ЎЗ РУ EN
Мадҳия Герб Байроқ

Ўзбекистон

“МИЛЛИЙ ТИКЛАНИШ”

демократик партияси

ПАРТИЯ ЯНГИЛИКЛАРИ


Момоларимиз ўрган сочлар 14.11.2017

Момоларимиз ўрган сочлар

Аёлнинг нафосати, латофатию малоҳатини таърифлаб шоиру адиблар қалам дурларини сочади. Айниқса аёлнинг ҳуснига жозиба бағишловчи сочларини шарқираб оқаётган шалолага қиёслаб, сулувларнинг сумбул сочларини ҳайрат ичра тасвирлайдилар. Бундан кўриниб турибдики, соч нафақат ҳусн, балки, илҳом манбаи ҳамдир.

Мактаб даврлариданоқ соч парваришига алоҳида эътибор қаратиб келганман. Ёшлигимда қалинлигидан сочимни ҳеч саришталай олмасдим, қўнғироқдай жингалак қайсар соч толаларини йиғиштириш учун анча вақт овора бўлар, ўришга қийналардим. Шунда момом сочимни ювдирар, сўнг эринмай, бисотидаги ёғоч тароқ билан нам сочни оҳиста-оҳиста тараб, меҳр билан майда қилиб ўрардилар. Ўриб бўлгач, кифтимдан қоқиб-қоқиб: “Сенга куёв, менга палов”, деб ҳазиллашганча жамалакка зўрға бўй берган кокилларимни икки тарафга тортиб-тортиб қўярдилар. У кишининг айтишларича, жамалак қўшиб ўрилган соч тез ўсаркан. Одатда, қизлари, невараларининг сочини қирқкокил қилиб ўрган она-момолар атайлаб жамалакни сочдан бир қаричча узун қилиб, тугиб қўйишаркан...

Болаликнинг биргина шу лавҳаси кўз ўнгимдан ўтиши ҳамоно соч билан боғлиқ яна бошқа бир қанча ўгит-пандлар, турли одат-удумлар, иримлар ёдимга тушди. Ўзбек оиласида туғилган фарзанд ёшига етар-етмас “соч олди” маросими ўтказилади. Агар фарзанд ўғил бўлса, бу маросим тоқ ойда, қиз бўлса, жуфт ойда нишонланган. Маросимда оиланинг ёши улуғи гўдак сочига қайчи уриб беради. Бунинг замирида бола шу улуғ ёшли инсон каби толеи баланд, ризқ-насибали бўлсин, деган эзгу ният ётади. Соч олинганида орқа томонда – энсада бироз қолдирилиб, ўстирилган ва бу “эргаш”, “кокил” деб юритилиб, бола маълум ёшга етганида ўтказилган махсус маросимда кесилган. Бу амал “болам катталарга эргашиб, униб-ўссин, кўпга қўшилсин”, деган нек-ниятда қилинган. Бу удум ҳатто ҳозир ҳам айрим олис қишлоқларда сақланиб қолганини кўриш мумкин. Қиз боланинг сочи эса қўлга илашадиган бўлган заҳоти ўримга солинган, қизалоқларнинг сочи ёйилиб, бесаранжом бўлиб юришига йўл қўйилмаган. Кесилган, таралганда тушган соч толалари эса ҳеч қачон оёқ  остига ташланмаган.

Илгари сочнинг қандай ўрилганига қараб, унинг соҳибаси ҳақида маълумот олиш мумкин бўлган. Ёш қизалоқлар сочига пилта ё жамалак тақилган бўлса, навниҳол бўй қизлар сочи ҳамиша қирқкокил қилиб ўрилган. Оналар қизининг сепига алоҳида безакли жамалак солишган. “Пўпак”, “тахтапўпак”, “заркокил”, “нуқрапўпак” сингари турлича номлар билан аталган безак янги келинликнинг белгиси бўлган. Энди у то фарзандли бўлгунича, сочини шу безак билан ясатиб юрган. Боласи туғилиб, оналик мақомига етган аёл эса сочини бир ёки икки ўрим қилиб, орқасига ташлаб юрган.

Ёши улуғ момоларимиз билан гаплашиб қолсак, улар ёшлик йилларини қуйидагича хотирлайдилар. “Болалигимда онам сочимни пилик қўшиб ўриб қўйишарди. Сочларингни яхши парвариш қил. Толаларини ерда қолдирмай, саранжом қилиб юргин. Сочнинг ҳам уволи бор”, дея майда ўрилган сочларимга дўппи қўндирарди деб гапириб беришади.

Дарҳақиқат, бугунги кунда сочларнинг чиройига янада кўрк қўшиш мақсадида гўзаллик салонлари ҳам фаолият юритмоқдаки, бу аёлларимизнинг мушкулларини осон қилмоқда. Узун сочларни парвариш қилиш ҳам анчагина меҳнат талаб қилади.

Хўш соч ўриш услублари қачон, қаерда ва қандай амалга ошган? Деган савол туғилади.

Айтиш керакки, қизларни сочлари 7 – 8 ёшгача тақир қилиб олиниб қўйилган, гоҳида қиз бола узоқ кутилиб туғилса оталари унга соч ўстиришга рухсат берган. Қиз боланинг ёши улғайган сари сочи ўсиб борган ва орқа тамони ўрим қилиб тортиб қўйилган. Баъзида олд тамони хам кичгина ўримчалар қилиниб қулоқ устидан оркага тортилган. Қизлар хам аёллар хам сочни тарашда тикка икки тамонга таралиб ўртасидан очилган.

ХХ асрнинг 30 – 40 йилларига келиб соч турмаклаш ўзгариб, ўзининг удумларини йўқотиб бошлади. Бу эса ўз навбатида ёшдаги фарқларга ҳам ўз таъсирини кўрсатди. XIX аср охири ХХ аср бошларига назар солсак 15 ёшгача бўлган қизлар сочларини ўрим килиб (10 – 12 дона) юришган, турмушга чиққандан кейин сочнинг ўрими яна 10 – 12 тага ортган. Ёш аёл биринчи болани туққандан кейин (орадан 7 – 8 кун ўтгандан кейин) майда қилиб ўрилган сочлар иккита ўрим қилиб қўйилган. Бу гўё оналик белгиси бўлган.

Масалан, Хоразмнинг айрим жойларида шундай удум бўлган: аёллар биринчи фарзандни дунёга келтиргандан кейин, қирқ кунлик чилладан чиқиб сочини ювиб, хона ўртасига ўтириб майда ўримларни икки ўрим қилган, бошига лачак ўраш расм-русимини қилиб, шундан кейин соч майда ўрим қилинмаган. Хива, Хонқа, Хазорасп шаҳарларнинг айрим жойларида келин бўлиб, қайнота уйига келгандан кейин соч икки ўрим қилинган, чунки бу келин томонидан қайнотани хурматини сақлаш деб тушунилган.

Адабиётда ҳам соч тимсоли алоҳида юкли бадиий маъно ташувчи унсур ҳисобланган. Эртакларда сеҳргар парилар ўзларини қут-қарган ботирларга уч тола соч бериб, ёрдамга шай туриши сочда илоҳий-сеҳрий бир қувват, замонавий тилда айтганда, магик куч борлигига ишора. Ёки халқ ишонган ботир, азамат қаҳрамоннинг эртакларда зар кокилли йигит қиёфасида гавдаланиши сочда маълум бир қудрат жамланганини билдиради.

Мумтоз адабиётда эса соч - соғинч, ҳижрон, меҳр тимсоли.

“Сочининг савдоси тушди бошима бошдин яна...”

Бобурнинг шу сатр билан бошланадиган ғазалини ўқиганимиз ҳамоно кўз олдимизда сочлари узун, иболи-ҳаёли Шарқ гўзали гавдаланади. Ошиғи шайдо бу гўзалнинг сочларига маҳлиё, унинг тўсдай қоралиги ошиқнинг уйқусиз ўтган тунини эслатса, узунлиги ишқнинг сермашаққат, чўзилган йўлига ўхшайди, соч толаларининг сон-саноқсизлиги эса гўё ошиқ изтироблари, қийноқлари кўплигига ишорадай...

Буларнинг барини бир ерга жамласак,  халқимизнинг анъана ва қадриятларининг ёшларнинг тарбиясидаги ўрни ва аҳамиятини янада теранроқ англаймиз. Соч эъзозли аъзо – бош билан баравар ардоқлангани, эҳтиётланганини кўрамиз.

Шу ўринда таъкидлаш керакки, сочга бўлган муносабат фақат бизда эмас, бошқа халқларда ҳам шундай. Масалан, манбаларнинг далолат беришича, қадимда рус аёллари ҳамиша сочларини тақимга етгудай ўстириб, ўриб юришган. Соч қанча узун бўлса, унинг соҳибаси шунчалик доно, ақлли, унинг аёллик фазилатлари, меҳр-муҳаббати шунчалик кўп бўлади, деб ўйлашган. Гавданинг орқа томонидан тушиб турган қалин соч ўрими қизларнинг қадди-қоматини тик тутиши, соғлом ривожланишига ҳам таъсир кўрсатган.

Аёллар сочларига катта эътибор ва меҳр билан қарашган. Қадимда  славян халқларида қизларнинг ўз ошиғига зулфидан ҳадя этиши расм бўлган, токи ошиқ ўз севгилисининг соч толасини юрагига яқин жойда сақлаб, ҳамиша уни ёдида тутсин. Узун, қалин бир ўрим сочи ерга тушгудай, тим қора толалар шаршараси тагидан ой балқиб турган бир қиёфада тасвирланган рус халқ эртакларидаги Доно Василиса, Марья малика каби қаҳрамонларни эсланг. Ёки қадимий Европанинг аслзода хонимлари акс эттирилган суратларни олайлик, ҳаммасида сочлари турмакланган ё ўрилган, бошига ёпинчиқ ташланган аёлларни кўрамиз.

Қадимда оилада кимдир оламдан кўз юмса жасад қабрга қуйгунча соч ёзиқ ахволда бўлиб, устидан рўмол ўралган. Айрим ҳолларда бу аҳвол мархумнинг ҳурмати учун бир йилгача давом этган. Марҳумнинг бир йиллик маросими ўтказилгандан кейин кизлар, ёш аёллар сочларини аввалги ахволга келтиришган, ёши ўтган кекса аёллар сочини бир ўрим қилиб қуйишган. Соч турмаклашнинг яна бир характерли жиҳатларидан қизлар турмушга чиққунга қадар, сочларининг олд тамондаги иккита ўрими кўкрак тамонга тушиб турган, факатгина турмушга чиққандан кейин бу ўрим орка тамонга тортиб бошқа ўримларга қўшиб қўйилган.

Айрим холларда турмушга чиққан қизнинг соч турмаклашида ўзгаришлар бўлган, бу хол тўй кунидан олдин соч ювишда содир бўлган. Қизнинг сочини баъзи жойлари жингалак қилинган, бу чакканинг қулоқ ёнидаги соч жингалак қилиб қўйилган, ёш аёллар байрамда, тўй тамошага борганда шу кўйилган жингалак сочни махсус кумуш тақинчоқлар қистирган, тақинчоқлар ҳар хил ялтироқ тошлар билан безатилган.

Қизлар ўрим сочларини махсус газлама ёки ипак матодан тайёрланган лента (плик) билан боғлаб қўйишган. Бунинг номи жумалак деб айтилган. Никоҳ ўқитиш олдидан келин  сочини жумалак килган. Айрим ҳолларда фотиҳа тўйидан кейин куёв билан кейин учрашганда сочни жумалак килиш одат бўлган.

Хўш, бугун-чи? Бугун сочга бўлган муносабат ўзгариб, қарашлар жўнлашиб бормаяптими? Яқин ўтмишгача ардоқланган, эҳтиёткорона муносабатда бўлинган соч бугунги даврга келиб, “оммавий маданият” қуролига айланиб қолмаяптими?

Кўча-кўйда сочини ёйиб юрган қиз-аёлларни кўриб, кўзимиз ўрганди. Бироз калтароқ сочлар-ку, майли, эҳтимол, уларнинг ёйиб юрилиши эркин ҳаракатланишга халал бермас,  атрофдагиларнинг эътиборини тортмас, аммо узун, белдан ошадиган сочларнинг шаршарадай ёйилиб туриши кўзга бироз ғалати кўринмайдими? Тўсдай қоп-қора сочларнинг сап-сариқ, қизил рангларга бўялиши-чи? Қошнигина эмас, ҳатто кўзни ҳам тўсар даражада қалин қилиб туширилган пешоназулф – “чёлка”ларга нима дейсиз? Буларнинг бари аслида шарқона одат-таомилга зид, шарқона тарбияга тескари ҳолатлар эмасми?

Узун сочни ёйиб юргандан кўра, чиройли турмаклаб ёки ўриб юриш қулай эмасмикин? Ёйилган сочларга на ўзимизнинг, на бошқа   халқларнинг қадим эътиқодида ижобий қараш бор. Хусусан, бизда жуфти дунёдан ўтган аёл азада сочини ёйиб, дод солганини юқорида ҳам келтирдим. Таъзияга тўсатдан келган нотаниш одам шу белгига қараб,  хонадонда ким ўтганини тахминлаган. Европа давлатларида эса сеҳр-жоду билан шуғулланадиган аёллар сочларини ёйиб юришган. Бу усул жодугарларга ўзларида тўпланган салбий қувватни атрофга тарқатиш, ёйишда қўл келган. Ёки ҳинд эпоси “Маҳобҳорат”да малика Дроупади таҳқирлангач, то ўзи учун қасос олинмагунича ёйилган сочларини йиғмайди.

Булардан кўриниб турибдики, ёйиб юрилган соч ўзида салбий маъно ташийди. Демак, асоссиз ёйилган соч қадим қарашлар, ахлоқ қоидаларига зид. Бунинг фақат бир халқда эмас, бир неча халқларда такрорланиши, салбий маъно ташувчи атрибут саналиши эса бежиз бўлмаса керак. Шундай экан, сочни бежирим тарзда, ҳаракатланишга халал бермайдиган қилиб ўриб ё турмаклаб юрган минг марта аъло. Чунки йиғилган соч эгасини саранжом-саришта, батартиб кўрсатиб, унга нисбатан атрофдагиларнинг ҳурмат-эҳтиромини уйғотади. Асл гўзаллик – оддийликда эканини унутмаслик керак.

Феруза Рўзиева,

ЎзМТДП Марказий кенгаши девони етакчи мутахассиси

Возврат к списку

Манзил:

Ташкент шаҳри, Чилонзор, 53

Тел:

(8-371) 239-45-77

Факс:

(8-371) 277-14-94

e-mail:

info@mt.uz

Ўз E-mail манзилингизни киритинг ва янги маълумотлар, хабарлар ва маслаҳатларга почта орқали эга бўлинг:


© 2017 й. Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси расмий сайти

Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт!

ишлаб чикилган MD.uz