ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Миллий юксалиш ғоясини амалга оширишда ахборотлашган жамият ва ахборот маданияти 23.08.2019

Миллий юксалиш ғоясини амалга оширишда ахборотлашган жамият ва ахборот маданияти


Хабар берганимиздек, бугун Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги партия фракцияси томонидан “Миллий юксалиш ғоясини амалга оширишда ахборотлашган жамият ва ахборот маданияти” мавзусида очиқ мулоқот ташкил этилди.

photo_2019-08-23_17-22-58.jpg

Очиқ мулоқотни партия Марказий кенгаши раиси Алишер Қодиров олиб борди.

Партия Марказий кенгаши ва Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги фракцияси аъзолари, Маданият вазирлиги ва бошқа идоралар, жамоат ташкилотлари вакиллари, экспертлар ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этган тадбирда ёш авлод онгу шуурига ёт ғоялар таҳдид солаётгани, бу, айниқса, ҳозирги глобаллашув даврига хос жараён эканига алоҳида эътибор қаратилди. Зеро, дунёда кечаётган аёвсиз рақобат муҳитида мафкуралар ўртасидаги кураш тобора кескинлашиб боряпти. Оқибатда бузғунчи ғоялар, носоғлом қарашлар кучаяётир.

photo_2019-08-23_17-23-02 (2).jpg

Очиқ мулоқотда ҳар қандай жамият ўзаги, тараққиёт асосини маданият ташкил этиши таъкидланди. Инсон борки, ўз ҳаётининг ҳар лаҳзасида ё ахборот олади, ё уни идрок этади ёки узатади. Ушбу уч жараённинг тўртинчиси — кераксиз ахборотдан халос бўлиш жараёнидир. Биз ахборот эркинлиги ҳақида гапирар эканмиз, жаҳон миқёсида кераксиз ахборотдан қутулиш муаммоси ҳам пайдо бўлганини тан олишимиз керак. Ахборот маданияти эса мазкур тўрт босқичли жараёнда яшаш ҳамда фаолият юритишга замин яратиб, доимий ёрдамчига айланади. Ахборот алмашинуви жараёни соҳалар, жамиятлар, мамлакатлар, минтақалар ва дунё миқёсида кенг кўламда кечаётганини тасаввур қилсак, ушбу масаланинг ҳам илмий, ҳам амалий аҳамияти нақадар улкан эканини чуқурроқ ҳис этамиз.

photo_2019-08-23_17-23-05.jpg

Авваламбор, инсоннинг хотиржамлиги ва фаровонлиги унинг ахлоқи ва тарбияси билан бевосита боғлиқ. Яхши тарбия инсонни саодат, комиллик сари етакласа, ёмон тарбия ҳалокатга ундайди. Инсоннинг қалби, онгу тафаккури ҳеч қачон ахборот олишдан, фикрлаш, таъсирланишдан тўхтамайди, албатта. Демак, инсон доимий тарзда маънавий озиқланиши ­керак.

Тадбирда қайд этилганидек, миллий ахборот соҳасининг либераллаштирилиши аҳолининг медиа саводхонлигини оширишга, давлат ва жамият ўртасида очиқ конструктив ахборот алмашинувини фаоллаштиришга хизмат қилиши билан бирга, жамоатчилик назорати тадбирлари самарадорлигини оширишга ҳам имкон яратади.

photo_2019-08-23_17-23-07.jpg

Бироқ мазкур соҳада эришилаётган ютуқлар қаторида фуқароларнинг ахборот ҳуқуқлари бузилиши билан боғлиқ бир қатор муаммоларнинг вужудга келиши ҳамда ташқи ва ички ахборот таҳдидлари таъсирининг кучайиб бориши давлат ва жамият ўртасидаги муносабатларга ҳам ўз таъсирини ўтказмоқда.

Шу ўринда бугунги куннинг энг долзарб муаммоларидан бири – интернет тармоғи орқали нохолис ахборотларнинг оммавий тарқалиши эканини қайд этиш жоиз. Энг хавфлиси, бу жараёнда балоғат ёшига етмаган болалар ва ёшлар ана шундай ахборотлар истеъмолчисига айланиб қолаётир. Агар ёшлар ривожланишининг физиологик ва психологик хусусиятларини ҳисобга олсак, улар тарқатилаётган ахборотлар қурбонига айланмаслигига ҳеч қандай кафолат йўқлигига амин бўламиз.

photo_2019-08-23_17-23-06.jpg

Кейинги пайтларда аёлларнинг ўз боласини сотаётгани, ҳатто қотилига айланаётгани, арзимаган пул эвазига бутун бошли бир оиланинг қотилига айланган фарзанд ҳақидаги ахборотларнинг ёруғлик тизимида тарқалаётгани ҳам бунга мисол бўлиши мумкин.

Очиқ мулоқотда фракция аъзолари Ўзбекистон Республикасининг «Ахборот эркинлиги принциплари ва кафолатлари тўғрисида»ги, «Ахборотлаштириш тўғрисида»ги, «Оммавий ахборот воситалари тўғрисида»ги, «Журналистларнинг касбий фаолиятини ҳимоя қилиш тўғрисида»ги, «Болаларни уларнинг соғлиғига зарар етказувчи ахборотдан ҳимоя қилиш тўғрисида»ги қонунлар ҳуқуқни қўллаш амалиётининг самарадорлигини таъминлашни талаб қилишини таъкидладилар.

photo_2019-08-23_17-23-03.jpg

Тадбирда шунингдек, ахборот оқими шиддати ортгани сайин одамларда индивидуаллашувга мойиллик ҳам кучаяётганига эътибор қаратилди. Мана бир мисол. Оиладаги ота-она ва уч фарзанднинг ҳар бири ўзи истаган телекўрсатувни томоша қилади, ўзи ёқтирган радиоэшиттиришни тинглайди, уларнинг ҳар бирида алоҳида компьютер, интернет, мобиль телефон бор. Ота мутолаа қилаётган китоб ёки газетанинг ўғилга ҳеч қандай қизиғи йўқ, қиз қўлидан тушмайдиган суратли журнални эса она варақлаб ҳам қўймайди. Шубҳасиз, бу ҳолни ахборот оқими ҳамда воситалари таъсирида одамларнинг яккаланиши, деб таърифлаш мумкин. Кўплашиб, оила даврасида эмас, хонага қамалиб олиб, якка-якка ҳолда компьютерга термулганча ҳордиқ чиқариш, шу тарзда бўш вақтни ўтказиш одати айни пайтда чиндан ҳам оммалашмоқда.

photo_2019-08-23_17-23-01.jpg

Бундай ҳолатлар миллий оила тутуми, одоб-ахлоқ меъёрларига тўғридан-тўғри таъсир кўрсатмаслиги мумкин эмас, албатта. Юқорида қайд этилган ахборот воситаларининг ҳар бири мўъжиза, инсон ақл-идрокининг маҳсули, уларнинг ҳар бири билимни ошириш, дунёқарашни кенгайтиришга хизмат қилади, албатта.

Аммо шунга қарамай, улардан тўғри фойдаланишга эришиш ниҳоятда долзарб масалага айланганини депутатлар алоҳида таъкидладилар. Очиқ мулоқот якунида иштирокчилар томонидан миллий юксалиш ғоясини амалга оширишда ахборотлашган жамият ва ахборот маданиятини шакллантириш, миллий ахборот маконини янада барқарор ривожлантириш мақсадида ахборот соҳасидаги миллий қонунчиликни такомиллаштириш бўйича тегишли таклифлар берилди.




  ЎзМТДП Марказий кенгаши
Ахборот хизмати

 


Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

uzmtdp@mail.ru

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz