказиладиган кўргазма ва фестиваллар иштирокчилари, давлат мукофотлари соҳиблари бор. Жумладан, қўқонлик ёғоч ўймакор устаси  Абдуғани Абдуллаев Ўзбекистон Қаҳрамони, Муҳаммадали  Юнусов Ўзбекистон  халқ  устаси деган шарафли унвонга сазовор бўлган.

Мазкур қарор миллий ҳунармандчилик турларини, халқ бадиий ва амалий санъатини янада ривожлантириш, қўлигул ҳунармандларни қўллаб-қувватлаш ва меҳнати маҳсулларини кенг тарғиб этишда муҳим аҳамият касб этади. Фестиваль доирасида Қўқон шаҳридаги марказий майдоннинг ён-атрофида ҳунармандчилик санъатига оид турли кўргазмалар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, қадимий ҳунармандчилик дастгоҳлари ва маҳсулотларини яратиш жараёнлари, соҳага оид бадиий ва ҳужжатли фильмлар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ташкил этилади. Бу юртдошларимиз ҳамда юртимиз меҳмон ва сайёҳларининг миллий ҳунармандчилик турларига бўлган меҳр ва эътиборини янада оловлантиради, ҳар бир ҳунарнинг аҳамияти, ривожи хусусида кўпроқ маълумотга эга бўлишига хизмат қилади.

Шу ўринда таъкидлаш жоиз, қарорга кўра, мазкур фестиваль туризм календарь режасига киритилади ҳамда хорижий сайёҳлар фестивалга жалб этилади. Бу, ўз навбатида, юртимизнинг туризм салоҳиятини янада оширади, сайёҳларнинг мамлакатимизга ташрифи янада кенгайишига хизмат қилади. Шунингдек, ушбу халқаро фестиваль мамлакатлар ўртасида авлоддан авлодга ўтиб келаётган ҳунармандлик соҳасида таж­риба алмашиш, дўстлик ришталарини янада мустаҳкамлаш каби эзгу мақсадлар йўлидаги қутлуғ қадам бўлади.

Мазкур қарорнинг мазмун-моҳияти Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси дастурий вазифалари билан уйғун ва ҳамоҳанг. Партия ўз фаолияти давомида миллий ҳунармандчиликни ривожлантириш ва кенг тарғиб этиш, ҳунармандларни қўллаб-қувватлашга устувор аҳамият қаратиб келади. Яқинда партия вакиллари ҳунармандликнинг кенг тарқалган турларидан бири — гиламчилик соҳасини, ҳудудларда сақланаётган энг қадимий ва ноёб гиламчилик намуналарини ўрганди. Шу асосда юртимизда гиламчилик музейини ташкил этиш таклифини илгари сурмоқда. Бу амалий ташаббус ҳам ҳунармандчилигимизнинг сара намуналарини асраб-авайлаш ва кенг тарғиб этишда муҳим ўрин тутади. Партия ўз мақсад-ғояларидан келиб чиқиб, халқаро ҳунармандчилик фестивали юқори даражада ташкил этилиши ва ўтказилишида фаол иштирок этади. Партия ташкилотлари ва депутатлар ушбу қарор аҳамиятини кенг тарғиб қилади.


Ўрол ҲАЙИТОВ,
ЎзМТДП фракцияси аъзоси


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz